Ўтган ҳафтада ҳам Россия томонидан Украинадаги ҳарбий амалиётлар барҳам топгани йўқ.
Икки томон қуролли кучлари сафида катта йўқотишлар бор. Россия мудоқаа вазирлиги ҳам илк маротаба Украинадаги йўқотишларини маълум қилди. Унга кўра, жанговар амалиётларнинг биринчи ҳафтасида 500 га яқин рус аскари ҳалок бўлгани қайд этилди.
Россия президенти Владимир Путин дунё мамлакатлари томонидан эълон қилинаётган санкцияларга жавобан, шунингдек, валюта бозорини тартибга солиш мақсадида мамлакатдан 10 минг АҚШ долларидан ортиқ нақд пулни олиб чиқишни тақиқлашга доир фармонни имзолади. Бу амалиёт 2 мартдан кучга кирди. Чеклов қачонгача амалда бўлиши ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Россия Украина ҳудудида ҳарбий амалиётларни бошлагач, рубл кескин қадрсизланди. Марказий банк асосий ставкани 20 фоизга оширди ва валюта курсини барқарорлаштириш учун 2014 йилдан бери илк бор валюта интервенцияларини амалга оширди. Бироқ, Россия марказий банкига ҳам доллар ва евродаги олтин-валюта захираларидан фойдаланиш бўйича санкциялар қўлланилгач, ўз захираларидан фойдалана олмай қолди.
Якунланаётган ҳафтада Россияда яна бир жиддий қонун қабул қилинди. Бу қонун бевосита ўзбекистонлик мигрантлар ҳам эҳтиёт бўлиши талаб этиладиган ҳужжат ҳисобланади. Давлат думаси ёлғон хабар (фейк) тарқатганликка доир жиноий жавобгарликни белгиловчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, Украинадаги урушга доир ёлғон хабар тарқатганлар Россияда 15 йилгача қамалиши мумкин. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Россия Қуролли кучларининг ҳаракатларига доир:
қасддан фейк (асоссиз, ёлғон) хабар тарқатиш – 700 минг –1,5 млн рублгача жарима ёки 3 йилгача колония;
мансабдор шахслар, уюшган гуруҳ томонидан душманлик ёки кўролмаслик кайфияти боис далилларни сунъий равишда ташкил этган ҳолда фейк хабар тарқатиш – 3–5 млн рублгача жарима ёхуд 5 йилдан 10 йилгача колония;
оғир оқибатларга олиб келган ёлғон хабарлар учун ҳеч қандай жарима йўқ – 10–15 йилга колония билан жазоланиши мумкин.
Шу муносабат билан Россия ва Украинадаги ватандошларни Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий зиддиятни кузатиш, турли ижтимоий тармоқлардаги хабарларни дўстларга улашиш, тарқатиш борасида эҳтиёт бўлишга чақириб қоламиз. Чунки, ушбу қонун ижросини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқлар жиддий кузатилиши ва бунинг ортидан асоссиз хабарларни тарқатганликда гумон қилиниб, мигрантларга ҳам чоралар кўриш бошланиши мумкин.
Ўтиб бораётган ҳафтада Россияда озиқ-овқат ва маҳсулотларни харид қилишда чекловлар жорий этилиши хабар қилинди. Йирик савдо тармоқлари олибсотарларга қарши курашиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳукуматга шу мазмунда таклиф киритган. Маълумотларга кўра, айрим ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотларини бир неча тоннагача миқдорда харид қилиш ҳолатлари қайд этилган. Маҳсулотлар хариди бу тарзда давом этса, мамлакатда маҳсулот тақчиллиги ва нархларнинг қимматлаши кузатилиши мумкин. Шу сабабдан ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишда ҳар бир шахс учун минимал қиймат белгиламоқда.
Аввалроқ, “Ашан” чакана савдо тармоғи эса, аллақачон бир харидорга сотиладиган маҳсулотларга чекловлар жорий қилганини эълон қилган эди. Эндиликда, ҳар бир харидор 10 кг.дан кўп бўлмаган шакар, 10 шишадан кўп бўлмаган ўсимлик ёғи, ҳар бири 2 кг.дан бўлган 5 ўрам ун ва 3 қути туз сотиб олиши мумкин. Шунингдек, бир истеъмолчига 10 пакетдан кўп бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари — макарон, гуруч ва бошқа дон маҳсулотлари сотилмайди.
Айтиш керак, санкциялар ва турли йирик компаниялар Россияда ўз маҳсулотларини сотмаслигини эълон қилиши ортида онлайн фирибгарлар ҳам анча фаоллашиб қолди. Ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида турли техникалар ва электрон жиҳозлар, бошқа турдаги буюмларни чегирма асосида ёки эски нархлар билан сотиб олиш ҳақидаги рекламалар кундан кунга ортиб бормоқда. Фирибгарлар содда ва ишонувчан инсонларни тинимсиз излаб, интернет оламида уларга “қармоқ” ташламоқда. Сиз эса, алданганлардан бўлиб қолманг, эҳтиёт бўлинг!
Migrant.mobi Россиядаги меҳнат мигрантларимизни огоҳ бўлишга чақириб, қуйидаги мақолада қатор тавсияларни билдирган эди.
Бу ҳафтада Сингапур ҳам санкцияларга қўшилди. Шундай қилиб, Россиянинг тўртта банки: ВТБ, ВЭБ, Промсвязбанк ҳамда “Россия” банклари билан операциялар амалга оширишни тақиқланди. Йирик компаниялар Россияни тарк этишда давом этди. АҚШнинг Nasqad биржаси Россиянинг “Yandex” ва Озон компаниялари қимматли қоғозлари савдосини тўхтатди. Мicrosoft компанияси Россияда янги маҳсулотларни сотиш ва компания хизматларини кўрсатишга чек қўйди. Халқаро онлайн тўлов тизими – PayPal ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Бугун эса, Visa ва Mastercard ҳам Россиядан чиқишини эълон қилди.
Ўтиб бораётган ҳафтада Туркияда Covid-19 билан боғлиқ чеклов чоралари анча юмшатилди. Хусусан, мамлакатда HES кодлари бекор қилинди. HES (“Hayat Eve Siğar” – Ҳаёт уйга сиғади) коди – бу Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Cоvid-19 вирусини юқтирган кишиларнинг ҳаракатини кузатиш учун киритилган шахсий код бўлиб, деярли барча давлат идоралари, шифохоналар, банклар, почта бўлимларида талаб этилаётган эди. Cоvid-19 таҳлили ижобий чиққан фуқароларнинг QR-кодлари блокланиб, жамоат жойларида ҳаракатланишига чеклов қўйилаётган эди. Бу дўкон ва метрога киришга ҳам тўсқинлик қиларди. 4 мартдан эътиборан Туркияда HES кодлар бекор қилинган.
Бу ҳафтанинг энг нохуш хабари бу – Россия авиакомпанияларининг халқаро парвозларни бекор қилгани бўлди, десак янглишмаймиз. Чунки, бу Россияда меҳнат қилаётган барча мигрантларга тўғридан-тўғри дахли бор ҳолат ҳисобланади. Эндиликда, Ўзбекистонга фақатгина монопол бўлган Uzairways авиакомпанияси парвозларни амалга оширади.
Ҳозирча, миллий авиакомпаниямиз Россиядан Ўзбекистонга қўшимча чартер рейслар амалга ошириладими, деган саволга ойдинлик киритганича йўқ. Маълумки, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал, Россиядан Ўзбекистонга қайтиш авиачиптаси 3-5 минг рублдан сотилаётган эди. 5 март куни Ўзбекистонга авиачипталар 30 минг – 42 минг рублга баҳоланди. Қуйидаги жадвалда қайси авиакомпаниялар Россиядан халқаро йўналишда парвозларни амалга ошираётганига доир маълумотни ўрганишингиз мумкин.
ФОТО Авиакомпаниялар рўйхати кетади
Якунланаётган ҳафтада бевосита меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қарор қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда моддий кўрсатиш, Россия Федерацияси, Туркия ҳамда Қозоғистонда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 12 та вакиллик институтини жорий қилиш назарда тутилган. Қолаверса, бошқа турли ижтимоий ҳимоя чоралари белгиланган.
Migrant.mobi ўтиб бораётган ҳафтада ўз ўқувчилари учун қизиқарли суҳбатни тайёрлади. Меҳмонимиз Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган Япон тили ва касбий малака тест марказидан репортаж тайёрладик. Қолаверса, 4 мартдан эътиборан, Япония ишлаш истагини билдирганлар учун тестда қатнашувчилардан ҳужжатлар қабул қилиниши бошланди. Мазкур имтиҳонлар илк маротаба Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Имтиҳонлар 9-19 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.
Толиб Раҳматов тайёрлади