Мақола

1 568 24/09/2023

Кореяга турмушга чиқиб кўчада қолган, натижада ёмон йўлларга кириб кетган ўзбек қизлари ҳақида бот-бот хабарлар чиқиб туради.

Ўтган йили ноябр ойида кореялик эркакка турмушга чиққан тошкентлик 23 ёшли З.ни ҳам эри етти кунлик чақалоғини тортиб олиб, ўзини паспортсиз кўчага ҳайдаб юборгани маълум қилинди.

Аёл фарзанди туғилиши билан эри болани тортиб олиб, уни кўчага ҳайдаганини, ҳозирда Сеулдаги муҳожирларга ёрдам марказида яшаётганини ҳикоя қилган.

Тошкентнинг Юнусободида катта бўлган З. ўзидан ўн етти ёш катта корейс эркагига турмушга чиққан.

Бунга у оиласининг ночорлигини сабаб қилиб кўрсатган.

Бу аёл Кореяга турмушга чиққан ўнлаб ўзбекистонлик аёллардан биридир.

Кореяликларга ўзбек қизларини топиб бераётган воситачи агентликларга “келин”ларнинг кейинги тақдирининг умуман қизиғи йўқ.

З. турмуш ўртоғининг қашшоқ эканлиги, ундан ҳатто овқатни ҳам қизғанишганини, эри унга умуман пул бермаслигини айтган.

“Улар мендан ўзининг фойдаси учун фойдаланди, фақат бола учун”, – дейди у.

Чақалоғини қайтариб олиш учун ёрдам сўраб бормаган идораси қолмаган. Унинг иши билан яхши таниш кореялик адвокатнинг айтишича, Жанубий Кореяда чет элдан келин олиб оила қурганлар орасида бунақа можаролар кўп бўлади.

Адвокат Анфсонг Жунг суд болани ё онасига, ё отасига бериш ҳақида қарор чиқариши кераклиги, бироқ бола Корея фуқароси бўлгани учун уни бу ерда виза асосида яшаб юрган онасига бериши анча мушкул иш эканлигини айтади.

Хориж давлатларида Ўзбекистон фуқаролари мураккаб вазиятга тушиб қолса Ўзбекистоннинг шу мамлакатдаги консулхоналари ёрдам қўлини чўзиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак.

Лекин З.нинг айтишича, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари унинг ишига аралашолмасликларини айтишган.

Аёл адвокатлар катта пул сўраётгани, лекин қанақа қилиб бўлса ҳам боласини олиб, Ўзбекистонга қайтиб кетишни орзу қилмоқда.

Жанубий Кореяга турмушга чиққанига минг пушаймон бўлган З. ўзбекистонлик қизларга танишув агентликлари орқали турмушга чиқишдан олдин минг бора ўйлаб кўришни тавсия қилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация