Мақола

1 346 07/09/2023

Яқинда бир эски танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат асносида ҳаёти, турмуши ҳақида сўрадим. Айтишича, унинг турмуш ўртоғи икки йилдан буён Россия давлатида ишлаётганини айтиб қолди. Бу бир оиланинг айрилиқда яшаши учун анча узоқ муддат ҳисобланади. Ҳозирда оиланинг уч нафар фарзанди бор. Аёл болалари ва қайнонаси билан уйда, қишлоқда яшамоқда ва меҳнат қилмоқда. Тўғри, ҳозирда замонавий технологиялар шарофати билан узоқ манзиллар ва муддатлар унча сезилмайди. Лекин барибир бу узоқ муддат. Болалар отасини икки йилдан буён фақат виртуал оламда кўради. Айрим тили энди чиқаётган болалар учун отаси «телефонда». “Даданг қани”, деган сўровга телефонни кўрсатиши ҳам мумкин. Энг ачинарли жиҳат шуки, бугунги кунда миллионлаб эркаклар ва аёллар оиласидан, фарзандларидан, ота-онасидан узоқда, бошқа юртларда меҳнат қилмоқда. Бу эса оилавий муносабатларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Яна бир қаҳрамонимнинг болалиги эса доим ота соғинчи билан ўтган. Унинг ҳикояси эса жамики отаси ёки онаси узоқда ишлаётган болалар билан бир хил бўлишига шубҳа йўқ. Қуйида эса унинг ҳикоясини келтириб, ундан кейин бу борадаги таҳлилларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Қаҳрамоним исмини ва кимлигини ошкор қилмасликни қаттиқ илтимос қилди.

“Эсимни таниганимдан буён отам хорижда меҳнат қилади. Ҳозир ёшим 30да бўлса ҳам, отам ҳамон хорижда меҳнат қилмоқда. Бунда унинг айби йўқ албатта. Ҳаммаси шу қадар мураккабки, бир қатор омиллар бунга сабаб бўлади. Булар ҳақида гапириш шарт бўлмаса керак. Лекин болалигим доим отамни соғиниш билан ўтган. У бир йилда деярли 8-9 ой сафарда юрарди. Турли соҳаларда фаолият юритган. Отам уйдан чиқиб кетиши билан уйимиз ҳувиллаган саҳрога айланиб қоларди. Ўртоқларимнинг отаси билан чўмилишга, байрамларда, тўйларда бирга кўрсам хўрлигим келарди. Отам бору, ўзимни худди етимдек ҳис қилардим.

У пайтлар бугунгидек технологиялар ривожланмаган эди. Телефонда гаплашиш бир неча ойда бир марта, қўшниларнинг уйидаги стационар телефон орқали бўлар, у ҳам онамдан ортмасди. Мен эса отамни фақат тушларимда кўришим, тушларимда у билан суҳбатлашишим мумкин эди. Уйда қолган кийимларини қучоқлаб, ҳидларини ҳидлаб ётардим. Отамни тушимда кўрган куним мен учун байрам эди. Лекин уйғонганда қалбим доим оғриб турарди. Мактабга чиққанимда ҳам отам ёнимда йўқ эди. Мактабда оталар мажлиси бўлса, у доим отамсиз ўтарди.

Эсимда, отам ҳали кетганига унча кўп бўлмаганди. Лекин шу орада укам қаттиқ касал бўлиб қолди ва отам қайтиб келди. Укамнинг бетоблиги ранжитганига қарамасдан, отамнинг қайтиб келганидан бахтиёр эдим. Отам ишламасдан уйда юрса ҳам рози эдим. Мен билан футбол ўйнашини жуда хоҳлаганман. Ҳар куни уйғонганимда отам келдимикин деб уйдан уни ахтарардим. У келган куни эса уйимиз тўлиб кетарди. Албатта, мен ҳам барча болалар каби у сафардан олиб келган нарсаларга қизиқардим, ширинликлар, шоколадлар каби нарсалар қўшимча қувонч бағишлар эди. Лекин отам шунча узоқ юрган бўлсада, мен ундан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Доим уни тушунганман. Ахир у биз учун шундай қилишга мажбур эди. Бошқа йўли йўқ эди. Ўйлайманки, бу ҳикоя ва ҳисларни жамики отаси хорижда ишлайдиган болалар ҳам ҳис қилишади ва уларнинг ҳам ўз ҳикояси бор”.

Албатта, ҳар бир шундай боланинг ўз ҳикояси бор. Балки кейинги мақолаларда уларга ҳам вақт ажратармиз. Ҳозир эса таҳлилий қисмга ўтсак.

Мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида Ўзбекистон улкан ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан юзма-юз қолди. Бу эса аҳолининг катта қисмини ўзга давлатларда иш топишга, меҳнат муҳожири бўлишга ундади. Туркум мақолаларимизда бу жараённи таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Шу боис энди бу жараённинг оилавий муносабатларга таъсири хусусида сўз юритмоқчимиз. Ташқи меҳнат мигрантлари борасидаги маълумотларни олиш осонроқ бўлиб, уларнинг умумий сони тахминан 2-3 млн атрофида.

Мамлакатимиз ҳудудида мигрантларимиз оиласидаги муносабатларда, айниқса, болаларнинг руҳиятида муаммолар учрайди. Бу борада ҳукуматнинг қарашлари мустақиллик йилларида шаклланмаган. Унинг ўзаги совет йилларига бориб тақалади. Бунинг асосий сабаби режалаштирилмаган миграцияга капитализм сарқити сифатида қараш асос бўлган, фақатгина “режали” (маълум ҳудудда ишлаб чиқариш корхонаси, йирик лойиҳалар ва шаҳарлар қурилиши асносида) миграция ижобий кўриниш касб этган. И.Каримов даврида ҳам ушбу салбий тенденция давом этган ва мигрантларимиз “дангаса” сифатида баҳоланган, бугун ҳам баъзи сиёсий партия етакчиларида шунга ўхшаш қарашлар мавжуд. Аммо амалдаги ҳукумат бу борада масалага ижобий призмадан қарамоқда. Имкон даражасида уларни Ўзбекистонга қайтариш механизмларини топишган ҳаракатлар бўлмоқда. Хусусан, Президент Ш.Мирзиёев 2022 йил 1 март куни «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (ПҚ-149-сон) қарорни имзолади. Унга кўра, 2022 йил 1 майдан ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» (дафтарлар)дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.

Меҳнат миграциясининг маҳаллий йўналишлари ва унинг оилавий муносабатларга таъсир доираси ҳақида

Умуман олганда, миграция жараёнлари оилавий ҳаётнинг социал-психологик муаммоларини келтириб чиқаришига бир қанча факторлар сабаб бўлади. Буларни биз умумий ҳолатдан келиб чиқиб таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистондан миграциянинг асосий омили мамлакатда иш ўринлари eтишмаслиги эмас, аксинча, мақбул турмуш даражасини таъминлаш учун eтарли бўлмаган даромад даражаси пастлигидир. Айниқса, бу қишлоқ жойларида кўпроқ сезилади. Бу эса оиладаги молиявий етишмовчилик муаммоси оиладаги асосий ишчи кучларининг (эр ёки хотин баъзан иккиси) чет элга кетишига сабаб бўлади. Олий тоифали психолог Маъруф Кубаев мактаб ёшидаги болалар мисолида ота-онанинг узоқ вақт давомида чет мамлакатда бўлиши болаларга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, уларда депрессия шунингдек, жиззалик аломатлари қолган болаларга нисбатан юқорироқ даражада эканини таъкидлайди. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг асосий қисми (87 фоиз) Россияга кўчиб ўтади. Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон ҳам ўзбекистонлик муҳожирлар учун жозибали ҳисобланади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг асосий қисми чет мамлакатларда кам маошли ишларда ишлайди. Уларнинг аксарияти олий маълумотга эга эмас. Аксарияти (40 фоизи) қурилишда, 20 фоизи саноатда, қолганлари (40 фоизи) ресторанларда, ишлаб чиқаришда, фаррош ва ҳайдовчи сифатида ишлайди. Кўриб турганингиздек, бизнинг мигрантларнинг аксари юқори ҳақ тўланувчи мамлакатларда меҳнат қилмагани боис мавсумий миграция оиланинг тўлиқ узоқ вақт давомидаги харажатларини қопламайди ва бу ҳодиса йиллар давомида такрорланиши узоқ вақт давомида болаларнинг ота-она хоҳлаганидек тўкис тарбия олишига монелик қилади. Кўпгина мигрант оилаларда (45 фоиз) камида иккита бола ота ёки она ёки бобо-буви қарамоғида қолган. Бу болаларнинг қарийб 63 фоизи онаси билан яшайди, чунки мигрант оталар кўпроқ маош олади ва оиласига кўпроқ пул жўнатади. Бу дегани, тахминан 4-6 млн атрофидаги болаларнинг 63 фоизи отасини узоқ вақт давомида кўра олмайди. Бунинг таъсири кўпроқ ўғил болаларда акс этади” дейди Маъруф Кубаев. Шунингдек, бугун мактабларда ўқитувчилар томонидан мактаб раҳбариятига келтирилаётган аксар мурожаатлар ҳам ўғил болаларнинг жуда “нозиктаб” бўлгани билан боғлиқ. Бу ҳам ушбу муаммо натижасида болаларда шаклланган салбий сифат сифатида баҳоланиши мумкин.

Оналар миграциясига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксари оиланинг бузилиши натижасида чет давлатга ишлаш учун боришади. Масаланинг қизиқ томони шундаки, улар 6 ёшгача бўлган болаларини ташлаб кетишади. Бу ҳам уларнинг она меҳрисиз ўсишига, ўзгаларга фарзанд сифатида бериб юборилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бунинг устига, уларнинг ўртача иш ҳақи эркакларникига нисбатан 20-30 фоизга паст. Шунингдек, уларнинг Осиё давлатларига тил ва уларнинг маданияти билан яхши танишмасдан туриб бориши кўпинча фоҳишалик касбини ёки оғир меҳнат шароитидаги кам ҳақ бериладиган касбни танлашига мажбур этади. Икки ҳолатда ҳам аёлнинг репродуктив саломатлиги жиддий хавф остида қолади. Бу эса унинг тезда меҳнатга лаёқатлилик даражасининг чекланишига, ҳуқуқий томондан муаммоларга дуч келишига, одам савдоси қурбони бўлишига олиб келиши мумкин.

Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг фарзандларидаги мавжуд муаммолар қуйидагиларда намоён бўлади:

  • Меҳнат муҳожирларининг оилалари оғир шароитларда яшайди. Уларнинг аксари ва ҳатто ички миграциянинг асосий қисмини қишлоқ аҳолиси ташкил этади. Улардаги коммунал тизим энг ачинарли аҳволдалиги сабаб соғлиқ билан боғлиқ муаммолар болаларда кўп учрайди ва болалар ўлими даражаси 2010 йилларга қадар юқори кўрсаткичларни қайд этган. Тиббиётда белгиланган стандарт орқали даволаш тизими йўлга қўйилмагани боис тиббий воситаларга бўлган талабни доим ҳам қондириш қийин кечади, айниқса, қишлоқ ҳудудидаги ҚВП ларда бу нарса яққол кўзга ташланади. Болаларга қаровчи шахслар томонидан белгиланган вақтда эмлатмаслик оқибатида турли юқумли касалликлар билан касалланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради (қизамиқ, сувчечак в.б.).
  • Сифатли таълим масаласи ҳам болаларда учрайдиган асосий муаммолардан саналади. Бунинг асосий сабаби маҳаллий мигрантларнинг аксар қисми қарз олиб, чет мамлакатга кетгани (билет, патент ва бошқа дастлабки бориш учун керакли харажатлар одатда 3000-5000 АҚШ долларигача маблағни ташкил этади), олий маълумотли ёки олий маълумоти бўла туриб бораётган давлатининг тилини мукаммал билмаслик ёки у ерда тан олинмаган дипломга эгалик қилиш натижасида фарзандлар учун ҳаттоки зарур ўқув қуроллари, кийим-кечак билан таъминлаш даражаси ўртаҳол оиланикидан паст даражада бўлади. Бу, ўз навбатида, боланинг мактаб, боғча ёки ОТМ да деградацияга учрашига ва ҳатто синфий бўлиниш қурбони бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда, болалар ота-онаси билан дарсларни ва уйга вазифаларни бажаришади, лекин мигрантлар оиласида бу тенденция тўлиқ ишламаслиги натижасида кўпинча улар уйга вазифаларни ўз вақтида бажармаслик ҳолати юзага келади, шу билан бирга, узайтирилган таълим гуруҳларига (асосан уй вазифалари ва қўшимча машғулот олиб борилади) қатнаш учун моддий имконияти етарли даражада бўлмайди.

Болалар меҳнати тақиқланган бўлишига қарамасдан, баъзи шу тоифадаги оила фарзандлари ёшлигидан бозор ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги маълум ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлади ва оқибатда, улар ўз вақтида таълим ола олмаслиги ортидан социал нуфузи паст бўлган ишларда доимий ишлашга маҳкум қилинади. Мактабларда ушбу муаммонинг олдини олиш мақсадида сабабсиз дарс қолдириш учун жарима белгиланган бўлса-да, чекка ҳудудларда аҳвол жуда аянчли. Ҳатто ёши 16 дан катта болаларнинг отаси билан ишлаш учун ўзга давлатга борган ҳолатлари ҳам тез-тез учрайди. Бугунги кунда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилган ишлар натижаси ушбу бўғиндаги муаммолар кўлами камайди, аммо ҳанузгача болалар бошига ҳисоблаганда, боғча ва яслиларга эҳтиёж мавжуд ва уларнинг нархи масаласи ҳам доим мигра6нт оилалари учун қимматлик қилади (мисол тариқасида, Тошкент шаҳрида 3 ёшга тўлмаган болаларни давлат боғчасига бериб бўлмайди ва бунинг оқибатида шахсий боғчаларга беришгина мумкин, уларнинг ўртача нархи 2-3 млн сўм атрофида). Аксар мактаб болалари тушлик қилмайди ва уларга қаровчи шахслар (одатда бобо-буви ёки она) бунга доим ҳам шароит яратиб бера олишмайди.

  • Руҳий томондан ҳам психолог М.Кубаев таъкидлашича, мигрантлар фарзандларида доимий муаммолар кузатилади. Улар ҳеч қачон уларга қаровчи шахсга хоҳ бобо-бувиси бўлсин, ўз ота-оналарига қилган муносабатларини қила олишмайди, уларга бор дардларини тўкиб сочишмайди. Комплекслар ичида яшаши оқибатида, шаҳсий характерига қараб ўта жиззаки ва сапчувчан ёки унинг мутлақо тескари варианти ўта босиқ ва камгап сифатида шаклланади. Бунинг оқибатларини юмшатиш ниҳоятда қийин саналади. Уларга масъул шахслар билан шу сабабли тез-тез жанжал ва келишмовчиликлар юзага келади, баъзан кунлаб уйни ташлаб чиқиб кетиш, баъзан калтакланиш ва энг оғир формаси суицид билан хотималаниши мумкин.

Яна бир психолог, PhD Зиёдахон Расулова ташқи миграциянинг мигрант оилалар ҳаётига таъсири ҳақида ўз фикрларини бизга ҳавола этди. Унинг фикрлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Audio

Шу сабабли, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Меҳнат ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорликда муаммонинг илмий ечимлари борасида амалий ишларни амалга ошириши ва ҳукуматга бунинг ечими борасида амалий таклифлар бериши юзага келган йирик социал муаммонинг ечими бўлиши мумкин. Хулоса сифатида яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, меҳнат миграциясининг бу жараёндаги таъсирини камайтириш учун давлат томонидан тизимли ишлар амалга оширилиши, аввало, мамлакат ичида иш ўринларини яратиш, муҳожирлар оиласи билан ишлайдиган марказлар, нодавлат ташкилотлар ташкил этиш мумкин. Шунингдек, тарбиясида ўзгариш сезилган болалар учун бепул психологик маслаҳатлар, ажримлар масаласида ҳам узоқни кўзловчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозим. Узоқ муддатли шартномаларни қайта кўриб чиқиш, мигрантларнинг уйига тез-тез келиб кетишига кўмаклашувчи механизмларни ишлаб чиқиш ҳам яхши самарали усул бўлиши мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация