Бу бўлган воқеа. Россияда 6 йил ишладик. Сўнгги йилимизда иш берувчимиз мен ва яна икки шеригимнинг бир ойлик иш ҳақимизни беришдан воз кечди. Жуда қийин вазиятда қолганимизда кутилмаган жойдан мушкулимиз осон бўлиб, ватанга қайтишга муваффақ бўлдик. Ойлигимизни ҳам олдик.
Яқинда Наманган шаҳридаги “Мулла қирғиз” мадрасаси ёнида танишларим билан суҳбатлашиб тургандим. Шу пайт ёнимизга бир киши келиб, аввал шеригимиз, сўнгра биз билан сўрашди. Кейин билсак, у шерикларимиздан бирининг таниши экан.
Мен у кишини биттада танидим, чунки одам ўзига яхшилик қилган, хорижда, мусофирликда жуда қийин вазиятда ёрдам қўлини чўзган кишини унутолмайди. Бироқ у мени эслолмади. Шунда ўзимни танитишга қарор қилдим.
— Ака, сиз кўзимга таниш кўриняпсиз, мободо Кемеровода (Россиядаги шаҳар, Кемерово областининг маъмурий маркази, Ғарбий Сибирнинг жанубида жойлашган) ишламаганмисиз?
— Йўқ, Кемеровога бориб турардим-у, аммо асосан Новосибирскда (Россиянинг Осиё қисмидаги энг катта шаҳар, аҳоли сони бўйича мамлакатда Москва ва Санкт-Петербургдан кейин учинчи шаҳар, Сибир федерал округи ва Новосибирск областининг маъмурий маркази) ишлаганман, деб жавоб қилди суҳбатдошим.
— Бўлди, бўлди. Жой номини хато айтибман. Сизни эсладим, адашмасам, исмингиз Икром ака эди а? Ўғилларингиз ҳам сиз билан ишлашарди. Машааллоҳ, эсладим-а!
— Тўғри, ўғилларим ҳам мен билан бирга эди. Аммо негадир мен сизни эслолмадим?
Шундан сўнг қандай танишганимизни бошидан ҳикоя қилиб бердим.
— Кемеровода 6 йил ишладим. Охирги йили икки шеригим билан менинг паспортларимиз йўқолиб қолди. Бизни ишлатган корейс миллатига мансуб одам пулларимизни бермай қийнай бошлади.
Ўша пайтда нима қиларимни билмай қолдим, очиғи. Шерикларимнинг ҳолати меникидан баттар. Иш берувчимизни адолатга чақириб кўрдик, фойда бермади. Мусофирлигимиз, ортимиздан ҳеч ким келмаслигини билиб, ҳақимизни беришдан очиқчасига бош тортди. Жаҳл отига миниб, уриб-нетиб қўйсак, ташвишимиз икки баробар кўпаяди.
Ўйлаб-ўйлаб Новосибирскда ишлаётган маҳалладошимга қўнғироқ қилдим. Бошимизга тушган ишни бир бошдан тушунтирдим. Пулдан умидни узганимни, қарз бериб турса, Ўзбекистонга қайтиб, қарзимни узишимни, уйдагиларни соғинганимни айтдим. У сўзларимни диққат билан эшитди.
— Ҳолатингни тушундим. Битта ака борлар, сен ҳақингда айтиб кўраман. Агар хақиқатан бу вазиятда ҳақ бўлсанглар, яъни иш ҳақинг берилмаётгани қандайдир айб ёки камчиликларинг учун берилган жазо бўлмаса, ёрдам беришлари мумкин. Мабодо ноҳақ бўлиб чиқсангиз, ишларинг чатоқ бўлиши мумкин.
— Ошна, юз фоиз хақмиз. Илтимос, шу ишни тезлат! Уйдагиларни соғиндик, дедим қувончдан ҳайқириб.
Ўша куни кечки пайт маҳалладошим айтган одамнинг ўзи қўнғироқ қилди. Бўлган воқеани ярим соат давомида обдон суриштирди. Савол кетидан савол бераверди. Мен ҳодиса тафсилотларини қандай бўлса шундайлигича айтиб бердим. Охири жавобларимдан қониқди шекилли:
— Яхши, сизга телефон қилишади, деган жавоб бўлди.
Тўғриси, иш ҳақимизни олишдан умид ҳам қилмадим, бу гапни ҳам кўнгил учун айтдилар деб ўйлагандим. Менга ўша тобда қарз бериб тура оладиган одам бўлса ва уйга эсон-омон қайтиб олсам бас эди.
Орадан уч кун ўтди. Бир нотаниш ўрис қўнғироқ қилди:
— Фалончи сенмисан?
— Ҳа, менман.
— Локация юбор, Икром сенга ёрдам беришимизни илтимос қилди.
— Қайси Икром? Мен ҳеч қанақа Икромни танимайман, – дедим қўрқиб.
Кейин билсам, маҳалладошим айтган, биздан воқеа тафсилотларини обдон суриштирган одамнинг исми Икром экан.
— Хуллас, Новосибирскдан “земляг”инг Икром илтимос қилди. Муаммонг бормиди? Ҳозир ёнингга етиб борамиз. Кейин биз билан Новосибирскка кетасан.
Локация юбордим. Маълум вақтдан сўнг икки “айиқполвон” машинада етиб келди. Бошлиғимни чақириб, четда бироз гаплашишди. Кейин бизни ёнларига чақириб, ҳолат тўғрисида қўрқмай ростини айтишимизни сўрашди.
Мен ва икки шеригим бўлган гапни ва бажарган ишларимизни борича айтдик.
“Айиқполвон”лар бошлиққа қараб:
— Булар тўғри айтяптими? – деб сўрашди.
Бошлиқ қўрқиб елкасини қисди-да:
— Умуман олганда, ҳамма гаплари тўғри. Лекин сизлар ҳам мени тўғри тушунинглар, деёлди холос.
— Сени тушундик, лекин булар ҳам инсон-ку, қул эмас-ку?! Қани, пулларини ҳозироқ бер, Новосибирскка кетишимиз керак, у ерда жиддий одамлар кутишяпти бизни. Сен билан қайтганда яна узооқ гаплашамиз.
Бошлиқ шошиб машинасидан пул олиб, уларнинг қўлига тутқазди ва биз тарафга қараб:
— Бўлди, йигитлар, раҳмат сизларга, – дея бизга кетишга рухсат берганини ишора билан билдирди.
Қисқаси кечки пайт Новосибирскка етиб келдик. Бояги “айиқполвон”ларнинг бири Икром акага пулларни бериб:
— Ҳаммаси жойида, хизмат бўлса айтаверинг, – деди-да, Икром аканинг қўлларига бир даста пулни бериб, хайрлашиб қайтиб кетишди.
Шу тобда ҳикоямни тинглаб турган одамга юзландим:
— Энди эсладингизми, Икромжон ака?
— Ориққина бола эдингиз. Семириб катта одам бўлиб кетибсиз-ку, деди у киши таниганини билдириб.
— Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлди? – деб сўради ҳикояни мароқ билан тинглаётганлардан бири.
— Эээ, кейин ака ўғилларини чақирдилар, адашмасам исми Зиёвуддин эди. Икром ака уни ёнига чақириб, бизни кўрсатди-да, қорнимизни тўйғазишни, сўнгра Акбар аканинг ҳостелларига жойлашни айтдилар. “Эртага элчихонага олиб бориб, ишларини битириб бер”, деб бизни унга топшириб кетдилар.
Эртасига элчихонага бориб, паспортимиз йўқолгани, Ўзбекистонга қайтиш учун шахсимизни тасдиқловчи ҳужжат берилишини сўраб мурожаат қилдик, керакли қоғозларни тўлдирдик.
Икром аканинг яна битта ўғиллари (оти эсимда қолмабди) бизни шаҳар айлантирди, турли дўконларга олиб борди, уйга совғалар олдик. Уч кунда уйга қайтишимиз учун талаб этиладиган вақтинчалик паспорт тайёр бўлди.
— Ака, сизга катта раҳмат. Мушкулимизни осон қилдингиз. Аллоҳ рози бўлсин! Ишларимиз битди, энди хизмат хақини айтинг, ёнимиздаги пуллар етмаса Намангандаги ҳовлингизга бериб қўямиз, дедим.
— 3 минг бўлади, деди суҳбатдошим.
Тўғриси, пул миқдорини эшитиб, ранг-қутим учиб кетди. Ҳазилакам пул эмас-да, 3 минг доллар. Мигрант учун бу жуда-жуда катта пул. Иймана-иймана дилимдагини тилимга кўчирдим:
— Ака, ёнимизда 3 минг доллар йўқ. Уйда ҳам бунча миқдорда пул топилмайди…
— 3 минг рубль бўлади, – дедилар сўзларимни эшитгач мийиғида кулиб.
— Хайриятей! Долларда деб ўйлаб эсхонам чиқиб кетганди. Мана 9 минг рубль, ҳар биримиздан 3 мингдан. Биз розимиз, раҳмат сизга, ака.
— Учовларинг учун 3 минг етади, манави 6 минг сизларники, ортиқчаси керакмас. Сертификат 30 кунлик, агар ишлайман десанглар 20 кунга иш топиб беришим мумкин.
— Ака, уйни соғинганмиз, кетмасак бўлмайди.
— Яхши, унда ўғлимга айтаман. Сизларга билет олиб бериб, аэропортгача кузатиб қўяди.
Мингдан минг раҳмат айтиб, Икром ака билан хайрлашдик.
Ҳикоямни мароқ билан тинглаб турган шерикларимга қарата:
— Хуллас, бу аканинг яхшиликларини ўлгунимча унутмайман, — дея сўзимни тугатдим.
— Машааллоҳ! Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Аммо бир нарсани тушунмадим. Икромжон ука, анави кемероволик болалар нима эвазига яхшилик қилишди, – дея қизиқди суҳбатдошлардан бири.
— Новосибирскдаги “кўча болалари” билан шундай муаммоларни ечиш учун келишув қилардик. Агар “олди-берди” муаммосидан шикоят қилган жабрланувчи (ҳақдор) ўз фойдасига мослаб ёлғон маълумот берган бўлса, алдаган томони пул миқдорининг ярмини жарима сифатида тўлашига тўғри келарди.
Башарти ҳақдор томон ўзининг ҳақлигини исботлаб бера олса, уни алдамоқчи бўлган, пулини бермаётган томон ҳақдорга ҳақини бутунлигича тўлаб берар, бундан ташқари, “кўча болалари”га ўша сумманинг ярмини жарима сифатида тўларди.
Одатда улар пул миқдори юз минг рублдан баланд низоларгагина аралашишарди. Кичик суммаларга аралашишмасди. Бу тизим Сибир ўлкаси бўйлаб амалда қўлланарди, дея тушунтирди Икром ака.
Суҳбатдошлар Икром акани дуо қилишди. Мен ҳам ўзим билан содир бўлган воқеанинг ўзим билмаган жиҳатларини билиб олдим.
Мусофир юртда қийин вазиятга тушиб қолиш осон. Кўпинча қонун йўли билан ҳам адолатга эришиб бўлмайди. Шундай пайтда юртдошларнинг мадади жонингга оро киради. Мен эса Икром аканинг ёрдами билан деярли имконсиз муаммодан ютуқ билан чиққандим.
Ботир (исм ўзгартирилган)нинг ҳикоясини
Жамшид Ниёзов оққа кўчирди