Мақола

2 296 10/05/2023

Россияга жуда яхши таниш бўлган Марказий Осиёлик муҳожирлар яна бир Европа давлати – Польшага кўчиб келиши кўпаймоқда. Бундан ташқари, Польша давлати мигрантлар учун йўлларни осонлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва Польша жамиятининг муҳим қисми унда ҳеч қандай таҳдид кўрмаяпти.

«Польша эмигрантлар давлатидан  муҳожирлар мамлакатига айланмоқда. Менимча, бу Польшадаги ўзига хос давр бурилиш нуқтасидир», деб таъкидлайди Польша иқтисодиёт институти эксперти Анжей Кубишяк.

Таққослаш учун, масалан, 2021 йилнинг биринчи чорагида хорижда ишлаган поляклар ўз ватанларига 3,8 миллиард злотий ўтказган бўлса, Польшага келган чет эллик меҳмон ишчилар ўша давр ичида у ердан ўз мамлакатларига деярли 5 миллиард злотий олиб чиқиб кетишган.

Ушбу маблағларнинг 80% Украинага оқиб келган. Чунки Польша маданий жиҳатдан яқин украиналикларни жалб қилишга урғу берган. Кўп жиҳатдан, у ўзининг демографик муаммоларини уларнинг ҳисобидан ҳал қилиш ниятида. Яқиндан бошлаб Польшага бошқа қитъалардан муҳожир ишчилар – Осиёдан ва ҳатто Африкадан кириб келишмоқда.

Бундан ташқари, польшалик иш берувчилар осиёлик ишчини Польшага олиб келишни қийинлаштирадиган зерикарли бюрократиядан нолиб, вазиятни тўғирлашни талаб қилишмоқда. Бундай қидирувлар учун Польша Республикасининг Бангладешдаги консуллиги ташкил этилади, Ҳиндистондаги консуллик ходимлари сонини ошириш ҳам режалаштирилган. Яқинда Лодз ва Кельцда янги виза марказларини очиш бўйича иккита келишув имзоланди – улар июнь ойида ўз эшикларини очиши кутилмоқда. Ушбу марказлар, хусусан, узоқ мамлакатлардан келган ходимлар учун Польша визаларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни таржима қилиш учун жавобгар бўлади.

Биргина Мазовецк воеводалигида жорий йил бошидан буён Осиёдан 16 мингдан ортиқ киши (асосан Туркия, Ҳиндистон, Ўзбекистон, Непал ва Филиппиндан), шунингдек, Африкадан 800 га яқин киши ишлаш учун рухсатнома олган.

Ўтган йили маҳаллий амалдор Осиё фуқаролари учун 56 738 та, африкаликлар учун эса 2 697 та ишлаш учун рухсатнома берган. Умуман олганда, 2022 йилда ҳукумат маълумотларига кўра, Польшада деярли 365,5 минг чет элликларга ишлаш учун рухсатномалар берилган. Уларнинг 136 мингдан ортиғини мусулмон давлатларидан – асосан Марказий Осиёдан келган муҳожирлар олган.

Африкаликларга келсак, Польшада ишлаш учун рухсатномаларнинг аксарияти 2022 йилда Уганда (3815), Кения (2,1 минг), Нигерия (1,6 минг), Марокаш (1,2 минг) ва Миср (900 дан ортиқ) фуқароларига берилган. Жанубий Америкадан келган мусофирлар ҳам бор – энг кўп Колумбиядан (4,1 минг). Украиналикларга ўтган йили Польшада 85 мингдан сал кўпроқ,  Беларус фуқароларига 18,4 минг рухсатнома берилди.

Мусулмон давлатларидан ташриф буюрувчиларга берилган рухсатномаларнинг бу нисбати Польшанинг ўнг қанот сиёсатчиларини хавотирга солмоқда. Собиқ Бош вазир ўринбосари ва Иқтисодиёт вазири Януш Пехоцинский Ҳиндистон фуқароларига нисбатан 2022 йилда бир йил аввалгига нисбатан 171 фоизга кўпроқ рухсатномалар берилганини тан олган. Ўзбекистон фуқаролари бўйича ўсиш 122%, Непалда 85%, Филиппинда 70%, Туркияда 240% га етган!

Аммо полякларнинг муҳожирларга қарши кайфияти шунчалик кучлими? Польша ҳозирда Консерватив партия томонидан бошқарилаётган бўлсада, сўров натижаларига кўра, Польшаликларнинг учдан икки қисми миграция сиёсатини либераллаштириш тарафдори. Олинган маълумотларга кўра, польшалик респондентларнинг 65 фоизи ҳокимият бошқа ирқ ёки этник гуруҳга мансуб «кўп ёки маълум миқдордаги одамлар»нинг мамлакатга келиши ва яшашига рухсат бериши керак, деб ҳисоблайди. Украина каби маданий жиҳатдан яқин мамлакатлардан келган муҳожирлар масаласида қўллаб-қувватлаш янада кўпроқ. Ва бу билан поляклар либерал иммиграция сиёсатининг ашаддий мухолифлари бўлган венгер ва чехлардан кескин фарқ қилади.

Агар ўтган йиллардаги кўрсаткичлар билан таққосланадиган бўлсак, полякларнинг ташриф буюрувчиларга нисбатан бағрикенглик даражаси сезиларли даражада ошгани маълум бўлади. Нега?

Биринчидан, бу наслларнинг алмашинуви масаласидир – католик эътиқодига содиқ қолган кекса поляклар ўрнини анъанавий бўлишни «зўр ғоя эмас» деб ҳисоблайдиган ёшлар эгаллайди. Ёшларнинг аксарияти ксенофобияни рад этувчи либерал қарашларга амал қилади.

Иккинчидан, соф прагматик мулоҳазалар ҳам муҳимдир. Польша демографик инқироз гирдобида, ишлаётган поляклар сони камайиб бормоқда. Агар бу жараён давом этса, нафақага чиққан польшаликларга ким пенсия тўлайди?

Ўзининг етарли ресурси бўлмаганидан сўнг чет элдан ишчи кучини олиб киришга мажбур бўлинади. Польшанинг аҳволи ҳозирги кунда худди шундай бўлиб қолган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация