Полиция ходимлари чет элликларнинг Кострома вилоятида бўлиши ва меҳнат фаолиятини амалга оширишларининг қонунийлигини текширишмоқда.
Россия ҳудудларида қўшни давлатлардан келган фуқароларнинг ишлаш ва яшаш жойларида рейдлар ўтказилмоқда, – деб хабар беради Sputnik Тожикистон.
“Кострома вилоятида “Нелегал 2022” профилактика тадбирлари доирасида назорат кучайтирилиб, қоидабузарлар қидирилмоқда”, деб хабар беради ИИВ вилоят бошқармаси.
Полиция мигрантларнинг мамлакатга кириб келишлари, ишга жалб қилиниши, шунингдек рухатномаларнинг қонунийлигини текширади.
Ҳозиргача нафақат Кострома вилояти маркази, балки ундан ташқари ҳудудларда ҳам 50 дан зиёд объектлар текширилди.
“Ўтказилган рейдлар натижасида 140 тадан зиёд ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди, шундан 58 таси бевосита чет эл фуқаролари ва уларга иш берувчилар томонидан содир этилган”, – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Аниқланган барча фактлар бўйича айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, мигрантларни сохта рўйхатга олиш ҳолати бўйича битта жиноят иши қўзғатилди.
Меҳнат мигрантлари томонидан қонунга риоя қилиш ҳолатларини текшириш давом этмоқда.
Аввалроқ мутахассислар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларини таҳлил қилиб, март ойларида юзага келган пул ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга қарамай, мигрантларнинг мамлакатдан оммавий равишда чиқиб кетишлари кузатилмаган, деган хулосага келишди.
Тўғри, 2022 йил апрель ойида мигрантларнинг бир қисми Россиядан чиқиб кетишган бўлишсада, июнь ойи охирида вазият аввалги ҳолатига қайтди.
Жорий йилнинг январь-май ойларида миграция органларида рўйхатга олинган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 6,6 миллион нафарни ташкил этди.