Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Луганск халқ республикаси ва Донецк халқ республикасининг мустақиллигини тан олиш бўйича фармонга имзо чекди.
Бундан ташқари, ушбу айирмачи республикалар билан ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалар ҳам имзоланган.
Путин имзолаган фармонларда Россия Қуролли кучлари Донецк ва Луганск халқ республикаларида тинчликпарвар функцияларини бажариши қайд этилган.
АҚШ президенти Жозеф Байден Россиянинг ушбу ҳаракатларига жавобан Украинанинг айирмачи ҳудудларига қарши санкциялар эълон қилди.
Бундан ташқари, Украина суверенитетини бузганлиги учун Россия Федерациясига ҳам қўшимча санкциялар қўлланилиши таъкидланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Россия рублининг Евро ва АҚШ долларига нисбатан кучли қадрсизланишини тахмин қилиш мумкин.
22 феврал Москва вақти соат 9-45да 1 евро 89,75 рублдан харид қилиниб, 90,40 рублдан сотилмоқда.
1 АҚШ доллари эса 79,40 рублдан харид қилиниб, 79,98 рублдан сотилмоқда.
Migrant.mobi Россияда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимизга айни пайтда ўзларида мавжуд бўлган маблағларни дарҳол доллар валютасига алмаштириб олишни маслаҳат беради.
Шунингдек, турли сиёсий ташвиқотлар, ҳарбий амалиёт ёки митингларда иштирок этмасликка, турли шубҳали таклифлардан эҳтиёт бўлишликка чақиради.