Шу йил январь-июнь ойларида ишчиларни ташкилий тарзда ёллаш доирасида 4 минг нафарга яқин ўзбекистонлик Россияга ишлаш учун юборилган, деб хабар беради sputniknews.ru. 2022 йил охиригача Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий тарзда ёллаш кўпайиши мумкин.
Жорий йилда 2021 йилга нисбатан ўсишлар пандемия муносабати билан Россия чегараларида жорий этилган чекловларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ бўлди. Бу ҳақда “РИА Новости”га Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов маълум қилди.
Ташқи миграция масалалари агентлиги биринчи ярим йилликда фуқароларни ташкилий тарзда ишга ёллаш доирасида 4 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлаш учун кетганларини, бу 2020-2021 йилларга нисбатан 5,7 баравар кам эканлигини хабар берганди.
“Учинчи ва тўртинчи чорак охиригача кўрсаткичлар ўсади, деган умиддамиз. Ўтган муддатда ташкилий тарзда ишчиларни ёллаш кўрсаткичи пандемия чекловлари туфайли камайганди. Энди эса чегаралар очиқ. Демак келгусида ўсиш кузатилиши мумкин”, – деди Мухитдинов статистик маълумотларни шарҳлар экан.
Вазирнинг биринчи ўринбосари ўтган йили Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги миграция оқими икки давлатнинг коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссияси қонуни билан тартибга солинганлигини ва чекловлар жорий қилинганлигини тушунтирди.
“Бу йил чегаралар очилди. Шу боис Россияда ўзлари мустақил юрган фуқаролар эндиликда яна ташкилий тарзда ишга ёлланаётганлар сафига қайтдилар”,-дейди Мухитдинов.
Ўзбекистон томони фуқароларни уюшган тарзда ишга қабул қилишни ташкиллаштириш ва Россия иш берувчилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Хусусан вазирлик томонидан ташкилий тарзда ишга қабул қилиш ва хорижда иш ўринларини топиш бўйича 11 турдаги хизмат кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 5 апрелида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиши учун ташкилий тарзда ишга жалб этиш тўғрисида шартнома имзоланган эди.
Август ойи ўрталарида Бандлик вазирлиги 2 миллиондан ортиқ фуқаролар ишлаш ниятида Ўзбекистонни тарк этганлигини маълум қилганди. Ишга кетганларнинг деярли 60 фоизи Россия ҳудудида меҳнат қилишади.