МИГРАНТЛАР ҲАРБИЙГА ЖАЛБ ҚИЛИНМОҚДА
Бугунги эфирда:
Санкт-Петербург ҳокимияти мигрантларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилади
Шимолий пойтахтда армия хизматини хориж фуқаролари орасида “оммалаштириш” билан шуғулланишади.
4 апрель куни Санкт-Петербург ҳокимияти мигрантларни шартнома бўйича ҳарбий хизматга жалб қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда губернатор ўринбосари Валерий Пикалёв имзолаган буйруққа таяниб, “Ротонда”нашри хабар берди. Нашрнинг ёзишича, Смолний вакиллари 15 апрелга қадар диаспора етакчилари билан “Хорижлик фуқаролар ўртасида шартнома бўйича ҳарбий хизматни оммалаштиришга жалб қилиш” учун учрашув ўтказиши керак.
Шундай вазифа Шимолий пойтахт вице-губернаторлари Кирилл Поляков, Борис Пиотровский, Владимир Княгинин ва Николай Линченколарга юклатилган. Ҳужжатга кўра, мигрантларни Россия армияси билан тузилган шартномаларга қизиқтириш учун амалдорлар “хусусий бандлик агентликлари билан ишлашни ташкил этиши” керак. Чет элликлар билан ҳамкорлик қиладиган йирик иш берувчиларни ҳам ушбу мақсадларга жалб қилиш мумкин.
Бундан ташқари, Ғарбий ҳарбий округга “Ташвиқот ва контракт бўйича ҳарбий хизматга фуқароларни танлашда” ёрдам кўрсатиш учун ишчи гуруҳ таркибига миллатлараро муносабатлар қўмитаси вакили киритилади. Бу бўйича алоҳида вазифа вице-губернатор Антолий Повелий ва Санкт-Петербург туманлари раҳбарларига ҳам юкланган. Шу ойнинг ўрталарига қадар улар ҳарбий комиссарлар билан биргаликда 2017 йилдан 2022 йилгача Россия фуқаролигини олганларнинг «ҳарбий рўйхатга олиш тўлиқлигини текширишлари» керак.
Россияга кўчиб ўтиш дастурининг иштирокчилари бўлган чет элликлар рус тилини билишлари шарт
Ватандошларни РФга кўчиб ўтиш дастури, яъни “Программа переселения соотечеситвенников” доирасида Россия фуқаролигини олишни режалаштираётган чет элликлар энди рус тилини билишларини тасдиқлашлари керак. Буни фуқарорликни олиш учун ариза ёзиш вақтида тасдиқлашлари керак.
Тегишли фармонни Россия президенти Владимир Путин имзолади. Янги ўзгаришлар 2024 йил 1 январдан кучга киради. Ҳужжатда қайд этилишича, аризани қабул қилиш чет эллик шахс рус тилини “сўзлашув муҳитида оғзаки ва ёзма мулоқот қилиш учун” етарли даражада билиши шарти билан амалга оширилади.
Рус тилини билишни таълим тўғрисидаги ҳужжатлар билан ёки суҳбат пайтида тасдиқлаш мумкин бўлади. Чет элда истиқомат қилувчи ватандошларнинг Россияга ихтиёрий равишда кўчиб ўтишига кўмаклашиш дастури 2006 йилда қабул қилинган. У СССР парчаланганидан кейин Россия Федерациясидан ташқарида бўлган ва мамлакатга қайтишни истаган одамларнинг кўчиб ўтишини осонлаштириш учун мўлжалланган.
Намангандан Нижневартовскка мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди
Uzbekistan Airways авиакомпанияси “Шарқий хаб” доирасида Намангандан парвозлар географиясини кенгайтирмоқда. Жорий йилнинг 31 март куни авиакомпания Наманган-Нижневартовск-Наманган йўналишида илк парвозни амалга оширди. Эндиликда Намангандан Россиянинг Нижневартовск шаҳрига мунтазам авиақатновлар бир маротаба – ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади.
Uzbekistan Airways Тошкентдан Россиянинг яна бир шаҳарига парвозларни йўлга қўйди
Эндиликда Тошкентдан Нижний Новгородга учиш мумкин. Мунтазам қатновлар ҳафтада икки марта – сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Астрахань яқинидаги трассада 5 та автомобиль тўқнашиб кетди
Россиянинг Астрахань вилоятида содир бўлган ЙТҲда 12 ёшли ўзбекистонлик қизча ҳалок бўлди. Бахтсиз ҳодиса 2 апрель куни Нариманов туманида содир бўлган. Р-215 автомобиль трассасининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 15-км қисмида КамАЗ светофорда турган Lacetti‘га келиб урилган. Зарба натижасида Lacetti’ бориб Nissan Pathfinder га тўқнашган, у бориб Skoda Kodiaq га, бу эса ВАЗ-2110 га урилган. Ҳодиса оқибатида Chevrolet йўловчиси, 2011 йилда туғилган ўзбекистонлик қиз воқеа жойида вафот этган. Nissan автомашинасидаги етти ёшли қизча тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мазкур йўл ҳодисаси юзасидан тергов олиб бормоқда. Россиянинг Саратов вилоятида ҳам Ўзбекистон фуқаролари ЙТҲга учради. Беш киши жабрланган, улардан уч нафари касалхонага ётқизилган. Ҳодиса 2 апрель куни эрталаб Р-208 автомобил йўлининг 145-километрида содир бўлган. 23 ёшли йигит Toyota Vellfire русумли автомашина бошқарувини йўқотган ва транспорт воситаси ағдарилиб кетган. Йўловчилар шифохонага етказилган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Жабрланганлар орасида 40 ёшли аёл бор, унда бош мия жароҳати, кўкрак қафаси ва ўнг тизза бўғимларининг ёпиқ жароҳати қайд этилган. Шунингдек, 26 ёшли эркак бош мия жароҳати, кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати, умуртқа поғонаси синиши, 38 ёшли эркак бош мия жароҳати, кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати, бел умуртқасининг синиши ташхиси билан олиб келинган. Жабрланган беш кишидан уч нафари Ртишчевская туман касалхонасида қолмоқда, икки нафари – 20 ва 39 ёшли эркак қониқарли ҳолатда амбулатор даволанишга чиқарилган.
Россия қурилиш вазирлиги Россяида яшаш учун энг қулай шаҳарлар рўйхатини эълон қилди
2022 йил охирида Россияда 603 та шаҳар яшаш учун қулай деб тан олинди, бу 2021 йилга нисбатан 113 тага кўпдир. Бу ҳақда шаҳар муҳити сифати индексини тайёрлаган Россия Қурилиш вазирлигининг пресс-релизида маълум қилинди. Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, бир неча миллионли аҳолиси бўлган шаҳарлар қаторида яшаш учун энг қулайлари сифатида Москва (292 балл), Санкт-Петербург (264), Қозон (216), Нижний Новгород (214) ва Ростов-Дон (212) тан олинган. Энг етакчи шаҳарлари ўнталигига, шунингдек, Екатеринбург (209), Пермь (208), Уфа (208), Челябинск (204) ва Новосибирск (204) кирди.
25-50 минг аҳолиси бўлган кичик шаҳарлар орасида вазирлик индексига кўра энг қулайлари деб Ленинград вилоятидаги Можайск (249) ва Истра (246), Кингисепп (243), Ярославль вилоятида Тутаев (243) ва шунингдек, Калининград вилоятидаги Гусев шаҳри (242) тан олинди. Россияликлар пенсияда ҳаёт кечириш учун қулай бўлган шаҳарларини ҳам эътироф қилишди. Уларнинг танловига кўра Сочи, Санкт-Петербург ва Анапа, меҳнат фаолиятини тугатгандан сўнг, яшаш учун энг кўп танланган шаҳарлардан ҳисобланади.
Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Бизни телеграм каналида ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Сизларни Ватанда оилангиз кутмоқда. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!