Россия Марказий банки 9 мартдан бошлаб мамлакат фуқароларига доллар сотишни тўхтатган, чеклов муддати 11 апрелгача белгиланган эди.
Марказий банк 18 апрелдан бошлаб банкларнинг фуқароларга нақд пул сотиши мумкинлигини эълон қилди. Эндиликда 2022 йил 9 мартгача очилган валюта ҳисоб варақалари ва омонатларидан нафақат доллар, балки еврони ҳам ечиб олиш мумкин. Авваллари ҳисоб рақамдаги евро валютасидаги маблағ ечиб олинганда, ўша кундаги курснинг қиймати бўйича рубл валютасида берилар эди. Ушбу амалиёт 11 апрелдан бошлаб жорий этилади.
10 минг долларлик ёки ушбу қийматга тенг евролик миқдор чегараси сақлаб қолиниши маълум қилинди.
Пул ҳажми билан боғлиқ чеклов 2022 йилнинг 9 сентябригача амал қилиниши маълум қилинган. Бу давр мобайнида фуқаролар лимитдан, яъни 10 минг $ дан ортиқ маблағларни валюта ҳисоб варақаларидан рубл ҳисобида ечиб олишлари мумкин.
Мижозлар 10 000 АҚШ долларигача бўлган нақд пулни банклар кассаларидан, фақатгина аввалроқ очилган ҳисоб варақаси ва депозитлардан, ҳисоб валютасидан қатъий назар, АҚШ долларида ечиб олишлари мумкин.
8 апрел куни Россия банки брокерлар орқали чет эл валютасини сотиб олиш учун 12 фоиз миқдорида белгиланган комиссияни ҳам бекор қилди. Қарор 11 апрелдан кучга киради.
Шунингдек, регулятор банклар импорт қилувчилар учун валюта сотишда биржа курсидан 2 рублдан ортиқ бўлмаган спред қўллашни ҳам тавсия этмоқда.