МИГРАНТЛАРДАН МИЛЛИАРД ТОПГАН МОСКВА
Бугунги эфирда:
Москва ва Санкт-Петербургда патент нархи ошади
Янги йилга ҳам озгина вақт қолди. Бу дегани Россияда меҳнат қилиш учун патент тўлови қиймати ўзгаришига тайёргарлик кўриш зарур. Табиийки мигрантларимиз учун Россиянинг йирик шаҳарларида патент нархлари қандай ўзгариши жуда муҳим. Одатда бу янгиликлар бизни ва мигрантларимизни хурсанд қилмайди. Чунки ҳар янги йилда патент нархлари ошади. Аввалроқ биз Россиянинг Ленинград, Белгород ва Магадан вилоятларида 2023 йилда меҳнат патентлари нархи ошиши ҳақида хабар берган эдик. Энди бўлса бу карвонга Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Ленинград вилояти, Бошқирдистон Республикаси ва Забайкалье ўлкаси ҳам қўшилди.
Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳозирги пайтда патент нархи 5900 рублни ташкил этаётган бўлса, янги йилдан унинг нархи 6600 рубльга кўтарилади. Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятларида эса 4200 рублдан 4400 рублга ошади. Патент тўловларининг ошишини шаҳар ва вилоят маъмурлари иш ҳақининг сезиларли даражада ўсиши билан изоҳлашган.
Забайкалье ўлкасида патент нархи 7158 рублдан 8482 рублга ошади. Бу эса 2023 йилда Забайкалье ўлкаси бюджетига 442 миллион рубль қўшимча солиқ тўловлари тушишини таъминлайди.
Бошқирдистон республикасида 2023 йилда хорижлик ишчилар учун патентнинг ойлик нархи 4700 рублни ташкил этади. 2022 йилда патент нархи 4400 рублни ташкил қилган эди. Бу ерда ҳам патент қийматининг кўтарилиши ҳудудда келаси йилда иш ҳақининг 8,3 фоизга ошиши билан боғланган.
Россия ҳукумати мантиғини ҳеч тушуниб бўлмайди. Бир тарафдан мигрантлар қўли билан ўз шаҳарларини қуради, кўчаларини тозалайди, барча оғир ишларини мигрантларга бажартиради, иккинчи томондан эса ҳар йили патент нархларини оширади, кўча-кўйда текширавериб мигрантлар жиғига тегади, регистрация деган балони йўқ қилмайди ва имкон борича мигрантларни оммавий ахборот воситаларида ёмонотлиқ қилишга уринади. Хуллас, мигрантнинг ўзи ёмон, меҳнати ҳалол. Майли, меҳнаткаш мигрантлар кўчада қолмайди.
Меҳнат мигрантлари Москва бюджетини 30 миллиард рублга тўлдиришди
Меҳнат мигрантлари Москва бюджетини 30 миллиард рублга тўлдиришди.
“Жорий йилнинг ўн ойида Москвада ишлаётган чет эл фуқаролари шаҳар бюджетига 26,5 миллиард рубл даромада солиғи ўтказдилар. 2021 йилнинг худди шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 64%га кўпроқ. 2022 йилда эса тушумларнинг йиллик ҳажми, ҳисоб-китобларимизга кўра 30 миллиарддан кўпроқ бўлиши керак”, дейди Москва ҳукуматининг Иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти бошлиғи Мария Багреева.
Бу 476 миллион доллар дегани! Битта Москва шаҳрига мигрантлар тўлаган даромад солиғи шунча. Умуман олганда жорий йил бошидан буён Россия пойтахтида хорижлик фуқароларга 483,9 мингта патент берилган. Улар анъанавий тарзда, асосан қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва савдо соҳаларида меҳнат қилади.
Кўпчилик байрамга уйига кетаётган ҳозирги вақтда ҳам ишга кирмоқчи бўлаётганлар камаймаяпти. Сахароводаги кўп тармоқли миграция марказига ҳар куни 2000-3000 киши патент олиш учун мурожаат қилади. Чет элликлар орасида сон жиҳатидан Ўзбекистон фуқаролари биринчи ўринда, Тожикистон – иккинч ўринда ва Озарбайжон –учинчи ўринда.
Патент нархи йилдан-йилга ошиб бориши сабабини энди тушундим. Ўзиз ҳисоблаб кўринг. Бу йил Москвада патент қиймати 5900 рубл эди. Шунда бюджетга 30 миллиард рубл пул тушаркан. Янги йилда 6600 рубл бўлса, 11,8 фоизга ошган бўлади. Шунда 33 млрд 540 млн рубл бўлади. Бу 531 млн 621 минг АҚШ доллари дегани. Бу бир Москва шаҳрида. Буни кўрган Россиянинг бошқа регионлари ҳам соққа қилиш йўлини ўрганиб олишган кўринади. Зўрда, бечора мигрантнинг тарафини ким ҳам оларди. Ўзбекистонга йил бошидан бери 400 мингга яқин Россия фуқароси келганини ҳисобга олсак, зудлик билан Ўзбекистонда ҳам патент жорий қилиб, соққа қилишни йўлга қўйиш керак.
Россияда қурувчи-мигрантлар қадри билиняпти
Россияда патент нархлари ошаётган бир пайтда “Инфратузилма компаниялари миллий ассоциацияси (НАИК) ва Sherpa Group ажойиб бир сўровнома ўтказди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра бугунги кунга келиб Россия қурилиш соҳасида бўш иш ўринлари сони ўтган йил давомида 46 фоизга ошган. Бу дегани эса қурилиш саноатида деярли 25 фоиз зарур ишчилар етишмайди. (ўзи қурилиш сохасида мигрантлар етишмаяпти булар бўлса патент нархини ошириш билан оввора) Сўровномада иштирок этганларнинг қарийб 90 фоизи кейинги олти ой ичида вазият янада ёмонлашишини айтишган. Соҳадаги асосий муаммо бу – малакали мутахассислар ва ишчи кучининг етишмаслиги. Қурувчиларнинг етишмаслиги айрим мутахассисларнинг хорижга кўчиб кетиши ва меҳнат мигрантларининг ўз ватанларига қайтиб кетишлари билан боғлиқ. Чунки мигрантлар меҳнатига талаб уларнинг ўз ватанида ҳам ошиб бормоқда. Кадрлар тақчиллиги миллий лойиҳалар доирасида қурилиш ҳажмининг ўсиб бораётганлиги сабабли ошмоқда, деган экспертлар. Аввалроқ Россияда ишчиларнинг иш ҳақи учинчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 6,4 фоизга ошгани (солиқ тўловигача 90,5 минг рублгача) маълум қилинганди. Санкциялар сабабли юзага келган инқироз иш берувчиларни қурилиш ва логистика соҳасида кадрлар етишмаслиги туфайли ушбу тармоқларда иш ҳақи бўйича “пойга” бошлашга мажбур қилган.
Тюмень вилоятида мигрант-ҳайдовчиларнинг ишлашига тақиқ узайтирилди
Тюмень вилоятида чет эл фуқароларининг шаҳар ва унинг атрофидаги автобуслар, таксилар ва ижарага олинган автомашиналар ҳайдовчиси сифатида ишлашига қўйилган тақиқ бир йилга узайтирилди. Шунигдек хорижлик фуқаролар транспорт хизматларини кўрсатиш ва юк ташиш билан шуғуллана олмайдилар. Вилоят меҳнат ва бандлик бошқармаси ушбу тақиқ 2015 йилдан бери амалда эканлигини таъкидлаган.
Чеклов Россия фуқароларининг транспорт соҳасида ишга жойлашишига устувор шароит яратиш, йўловчилар хавфсизлигини ошириш ва бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш мақсадида жорий этилган. Ҳуддики, мигрантлар ҳамма жойда авария уюштириб юргандек.
Мазкур тақиқ ЕОИИга аъзо мамлакатлар –Беларусь, Қозоғистон, Арманистн. Қирғизистон фуқароларига, шунингдек, доимий яшаш учун рухсатномаси (ВНЖ), вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёки вақтинчалик бошпанага эга бўлган ёки қочоқлик гувоҳномасига эга чет элликларга тааллуқли эмас. Ватандошларни Россияга кўчиришга кўмаклашиш давлат дастури иштирокчилари ҳам ҳайдовчи бўлиб ишлашлари мумкин.
Бундан ташқари Тюмень вилоятидаги иш берувчилар 2023 йил 1 мартгача истиснолар рўйхатига киритилмаган чет эллик ишчиларни ишдан бўшатишлари керак бўлади.
Ўзбекистон банклари Россия Марказий банки тезкор тўловлар тизимига уланмоқда
Марказий Осиё давлатлари банклари Россия банкининг тезкор тўлов тизимига уланишни бошлади. 2022 йил июль ойидан бошлаб хорижий банкларга билвосита иштирокчилар орқали трансчегаравий ўтказмаларни амалга ошириш имконияти яратилган ва бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 12 та хорижий банк тезкор тизимга уланган.
Система бқстрқх платежей, яъни тезкор тўловлар тизими Россия Марказий банки томонидан 2019 йилда банклараро ҳисоб-китобларни тезкорлик билан амалга ошириш учун ишга туширилган эди. Хусусан, у орқали исталган вақтда, жумладан, дам олиш ва байрам кунлари ҳам мобил телефон рақамидан фойдаланган ҳолда пул ўтказиш мумкин. Марказий банк кўрсатмасига кўра Россия ҳудуддида ойига 100 минг рублгача бўлган пул ўтказмалари учун комиссия ундирилмайди.
17 ноябрдан бошлаб эса трансчегаравий ўтказмалар учун ягона комиссия амал қилиб, бир ўтказма учун жўнатувчи томонидан 6 рубль тўланади. Бундан ташқари Марказий банк 23 ноябрь куни “ВТБ Банк” трансчегаравий пул ўтказмалари учун тезкор тўловлар хизматини синовдан ўтказишни якунлаганини маълум қилган. Август ойидан бошлаб “Сбербанк Онлайн” Ўзбекистон ва Қирғизистонга тезкор тўлов тизими орқали пул ўтказмалари учун комиссияни бекор қилди. Бироқ, баҳорда жорий этилган санкциялар туфайли ҳозир фақатгина рублдаги пул ўтказмалари мавжуд.
Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 30 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкин бўлади
Ўзбекистон фуқаролари энди Қозоғистонда 30 календар кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин. Тегишли протокол икки давлат ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган. Агар протокол тасдиқланса, худди шундай қоида Ўзбекистон ҳудудидаги қозоғистонликларга нисбатан ҳам қўлланилади. Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг бўлиш муддати чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 кундан ошмаса, улар мамлакат ҳудудига кириши ва ҳаракатланиши мумкин. Ҳозирда эса ҳар икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудида фақат беш кун рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади.
Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳасида агар бир давлат фуқароси бошқа давлатда 30 календар кундан ортиқ бўлса, у ҳолда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиши шартлиги кўрсатилган. Шунингдек, исталган транспорт турида чегарани кесиб ўтишда миграция карталарини олиш ва тақдим этиш талаби ҳужжатдан чиқариб ташланган. Aйни пайтда ҳужжат протоколи 12 декабрга қадар давом этадиган жамоатчилик муҳокамасида.
Ўзи СССР дан қолган прописка ва регистрация тизими жонга тегди. Одамларни қийнашдан бошқа нарса эмас. На давлатга ва на жамиятга фойдаси бор. Ён қўшнилар ўртасида шунақа талаблар бўлиши эса уятли ҳолат. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонда 60 кундан ортиқ бўлиш учун виза олишлари керак. Тожикистонда эса, 30 кундан ортиқ визасиз юра олишмайди. Ўзбекистонга келган Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига нисбатан ҳам ҳудди шундай талаб қўйилади. Россияга борсак бемалол 3 ой юришимиз, патент олсак эса йиллаб юришимиз мумкин. Ҳеч қандай виза йўқ. Ғалати эмасми? Наҳотки биз учун Россия ён қўшниларимиз, дини ва мадданияти бир бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан яқинроқ бўлса. Нима сабабдан биз руслардан сўрамаган визани қозоқ, қирғиз ёки тожик биродарларимиздан сўрашимиз керак. Бу нарсаларни яхшилаб ўйлаб кўриш вақти келди.
Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.