Maqola

838 04/04/2023

ДЕПОРТАЦИЯ ҚИЛИШ КЎПАЙМОҚДА

Бугунги эфирда

  • Самарқанд, Урганч ва Фарғонадан Россия шаҳарларига янги рейслар йўлга қўйилмоқда;
  • Андижон аэропорти йил охиригача қайта қуриш учун ёпилди;
  • Россияда меҳнат мигрантларини депортация қилиш ҳолатлари кескин ошди;
  • Астрахань фермерлари Ўзбекистон ва Тожикистондан 10 000 нафар меҳнат мигрантини кутмоқда;
  • Россияда қанча мигрант яшаётгани эълон қилинди;
  • Леруа Мерлен Россиядан кетишини эълон қилди;
  • Москва шаҳрида апрелда “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди.

 Самарқанд, Урганч ва Фарғонадан Россия шаҳарларига янги рейслар йўлга қўйилмоқда

Россиянинг “Азимут” авиакомпанияси Сочи ва Урганчни тўғридан-тўғри қатновлар билан боғлади.

29 март куни Россиянинг “Азимут” авиакомпанияси самолёти Сочи-Урганч-Сочи йўналиши бўйича биринчи мунтазам қатновини амалга оширди.

Сочидан Урганч халқаро аэропортига парвозлар ҳафтада бир марта — чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2023 йил 27 мартдан бошлаб Россия авиаташувчиси Минералние Води — Самарқанд — Минералние Води йўналиши бўйича парвозлар частотасини оширди. Парвозлар ҳафтасига икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

“Победа” компанияси илк бор Самарқанд халқаро аэропортидан Москвага мунтазам рейсларни бошлайди, дея хабар беради Самарқанд аэропортини бошқарувчи AIR MARAKANDA компанияси.

Utair ҳафтада бир марта, жума кунлари Санкт-Петербургга парвозларни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Uzbekistan Airways  миллий авиакомпанияси Қозонга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди – парвозлар ҳафтада бир марта сешанба кунлари амалга оширилади. Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича рейслар сонини ҳафтасига 4 мартадан 6 мартагача оширилади.

2023 йил 5 майдан бошлаб эса Россиянинг S7 Airlines  авиакомпанияси, узоқ танаффусдан сўнг, Иркутск — Фарғона — Иркутск йўналиши бўйича парвозларни тиклайди.

Рейслар ҳафтада бир марта — жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда S7 Airlines авиакомпанияси Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Наманган халқаро аеропортларига парвозларни муваффақиятли амалга оширмоқда.

Андижон аэропорти йил охиригача қайта қуриш учун ёпилди

Андижон аэропорти аэродром мажмуаси реконструкция қилиниши муносабати билан 1 апрелдан бошлаб парвозлар учун ёпилди.

Қурилиш ишлари йил охиригача давом этиши кутилмоқда.

«Реконструкция доирасида учиш-қўниш йўлаги қопламаси, юриш йўлаклари ва самолётлар тўхташ жойларини модернизация қилиш, шунингдек, ёритиш ускуналари, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимларининг янги тизимини ўрнатиш режалаштирилган», — дейилади Uzbekistan Airports компанияси хабарида. 24 март куни аэронавтика ахборот тизимида (НОТАМ) Андижон аэропорти 2023 йил охиригача реконструкция қилиш учун ёпилиши ҳақида хабар чиққан эди.

Россияда меҳнат мигрантларини депортация қилиш ҳолатлари кескин ошди

Сўнгги маълумотларга кўра, 2022 йилда Россиядан депортация қилинган мигрантлар сони сезиларли даражада ошган.

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев 2022 йилда Россиядан депортация қилинган хорижликлар сони 2021 йилга нисбатан 2,5 баробардан кўпроқ ошганини айтди. Миграция қонунчилигига риоя этилишига комплекс ёндашув ва мониторинг олиб борилиши натижасида Ички ишлар вазирлиги хорижликларнинг Россия ҳудудига киришига тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

2022 йилда қонун бузилиши ҳолатлари 2021 йилга нисбатан қарийб 50%га ошган. Бундан ташқари, экспертлар томонидан ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ 106 та жиноят қайд этилган. 33 минг кишини маъмурий йўл билан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган, 48 мингдан ортиқ хорижликларнинг Россияга киришига рухсат берилмаган.

Хусусан, Челябинск вилоятига 2022 йилда мингдан ортиқ чет эллик фуқароларнинг Россия Федерациясига кириши тақиқланган. Вилоятдан 1217 нафар чет эллик фуқаро чиқариб юборилди, бу 2021 йилга нисбатан 3 баробар кўпдир. Депортация ҳақида 142 та қарор қабул қилинган.

Астрахань фермерлари Ўзбекистон ва Тожикистондан 10 000 нафар меҳнат мигрантини кутмоқда

Россия бўйлаб мингрантларни депортация қилиш кўпайган бир пайтда Астрахань вилоятида ишчи кучлари етишмаяпти.

Астрахань вилоятида 2024 йилгача қўшни давлатлардан меҳнат мигрантларининг киришига чеклов қўйилмайди, деб ёзади “Российская газета”.

Бундай қарор вилоятдаги ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича вилоят комиссияси томонидан қабул қилинди. Сабаби, баҳорда вилоятга экин экиш, кузда эса ҳосилни йиғиштириб олиш учун ишчи кучи керак.

Айни пайтда қишлоқ хўжалигида, айниқса, сабзавотчиликда  кўплаб ишчилар етишмаслиги кузатилмоқда. Вилоятда пандемия сабабли ишчи кучининг кириб келиши кескин камайди. Авваллари минтақага Тожикистон ва Ўзбекистондан ҳар йили 11 мингга яқин ишчилар келарди.

Вилоятда уларнинг ўрнини ҳали ҳеч ким боса олмаган. Бу ерда сабзавот йиғим-теримини асосан қўлда қилиш керак, чунки комбайнлар қовоқча ва тарвузларнинг кўринишига зиён етказади. Вилоятга қишлоқ хўжалигидаги  маҳаллий фермерларга ёрдам бериш учун бўш иш ўринларини тўлдирадиган 10 мингга яқин меҳнат мигрантларининг келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари вилоятда ҳайдовчи, тикувчи, электр пайвандчи, сотувчи, қўриқчи, электромонтёр, монтёр ва бошқа мутахассисларга талаб катта бўлгани учун мигрантлардан нафақат фермерлар, балки бошқа соҳадаги иш берувчилар ҳам умид қилмоқда.

Айтганча, Астрахань вилоятида энг юқори иш ҳақи қазиб олиш саноатида таклиф этилади, маош – ойига ўртача 111 минг рублни ташкил этади.

Россияда қанча мигрант яшаётгани эълон қилинди

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Россиядаги мигрантларнинг аксарияти Москва ва Санкт-Петербургда яшашини маълум қилди.

Россияда 5,7 миллион мигрант истиқомат қилади. Бу маълумот Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг ўтган йил охиридаги ҳисоботларига таянган ҳолда келтирмоқда. Бунга кўра, барча чет эллик ишчиларининг ярми Москва ва Москва вилоятида, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида, шунингдек, Краснодар ўлкасида ишлайди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги хорижликларнинг Россиядан кириш ва чиқиш тартиби тўғрисидаги «катта» қонун лойиҳасини тайёрламоқда, бу эса мигрантларнинг мамлакатга келиши қоидаларини соддалаштириши мумкин. Хусусан, ҳозирда мавжуд бўлган кўп сонли миграция режимлари ўрнига учта: қисқа муддатли – йилига 90 кунгача бўлиш, узоқ муддатли – 90 кундан ортиқ, ва доимий яшашни жорий этишни таклиф қилмоқда.

Леруа Мерлен Россиядан кетишини эълон қилди

Леруа Мерлен уй-рўзғор буюмлари дўконларига эгалик қилувчи Франциянинг АДЕО компанияси Россиядаги бизнесини маҳаллий бошқарувга ўтказади, дея хабар беради гуруҳ матбуот хизмати. Компания Россия бозоридаги 18 йиллик фаолиятидан сўнг бу давлатдан кетишини эълон қилди.

“Бизнес ва дўконларни сотиш ҳақида гап йўқ. Бугун француз АДЕО бошқарув компаниямиз “Leroy Merlin Россия” бошқарувини ҳозирги ички маҳаллий менежментга ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилди”, — деди Leroy Merlin жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Лола Сатторова.

Leroy Merlin эгаси Россияда 18 йилдан ортиқ бизнес билан шуғулланганини эслади, аммо 2022 йил баҳорида Украинада уруш бошланганидан кейин у барча янги сармояларни тўхтатишга ва аста-секин маҳаллий операцияларни мустақил қилишга қарор қилди.

СПАРК маълумотларига кўра, “Leroy Merlin Восток” МЧЖнинг 2021 йилдаги даромади 456,6 миллиард рублдан ошган. Компания Forbes маълумотларига кўра Россиянинг 50 та энг йирик хорижий компаниялари орасида 2022 йил рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган.

2022 йил март ойининг бошида Leroy Merlin’нинг рақобатчиси – Германиянинг OBI компанияси Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Компаниянинг россиялик бошқарувчилари дўконларни ёпишдан бош тортди ва апрель ойида тармоқ дўконлари фаолиятини тиклашни эълон қилди.

Москва шаҳрида апрелда “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди

Аризалар 2023 йилнинг 3,4,5,6 ва 7 апрель  кунлари қабул қилинади.

Маълумот учун, “РВП”, яъни вақтинчалик яшаш учун рухсатнома бу – чет эл фуқаросининг паспортига қўйиладиган муҳр бўлиб, у берилган ҳудудда мигрнатга уч йил ичида яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи берилади.

Сахарово кўп тармоқли миграция марказида аризалар душанбадан пайшанбагача соат 09:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади. Ариза топшириш жараёни жонли навбат билан амалга оширилади, яъни олдиндан навбатга ёзилиш имкони йўқ: ариза топширувчи кўп тармоқли миграция марказига келиб, талон олиши ва Сбербанк ёки почта бўлимида бўлгани сингари ўз навбатини кутиши зарур. Берилган талон бўйича навбати келмаса, у кейинги кунга ўтмайди.

Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан аризадан ташқари фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси, ундаги прописка ва фуқаролиги кўрсатилган саҳифаларнинг нусхаси, миграция картаси, 3,5х4,5 ҳажмидаги фотосурат талаб қилинади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya