Maqola

1 136 05/04/2022

Ўтган ҳафтада Россия рубли ўзининг қадрини сезиларли тиклади ва Ўзбекистонда рубл-сўм курси 24 февралдан олдинги қийматига деярли қайтди.

Албатта, рубл курси кўтарилишининг ўзига хос сабаблари бор. Россия газини рублга сотишини билдириши шундай омиллардан биридир.

Хусусан, пул ўтказиш тизимлари орқали Ўзбекистонга рубл юборганда рубл-сўм курси қуйидаги рақамларни ташкил этмоқда.

Шунга кўра, агар сиз Unired ва PayGram орқали Ўзбекистонга 30 минг рубл юборсангиз, яқинларингиз ўзбек банкидан 3 млн 960 минг сўм олади. Март ойи ўрталарида 30 минг рубл ўзбек банкларида 2 млн 850 минг сўмдан – 3 млн 60 минг сўмгача миқдорни ташкил қилаётган эди.

Шу ўринда кичкинагина реклама. Россия ва умуман турли мамлакатларда фаолият юритаётган мигрантларимизга янги лойиҳамизга ҳисса қўшиш таклифини бермоқчимиз. Ҳурматли ватандошлар, сиз ўзингиз гувоҳ бўлган турли инновацион ечимлар, ташаббуслар ва умуман яшаб турган ҳудудингиздаги воқеалар-ҳодисалар ҳақида видеолавҳалар, гифлар, расмлар ва овозли хабарларни қуйидаги Телеграм бот манзили орқали юборишингиз мумкин: @mobilmigrant_bot

Энг қизиқарли ва мигрантларга манфаатли бўлган хабарлар Migrant.mobi сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.

Мигрантлар Россияда қоладими ё кетадими?

Россияга қўлланилаётган санкциялар мамлакат меҳнат бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса, яқин хориждан келган меҳнат муҳожирларининг Россиядан чиқиб кетиши ёки кетмаслигига доир баҳс-мунозараларни ҳам кучайтиб, экспертларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Asia-Plus нашрига интервю берган миграция бўйича мутахассис Анвар Бобоевга кўра, Россиянинг Украина ҳудудида давом эттираётган махсус амалиёти Тожикистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг меҳнат муҳожирлари аҳволи ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

«Оилалар фаровонлиги ва ушбу давлатлар иқтисодиётини ривожлантириш учун меҳнат миграцияси муҳим ўрин тутади ва бу ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, Россия билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида асрлар давомида савдо-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб бораётган дўстона муносабатлар ўрнатилган. Улар орасида меҳнат миграцияси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мигрантларни қабул қилувчи ва жўнатувчи давлатлар учун ўзаро манфаатли ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш лозим», — деган эксперт.

Мигрантлар маоши ошадими?

Россиянинг «Ведомости» нашрига интервю берган мутахассислар эса, феврал ойининг сўнги даврида муҳожирлар оммавий тарзда ватанларига қайта бошлаганини таъкидлашмоқда. Уларга кўра, бизнеснинг кўплаб соҳалари у ёки бу даражада хорижий ишчи кучига таянади. Булар қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, умумий овқатланиш, чакана савдо, етказиб бериш хизматлари, такси хизматларидир.

Rocket work бош директори Анастасия Ускованинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 8-10 фоизи бевосита меҳнат муҳожирларига боғлиқ.

«Шунга кўра, бизнес ишчиларни жалб қилиш учун меҳнат шартномаси ва ходимларни рағбатлантириш тизимини қайта кўриб чиқишлари керак бўлади. Натижада бизнес соф фойдаси камаяди ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар таннархи сезиларли даражада ошади. Бу эса, истеъмолчилар чўнтагига зиён қилиши билан бизнесни янада кўпроқ хавф остига қўяди», — деган Ускова.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда Россия ҳудудида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган 7,8 миллион муҳожир рўйхатга олинган бўлиб, кириш сабабини “иш” деб кўрсатишган. Улардан 4,5 миллиондан ортиғи Ўзбекистондан, 2,4 миллионга яқини Тожикистондан ва қарийб 900 минг нафари Қирғизистондан келган мигрантлардир.

Мигрантлар қишлоқ хўжалигида ишламаслиги мумкин

Россия мева-сабзавот уюшмаси директори Михаил Глушковнинг фикрича, «агар рубл курси кўтарилмаса, мигрантлар иш ҳақини оширишга тўғри келади». Унинг хавотир билдиришича, рубл курси тушиб кетгани сабабли мигрантлар мавсумий дала ишларига бормаслиги мумкин. Фермерлар эса, аксинча, бу йил олдинги икки йилдагидан фарқли равишда мавсумий дала ишлари учун ишчилар танқис бўлмаслигини айтишмоқда.

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса, жорий йилда мавсумий дала ишлари учун мамлакатга 40 мингга яқин мигрант олиб келинишини билдирганди.

«Рубл курсининг кескин пасайиши давом этса, бошқа мамлакатлардан келган ишчиларнинг Россияда ишлаши шунчаки фойдасиз бўлади», – дейди Berry Union бош директори Ирина Козий.

«SuperJob» портали ёзишича, март ойи якунлари бўйича қишлоқ хўжалигидаги бўш иш ўринлари сони 25 фоизга ошган. «Авито Работа» тадқиқотига кўра, 2022 йилнинг январ-март ойларида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бўш иш ўринлари сони 27 фоизга кўпайган.

Россияга авиачипталар арзонлашадими?

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон ва Россия авиакомпаниялари икки мамлакатнинг турли шаҳарларига авиақатновлар сони оширилганини эълон қилди. Бу ҳам Россияга бормоқчи ҳамда ватанга қайтмоқчи бўлган юртдошлар учун ўзига хос хушхабар, десак янглишмаймиз.

Хусусан, «Аэрофлот» 7 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон шаҳарларига мунтазам авиапарвозларни йўлга қўяди. Парвоз дастури транзит йўловчи ташишга қаратилган бўлиб, парвозлар Москва (Шереметево), Санкт-Петербург ва Красноярскдан Сочи орқали парвозларни амалга оширади. Шундай қилиб, Сочидан 17 та йўналишда авиарейслар қатнови йўлга қўйилади ва парвозлар «SSJ-100» самолётларида амалга оширилади.

Демак, Сочидан Бухорога ҳафтада 3 марта, Самарқандга 4 марта, Тошкентга 7 марта, Урганчга 2 марта ҳамда Фарғонага ҳафтасига 3 марта парвозлар амалга оширилади.

Авиапарвозлар билан боғлиқ қуйидаги хабар эса, Uzbekistan Airways ташкил этаётган рейслар билан боғлиқ. Миллий авиакомпания Наманган ва Красноярск ўртасида «тўлиқ тежамкор» режимида парвозларни йўлга қўйганини маълум қилди. Авиақатновлар «тўлиқ эконом» форматида ташкил этилиб, ҳафтанинг сешанба кунлари амалга оширилади. Бундан ташқари, Uzbekistan Airways 2022 йил 30 мартдан бошлаб «Шарқий» ҳаб лойиҳаси доирасида Наманган – Олмаота – Наманган янги халқаро йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди. Қайд этилишича, парвозлар ҳафтада икки марта – чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

Россиянинг яна бир авиакомпанияси Red Wings эса, Маҳачқалъадан Тошкентга мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлади. Парвозлар жорий йилнинг 29 мартидан бошлаб, ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Таъкидланишича, Ўзбекистонга келаётганларнинг барчаси, шу жумладан, давлат фуқаролари ҳам келиш вақтидан камида 48 соат олдин топширилган ПЗР тестининг манфий натижаларини тақдим этиши шарт. Шу билан бирга, мамлакатга кирувчилар экспресс антиген тестини топширишлари керак.

Яна “отмена”. Қозоғистонга йўловчи поездлари қатнови бекор қилинди

Ўтган ҳафта якунида Қозоғистонга йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилаётгани ҳақида маълум қилинган эди. Бироқ, орадан кўп вақт ўтмай, Ўзбекистондан Қозоғистонга йўловчи поездлар қатнови номаълум муддатга ортга сурилаётгани хабар қилинди.

Қозоғистон томони №647/648-сонли Нукус – Бейнеу ва №1/2-сонли Тошкент – Олмаота йўналишидаги халқаро йўловчи поездлари қатнови бошлаш санасини номаълум муддатга кўчирмоқда. Бунга қўшни давлатда карантин чекловлари жорий этилгани сабабдир. Мазкур қарор Қозоғистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Идоралараро комиссия йиғилиши баённомаси билан тасдиқланган”, – дейилади хабарда.

Ўзбекистонлик ватандош Россияда тез ёрдам шифокорини калтаклади

Россиянинг Санкт-Петербург марказий округида ўзбекистон мигрант тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклагани ҳақида хабар берилди. Маълум қилинишича, 27 март куни Ўзбекистон фуқароси бўлган 33 ёшли маст эркак номаълум сабабларга кўра, 19-сон тез тиббий ёрдам станцияси шифокорини дўппослаган.

Ҳойнаҳой, шу брат Ўзбекистондаям шифокорни калтаклаган бўлса керак

Босқинчи шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилган. Жароҳатланган шифокор ёрдам сўраб, Мариинский касалхонасига мурожаат қилган. У ерда жабрланувчига ёпиқ бош мия жароҳати ва мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, шифокорга уйига кетишга рухсат берилган. Калтаклаш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тожикистон ўзбекистонликларга қучоқ очмоқда

Тожикистон мамлакатга кириб келган Ўзбекистон фуқароларига 10 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан қолишларига рухсат берди. Аввал бу муддат 3 кун эди. Эндиликда, Тожикистон ҳудудига кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари давлат чегарасини кесиб ўтган кундан эътиборан 10 иш куни мобайнида яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинчалик рўйхатга олиш мажбуриятидан озод этилади.

Президент топшириғи – Ўзбекистонга қайтган мигрантлар қурилиш ишларига жалб қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни ўтказган видеоселектор мажлисида вилоят ҳокимларига меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича топшириқ берган. Президент мигрантларни қурилиш ишларига жалб қилиш кераклигини уқдирган. Уларга асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидия ажратиш ҳам белгиланган. Бу тадбирлар натижасида 100 минг аҳолининг расмий бандлиги таъминланиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Сирдарё вилоятида қарийб 2 минг, Наманган вилоятида эса 17 минг мигрант қайтиб келган.

Журналист Толиб Раҳматов тайёрлади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya