3 538 06/03/2016

Мен Онаман.

она

Ҳар бир инсон фарзандлигини ҳис қиламан. Қайси она фарзандининг қийин аҳволдалигини кўриб индамай қараб туради?!

Бугун миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияда қийин аҳволда. Айни ўқийдиган, талабалик гаштини сурадиган даврида ўзларининг тўйи учун 12 соатлаб оғир шароитларда ишлаяпти. Айни дўстлари билан ўйнаб-куладиган ёшида совуқ ўлкаларда тер тўкиб, топган пулини рўзғорини бутлашга сарфлаяпти.  Умрининг энг гуллаган чоғларини мусофирчиликда армон билан, соғинч билан, ўкинч билан ўтказишаяпти.

Улар ҳақида ёзган одамни хоинга чиқараётганлар, айтинг: 17 дан 35 ёшингизгача сизнинг ҳаётингиз қандай кечган?

Мен фарзандман.

Ҳар бир инсон ота-онамдай. Қайси фарзанд ота-онасининг қайғусини четдан томоша қилиб туради?!

фарзанд

Бугун минглаб меҳнат муҳожирлари Россияда қийин аҳволда. Айни фарзандларига тарбия берадиган ёшида болаларидан узоқда уларнинг қорнини тўқлаш,  устини бутлаш учун бегона юртда ҳам жисмоний, ҳам руҳий кучини йўқотиб бораяпти. Қариётган ота-онасига суянч бўладиган даврида уларнинг қўлига ўсмирлик ёшига етиб етмаган болаларини топшириб, ҳаётини хавфга қўйиб сафарга отланаяпти. Мусофирликда маҳаллийларнинг камситишу хўрликлари эвазига олаётган иш ҳақини тийинлаб ота-онасига, оиласи, болаларига илиниб яшаяпти. Маҳалла-куйда, тўйю томошаларда қатнашадиган чоғларини мусофирчиликда дард билан, ташвиш билан, ғам билан, ғусса билан ўтказишаяпти.

Улар ҳақида ёзган одамни хоин деб атаётганлар, айтинг: ёши  элликка бораётганларга шу ҳаёт ҳавас деб ўйлайсизми?

Мен ўзбекистонликман.

Ҳар бир юртдошим – менинг яқинларим. Қайси ватандош бегона юртда миллатдошининг фожеасидан ўзини четга тортади?!

pasport

Бугун минглаб элдошларим Ватанимга қўшни давлатда меҳнат муҳожирлигида. Ўз юртида ҳотиржам яшаши мумкин бўлган даврида мезбон мамлакат турткиларига кўнаяпти.  31 миллионли халққа бир неча миллион иш ўрни урвоқ ҳам бўлмаслигини улар тушунмайди, сиёсатга тишлари ўтмайди. Уларни бор йўқ мақсади – рўзғор, уй-жой, тўй, машина. Унинг орзу- ҳаваси миллиардер бўлишмас, оддийгина яхши яшаш холос. Ватандошларининг таъналаридан оғринганча ўзини иш билан овутиб, Ўзбекистонини соғиниб яшаяпти.

Улар ҳақида ёзган одамни хоин деб кўрсатаётганлар, айтинг: Сизнинг кўзингиз фақат битта рангни кўрадими?

Мен  журналистман.

Бу касбни танлаганимда унинг жами масъулиятини бўйнимга олиб қарор қабул қилганман. Қайси журналист кўзи билан кўраётган воқеаларга жимгина томошабин бўлади?

pressa-150x150

Бугун миллионлаб юртдошларим кўз ўнгимда азоб чекишаяпти. Ватанида биттагина бошпана қуриш учун миллатчиларнинг оёғи остида хор. Оиласини оғирини енгил қилиш учун машаққатларга сабрли.  Фарзандларининг эртаси учун ўзининг бугунидан кечган.  Матбуот кўзига “бахтсиз ҳодиса” деб аталадиган қурбонликларда жон берган ва бераётганлар – айнан улар…

Улар ҳақида ёзган одамни хоин деб кулганлар, айтинг: Сиз ҳеч бўлмаса битта юртдошингизнинг оғир кунида елкадошлик, мушкулини осон қилганмисиз?

Мен мусулмонман.

Бу икки дунёлик саодатим, шарафим. Қайси мусулмон диндошларини яхшию ёмонга ажратади?!

bairam

Бугун миллионлаб диндошларим мусофирликда Аллоҳнинг синовли кунларини бошидан ўтказишаяпти. Тинчгина ибодатини қилиб, қалби хотиржам яшайдиган даврида намозларини йўлда, ишда, кўчада ўқишаяпти. Имкон тополмагани кун бўйи оғир меҳнатдан сўнг ҳам тунда қазоси учун уйқудан кечишаяпти. Ғайридинлар юртида иймонини маҳкам тутганича, оқимга қарши курашиб яшаяпти. Бошга тушганига сабр, ҳайрли кунларига шукр деб ёруғ кунларни Аллоҳдан тилаяпти.

Улар ҳақида ёзган одамдан хоин дея юз ўгирганлар, айтинг: ҳар бир мусулмон сизнинг опа-синглингиз, ака-укангиз, биродарингиз эмасми?

Агар шундай бўлса, майли, МЕНИ ХОИН ДЕБ АТАНГ.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация