Maqola

1 097 07/07/2022

Хусусий бандлик агентликларига берилган 80 та лицензиядан 71 таси бекор қилинди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда соҳага оид бошқа масалаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот конференциясида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ИИВ масъул ходимлари иштирок этишди. “Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар” мавзусида ўтказилган анжуманда миграция мавзуларига оид қизиқарли масалалар муҳокама қилинди.

Қуйида сизларни конференцияда муҳокама қилинган мавзулар ва иштирокчилар билан таништириб ўтамиз. 

Ўтган давр мобайнида 71 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинди.

Зоҳид Асқаров, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан хусусий бандлик агентлари реестридан ўтган 80 та юридик шахсга фуқароларни хорижда  ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар расмийлаштирилган.

Ўтган давр мобайнида 71 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган (шундан 59 таси корохонанинг аризасига кўра, 12 тасига нисбатан жиноий иш очилган).

Ҳозирги вақтда лицензияга эга 6 та хусусий бандлик агентлиги фаолият юритмоқда.

Фуқароларимиздан лицензияга эга бўлмаган баъзи агентликлар билан ишлашда эҳтиёт бўлишларини сўрардим. Интернет саҳифаларида баъзи эълонларга кўра Буюк Юританияга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашга оид таклифларга кўзингиз тушади. Улар фуқаролардан ҳужжатларни расмийлаштириш ва ишга юбориш учун яхшигина ҳақ оладилар. Кейинчалик эса на хизматдан, на ишдан дарак бўлмай, фуқароларимиз алданиб қолишмоқда. Агентликда шундай эълон берганларни текшириш амалиёти жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра бандликка муҳтожлар сони 1,4 миллион кишини ташкил этади.

Хўжаакбар Файзуллахўжаев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари:

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Кореяда ишлаш истагини билдирган фуқароларга ҳам меҳнат қилиш учун шароит яратишга интилмоқда. Бугунги кунда ана шундай фуқаролар учун EPS-Topik тест синовлари ўтказилмоқда.

Labormigration.uz дастурий мажмуаси орқали Корея Республикасида ишлаш истагини билдирганлардан 15210 нафари рўйхатга олинган. Улардан 1391 нафари талабларга жавоб бермаганлари туфайли синовлардан ўтишга қабул қилинмадилар. Ҳозиргача 10458 нафар фуқаро имтиҳондан ўтиб бўлдилар. 15 июлгача яна 4752 нафар фуқаро синов имтиҳонларидан ўтадилар.

Ачинарлиси, тест имтиҳонларида талайгина қоидабузарликлар бўлиб турибди. Имтиҳон топширувчи ўрнига бошқаларнинг кириши, телефонлардан фойдаланишга уриниш ҳолатлари аниқланди.

EPS-Topik тест имтиҳонлари 15 июлгача давом этади ва Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан баҳоланади.

Лицензияси йўқ агентликлар фуқароларни алдов билан чет элга юборишган

Обиджон Ғойибқулов, ИИВ Тергов департаменти терговчиси:

Шу пайтга қадар республикамизда фуқароларнинг чет элга ишга бораман деб, алданиб қолиш ҳолатлари учраб турибди. Лицензияси бўлмаган ёки вақтинча тўхтатиб қўйилган баъзи хусусий агентликлар фуқароларни алдов йўли билан чет элга мўмай пул эвазига ишга жўнатишни ваъда қилишган. Шундай агентликлардан бири сабабли 55 нафар фуқароларимиз “одам савдоси” қурбонига айланишган. Бугун катта ҳаракатлар эвазига улар Ўзбекистонга қайтарилдилар.  Уларни чет элга юборган “Migration-Consulting-Agency” хусусий агентлик иши юзасидан  суд ишлари давом этмоқда.  Аҳоли ўртасида Болгария ва Европанинг бошқа мамлакатларга ишга юборишга ваъда берган  агентликларнинг фаолияти ўрганиб чиқилмоқда, бу йўналишда ҳам фирибгарлик ҳолатлари аниқланган. Биз фуқароларимиздан ҳуқуқий саводли бўлишни, шартноманинг бандларини чуқур ўрганишларини, савол бўлган тақдирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Чет элда 2,4 миллионга яқин мигрантлар меҳнат қилишмоқда

Мигрантлар  5 ой давомида хориждан 4,19 миллиард доллар ўтказишди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида жисмоний шахсларнинг хориждан пул ўтказмалари 4,19 миллиард долларни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизга кўпдир.

Маълумотларга кўра чет элларда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган меҳнат мигрантлари сони 2022 йил 1 март ҳолатига кўра 2,4 миллионга яқин (2 356 954 нафар) кишини ташкил этади. Шундан 568,5 минг нафари (24,1%) аёллар, 827,1 минг нафари (35,1%) ёшлардир.

 

“Аoka_uz” ва “UzReport TV” материаллари асосида тайёрланди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya