Доллар 71,8 рубл!
Украинада 11 нафар ўзбек бедарак йўқолди
Ўтиб бораётган ҳафтада Украинанинг Буча шаҳрида 11 нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик 11 нафар йигит Киевда бўлиб тургани акс этган видео тарқалган. Шундан сўнг, барчаси сурхондарёлик бўлган йигитлар бедарак йўқолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Таъкидланишича, видео Киев яқинидаги Бучада жойлашган база қоровули томонидан ёзиб олинган. Йигитлар ўзларини
Амирқулов Улуғбек Нуриддинович;
Мажидов Фирдавс Ҳусанович;
Асқаров Валишер Алишерович;
Сафаров Сиратулло Сайфуллоевич;
Маҳмаражабов Камолиддин Усмонович;
Ботиров Муроджон Усмонович;
Ҳамраев Наврўз Ҳасанович;
Сафаров Ҳумайни Абдураҳмонович;
Абдуманноев Ҳамидулло Абдураҳмонович дея таништирган.
Улар Россия қўшинлари Украинага киргунча Киевнинг Буча шаҳарчасида бўлган, кейинчалик у ердан чиқиш имконини топа олмаган.
Маълумки, шу йилнинг 28 февралидан 24 мартига қадар Украинада қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун 27 та авиарейс амалга оширилиб, ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 6 030 ўзбекистонлик қайтарилган эди. Шундан сўнг, эвакуация ишлари тўхтатилган.
Ташқи ишлар вазирлиги воқеадан хабардор эканини билдириб, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси тегишли ташкилотлар билан қидирув ишлари бўйича алоқа ўрнатган.
Эслатиб ўтамиз, Киев яқинидаги Буча шаҳарчаси узоқ вақт Россия аскарлари назоратида бўлди. Россия армияси Киевда фаолликни пасайтириб, Украина шимолини тарк этишини маълум қилди. Жаҳон ОАВ Украина назоратига қайтган Бучада оммавий қирғин содир этилганини хабар қилди. Россия армияси Бучада маҳаллий аҳоли вакилларини ўлдирмаганини таъкидлаб, кўрсатилган кадрлар уюштирилганини билдирди.
Ватандошлар тез орада топилиб, юртига оиласи бағрига соғ-омон қайтишини Ўзидан сўраб қоламиз.
АҚШ элчихонаси виза беришни бошлади
Ушбу хабаримиз тожикистонлик дўстларимизни қизиқтириши табиий. Ўтаётган ҳафтада АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси ушбу давлат фуқаролари ва резидентлари учун виза бериш амалиётини бошлаётгани хабар қилинди. Визаларни расмийлаштириш 2022 йил 4 октябрдан бошланади. Бунгача тожикистонликлар Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги АҚШ Бош консуллигига мурожаат қилиб келишган.
“Иммиграцион визалар бериш амалиётининг биринчи йилида биз Тожикистондан кўплаб аризачиларни, жумладан АҚШнинг доимий резидентлари ва уларнинг оила аъзоларини, шу билан бирга, 2023 йил учун “Грин кард” лотереяси (DV-2023) ғолибларини қабул қилишни кутмоқдамиз”, — дейилади элчихона хабарида.
Туркия ва Қозоғистонда ваколатхона
Қуйидаги хабаримиз эса, Туркия ва Қозоғистондаги ўзбекистонликлар учун. Ушбу икки давлатда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари очилиши кутилмоқда. Туркия ва Қозоғистондаги ваколатхоналар 2022 йилнинг 1 июнидан фаолиятини бошлаши режалаштирилган бўлиб, ушбу давлатлардаги ўзбек мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмаклашади.
Қозоғистоннинг Туркистон областида ташкил этиладиган ваколатхона Жамбул ва Қизил-Ўрда областларига ҳам хизмат кўрсатади.
Туркиядаги ваколатхона эса Истанбул шаҳрида фаолиятини бошлайди ва қўшимча равишда Бурса, Измир ҳамда Анталиядаги ўзбек ватандошларга хизмат кўрсатади.
Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Корея ва Россияда ваколатхоналари мавжуд.
Вақтинча яшаш рухсатномасига ҳужжатлар қабули бошланмоқда
Москвада “РВП”, яъни Вақтинча яшаш рухсатномасига квота олиш учун ариза қабул қилиш кунлари эълон қилинди. Аризалар 2022 йил 4, 5 ва 6 май кунлари қабул қилинади.
Mаълумот учун, “РВП” бу чет эл фуқаросининг паспортига уриладиган муҳр бўлиб, қайси минтақада берилса, шу ҳудуд бўйича мигрантга вақтинча яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи тақдим этилади.
Аризалар Сахарово кўп тармоқли миграция марказида душанбадан пайшанбагача соат 09:00-17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади. Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси талаб этилади.
Uzbekistan Airports ваъдага вафо қилмаяпти
Компания ходимлари фуқаронинг 3 минг долларлик мулкига зиён етказгани, бироқ Uzbekistan Airports унга компенсация тўлашни ортга суриб келаётгани хабар қилинди.
Воқеа шу йилнинг 4 феврал куни содир бўлган. Фуқаро Uzbekistan Airports ходимлари унинг юкларини улоқтиргани боис, 3 минг долларлик мулкига тиклаб бўлмас зиён етказилганини таъкидламоқда. Юкка шикаст етганини аниқлаган йўловчи аэропорт маъмуриятига мурожаат қилган, аввалига аэропорт маъмурияти зарар уйда аниқлангани важи билан аризани қабул қилишни рад этган. Жабрланувчи аэропортнинг багаж бўлими ходимлари барча жомадон ва юкларни қандай қилиб юк тасмасига ташлагани тасвирланган видеони қўлга киритган. Шундан сўнг, пойтахт аэропорти раҳбари у билан шахсан гаплашган ва етказилган моддий зарар тўлиқ қопланишига ишонтирган. Лекин, орадан 3 ой ўтганига қарамай, на аэропорт, на Air Arabia авиакомпанияси унинг муаммосини ҳал қилмаган ва товон пули тўлашни ортга суриб келмоқда.
Россиядаги ўзбек мигрантларига яна бир қулайлик яратилди
Уфа миграция марказида ўзбекистонликлар учун дарча очилди. Бошқирдистон марказидаги кўп тармоқли миграция марказида ўзбекистонликларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериладиган махсус дарча фаолиятини бошлади. Эндиликда, ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари ўзбекистонликлар ўзларини қизиқтирган саволларга ушбу дарча орқали жавоб олишлари мумкин.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Уфа шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари марказга патент ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мурожаат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳақида ҳуқуқий ва амалий маслаҳатлар беради.
Бундан ташқари, у ерда Кўп тармоқли миграция маркази фаолиятига оид масалалар бўйича ҳам тезкор ахборот олиш имкони мавжуд.
Россиядан Ўзбекистонга авиапарвозлар сони яна ошди
Россиянинг “Utair” ва “Россия” авиакомпаниялари Ўзбекистонга мунтазам авиапарвозларни йўлга қўя бошлади. Авиакомпаниялар 28 апрелдан бошлаб Москвадан Тошкентга ҳар куни авиапарвозларни амалга ошира бошлаган. “Utair” Тюмендан Тошкентга, 5 майдан эса Сургутдан Тошкентга янги парвозларни йўлга қўяди.
Сургут – Тошкент парвози ҳар ҳафта пайшанба куни амалга оширилади. Авиачипта нархи 8535 рубл.
Тюмен – Тошкент парвози ҳам ҳар пайшанба куни амалга оширилади. Авиачипта нархи 8535 рубл.
Москва – Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар 9835 рубл этиб белгиланган.
“Россия” авиакомпанияси 2 майдан бошлаб Ўзбекистон турли шаҳарларига авиапарвозларни йўлга қўяди.
2 майдан: Москва-Самарқанд йўналишида ҳафтасига 4 марта;
11 майдан: Москва – Бухоро йўналишида ҳафтасига 3 марта;
13 майдан: Москва – Урганч йўналишида ҳафтасига 2 марта.
Мунтазам авиақатновлар жорий этилгани муносабати билан Сочидан амалга оширилувчи парвозларга ўзгартиришлар киритилади: Бухоро, Самарқанд ва Урганч шаҳарларига амалга оширилувчи парвозлар бекор қилинади; Рейслар Тошкент ва Фарғонага йўналтирилади.
Ўзбекистонликлар нечта давлатга визасиз бора олишини биласизми?
2022 йилда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 58 давлатига виза олмасдан кириши мумкин. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон паспорти жаҳон паспортлари рейтингида 80-ўринда. 2018-йилда Ўзбекистон рейтингда 82-ўринни эгаллаган эди. Ушбу рейтинг мамлакат паспортига эга бўлган фуқароларнинг визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган давлатлар сонига қараб тузилган. Шундай қилиб, 2022 йилда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 58 давлатига визасиз бориш имкониятига эга. Ушбу мамлакатлардан 24 таси Ўзбекистон фуқароларидан мутлақо виза талаб этмаса, қолган 34 тасида фуқаро етиб келганидан сўнг визани расмийлаштириши керак бўлади.
Демак, визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар ва муддатига доир рўйхат билан танишинг. Рўйхатда мутлақо виза талаб этмайдиган 24 та мамлакат номи келтирилган.
Озарбайжон, Молдова, Намибия, Беларус, Гаити, Туркия – 90 кун.
Антигуа ва Барбуда, Арманистон – 180 кун.
Барбадос – 28 кун
Грузия – 360 кун
Доминика – 21 кун
Қозоғистон – 5 кун
Қирғизистон – 60 кун
Индонезия, Малайзия, Микронезия, Ниуэ Кук ороллари, Россия Федерацияси, Сент-Винцент ва Гренада ороллари, Тожикистон, Украина, Филиппин –30 кун.