Мақола

603 07/11/2022

ЎЗБЕКИСТОНГА 400 МИНГ РОССИЯЛИК МИГРАНТ КЕЛДИ

 

Бугунги эфирда:

  • Россияда қисман сафарбарлик тўхтатилди;
  • Урушда қатнашишга ташвиқот ишларини мигрантларга ёрдам кўрсатувчи жамоат ташкилотлари ҳам амалга оширмоқда;
  • Йил бошидан буён, Ўзбекистонга кириб келган россияликлар сони 395 минг кишини ташкил қилди;
  • Россиянинг Украина билан чегарадош ўлкаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини ватанга кўчирилишига рухсат берилди;
  • 25 ёшли “учар” мигрант Қозонда икки ойда 400 мартадан кўп тезликни оширган;
  • Қозоғистон билан чегарадош «Зангиота-Қоплонбек» ўтказиш пункти вақтинчалик ёпилади;
  • Самарқанд аэропорти саммит муносабати билан яна ёпилади;
  • Uzbekistan Airways Фарғонадан Дубайга учувчи рейсларни йўлга қўйди;
  • Туркияда иш изнисиз ишлаш имтиёзи эълон қилинди
  • Россияда қайта имтиҳон топширмаган мигрант ҳайдовчиларга автобусларни бошқариш тақиқланмоқда; 

 Россияда қисман сафарбарлик тўхтатилди

Шу ҳафтада, Россия Мудофаа вазирлиги захирадаги фуқароларни қисман сафарбарлик доирасида ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ барча тадбирлар тўхтатганлигини маълум қилди.

Келгусида Украинадаги ҳарбий амалиётга фақат кўнгиллилар ва шартнома бўйича ҳарбий хизматга ёлланганлар жалб қилинади.

Ҳарбий комиссариатлар одатий холатдаги каби хизмат вазифаларини ўташга қайтарилади. Россия президенти Путиннинг айтишича, сафарбарлик доирасида шу кунгача 318 минг киши жалб этилган бўлиб, уларнинг 49 минг нафари жанговар вазифаларни бажаришмоқда. Қолганлари эса ҳарбий тайёргарликдан ўтишмоқда. Ваҳолангки, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтаётган ҳафтада 87 минг сафарбар қилинганлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборилганини маълум қилган эди.

Оҳирги 8 ой давомида Россия ҳокимияти олий раҳбарияти турли баёнотлар бериб келаётган бўлсада, лекин амалда уларни бажарилиши айтилганидек бўлмаётганлиги кўп кузатилмоқда.

Масалан, жаноб Путиннинг ўзи 2022 йил 7 март куни ҳарбий сафарбарлик бўлмаслигини ва махсус операция деб аталмиш ҳарбий ҳаракатларга фақат мавжуд ҳарбий кучлар жалб қилиниши ҳақида барчани ишонтириб баёнот берганди. Аммо 21 сентябр куни ўша баёнотига хилоф равишда Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди.

Ўзи умуман олганда сафарбарлик жараёнида кўплаб тартибсизликлар ва қонунга зид ҳолатлар кузатилди. Жумладан, кўчада ўз иши билан кетаётган эркакларга чақирув қоғозларини топшириш, ҳеч қандай ҳарбий мутахассисликка эга бўлмаган ва ҳарбий хизматни ўтамаган одамларни жалб қилиш, норозилик намойишларида қатнашганларга, чет эл фуқароларига, ногиронлар ва ҳаттоки аллақачон вафот этган шахсларга ҳам чақирув қоғозлари юборилиши ҳолатларига гувоҳ бўлдик.

Қисман ҳарбий сафарбарлик амалда ҳам тўхтатиладими ёки йўқми буни вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам биз учун муҳими мигрантларимизни тинч қўйишса бўлди.

Халқимизда дўст бошга кулфат келганда билинади деган гап бор. Қолаверса таҳликали пайтларда ўзини дўст қилиб кўрсатганларнинг ҳам ҳақиқий юзи кўриниб қолади.

Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик авжига чиқиб борар экан, унга мигрантларни жалб қилиш учун очиқдан-очиқ ташвиқотлар бошланиб кетган. Энг қизиғи ва эътибор берадиган тарафи шундаки, бу ташвиқотни мигрантларга ёрдам кўрсатувчи жамоат ташкилотлари ҳам амалга оширмоқда.

Август ойида Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси етакчиси Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватловчи Амир Темур номидаги жанговар батальон тузишни таклиф қилгани ёдингизда бўлса керак.

Буни қарангки яна бир диаспора вакили мигрантларни Украинадаги урушга жалб қилишни қўллаб кувватлабди. “Ўзбекистонликлар, ўзбекларнинг бутунроссия конгресси” жамоатчилик ташкилоти раиси Ибрагим Худойбердиев “Москва” шаҳар янгиликлари агентлигига берган интервьюсида Марказий осиёлик мигрантлар урушга ихтиёрий ёлланиш билан моддий шароитларини яхшилаб олишлари ва Россиядаги ҳуқуқий мақомларини мустаҳкамлашлари мумкинлигини айтган.

“Гап шундаки, ҳамма нарса ниҳоятда очиқ. Манфаатдор хорижликлар (Россияга) ўрнашишлари ва шартнома имзолашлари мумкин. Нега қилмасин? Агар улар ҳаммасини ўйлаб кўрсалар ва (урушда) иштирок этишни хоҳласалар, улар молиявий аҳволини яхшилашлари, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади”, ташкилот раиси.

Бу ҳаммаси эмас.  1 ноябр куни Россия Мигрантлари Федерацияси  президенти Вадим Коженовнинг “КОНТРАКТНАЯ СЛУЖБА ДЛЯ МИГРАНТОВ В АРМИИ РОССИИ | Все, что нужно знать!” сарлавҳаси остида видеоси эълон қилинди.  Унда Украинадаги урушга жалб қилинган мигрантларга бериладиган имтиёзлар ва ҳарбий сафга қўшилиш тартиблари ҳақида тушунтириш берилган.

Жаноб Коженов Россия қуролли кучлари сафига кириш тартиблари ҳақида мигрантларга тушунча бериб ўтар экан, аввалроқ мигрантларни ҳарбий сафарбарликка боришга шартнома имзолатиш учун бўлаётган босимларни фейк хабар деб баҳолашга уриниб кўрди. Аслида бу Сахароводаги миграция марказида бўлаётган ўйинларни одамлар кўриб турибди.

Наҳотки бу уччала жаноб мигрантлар келган давлатлар қонунчилигида бошқа мамлакатлардаги ҳарбий ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун жиноий жавобгарлик борлигини билишмаса? Ёки улар ўзларини Россия ҳукумати олдида содиқлигини намойиш этиш учун ҳатто мигрантларни қурбон қилишга тайёрмилар? Буларнинг мақсади муҳожирларга ёрдам беришми ёки бошқа нарсами?

Хуллас, бу жаноблар ўзи кимга дўст? Мигрантгами ёки айиққа? Хулоса эса ўзингиздан.

Одатимизга кўра, биз кўпроқ Россияга борган мигрантларимиз ҳақида маълумот ва хабарлар бериб келаётган бўлсак, буни қарангки, эндиликда Россиядан келган мигрантлар ҳақидаям гапирадиган даврларга ҳам етиб келибмиз.

Хафта давомида бизни эътиборимизни тортган навбатдаги хабар, бу- “Йил бошидан буён Ўзбекистон 395 минг россиялик мигрантларни ўз бағрига олган”лиги тўғрисидаги хабар бўлди. 

Давлат статистика Қўмитасининг маълумотларида Россиядан келганларнинг 55,9 фоизи ёки 220,7 минг нафари эркаклар эканлиги ва 44,1 фоизи ёки 174,4 минг нафари аёллар эканлиги айтилмоқда.

Жадвалда, шу йилнинг февраль ойидан буён, Ўзбекистонга кириб келаётган Россия фуқаролари сони ортиб бораётганлигини кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти — яъни, 209,5 минг нафари ёки жами кириб келганларнинг 53% охирги уч ойга тўғри келмоқда. Биргина сентябрь ойининг ўзида 78,3 минг россиялик Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотларига кўра эса, тўққиз ой ичида мамлакатга 318 156 нафар россиялик келган.  

Давлат статистика қўмитасининг аниқлик киритишича, Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Россия фуқаролари назарда тутилган бўлса, Давлат Статистика қўмитаси эса Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган барча фуқароларни ҳисобга олиб маълумот берган.

Шундай қилиб, россияликларнинг 80,5 фоизи ички ишлар органларида рўйхатга олинган. Қолганлари депорт қилинсин.

Ўзбекистонга миграция оқимининг бундай кескин даражада кўпайишини асл сабаби, шубҳасиз, Россиядаги ҳарбий сафарбарлик билан боғлиқ.

Албатта, мамлакатга ҳамёни тўла мигрантларнинг келиши бир тарафдан фойдали бўлиши мумкин. Улар орасидаги юқори малакали мутахассисларни ҳам биздаги ишларга жалб қилиш керак. Ўзи умуман олганда бизда ҳам давлат миграция сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш, хусусан Ўзбекистон иқтисодиётига қандай мигрантлар кераклигини, шунга қараб баъзи соҳаларда уларга яшаш ва ишлаш учун енгилликлар яратиш керак. Бошқаларига эса Россия тажрибасидан келиб чиқиб ишлаш учун патент жорий қилишни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Россиянинг Украина билан чегарадош ўлкаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини ватанга кўчирилишига рухсат берилиши ҳақида хабар, кўпчилик учун шу хафтани хуш хабарларидан бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз.

Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош ҳудудларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.

Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов вилоятлари ва Краснодар ўлкасидаги университетлар талабалари ўқишини кўчириш ҳуқуқига эга бўлишади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат тест маркази хабар берди.

Талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ, доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган олий таълим муассасасининг мос ва турдош таълим йўналишига кўчирилади.

Аризалар 1 ноябрдан 20 ноябргача my.dtm.uz сайти орқали қабул қилинади. 2022 йилнинг 25 ноябридан 15 декабрига қадар абитуриентлар ўзлари кўрсатган олий ўқув юртларида ҳақиқатан ҳам ўқиган-ўқимаганлигини Ташқи ишлар вазирлиги текширади.

Талаба, Россия таълим муассасасида ўқиган ёки унга яқин бўлган йўналишга ўтказилади. Ўқишни кўчириш тўғрисидаги қарор олий ўқув юртларининг қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Октябрь ойи бошида Курск давлат тиббиёт университетининг бир гуруҳ талабалари Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларига ўқишга ўтишга рухсат беришини сўраб видеомурожаат қилгандилар. видео

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги видеомурожаатга муносабат билдириб, Ўзбекистон Элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини маълум қилганди.

Бизнингча нафақат талабалар, балки Украина билан чегарадош ҳудудларда бўлган барча ватандошларимизни хавфсизроқ ҳудудларга кўчириш тўғрироқ бўларди.

Мигрант “Шумахер”!

Қозон шаҳрида 25 ёшли “учар” мигрант икки ойда нақд 400 мартадан кўп тезликни оширган.

Йўл инспекторлари кўчада 150 км соат тезликда учиб келаётган Toyota русумли автомашинани тўхтатишди.

Маълум бўлишича, бу тўхтатилган ҳайдовчи Қозон кўчаларида сўнгги икки ой давомида  тезликни ошириш билан боғлиқ  қоидани 400 мартадан ортиқ бузган, қўшни давлатдан келган 25 ёшли мигрант бўлиб чиқди.

Бу дегани, мигрант йигит кунига бир неча мартадан йўл қоидасини бузган. Тезликни оширганлик учун жаримани миқдори йўқ деганда 200 000 минг рублдан ошиб кетган бўлса, ажаб эмас.

Хуллас, рекордчи қоидабузар – мигрант йигитга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бу йигит Россияда ҳар қандай икки ҳуқуқбузарлик учун Россияга киришга тақиқ қўйишларидан бехабар шекилли. “Запрет”ку бир гап бўлар, ўз ҳаёти, қолаверса бошқа инсонлар ҳаёти ҳақида ўйласа бўларди.

Муҳожирликда автотранспорт воситасини бошқараётган барча юртдошларимизга эса биз йўлларда эҳтиёткор ва сергак бўлишини маслаҳат бериб қоламиз.

 Қозоғистон билан чегарадош «Зангиота-Қоплонбек» ўтказиш пункти вақтинчалик ёпилади

1 ноябрдан ўзбек-қозоқ чегарасидаги «Навоий — Қоплонбек» автойўл ўтказиш пункти 19 ойга ёпилди. Бунга сабаб, у ерда модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ишлари амалга оширилар экан.

Шу ишлар якунига етгач, назорат-ўтказиш пунктларининг ўтказиш қобилиятини 8 баробарга ошириш ва улардан ўтиш вақтини 2 соатдан 25 дақиқага қисқартириш учун имконият яратилади. Бундан ташқари, бизнес жараёнларини автоматлаштириш, божхона назоратини марказлаштириш ва коррупцион хатарларни минималлаштириш каби қулайликларга эга бўлинади. 

Самарқанд аэропорти яна вақтинчага ёпилади

Самарқанд аэропорти тўрт кунга, яъни 8−11 ноябрь кунлари ёпилади. Шу кунлари шаҳар Туркий давлатлар ташкилотининг саммитига мезбонлик қилади.

«Самарқанд» аэропорти техник сабабларга кўра 8 ноябрь тунги соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар парвозлар учун ёпилиши ҳақидаги хабар   авиация ходимлари учун NОТАМ халқаро хабарнома тизимида пайдо бўлди. 

Самарқандда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари 11 ноябрь кунига тўғри келмоқда.

Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва 2019 йилдан эса Ўзбекистон аъзо сифатида қабул қилинди. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.

Бундан  аввалроқ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан Самарқанд аэропорти 14−16 сентябрь кунлари ҳам тижорат йўловчи ва юк рейслари учун ёпилган эди.

Фарғонанинг меҳнаткаш, миришкор халқи, боғбонлари ва араб амирлигида ишлаётган мигрантлар учун қулайлик яратилди. Эндиликда Uzbekistan Airways Фарғонадан Дубайга учувчи рейсларни амалга оширади.

Ўтган хафта якунида авиакомпания самолёти “Фарғона-Дубай” йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди.

Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси Бирлашган Араб Амирликларига мунтазам қатновларни йўлга қўйганлиги ҳақида, миллий авивташувчининг матбуот хизмати хабар берди.

Компания самолётлари ҳафтасига икки марта: якшанба ва сешанба кунлари мунтазам парвозларни амалга ошириши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳалол меҳнат қилиб топган даромадига Дубайга бориб ҳордиқ чиқариб келишни ва албатта, шу орада боғбон, деҳқонларимиз билан бирга, барча юртдошларимизга ҳам Умра зиёратини адо этиб келиш насиб этишини тилаб қоламиз.

Навбатдаги хабаримиз Туркияда ишламоқчи бўлганлар учун қизиқ бўлиши мумкин

Туркиянинг Меҳнат ва ижтимоий хавфсизлик вазирлиги хорижликларнинг ишлаш рухсатисиз меҳнатни тартибга солувчи циркуляр, яъни, ёзма фармойиш чиқарди.

Фармойишга кўра, спортчилар, хорижлик фермерлар ва тадқиқотчилар ушбу имтиёздан фойдаланасалар бўлади. Энди улар Туркияда рухсатномасиз ишлашлари мумкин.

Бу имкониятдан: Мавсумий деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиганлар 6 ой;

Хорижлик спортчилар шартнома муддати тугагунга қадар;

Тадқиқотчилар эса икки йилгача фойдалансалар бўлади.

Бундан ташқари:

Илмий, маданий ва санъат соҳаларида ишлайдиган хорижликлар бир ойгача;

Талаба алмашинув дастурлари доирасида стажировка ўтайдиган хорижликлар тўрт ойгача;

Туроператор вакили сифатида ишлаётган чет элликлар саккиз ойгача ишлаш рухсатномасиз меҳнат қилишлари мумкин.

Фармойишга кўра, нафақат чет эллик спортчилар, балки мураббийлар, спорт шифокорлари, спорт массажчилари ва шунга ўхшаш спорт ходимлари ҳам ишлаш учун рухсатномалардан озод қилинади.

Бундай имкониятдан бугун нафақат Ўзбекистондагилар, балки Россияда юрган мигрантларимиз ҳам фойдланиб қолсалар бўлади. Ҳар ҳолда, Туркияда рус тилини билиш талаб этилмайди. Турк тилини ўзлаштириш эса, миллатимиз вакилларига осон бўлади.

Россияда қайта имтиҳон топширмаган мигрант ҳайдовчиларга автобусларни бошқариш тақиқланмоқда

«Парламентская газета» нашрининг хабар беришича, яқинлашиб келаётган 2023 йилдан бошлаб Россияда қайта имтиҳон топширмаган мигрант ҳайдовчиларга автобусларни бошқариш тақиқланмоқда, оғир хасталикка чалинган россияликларнинг “правасини” эса умуман бекор қилиш таклиф қилинмоқда.

Агар мигрант Россияда бир йилдан ортиқ яшаб келаётган бўлса, у ўз Ватанида олган ҳайдовчилик гувоҳномасини Россияникига алмаштирмасдан туриб тижорат транспортини, шу жумладан автобусни бошқара олмайди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш эса, фақат касбий тайёргарлик курсларидан ўтгандан кейин амалга оширилади.

Шу билан бирга, илгари маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун жавобгарликка тортилган шахслар имтиҳонларга киритилмайди. Шунингдек, автомобил бошқариш учун халақит қилиш мумкин бўлган касаллик аниқланган мигрантларни ҳам автомобил ҳайдашдан четлаштириш таклиф қилинмоқда.

Мигрантлар ҳайдовчилик гувоҳномасини нима сабабдан ўзгартиришлари керак деган савол туғилади.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда Россия автомобил йўлларида хорижлик ҳайдовчилар айби билан 5062 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 431 киши ҳалок бўлган, 6709 киши жароҳат олган. Шу ўринда, ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубовнинг қайд этишича, асосий эътиборни автобуслар билан содир этилган холатларга қаратишмоқда экан.  “Қоидага кўра, – бу Россияга ўз Ватанларида олган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан келишган хорижий давлатларнинг фуқаролари ҳисобланади. Аввалроқ эса, уларни, қоида тариқасида, жамоат транспортини бошқариш учун рухсат бериш керакми, деган савол кўтарилган эди», деб эслатди Игорь Зубов Давлат Думасииннг қўмита йиғилишида.

Ҳукумат қонун лойиҳасида ҳайдовчиларга камида 12 ой ҳайдовчилик стажига эга бўлган тақдирдагина автобусни бошқаришга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Ҳудди шу қоида чет элда “права” олган россияликларга ҳам тегишли бўлади. Бу дегани, агар собиқ мигрант, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳайдовчилик гувоҳномаси аввалги фуқаролиги бўлган Давлатники бўлса, демак, унга ҳам бу қонун тааллуқли бўлади.

Бироқ, Россия Федерацияси Конституциявий суди Россия Федерацияси фуқароларига илгари олинган бошқа давлатнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари асосида амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгунга қадар автомашинани бошқаришга рухсат бермоқда.

Шу билан бирга, янги киритилаётган қоидалар военкомат томонидан ҳайдовчилик курсларида тайёргарликдан ўтган россияликларга, шунингдек, ҳарбий хизматчиларга тааллуқли бўлмайди. Қонун лойиҳасига, хорижликлар яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олган кундан ёки Россия Федерацияси фуқаросининг паспорти олган кундан бошлаб олти ой ўтгандан кейин, уларнинг эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қоида ҳам киритилмоқда.

Бунақа қоидаларни киритишдан асл мақсад нима? Россияда маҳаллий халқни иш билан банд қилиш учун мигрантларни сиқиб чиқаришми? Россияда ишсизлар сони ортиб бормоқда ва ҳудди бошқа чораси қолмаганидан, энди Россия ҳукуматидагилар ҳайдовчилик билан даромад топиб юрган мигрантларни “нони тортиб” оладиган кўринади. Чунки, янги қоидаларга кўра, Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳали қандай талаблар қўйилиши ҳақида бирор бир маълумот мавжуд эмас.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация