Maqola

657 08/08/2022

МИГРАНТЛАРНИ ТАЛАМАГАН ТАКСИЧИЛАР ҚОЛГАНДИ

• Ўш аэропортида таланаётган ўзбеклар ёрдам сўраб Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилишди;
• 10 нафар ўзбекистонлик Қозоғистонда меҳнат қуллигига тушиб қолди;
• Миграция картасидаги Россияга кириш мақсадини чегарага чиқмасдан ўзгартириш мумкин бўлди;
• Москва шаҳрида июль ойида РВП га квота олганлар рўйхати эълон қилинди;
• «Тошкент» аэропортида божхона назоратидан ўтиш тартиби соддалаштирилди;
• Ўзбекистонда Twitter, «Вконтакте» ва WeChat блокдан чиқарилди;
• Тожикистон Россияга поезд қатновларини бошлайди.
• Қозон ва Душанбе ўртасида авиақатновлар тикланди;
• Россияга ишлаш учун кетаётган тожикистонлик аёллар сони кўпаймоқда;

Ўш аэропортида таланаётган ўзбеклар ёрдам сўраб Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилишди

Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистондан Россияга кетиш учун самолёт билетлари кундан кунга қимматлаб кетяпти. Шу сабабдан ватандошларимиз Россияга етиб олишнинг ҳар хил йўлларини синаб кўришмоқда. Булардан бири Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳри орқали учиш. Ўш аэропортидан Россияга бориш ёки қайтишда чипта нархлари деярли бир баравар, яъни 150 доллар арзонроқ. Бу албатта яхши, лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор.
Куни кеча, ижтимоий тармоқларда Ўш орқали Ўзбекистонга қайтаётган ватандошларимиз ўзларидан мафияясаб олган таксистлардан азият чекаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Кўриб тушунганингиздандек, қирғизистонлик айрим таксистлар ўзларидан мафия тўдасини ясаб олиб, муҳожирларга куч ишлатиб, пулларини беришга мажбур қилмоқда. Ўзи билет нархидан қочган ўзбекистонликлар, ёмғирдан қочиб дўлга тутиляпти. Бундай ҳолат ҳеч кимга ёқмаслиги турган гап. Энг ажабланарлиси шуки, бу ҳайдовчиларга ҳеч бир давлат органлари чора кўргани йўқ. Ишбилармон таксистлар 2 август куни Россиядан Ўшга учиб келаётган Ўзбекистон фуқароларини мажбуран машинага ўтқазиб, чегарагача 5−6 кмлик йўл учун 500 сом (65 минг ўзбек сўми) ва ҳар бир йўловчи учун ундан ҳам кўпроқ пул тўлашга мажбурлаган.

Хўш, “мафиоз” таксистлар иши нима бўлди?

Видеомурожатдан сўнг Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги вакили Зиядин Жамалдинов Ўш аэропорти ва “Дўстук” чегара ўтказиш пунктидаги такси ҳайдовчилари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказиб, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга шароит яратиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, қирғизистонлик депутат Жанар Акаев Ўш аэропортидаги вазиятни яхшилаш ва Ўзбекистондан транзит йўловчилар учун қулайроқ шароит яратишни сўраб ҳукуматга мурожаат қилган. Унинг сўзларига караганда, маҳаллий таксичиларнинг Ўзбекистон фуқароларига муносабати ва чегарадаги «Дўстлик» назорат пунктидаги шароитлар яхши эмас.

«Биз биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларини фуқаро, қўшни, халқ деб билишимиз керак, улар Ўшдан ўзларига хуш келгани учун учиб ўтишаётгани йўқ. Шунда чипта 150 долларга арзонроқ бўлади. Камбағал оилалар учун бу жуда катта миқдор. Бу одамлардан пул ўғирлашга йўл қўйиш мумкин эмас. Бу уларда Қирғизистонга нисбатан нафрат уйғотади. Агар иккала давлат ҳам ўтишни қийинлаштирса, президентларимиз гапирган халқлар дўстлиги қаерда қолди?», — деб ёзади депутат.

Ушбу ҳолатга Ўзбекистон ҳукумати қандайдир бир фикр билдирдими? Йўқ!

Биринчидан, агар Ўзбекистон ҳаво йўлларида чипта нархи арзон бўлганда ўзбекистонликлар Ўш шаҳри орқали Россияга боришни афзал кўришмаган бўларди. Пул ҳам ўзимизда қоларди, юртдошларимиз ҳавфсизлиги ҳам таъминланарди. Ўзи нега бунча қиммат? Изои борми? Авиа чипта нархлари қайси тартиб ва критериялар асосан белгиланади? Бў номаълум!

Иккинчи дўстимиздан ҳам сюрприз! 10 нафар ватандошимиз Қозоғистонда меҳнат қуллигига тушиб қолди

Маълум бўлишича, бир гуруҳ маҳаллий аҳоли уларни зўравонлик билан қўрқитиб, шахсий уйида сақлаб, муҳожирларнинг шахсий буюмлари ва уяли телефонларини олиб қўйишган. Улар 3 нафар ватандошлари, яъни Ўзбекистондан Қозоғистонга ишлаш учун борган шахслар ёрдамида қутқарилган. Бош консуллик ходимлари Олмаота шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда воқеа жойига бориб ҳолатни ўрганишган. Жиноятчиларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 389-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларига уларнинг паспортлари ва шахсий буюмлари қайтарилган ва 1 август куни Олмаота-Тошкент йўналишидаги автовокзалга кузатиб қўйишган. Улар аллақачон Ўзбекистон ҳудудига соғ-саломат етиб келишган. Ҳайрият!

Яхши янгилик! Миграция картасидаги Россияга кириш мақсадини чегара чиқмасдан ўзгартириш мумкин бўлди

Россияга ишлаш мақсадида борганлар билади, мабодо миграцион картага кириш мақсади яъни “цель въезда” хато чизилиб қолса ёки шунчаки мақсадни ўзгартириш керак бўлса чегарага қайтиб тўғрилашга ёки қайта кирди-чиқди қилишга тўғри келар эди. Патент олиш учун эса киришдан мақсад “работа” деб белгиданган бўлиши шарт. Акс ҳолда, патент беришмайди. Энди буни чегарага бормай амалга ошириш мумкин. Хўш, бу қандай амалга оширилади?

Жуда оддий! Бунинг учун сиз патентга ариза топшираётганда аризада ишлаш мақсадини кўрсатишингиз керак бўлади. Сизга патент берилгандан кейин, автоматик равишда бир иш кунида “цель въезда” ишлаш мақсадига ўзгаради. Айтганча, қонун аллақачон, 14 июлдан кучга кирган.

Москва шаҳрида июль ойида РВП га квота олганлар рўйхати эълон қилинди

Квота олганлар орасида:

22 нафар Ўзбекистон, 57 нафар Тожикистон, 33 нафар Қирғизистон ва 9 нафар Туркманистон фуқаролари мавжуд.

Сиз ҳам Москва шаҳрида июль ойи учун РВПга ариза топширганмидингиз? Сизнинг аризангиз қабул қилиндими йўқми билишни истасангиз, бизнинг Телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги саҳифамизга ўтиб у ердан аниқлаштириб олишингиз мумкин.
Бу жорий йилнинг 1 ойида РВП олганлар сонеи. Бир йилда қанча ўзбекистонлик РВП олган бўлиши мумкин? Беш йилдачи? Билармидингиз? Ҳозирги кунларда, ҳар куни 70 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаросига айланмоқда. Бу ҳақда тўлиқ маълумот олишни истасангиз, YouTube саҳифамиздаги ушбу видеони томоша қилинг.

«Тошкент» аэропортида божхона назоратидан ўтиш тартиби соддалаштирилди

«Тошкент» Халқаро аэропорти божхона назоратидан ўтишда масофавий тизимни ишга туширди. Бу тизим бизга нима беради? Ундан кўра чипта нархини арзонроқ қил, деяпсизми? Келинг тизимнинг афзалликлари кшриб чиқамиз!

Биринчидан, сиз бу тизим орқали вақтингизни тежайсиз, натижада божхона назоратидан тезроқ ва ҳеч қандай кечикишларсиз ўтишингиз мумкин бўлади;
Иккинчидан, терминалларга камералар ўрнатилган. Бу камералар реал вақт режимида масофадан туриб вазиятни кузатиш ва фақатгина зарур ҳолларда йўловчиларни божхона кўригидан ўтказиш имконини беради.

Бундан аввалроқ, “Тошкент” аэропортида Fast Track хизмати йўлга қўйилганди. Бу тизим, пулли борлар рейсга рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назоратидан навбатсиз ўтиш имконини беради. Агар сиз оилангиз билан бориб бу сизимдан фойдалансангиз сизга скидка ҳам қилиб беришади. Ана улардаям инсоф бор. Агар пулингиз бўлмаса унда навбатда турасиз.

Ўзбекистонда Twitter, «Вконтакте» ва WeChat блокдан чиқарилди

Twitter, «Вконтакте» тармоқлари ҳамда WeChat мессенжеридан фойдаланиш учун чекловлар олиб ташланди. TikTok нинг Ўзбекистондаги тақдири эса номаълумлигича қолмоқда.

Нима деб ўйлайсиз, ўзи бу ижтимой тармоқлар нима сабабдан блокланганди?

Twitter, WeChat ва «Вконтакте», шунингдек, Skype мессенжери ўтган йили ёзида шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун «Ўзкомназорат» томонидан блокланди. Мигрантар тили билан айтганда бу ижтимой тармоқларга “Запрет” қойилгани.

Энг қизиғи , ўткан йил ноябрь ойларида Ўзбекситонда энг кўп фойдаланиладиган Telegram, Facebook, YouTobe каби платформалар ҳам ўз ўзидан ишламай қолганди. Орадан таҳминан, бир соат вақт ўтгач бу тармоқлар яна ишлаб кетди. Мана шу бир соат ичида жамоатчилик ўз норозиликларини билдигани, «Ўзкомназорат» раҳбари, Бош вазирнинг ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси истеъфога чиқишга ҳам улгурганди. Менимча улар, бу ҳолатга жамоатчиликни бу даражадаги норозилигини кутишмаганди

Тожикистон Россияга поезд қатновларини бошлайди. Россияга ишлаш учун кетаётган тожикистонлик аёллар сони кўпаймоқда. Ана энди яна ҳам кўпаяди.

Россия ва Тожикистон ўртасидаги поездлар 16 августдан қатнай бошлайди. Ўзи аслида бу қатнов, 30 августга режалаштирилганди. Бироқ поезд қатнови 16 августан амалга оширилиши маьлум қилинди. Мамлакатлар ўртасидаги темир йўл қатнови 2020 йилнинг март ойида коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган эди.

Маълумотларига кўра 2022 йилнинг олти ойи давомида меҳнат қилиш ниятида чет элга кетган тожикистонликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар ўсди. Бу миқдор жорий йилнинг олти ойи мобайнида 322,6 минг нафарни ташкил қилган. Шуниси қизиқки, Тожикистон аёллари ўртасида ҳам ўзга юртларда меҳнат қилишга қарор қилганлар сони ўсиб бормоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, тожикистонлик аёл-мигрантлар сони ҳозирда 57,4 минг нафарга етган. Бу эса 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўпдир. Бундан ташқари, 4 августдан Тожикистоннинг Somon Air авиакомпанияси Қозон ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ҳам тиклаган. Россия билан Тожикистон ўртасидаги қатновлар сони ортиб бораётган бир вақтда, энди тожикистонлик аёл мигрантлар сони янада ортса ҳам ажабланмаймиз.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya