4 249 07/05/2016

Ёҳуд меҳрга муҳтож болалар ва сабри дарё муҳожирлар

менинг онам россияда

“Болалар уйининг боласи асфальтга она суратини чизди ва унинг бағрига кириб ётди.  Онага хурмат сабаб хатто пойафзалини ечди”.

Ҳар қандай бағритош инсоннинг юрагини эзадиган даражадаги бу сурат интернет тармоқларида юқоридаги изоҳ билан машҳур бўлди. Аммо кўп ўтмай, изоҳнинг асоссизлиги маълум бўлди.

Эронлик сураткаш Баҳореҳ Бишех ўз зеҳни билан оддий бир манзарадан таъсирли ҳолат чиқара олди. Суратдаги қизча Баҳореҳнинг жияни. У  ҳовлида узоқ вақт ўйнаб чарчайди ва шундоқ ерга ётиб ухлаб қолади. Сураткаш бу пайтни дарров  экранига муҳрлади.

Аслида гап сурат кимникилигида эмас. Бу суратни илк изоҳ билан “Фейсбук” ижтимоий тармоғида кўрганимда жуда таъсирлангандим. Илк бор Москвага келган пайтларимда 2-синфда ўқийдиган ўғлим ёзган СМС ёдимга тушди: “Ухлагани кўзимни юмсам, сизни кўраяпман, ойижон. Нима қилай?”…

Мендан олдин ёзилган юзлаб изоҳларнинг кечинмалари меникиданда зиёдроқлиги меҳрга муҳтож болакай суратига ҳеч ким бефарқ қараб тура олмаганини кўрсатиб турарди. Ҳиссиётларимни яширолмай изоҳ ёздим:

“Бугун оналари Россияда ишлаётган ўзбекистонлик болаларнинг ҳам соғинчлари ва кечинмалари шу болакайникидан ҳеч ҳам кам эмас”…

Шу билан бу мавзу бироз унутилгандек эди. Аммо “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ўқиб, ўзбекистонлик болалар мавзусига тўхталишга қарор қилдим.

Ёзилишича, “дастурда аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган”.

Чора тадбирлар билан ҳам танишиб чиқдим. Аммо мен кўришни истаган банд ёки бўлимни топа олмадим.

Болаларнинг жисмоний соғлигини учун тиббиёт, спорт ёки шу кабилар билан таъминлаш мумкин. Аммо руҳий саломатлиги-чи? Дастурда келтирилган тадбиру уринишлар ўзбекистонлик барча болалар учун эмас. Масалан, ота-онаси Россияда ишлаётган болаларнинг руҳий соғлигини тўла таъминлаш мумкин эмас. Ҳеч бўлмаса, онаси ёнида бўлмаган бола руҳан баркамол эмас.

мигрантка_nБугунги кунда Россияда 2 млн нафарга яқин ўзбеклар ишлаяпти. Шундан тахминан 300 мингдан зиёди хотин-қизлардир. Уларнинг қанчаси боласини уйга ташлаб келган аёллар эканлиги ҳақида аниқ рақам йўқ. Аммо кузатишларимча, Россияда ишлаётган аёлларнинг оз қисми турмушга чиқмаган қизлар. Европа, Туркия, Арабистон, Америка, Кореядаги эмас, фақат Россиядаги аёлларнинг ўзини ҳисоблаганимизда, Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд бола она меҳрига тўймай ўсаяпти. Оилада биттадан бўлганда юз минг бола, иккитадан бўлса, икки юз минг бола тирик етимдек (отасизлар ҳақида кейинги гал…)

“Ота-оналар мажлисига борсам, ҳамма бувилар келган, – дейди ойим. – Яхшиямки, ўқувчиларнинг кўпчилигини ота-онаси Россияда, болалар ўксинмайди”

Бу ўксинарли эмас, ачинарли ҳол.  Ота-она бўла туриб, меҳрга зор ўсиш бола руҳиятига қандай таъсир қилишини мутахассислар ёза қолсин. Аммо ёзишмаганда ҳам,  ҳис қилдик буни.

Дейлик, она ишлагани кетаётганда боласини ўзи билан олиб кетди. Аммо Россия мактаблари муҳожир боласини қабул қилишни исташмайди.  Ўндан бири қабул қилганда ҳам, бола миллатчилик сабаб нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг ўзлари томонидан ҳам турткиланиши турган гап. Рус тилини билмаса, дард устига чипқон.

мигранткиИжара уйларда эса боланинг ўқиб тарбия олиши учун етарли тугул, тайинли шароитнинг ўзи йўқ. Бир хонада турли 5-10 нафардан одам яшайдиган ижара турар жойлардаги муҳитни тасаввур қилаверинг.

Бухоролик таниш аёл қизини шу ерда катта қилаётганди. Ҳар куни кечки пайт 5 ёшли қизчани қараб туришга фаррош йигитчаларга бериб, ўзи дўкон ювгани кетарди. Бир куни қўшни хонадаги аёл онаси ишдалигида гўдак қизчага шу йигитчалар тегиниб ўтирганини кўриб қолибди. Буни эшитиб, она қай аҳволга тушганини тасаввур ҳам қилиш қийин… Кўп ўтмай, қизини кекса онасининг уйига олиб бориб қўйиб келди.

Бир йили самарқандлик дугонам болаларини олиб келди. Кун бўйи ота-она ишда, болалар уйда қаровсиз. Мактабларга олишмади. 1 йил ҳеч қаерда ўқимаган болалар яна уйга олиб бориб қўйилди. Бундай ҳолга ўнлаб мисол келтириш мумкин.

Аёлларнинг Россияга боришини эса тақиқлай олмайсиз. Шусиз ҳам у ердагиларнинг аксари оиласиз, бева ёки эри ногирон, ишга яроқсиз. Ўзбек оналари бола боқишдан ташқари, қиз чиқариб ўғлини уйлантириш, ўғлига уй қуришга қарашиш учун эса суткалаб  турли соҳаларда оғир шароитларда ишлашаяпти.

Аёлларимиз ишлаётган каби заводу фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари юртимизда ҳам кўп. Аммо иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик, ёки меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик сабаблари уларни болалари бағридан узилишга мажбур қилмоқда.

“Соғлом бола” Давлат дастурига болаларга оналарини ёнида бўлишини таъминловчи бўлим қўшилса ва натижаси кўринса, миллионлаб болаларнинг қувончини кўрган бўлар эдик.  Масалан, аёллар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ҳисобига уларни ватанда, ўз фарзандлари ёнида қолдириш мумкин.

Дарвоқе,  фақат оналари Россиядаги болаларни мисол қилдим. Улар-ку йилда бир келиб боласидан хабар олар, Арабистон, Корея ёки Америкада ишлаётган оналар ва уларнинг юртимиздаги болалари ҳақида уларни фақат моддий ҳолат овутиб турибди, дея оламан холос…

мигранты_sГап Россиядаги муҳожирлар ҳақида очилган экан, баъзи таклифларим бор эди. Россияда энг кўп сонли ўзбекистонлик энг ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз ҳамдир. Ўзбекистон аҳолиси иш ўринларига нисбатан анча кўп, иш билан таъминлаш мушкул масала. Шу боис маҳаллий ҳокимият,  ОАВ лари четга чиқувчиларга “ўгайқараш” билдирмай, аксинча, четда ишлаш учун тайёрлов ва тил курслари ташкил этишса, йўриқномалар берилса, маъқул бўларди. Шу ўринда Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан тузган шартномасини эслаш мумкин. Бу амалиёт йиллар давомида ўзини оқлаб келмоқда. Россия билан хам тузилган бундай шартномалар ўз юртдошларимизни  соғ-омон ишлаб қайтишларини таъминлаган бўларди.

Ўтган йилларда Россия ҳукумати 600 мингдан зиёд меҳнат муҳожирини мамлакатга киритмади ва киритмасликда, чиқариб юборишда давом этаяпти. Миграцияга оид қонунларни кескинлашиши, рублнинг қадрсизланиши оқибатида яна минглаб юртдошларимиз ватанга қайтиш эҳтимоли бор.

Савол: Уларнинг ярми ватанга қайтганда ҳам, камида 1 млн одамга юртимизда иш топиладими?

Ва қайтишгандан кейинги вазиятни тасаввур қилаверинг. Ундан кўра, тайёр иш жойи бор муҳожирларга ватанда руҳан далда берганимиз ва имкон қадар, ҳимоя қилганимиз маъқул эмасми?!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация