Maqola

958 12/04/2022

Қадрини тиклаётган рубл, фуқаролари учун амнистия сўраган Қирғизистон, мигрантларга таксичиликни тақиқлаган Перм.

Шу ва бошқа хабарлар ҳақида қисқача Migrant.news ҳафталик дайжести.

Якунланаётган ҳафтада Қирғизистон расмийлари Россиядан ўз фуқаролари учун миграцион амнистия сўраб, мурожаат қилди.

Жогорку Кенеш спикери Талант Мамитов Россия томонини 2022 йилда Қирғизистон фуқаролари учун навбатдаги миграция амнистиясини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда у Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашувда маълум қилди. Қирғизистон парламенти спикери, шунингдек, қирғизистонликларнинг Россияга автомобил ва темир йўл орқали киришига чекловларни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқишни ҳам таклиф қилган.

Талант Мамитов қирғизлар учун миграция талабларини енгиллаштиришни сўрар экан, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракати эркин ҳаракатланиши кераклигини эслатиб ўтган.

Учрашув чоғида Валентина Матвиенко баҳсли масалалар “ижобий йўл билан” ҳал этилишига ишонч билдирган, чунки Россия “Қирғизистон билан барча соҳаларда муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор”.

Охирги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 1 миллион 118 минг фуқароси хорижий давлатларда меҳнат қилади, улардан бир миллиони Россияда.

Россиянинг яна бир ҳудуди мигрантларнинг қатор соҳаларда ишлашини тақиқлади

Ўтиб бораётган ҳафтада Перм ўлкасида мигрантларга такси, дўкон ва дарахт кесиш ишларида ишлаш тақиқланди. Шу мазмундаги фармонни ўлка губернатори Дмитрий Махонин имзолаган. Унга кўра, мигрантлар Перм ўлкасида 11 та соҳада ишга қабул қилинмайди. Мигрантларни ишга олган компания эгалари жазога тортилади.

Меҳнат мигрантлари қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади:

  • дарахт кесиш, ушбу соҳада хизмат кўрсатиш;
  • ёғоч кесиш ва тайёрлаш;
  • нефть ва газ қазиб олиш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • товарлар чакана савдоси;
  • махсус дўконларда ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси; шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро транспортда йўловчиларни ташиш; таксичилик фаолияти.

Фармон меҳнат ресурсларини мигрантлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида тақсимлашга қаратилган. Перм ўлкасининг юқоридаги соҳалардаги субъектлари 3 ой муддатда мигрант ишчиларини Россия фуқароларига алмаштириши керак.

Мана бу хабаримиз кўпроқ ўзбек ватандошлар учун. Ўтаётган ҳафтада Россиянинг Нижневартовск шаҳрида Ўзбекистон ташқи меҳнат миграция агентлиги ваколатхонаси очилиши хабар қилинди.

“Ханти–Манси автоном округи Нижневартовск шаҳрида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигининг ваколатхонаси очилади”— деб ёзган Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консули Абдусалом Ҳатамов.

Бугунги кунгача, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореянинг Квангжу шаҳрида, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург (вакант), Екатеринбург, Новосибирск, Самара (вакант) ва Уфа (вакант) шаҳарларида ваколатхоналари бор.

Ҳурматли ватандошлар! Mobil Migrant лойиҳасида қатнашинг ва пул ишланг. Россия ва бошқа давлатларда фаолият юритаётган мигрантларга ажойиб таклиф.

 Энди сиз ўзингиз гувоҳ бўлган турли инновацион ечимлар, ташаббуслар ва умуман яшаб турган ҳудудингиздаги воқеалар-ҳодисалар ҳақида видеолавҳалар, гифлар, расмлар ва овозли хабарларни @mobilmigrant_bot Телеграм ботига юборишингиз мумкин.

 Энг қизиқарли ва мигрантларга манфаатли бўлган хабарлар Migrant.mobi сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади ҳамда ой якунида фаол иштирокчиларга пул мукофотлари берилади.

 Фаол бўлинг, иштирок этинг ва пул ишланг!

Ўзбекистон 29 давлат билан меҳнат миграцияси бўйича музокаралар олиб бормоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларнинг чет элларга бориб ишлашлари учун миграция географиясини кенгайтириш борасида турли давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бундай давлатлар орасида Канада, Франция, Италия, Белгия сингари давлатлар ҳам бор. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов маълум қилди.

«Канада, Франция, Италия, Белгия, Латвия, Финляндия, Исроил, Болгария, Греция, Италия, Баҳрайн, Қатар, Қозоғистон, Кувайт, Малайзия, Озарбойжон, Саудия Арабистони, Полша, Сингапур каби давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида битим имзолаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шундан Швейцария, Германия, Словакия, Латвия, Литва, Болгария, Исроил, Полша, Чехия, Сербия, Хорватия, Финляндия, Нидерландия ва Япония иш берувчи компаниялари билан ташкилий ишга жойлаштириш бўйича 30 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди», – деди Аҳматов.

Россия 50 дан ортиқ давлат билан ҳаво қатновларини тиклайди

Россия 9 апрелдан бошлаб парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилди.

“COVID-19 тарқалиши сабабли жорий қилинган мунтазам ва чартер парвозларига қўйилган чекловларни бекор қилади, – деган Мишустин «Единая Россия» фракцияси билан учрашувда. – Касаллик даражаси пасаймоқда, демак, Россия авиакомпаниялари учун мавжуд бўлган йўналишларни кенгайтириш вақти келди”.

Маълум қилинишича, эндиликда, Россия авиакомпаниялари 15 та давлатга чекловсиз уча олади. 52 давлат, жумладан Аргентина, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка ва бошқа дўстона давлатлар билан парвозлар тикланмоқда.

Шу билан бирга, Россия коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича тезкор штабда маълум қилинишича, 9 апрелдан бошлаб Хитой билан қуруқлик чегараси орқали кириш ва чиқишга қўйиладиган чекловлар ҳам бекор қилинган.

Демак, жаноблар, бир қарашда ҳаммаси яхши, барчаси тикланмоқда ёки тикланаётгандек кўринмоқда.

Ушбу хабаримиз ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қизиқтириши табиий. Россиянинг Сургут шаҳрида хорижий фуқароларни мослаштириш маркази очилди.

Бу ерда мигрантлар Юградаги ҳаётга мослашишига ёрдам берилади.

“Мутахассислар марказда муҳожирларга ҳокимият, қонунлар, шарт-шароитлар, ҳаёт тарзи, хулқ-атвор меъёрлари мавжудлигини кўрсатади, ҳудуд маданияти ҳақида маълумот берилади”, — деган муассаса раҳбари Карен Степанян.

Марказ ҳужжатларни ягона дарча принципи бўйича тезда расмийлаштириш имконини беради. Бу ерда мигрантлар тиббий кўрикдан ўтади ва бепул юридик маслаҳат олади. Марказ ойига 3000 муҳожирни қабул қилиш имконини беради.

Россиядаги мигрантлар орасида “наркокурерлар” кўп учрамоқда

Қирғизистон элчихонаси мамлакатнинг Россиядаги фуқароларига “Стоп Наркотики” шиори билан мурожаат қилди. Қирғизистон элчихонаси сўнгги йилларда мамлакат фуқаролари томонидан Россия ҳудудида содир этилган гиёҳвандлик воситаларини сақлаш, сотиш ва ташиш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани муносабати билан ўз хавотирларини билдирган.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда Қирғизистоннинг 224 фуқаросига нисбатан “наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар”ни содир этганликда гумон қилиниб, 327 та, 2020 йилда эса 151 фуқарога нисбатан 191 та жиноий иш қўзғатилган.

Қайд қилинишича, қирғизистонликларни билимсизлик туфайли жиноят содир этишга жалб қилган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Одатда, “закладчики” деб аталувчи бундай шахслар курер сифатида ишлайди ёки ижтимоий тармоқлар орқали товарларни ташиш билан шуғулланади. Улар, асосан, гиёҳванд моддалар ўрамаларини белгиланган манзилга етказиб беради.

Шу муносабат билан Қирғизистон элчихонаси қуйидагича баёнот берган:

“Осон” пул ортидан жуда катта пул тўлашга тўғри келади. Ёш ватандошлар ва уларнинг оилалари тақдири абадий бузилади. “Закладчик”ларнинг оналари, фарзандлари ва яқинлари азоб чекади. Қилинган жиноят учун жазо муқаррарлигини унутмаслик керак!!! Гиёҳванд моддаларни тарқатиш учун 4 йилдан 20 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Ўртача қамоқ муддати – 7 йил, энг кўпи эса – умрбод қамоқда қолишдир.

Гиёҳванд моддалар нафақат истеъмол қилувчилар, балки тарқатувчилар тақдирини ҳам йўқ қилади. Шу ўринда ватандошларимизни охири берк кўчага кириб қолишдан огоҳлантирамиз. Сизни ватанда оилангиз кутмоқда!!!”, – дейилади элчихона баёнотида.

Қозоғистон қуруқлик чегараларини очмоқда

Қозоғистон 11 апрелдан Қозоғистон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия билан қуруқликдаги ўтказиш пунктларида фуқароларнинг чегарани кесиб ўтишига рухсат бермоқда. Шу билан бирга, манфий натижали ПЗР тести ёки COVID-19 га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат талаби сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари Қозоғистон давлат чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтиш бўйича ҳам барча чекловлар олиб ташланмоқда. Аммо, бу ҳолатдаям, манфий натижали ПЗР тести ёки COVID-19 га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни тақдим этиш талаби сақлаб қолинмоқда.

Шу ўринда, эслатиб ўтмоқчимиз, Россияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар қуруқлик орқали Қозоғистондан Россияга ўта олмайди.

Доллар яна қимматлай бошлади. Айбдор Россия Марказий банки

Россия Марказий банки 11 апрелдан бошлаб валюта биржаси орқали валюта сотиб олишда брокерлар учун ўрнатилган 12 фоизлик комиссияни бекор қилмоқда. Шунингдек, банкларга импортерлар учун валюта сотишда биржа курсидан 2 рублдан ортиқ бўлмаган спред қўллашни тавсия этмоқда.

Бундан ташқари, 11 апрелдан бошлаб фуқаролар 2022 йил 9 мартгача очилган валюта ҳисобварақлари ва омонатларидан нақд евро ҳам ечиб олиш имкони берилмоқда. Шу билан бирга, валюта олишда чеклов белгиланган: 9 сентябргача жами 10 минг долларгача олиш мумкин.  эквивалентидан ортиқ бўлмаган чекловлар тўлиқ сақлаб қолинади.

Шунингдек, банклар 2022 йил 18 апрелдан эътиборан 9 апрелдан бошлаб ўз кассаларига келиб тушган валюталарни сотишга рухсат берилмоқда.

Россия Марказий банкининг ушбу хабаридан сўнг, хорижга пул жўнатиш хизматлари доллар-рубл курсининг янги қийматини белгилади. Хусусан, Юнистрим 1 долларни 79,56 рублдан, Салам тизими 85,63 рубл, Золотая корона 77,46 рубл сифатида белгилаган.

Бир неча кун мобайнида доллар ўтказишни энг арзон таклиф этаётган Контакт тизими долларнинг рублга нисбатан курсини бирданига сезиларли кўтарди. Янги курсга кўра, Контакт орқали Ўзбекистонга доллар юборсангиз 1 доллар учун 85,20 рубл тўлайсиз.

Эслатиб ўтамиз, бу курслар мобил иловалар, яъни онлайн юбориш учун амалда. Нақд пулингиз бўлса, уни пластик картага қўйиб, онлайн юборса бўлади.

Шу ўринда, Migrant.mobi мигрантларга пул юборишда Сбербанк онлайн ва Алфа-банк иловаларидан фойдаланмасликни тавсия қилиб қолади. Чунки, АҚШ ва ЕИ ушбу икки банкка санкциялар қўллади.

Migrant.news якунида Youtube обуначиларимизни https://t.me/migrantuzb ҳаволаси орқали Telegram каналимизга ўтишни тавсия қилиб қоламиз. Чунки, Youtube тез орада Россияда блокланиши мумкин. Бунга видеохостинг хизматининг Россия Давлат думасининг расмий каналини блоклагани сабаб бўлиши эҳтимол.

9 апрелда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ушбу ҳолат бўйича фикр билдирар экан: “Афтидан, YouTube ўзига ўзи ҳукм ўқиди. Контентларни сақлаб олинг, рус платформаларига ўтказинг. Шошилинг”, – дея баёнот берди.

Доллар пасаядими, кўтариладими, муҳими кайфиятни туширманг. Унутманг, кўп хасталиклар асабни бузишдан пайдо бўлади. Рамазонда тутаётган рўзаларингиз қабул, дуоларингиз ижобат, ўзингиз саломат бўлинг.

Толиб Раҳматов

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya