Мақола

1 416 11/07/2023

Улар кўп қаватли уйда жойлашган намозхонада ибодатларини давом эттиришга рухсат беришни сўрашмоқда: маҳаллий аҳолига бу ёқмайди ва ОМОН ходимлари ҳам масжидга тез-тез келиб туришади.

Москванинг Котелники мавзесидаги мусулмонлар жамоати давом этаётган рейдлар натижасида ўзбошимчаликларга дучор бўлганини иддао қилиб  Россия президентига мурожаат қилди.

“Биз, Котелники шаҳар округи мусулмонлари жамоати, Россия конституциясининг гаранти сифатида ҳуқуқ ва эркинликларимизни ҳимоя қилиш учун сизга мурожаат қиламиз”, — дейилади ижтимоий тармоқда тарқалган видеода.

Видеомурожаат Москва вилояти мусулмонлари диний бошқармаси расмий сайтида эълон қилинган.

Видеода улар 7 июл куни Москва яқинидаги Котелники шаҳридаги кўп қаватли уйда жойлашган намозхонада бўлиб ўтган сўнгги рейд ҳақида сўзлаб беришган: ўша куни ОМОН ходимлари жума намозига келиб, одамларни тарқатиб юборишга уринган.

Котелники мусулмон жамияти вакилларининг сўзларига кўра, жума куни бўлиб ўтган рейд чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оёқ кийимида кириб, жойнамозларни ифлос қилган, намозхонларга нисбатан жисмоний куч ишлатган, уларни ҳақорат қилган ва содир бўлган воқеа сабабларини тушунтириш талаб қилинганда, уларга ўт ўчиргичдан кукун сепилган.

“Котелники шаҳар туманидаги мусулмонлар жамияти Бош муфтий шайх Равил Гайнутдин кўмагида ташкил этилган ва Россия Федерациясида қонуний рўйхатга олинган. Бундан кўзланган мақсадлардан бири пойтахт марказидаги масжидларнинг юкини енгиллатишдир. Биз фақат намозхонлардан кўмак оламиз, биз давлатдан ёрдам олмаймиз, биноларни қонуний равишда ижарага оламиз, ОМОН ходимларининг қилмишлари жамиятдаги миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликка катта зарар етказмоқда”, дейилади видеомурожаатда. Жамоа вакиллари “мусулмонлар ҳамиша Ватан ҳимояси учун оёққа турган”ларини эслатган.

“Бугунги кунда намозхонлар орасида махсус ҳарбий операция иштирокчилари бор. Жанг майдонидан ватанига қайтган бундай инсонлар уйида бундай адолатсизлик содир бўлаётганини кўриб, қаттиқ ранжийди”, дейди мурожаатчилар.

“Владимир Владимирович, биз сиздан ҳимоя сўраб мурожаат қиляпмиз, ушбу вазиятга аралашишингизни ва қонунни бузганларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришингизни сўраймиз”, деб мурожаат қилган мусулмонлар.

Мурожаатда улар турар жойни қонуний йўл билан ижарага олганликларини алоҳида таъкидлаб, “шубҳали шахсларнинг буюртмаси билан ОАВ ходимларининг қилмишлари миллатлараро тотувликка катта зарар етказаётганини” қайд этган.

“Бизнинг ҳамжамиятимиз миграция қонунлари бузилишига қарши, аммо биз намозхонлар орасида қонунни бузганларни кузата олмаймиз. Буни ҳамжамиятимиз деворидан ташқарида ваколатли органлар қилишлари керак”, — деб қайд этган мурожаат муаллифлари Путинни вазиятга аралашиб, қаттиқ чоралар кўришга ундаган.

Нима бўлган эди?

7 июл куни Москва яқинидаги Котелники шаҳридаги 17 қаватли бинода жойлашган намозхонага ОМОН ходимлари ҳужжатларни текшириш мақсадида жума намозига келишган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари кириб, барча намозхонларни олиб чиқмоқчи бўлган, аммо буни уддасидан чиқа олмаган, деб ёзади golosislama.com портали.

2023 йил 7 июл, жума куни Москва вилояти мусулмонлари диний бошқармаси баёнот бериб, ўша куни Россия хавфсизлик кучларининг Котелникидаги намозхонага уюштирган навбатдаги рейдини кескин қоралайди:

“Москва вилояти мусулмонлари диний бошқармаси, ҳужжатларни текширишга эмас, ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олиш операциясига ўхшаб кўринган ушбу хўрловчи рейдни амалга оширган ОМОН ходимларининг ваҳший ҳаракатларини кескин қоралайди. Одамлар намоз ўқиш учун келган расмий жойлар ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун майдонга айланмаслиги керак ва бугунги рейд ҳам шундай”, – дея хавотир билдирган Мусулмонлар диний бошқармаси.

Диний бошқарма “ОМОН ходимларининг ушбу босқин остида қолган одамларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини камситувчи ҳар бир ҳаракати учун” прокуратурага ариза ёзишга ваъда берди.

Айни пайтда рейд давомида 70 га яқин ҳужжатсиз хорижлик қўлга олингани айтилмоқда, бу эса миграция қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

Хавфсизлик кучларининг бундай рейдлари бу ерда ноёб ҳол эмас: яқинда Котелники аҳолиси Владимир Путинга ҳудудда муҳожирлар ҳукмронлиги ҳақида шикоят қилишган эди.

Уларга 17 қаватли кўп қаватли уйда намозхона ташкил этилгани ёқмайди. Уларнинг Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаатида 1000 нафаргача одам тўпланиб, уй яқинидаги барча тўхташ жойларини эгаллаши ёқмаслиги ҳамда масжидни ёпиш илтимоси бўлган.

Май ойида хавфсизлик кучлари бу намозхонани ёпиб қўйган ва Тергов қўмитаси ҳам россияликларнинг шикоятларига муносабатини билдирган эди. Намозхонага ҳуқуқ-тартибот идоралари ва турли хизматлар ходимлари томонидан рейдлар ўтказилди. Вилоят Тергов қўмитаси миграция қонунчилиги ва йўл ҳаракати қоидаларини ўз ичига олган 34 та қоидабузарлик ҳолатини аниқлаб, ҳатто эҳтиётсизлик бўйича жиноий иш қўзғатган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Косино-Ухтомский туманида масжид қурилиши атрофида жанжал келиб чиққан, ўнлаб намойишчилар Муқаддас кўл яқинида тўпланган эди. Шундан сўнг Москва мэри Сергей Собянин масжид бошқа жойда қурилишини маълум қилган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация