Мақола

564 08/02/2023

ҚАЛБАКИ ҲУЖЖАТ УЧУН ҚАМАШМОҚДА

Бугунги эфирда:
⦁ Москвада мигрантларни текшириш кучайтирилди.
⦁ Россиядан депортация қилинган мигрантларни амнистия қилиш таклиф қилинди.
⦁ Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 30 дан ортиқ ўзбекистонлик
қутқарилди.
⦁ «Азимут» авиакомпанияси Сочи ва Бухоро ўртасида парвозларни йўлга қўйди.
⦁ Қозоғистон авиакомпанияси Олма-Ота—Самарқанд йўналишидаги парвозларни тикламоқда.
⦁ Ўзбекистон Марказий Осиёда ишсизлар сони бўйича биринчи ўринда турибди.

https://youtu.be/UnOg25SrF2Q

Москвада мигрантларни текшириш кучайтирилди

Сир эмаски, Россиядаги кўплаб ватандошларимиз ҳар хил сабаблар билан ҳужжатларни расмийлаштира олишмайди. Кимдир уй эгаси регистрация қилиб бермаганлиги сабабли воситачи шахслар ёрдамида регистрация сотиб олади ва кейинчалик у ҳужжат базадан чиқиб кетади. Яна кимдир паспортини чегарага бериб юборади. Патент тўлашдан қочиб қалбаки ҳужжат билан юрадиганлар ҳам учраб туради. Шу пайтгача қалбаки ҳужжат билан қўлга тушган мигрантларни одатда маъмурий жавобгарликка тортишарди. Эндиликда эса миграция ҳужжатларини қалбакилаштирганлик учун маъмурий жарималар ўрнига жиноий ишлар қўзғатила бошлангани хабар қилинмоқда.

«База» нашри Москвада охирги пайтда метро ва бошқа жойларда славянларга ўхшамаган шахсларни полиция томонидан тез-тез текширилаётгани ҳақида хабар берган. Нашр манбаларининг айтишича авваллари турли ҳужжатларни қалбакилаштирканлик учун полиция ходимлари мигрантларга жиноий иш очиб ўтирмай, уларни маъмурий кодекс бўйича жазога тортиб, жарималар солишган, оғир ҳолларда эса ўз ватанига депортация қилишган. Эндиликда бу каби ишларга жиддий эътибор берилиб, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси бўйича жиноий ишлар қўзғатила бошланган.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” энг кўпи икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Ушбу моддага кўра, мигрантларнинг ўзлари ҳам, сохта ҳужжатлар тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланувчи шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Аммо сохта ҳужжатларни тайёрлайдиганларни топиш жуда қийин бўлганлиги сабабли, терговчилар, одатда харидорларга қарши айбловлар билан чекланишади.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз хонадонларида мигрантларни сохта рўйхатга олганларга кўпроқ эътибор бера бошлаган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бундай эътиборига нима сабаб бўлди деган савол пайдо бўлади албатта. Эҳтимол, бир вақтнинг ўзида таниқли федерал амалдорларнинг бир нечта баёнотлари сабаб бўлгандир.
Россия тергов қўмитаси раҳбари ўтган йил охирида мамлакатда хориж фуқаролари ўртасида жиноятлар кўпайганини маълум қилган ва ўз қўл остидагиларини мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчиларни диққат билан кузатишга чақирганди.

Яқинда эса, ўтган йилнинг февралидан Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича комиссиясини бошқараётган Дмитрий Медведев “Россияда этник анклавларнинг пайдо бўлиши хавфи борлигини” эълон қилганди.

«НОСТРОЙ» раҳбари Антон Глушков Россиядан депортация қилинган мигрантларни амнистия қилишни таклиф қилди.
Россияда қурилиш соҳасида ишлаган ва миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган чет эл фуқаролари мамлакатга ишлаш мақсадида қайтишлари учун амнистия қилиниши керак. Бу таклиф НОСТРОЙ, яъни қурувчилар миллий ассоциацияси президенти Антон Глушков томонидан айтилди.

“Менимча, энди Россия Федерацияси ҳудудидан депортация қилинган чет эллик ишчи кучига амнистия қўллаш механизмини ишлаб чиқиш вақти келди. Чунки бу хорижий ишчи кучи бизга керак, у Россияда тажриба орттирган ва ишлаб чиқариш кўникмаларига эга. Миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган мигрантлар сони анчагина кўп. Фақат Тожикистон мисолида кўрсак, 500 мингга яқин ишчилар депортация қилинган”.
Глушковнинг қўшимча қилишича, қоидабузарликлар турли характерга эга.
Мигрантларнинг аксарияти жарималарни тўламаслик ёки Россия ҳудудида бўлиш тартибига амал қилмагани оқибатида қоидабузар деб топилган.

Қурувчилар бирлашмаси раҳбари шунингдек, суд амалиёти аллақачон шакллантирилаётганлигини, чет эллик фуқаролар ўзларининг депортациялари устидан судга мурожаат қилишлари ва меҳнат қилиш учун Россияга қайтиш ҳуқуқларини тиклашлари мумкинлигини айтди.

2022 йилда Россияда 6,5 миллионга яқин қурувчи ишлаган, 2030 йилда эса қурилиш индустриясини ривожлантириш мақсадлари ҳисобга олинса, уларнинг сони 8 миллион нафарга етиши керак. Бундай ҳолда Россияда қурилиш соҳаси таълим муассасаларини битирувчиларининг фақатгина 40 фоизи ўз касбида ишлашда қолмоқда, деди у.

Демак, мигрантлар кераклигини биладиган одамлар ҳам бор экан. Албатта, улар ҳам ўз манфаатларидан келиб чиқиб, мигрантлар меҳнатига эҳтиёжлари борлиги учун гапиришмоқда. Тўғри-да, ҳаммани депорт қилаверишса, ишни ким қилади? Умид қиламизки, Россия ҳукумати орасида ҳам мигрантларнинг жаноб Глушков каби лоббистлари кўпайиб боради.
Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 30 дан ортиқ ўзбекистонлик қутқарилди.

Яна Қозоғистон йўли, яна автобус, яна мигрантлар…

Қозоғистонда Олма-Отадан Тошкентга автобусда келаётган 33 нафар ўзбекистонлик қутқариб қолинди. 1 февраль куни Олмаота-Тошкент автомобиль йўлининг 570 километридаги Жуалин тумани, Нурликент қишлоғи яқинида бўлган автобус двигателида носозлик туфайли тўхтаб қолган. Автобусда 51 йўловчи бўлиб, уларнинг 33 нафари Ўзбекистон, 18 нафар эса Тожикистон фуқаролари бўлган.

Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар йўловчиларни Нурликент қишлоғи маданият марказига етказишган ва уларга иссиқ овқат берилган.

Қайд этилишича, шу куни соат 17:30 да барча йўловчилар, жумладан, 5 нафар мактабгача ёшдаги болалар Чимкент шаҳридан қўшимча чақирилган автобусда манзилларига жўнатилган.

Аввалроқ Қозоғистонда трассада қолиб кетган ўзбекистонликлар қутқариб қолингани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда икки автобус йўловчилари эвакуация қилиниб, масжид биносига жойлаштирилганди.

«Азимут» авиако мпанияси Сочи ва Бухоро ўртасида парвозларни йўлга қўйди

30 январдан бошлаб Россиянинг “Азимут” авиакомпаниясининг Сочи ва Бухоро ўртасида парвозларни йўлга қўйди.
Рейслар Sukhoi Superjet 95 самолётида ҳафтада бир марта – якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

29 январь куни бу рейсга чипта нархи 9500 рубльга таклиф қилинди ва бонус учун плюс 10 кг қўшимча юк олиб ўтиш бепул бўлди.

Эслатиб ўтамиз, “Азимут” авиакомпанияси Минеральние Водидан Тошкент, Самарқанд, Қарши, Навоий, Урганч, Бухоро халқаро аэропортларига, Фарғона ва Наманганга эса чартер рейсларини амалга оширади. Бундан ташқари, Россия авиаташувчиси Тошкент ва Самарқандни Москвага мунтазам қатновлар билан боғлаган.

Самарқанд ва Олма-Ота ўртасида авиақатновлар яна кучаяди

Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостер авиакомпанияси Олма-Ота — Самарқанд йўналишидаги парвозларни тикламоқда.
Олма-Ота – Самарқанд – Олма-Ота йўналиши бўйича биринчи йўловчи рейси 2023 йил 18 мартга белгиланди. Рейслар Airbus А320 самолётларида ҳафтасига икки марта – чоршанба ва шанба кунлари учиши режалаштирилган.

FlyArystan — Қозоғистоннинг арзон авиаташувларни амалга оширувчи компанияси бўлиб, штаб-квартираси Олма-Отада жойлашган. Компания Қозоғистондаги энг йирик Air Astana авиакомпанияси негизида ташкил этилган.

Марказий Осиёда ишсизлар сони ортиб бормоқда

Марказий Осиё мамлакатларида ишсизлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон биринчи, Тожикистон эса охирги ўринда.

Азияплюс нашри маълумотларни шу мамлакатлар статистика идоралари ва очиқ манбалардаги расмий статистика асосида ўрганди. Бунга фақат меҳнат ва бандлик бўлимларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтган шахслар киритилган.

Тожикистонда – ишсизларнинг расмий сони – 56,2 минг, мигрантлар эса – 600 мингта;
Ўзбекистонда рўйхатда кўрсатилган ишсизлар сони – 1,3 млн, мигрантлар сони – 1,5 млн.
Қирғизистонда рўйхатдаги ишсизлар сони – 76,4 минг, мигрантлар – 700 минг.
Қозоғистонда ишсизлар сони 450,3 минг деб кўрсатилган, мигрантлар – 591 минг киши деб топилган.
Бу рақамлар давлатларнинг расмий маълумотларидир. Норасмий тарзда бу кўрсаткичлар қандай бўлишини ўйлаб кўраверинг.

Оддий арифметик ҳисоблаш билан мазкур рақамларни солиштирганда, ишсиз қолган одамлар ҳукумат органларига мурожаат қилмасликлари сабаб расмий маълумотларнинг ҳаётга тўғри келмаётгани ва четга ишга чиқиб кетиш бўйича Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда бошқалардан фарқли равишда етакчилик қилаётгани кўринмоқда. Албатта, умумий аҳоли сони бўйича ҳам Ўзбекистон юқори поғонада туради. Балки, сабаб шундадир.

Албатта, аҳолимиз кўпайиб бораётгани яхши. Баъзи давлатларга ўхшаб камайиб кетмаяпмиз. Энди шунга яраша иш ўринларини ҳам яратиш керак. Меҳнаткаш мигрантларимиз ҳам бу ишга ҳисса қўшишмаса, яна узоқ вақт дунё бўйлаб сарсон бўламиз, шекилли. Айтишади-ку, газ келадими деса, уни билмадим-у, лекин яқинда баҳор келади деб.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Қаерда бўлсалар ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-омон бўлишсин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда. Кейинги ҳафтагача ҳайр!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация