Мақола

664 12/09/2023

Россия полицияси ФСБ ва Россия гвардияси (ОМОН ва СОБР) иштирокида 2023 йил 8 сентябрь куни, жума намози тугаши билан Краснодардаги жоме масжидида рейд ўтказди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар асосан Россия фуқаролигини олганларни ҳибсга олишган. Рейд ўтказган хавфсизлик кучлари Россия фуқаролигига эга бўлган муҳожирларни ҳарбий комиссариатга рўйхатдан ўтиш учун  олиб кетилишини маълум қилган.

Эълон қилинган видеода намозхонлар хавфсизлик кучларининг ҳаракатларидан, айниқса, СОБР ва ОМОН ходимларининг қўполликларидан норозилик билдирганини кўриш мумкин.

2023 йил 8 сентябрь куни жума намозидан сўнг Свердловск вилояти Верхняя Пишма шаҳридаги Исмоил ал-Бухорий масжидида ҳам рейд ўтказилди. Намозхонлар хавфсизлик кучларининг бостириб киришидан норози бўлишган, аммо вилоят Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелих, рейд намоз тугаганидан кейин бошланганини иддао қилган.

Унинг хабар беришича, Верхняя Пишма шаҳрида масжидда муҳожирларни текшириш бўйича рейд чоғида полиция ҳарбий хизматга чақирув бўлимига бориш учун 33 кишига чақирув қоғозини топширган.

“Яқинда Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатдан ўтишни истамаганларга чақирув қоғозлари топширилди. Энди улар яқин орада рўйхатдан ўтишлари талаб қилинади”, — деган Валерий Горелих.

Аввалроқ, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатда бўлмаган мигрантларни аниқлаш бўйича бундай рейдлар Россия Федерациясининг бошқа шаҳарларида, жумладан, Санкт-Петербург ва Москвада ҳам ўтказилган эди.

Россия фуқаролигини олган муҳожирларни ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишга мажбурлашга уринишлар Россияда янги сафарбарлик кампаниясига тайёргарлик кўрилаётгани, Украинага қарши урушда Россия армияси аскарлар танқислигини бошдан кечира бошлаганлиги сабабли содир бўлмоқда.

Биринчи сафарбарлик 2022 йилнинг кузида амалга оширилган ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, 270 мингдан ортиқ киши, шу жумладан Россия фуқаролигини олган ўн минглаб муҳожирлар чақирилган эди. Сўнгги пайтларда Украинадаги Россия армиясининг камайиб кетган сафи минглаб муҳожирлар ва маҳбуслар билан тўлдирилди, улар шартнома имзолаб, тезда фуқароликни олиш ёки озод қилиш ваъдалари эвазига жангга киришди.

Аммо юз минглаб янги қўшимча кучларни сафарбар қилиш ҳам рус армиясига ёрдам бера олмади ва у Украинадаги уруш ботқоғига тобора чуқурроқ ботиб бормоқда. Россия аҳолисини Украинадан келаётган минглаб ҳалок бўлган аскарлар ва офицерларнинг жасадлари солинган тобутлар қўрқитмоқда ва улар шунинг учун ҳам бу урушни бемаъни, мақсадсиз деб билишади.

Бу ҳолат Россия расмийларини Украинада астойдил курашни давом эттираётган ўз армиясининг камайиб кетган сафларини тўлдириш учун яна бир бор муҳожирларга эътибор қаратишга мажбур қилмоқда.

Александр Бастрикин ва Сергей Миронов каби Россиянинг айрим юқори мартабали амалдорлари ва Кремлга яқин сиёсатчилар Россия фуқаролигини олган муҳожирларни фронтга жўнатиш орқали уларнинг содиқлигини текшириш, боришдан бош тортганларни эса фуқароликдан маҳрум қилиш зарурлигини очиқдан-очиқ эълон қилмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация