Мақола

3 116 12/12/2023

2014 йил сентябрида илк бор матбуотда  «МакДональдс» компаниясини судга берган пайтда унинг номи матбуотда машҳур бўлиб кетган  эди. Ҳуқуқшунос Дилшод Бурҳонов Москвадаги «МакДональдс» кафесига кираётганида ердан чиқиб турган темир қозиққа оёғини уриб олиб, жароҳатланган.

Бурҳонов «МакДональдс»  тармоғини судга бериб, товон пули сифатида бир миллион рубл талаб қилди. Аммо суд охир-оқибат «МакДональдс» компаниясини Бурхоновга атиги 10 минг рубл ёки ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 200 АҚШ доллари тўлаш билан жазолаган эди.

Унинг сўзларига кўра, уларнинг низоси судгача боришидан олдин «МакДональдс» вакили унга қўнғироқ қилиб, воқеа учун узр сўраган ва унга компенсация сифатида …текин тушлик таклиф қилган.

«МакДональдс» билан судлашган ўша ҳуқуқшунос энди АҚШ президентлигига номзодини қўйиш ҳаракатига тушган.

Тожикистон шимолидаги Исфара шаҳрида туғилган 42 ёшли Дилшод Бурҳонов ўзини 2024 йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлигига мустақил номзод сифатида кўрсатди. Тожикистонлик муҳожир юрист Дилшод Бурҳонов ўзининг сайловолди шиорида “Американи яхши томонга ўзгартириш учун”  президент бўлишни хоҳлаётганини эълон қилди.

У монополияга барҳам бериш, табиий ресурслар ва газ нархларини тартибга солиш тарафдори. Бурҳонов аҳолини янада яхши молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида яшаш нархини 50 фоизга ошириш ниятида. Унинг дастуридаги яна бир жиҳат мактаб ўқувчилари учун мажбурий спорт турлари, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Бурҳонов дастурида мактабларда ЛГБТ ҳамжамиятидан жинсий озчиликларни ташвиқот қилишни тақиқловчи банд ҳам бор. Бурҳонов, шунингдек, АҚШнинг барча ҳарбий базаларини мамлакат чегараларида сақлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тижоратлаштириш ва фуқароларга яхши тиббий хизматлар кўрсатиш ва гиёҳвандликдан азият чекканларга ёрдам ва бепул даволаш тарафдори.

Тўғри, Дилшод Бурҳонов номзодини рўйхатдан ўтказиш имконияти кам бўлиши мумкин, чунки АҚШ қонунларига кўра, бу давлатга фақат шу мамлакатда туғилган америкаликгина президент бўлиши мумкин. Эсингизда бўлса, ўз вақтида ҳатто Барак Обаманинг номзодини рўйхатдан ўтказиш пайтида унинг туғилган жойи бу борада айрим муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Масаланинг яна бир жиҳати шуки, ҳар сафар АҚШ президентлигига юзлаб номзодлар илгари сурилади, бироқ анъанага кўра, асосий кураш доимо икки асосий партия – республикачилар ва демократлар номзодлари ўртасида бўлиб ўтади. Ҳозирги президент Жо Байден демократлар вакили бўлса, аввалги президент Доналд Трамп республикачилар номзоди бўлган. 2024 йилги сайловларда Трамп Байдендан қасос олишни ва Оқ уйга қайтишни ният қилмоқда.

Дилшод Бурҳоновнинг фикрига кўра, АҚШда ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлиб келган тизим эскирган ва мавжуд бўлган фикр ҳамда ғоялар хилма-хиллигини акс эттирмайди. Бу икки партиявий тизим мухолифлари фикрича, ҳозирги сиёсий муҳитда йирик корпорациялар ва лоббичилар манфаатлари ҳукмрон.

Дилшод Бурҳоновнинг касби ҳуқуқшунос. У бир неча йил олдин Қўшма Штатларга кўчиб келган ва Нью-Йорк яқинида яшайди. Илгари у Москвада яшаб, у ерда “СиАйЭс-Девелопмент” МЧЖга асос солган ва бошқарган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация