Maqola

1 033 19/05/2022

Регистрацияга 15 кун вақтингиз бор

Дастлаб, Россияга бораётган мигрантларни хурсанд қиладиган хабар ҳақида. 12 майдан эътиборан Россияга борган Ўзбекистон фуқаролари ушбу давлатда 15 кун давомида мажбурий “регистрация”сиз юришлари мумкин. Бу ҳақда Ботиржон Шермуҳаммад Youtube ва Telegram каналларида жонли эфирда батафсил тушунтириб ўтди.

2022 йил 1 май куни Ўзбекистон фуқаролари Россияга кирган кундан бошлаб 15 кунгача “рўйхатдан ўтмай” яшашига рухсат беришга доир қонун қабул қилинган, сўнгра президент Путин ушбу қонунни имзолаган эди.

Россия ИИВнинг Тюмен ва Магадан областлари бошқармалари сайтида хабар берилишича, 2022 йил 12 майдан эътиборан россияликларнинг Ўзбекистонда ҳамда ўзбекистонликларнинг Россияда бўлиш тартибига доир икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирган. Вақтинча бўлиб туриш муддати фуқаронинг кирган санасидан ҳисобланади. Бу сана миграция картасидаги муддатдан белгиланади. Агар фуқаро 15 кундан кўп муддат қолишни режалаштирган бўлса, у тегишли идорада яшаш манзили бўйича рўйхатда туриши талаб этилади.

Икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги келишувга биноан Россия фуқаролари ҳам Ўзбекистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин.

LIKE учун 5 йилгача қамоқ

Телефон, ноутбук ёки флешкаларингизда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда қандай маълумотлар бўлса ёки қандай гуруҳлар ва каналларга аъзо бўлсангиз қамалишингиз мумкинлигини биласизми? Migrant.mobi ўтиб бораётган ҳафтада ўзбекистонликлар орасида “Тақиқланган материаллар нима” мавзусида сўров ўтказди.

Сўровномада иштирок этганларга тақиқланган материаллар нималиги, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар, нечта сайт ва адабиётлар тақиқлангани, тақиқланган материаллар рўйхати қайси сайтларда жойлашгани, бирор масъул тақиқланган материаллар ҳақида маълумот берганми, деган саволлар берилди. Таъкидлаш жоизки, талабалар бу мавзуда деярли аниқ тушунчага эгалигини намойиш этишган бўлса, Россияга кетаётган меҳнат мигрантларининг бу борадаги билимлари анчагина саёз экани билиниб қолди.

Migrant.mobi ижтимоий саҳифалар обуначилари орасида ҳам қуйидаги саволлар билан сўров ўтказди.

  • Тақиқланган материаллар нималигини биласизми?
  • Жамоат хавфсизлигига раҳна солувчи материаллар ҳақида эшитганмисиз?
  • Ўзбекистонда нечта сайт ва адабиётлар тақиқланганини биласизми?
  • Тақиқланган материаллар рўйхати қайси сайтларда жойлашганини биласизми?
  • Чет элга кетишингизда бирор масъул тақиқланган материаллар ҳақида маълумот берганми?

Ушбу саволларга респондентларнинг 48 фоиздан 81 фоизигача “йўқ”, деб жавоб берган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, телефонда чиққани ва ёки кимгадир юборилгани ёхуд ўқиганингиз учун қамалиб кетишингиз мумкин бўлган маълумотлар тақиқланиши ҳақида кўпчилик билмайди. Демак, мутасадди идора ва ташкилотлар бу борада етарли даражада тарғибот ишларини олиб бормаяпти.

Турли бало-офатлардан Аллоҳ асрасин!

Якунланаётган ҳафта жума куни Қозоғистон оммавий ахборот воситалари орқали томонидан тарқатилган мудҳиш хабар кишини хафа қилди. Республиканинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон йўловчи автобуси автоҳалокатга учраши оқибатида 2 ватандош воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Уларнинг жасади Ўзбекистонга олиб келиниб, яшаш манзиллари бўйича Бухоро ва Хоразм вилоятига юборилган.

Шу билан бирга, қурбонлар сони яна бир кишига ортгани, жабрланганлардан яна бири вафот этгани хабар қилинди.

Бундан ташқари, 23 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинган, уларнинг 18 нафари Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. 5 кишига, аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилган. 4 киши Жамбил вилояти тиббий муассасаси жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Аллоҳ ўтганлар охиратини обод қилсин, ортда қолган яқинларига сабр берсин.

3 ойда 40 минг ноқонуний мигрант

2022 йилнинг январ-март ойларида Европа Иттифоқига киришга уринишлар сони 40 минг кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Иттифоқ Чегара ва соҳилбўйи қўриқлаш агентлиги хабар қилган. Таъкидланишича, 2022 йилнинг илк 3 ойида иттифоққа киришга уринганлар сони 2016 йилдан ўтган давр мобайнида энг юқори даражага етган. 40 минг мигрант бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоиз кўп демакдир.

Агентлик ёзишича, ЕИ чегарасини махсус ўтиш жойлари орқали кесиб ўтган украиналик қочқинлар бу ҳисобга кирмайди. Маълум бўлишича, мигрантлар ЕИ чегараларини аскарият ҳолларда Ғарбий Болқон, яъни Хорватия ва Греция орқали кесиб ўтмоқда. Ла-Манш бўғозини кесиб ўтиб, Франциядан Буюк Британия бораётган мигрантлар сони эса бир йил олдингига нисбатан 190 фоиз ўсди, дея қўшимча қилган Frontex.

Have been selected. Green Card’да омади чопганлар нима қилади?

Якунланаётган ҳафтада кўплаб ўзбекистонликлар салкам 7 ой мобайнида интиқлик билан кутган лотерея жавоби эълон қилинди. Green Card жавоблари эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинган жумла – has not been selected бўлди.

Ўзбекистонда ушбу лотереяда омадини синаб кўрганларнинг баъзилари «Америка орзуси»га бир қадам яқинлашди. Ахир, бир неча миллион даъвогардан сизга навбатдаги имконият берилишининг ўзи ҳам бир омадда, шундай эмасми?

Хўш, экранингизда “You have randomly selected” сўзлари чиқди. Энди нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади. Migrant.mobi ушбу мавзуга доир тавсиялар битилган мақола эълон қилинди.

Демак, ғолиб авваламбор экрандаги хабарномани pdf шаклида сақлаб олиб,  “Case number”ни ишончли, йўқолмайдиган жойда сақлаб қўйишингиз керак бўлади. Хабарнома ва “Case number”ни сир сақлаш тавсия этилади. Чунки, кейинги жараёнларнинг барчаси айнан шу рақам асосида юритилади.

DS-260 анкета-формасини тўлдириш

Ушбу шакл махсус сайтда онлайн тарзда тўлдирилади, унда расмингиз ва шахсий маълумотлардан ташқари, АҚШнинг қайси штатида яшамоқчи бўлсангиз, шу манзилни ҳам киритасиз. Қайд этиш керак, анкета оиланинг ҳар бир аъзоси учун алоҳида-алоҳида тўлдирилади. Сайт анкеталарни тасдиқлагандан сўнг, тасдиқнома ва анкета чоп этилиб, Ўзбекистон Республикасидаги АҚШ элчихонасига суҳбатга олиб борилади. Ёдингизда тутинг, анкета саволларига жавоб беришда хато ёки ёлғонга йўл қўйманг, бу виза беришни рад этишга сабаб бўлиши мумкин.

Қандай ҳужжатлар йиғилади?

Интервью учун, одатда, қуйидаги ҳужжатлар олиб борилиши лозим:

  • Маълумот тўғрисидаги диплом ёки сертификат;
  • Судламанганлик ҳақида маълумотнома;
  • Молиявий жиҳатдан ўз-ўзини таъминлай олиш ҳақидаги ҳужжат (bank statement, ойлик маош ҳақида маълумот, ҳомийлик хати); Никоҳ/ажрашганлик ҳақида маълумотнома;
  • Меҳнат дафтарчаси ва бошқалар.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, имкони бўлса, анкета сўровларига берилган жавобларнинг ҳар бирини исботлайдиган ҳужжатни эҳтиёт шарт йиғиб қўйган яхши.

Тиббий кўрик ҳам бор

Ҳа, ҳа, нотўғри эшитмадингиз, Green Card ғолиблари визага киришдан аввал, якуний босқичда тиббий кўрикдан ҳам оилавий тартибда ўтишади. Кўрик АҚШ элчихоналари белгилаган тиббий муассасаларда ташкил этилади. Кўрик чоғида олмаган вакциналарингиз бўлса, улар қўйилади. Тиббий кўрикнинг натижаси махсус муҳрланган конвертда қўлингизга тутқазилади. Аммо, уни сиз оча олмайсиз. Конвертни интервюга олиб борасиз ва уни фақат консул очиши мумкин.

Виза учун суҳбат

Америкалик консул билан суҳбат Америка орзуси йўлидаги энг қийин босқичлардан биридир. Интервю куни, одатда, 2-2,5 ой аввал элчихона томонидан эълон қилинади. Барча ҳужжатларни жамлаб, белгиланган кун ва соатда АҚШ элчихонасига ташриф буюрасиз ва консуллик йиғимини тўлайсиз. Шундан сўнг сиз ва консуллик ходими ўртасида суҳбат бўлиб ўтади. Консул айнан шу интервюдан хулоса қилган ҳолда паспортингизга виза уради ёки рад этади.

Мана шунақа гаплар, унутманг, Green Card ютди дегани, Америкага кетиш кафолатини беради, дегани эмас. Қаерда бўлсангиз ҳам омадингизни берсин!

Паспортингиз тайёр бўлди

Дайжестимизни давом эттирамиз. Эндиликда, Ўзбекистон ёки хорижий мамлакат ҳудудида Ўзбекистон фуқаролик паспортини олиш учун ариза топширганлар биометрик паспорти тайёр бўлгани ёки йўқлиги, қайси босқичда эканини онлайн кузатиб тура олади. Аризачи dpm.uz сайтида биометрик ҳужжатнинг тайёр бўлганлик даражаси ва электрон буюртманинг қандай босқичда экани ҳақида батафсил маълумотларни олиши мумкин.

Бунинг учун:

  1. uz сайтига кирилади
  2. “Интерфаол хизматлар” рукнидан “Электрон талабнома ҳолати”га босилади.
  3. “Elektron talabnomaning GUID ni kiriting” деб ёзилган қисмига “паспортстол”да берилган 32 хонали шахсий идентификация ракамини киритасиз.

Шу билан паспортингиз қайси босқичда эканини билиб оласиз.

Бугунга мана шулар эди. Муҳими тинчлик ва хотиржамлик, тан сиҳатлик бўлсин. Бош омон бўлса, дўппи топилади. Саломат бўлинг!

Толиб Раҳматов

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya