Maqola

886 13/06/2022

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси оширилди

Дайжестимизнинг аввалини барча ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар учун бирдек хушхабардан бошлаймиз.

Биринчиси шуки, Саудия Арабистони бу йил дунё мамлакатларидан 1 млн мўмин-мусулмонга Ҳаж визаси берилишини маълум қилди. Бу 2020 йилги пандемия билан боғлиқ чекловлардан кейин илк бор кенг қамровли Ҳаж мавсуми бўлади. Иккинчи янгилик бевосита ўзбекистонликларга тегишли. Ўзбекистонликлар учун ҳаж квотаси 7200 кишидан 10 865 кишигача оширилди. Саудия Арабистони билан олиб борилган музокаралар натижасида ҳаж квотасини оширишга эришилган.

Шу билан бирга, “Ҳаж-2022” мавсуми учун нарх ҳам эълон қилинди. Унга кўра, ҳажга бориши аниқ бўлган 1 фуқаро 62 900 000 сўм тўлаши лозим бўлади. Бу 5700 АҚШ доллари атрофида демакдир.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги пандемия ҳамон давом этаётганлиги туфайли “Ҳаж -2022”  зиёратида иштирок этиш учун ёш чегарасини 65 ёшгача этиб қатъий белгилади. Яъни, 1957 йил 30 июндан аввал туғилган инсонларга бу йил ҳаж визаси берилмайди.

Бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия: COVID-19 чекловлари бекор қилинмоқда

Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди. 10 июндан бошлаб Ўзбекистонга кириб келувчи хорижлик ва маҳаллий фуқаролар учун коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар, жумладан, манфий натижали ПЗР-тест ҳамда ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат талаби бекор қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонга авиақатновлар, чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктлари орқали кириб келаётган барча фуқаролар манфий натижали ПЗР-тест ҳамда ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни тақдим этишлари шарт эмас. Шунингдек, улар чегара пунктларида экспресс-тест ҳам топширмайди.

Бундан аввалроқ, яъни 8 июндан Қозоғистонга кириш учун манфий ПЗР-тест натижаси ва эмланганлик талаби бекор қилинган эди.

Россия 14 июндан бошлаб мамлакатга кириб келувчи хорижликлар учун CОVID чекловларини бекор қилгани ҳақида ҳам хабар қилинганди. Шу санадан эътиборан чет эл фуқаролари Россияга ҳаво ва денгиз йўллари орқали ҳеч қандай чекловларсиз киришлари мумкин бўлади. Яъни, манфий натижали ПЗР-тест ҳамда ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат тақдим этиш талаб этилмайди.

Россияга поезд қатновлари тикланмоқда

Яна 11 кундан сўнг, Ўзбекистондан Россияга йўловчи поезд қатновлари йўлга қўйилади. Қатновлар, ҳозирча, Тошкентдан Самара ва Волгоград шаҳарларига ҳафтада бир мартадан амалга оширилади. Илк қатнов 23 июн куни № 5/6-сонли Тошкент – Самара поезди ҳаракати билан йўлга қўйилади. Ҳафтанинг пайшанба кунлари Тошкентдан йўлга чиққан поезд якшанба куни Самарадан ортга қайтади.

25 июндан – № 323/324-сонли Тошкент – Волгоград поезди ҳаракати бошланади. Бу таркиб ҳам ҳафтада бир марта шанба кунлари Тошкентдан йўлга чиқиб, сешанба кунлари Волгограддан ортга қайтади. Чипталарни 45 кунгача олдиндан харид қилиш мумкин бўлади.

Иш топиб берганлик учун ҳақ неча марта олинади?

Бугунги кунда авваллари мавжуд бўлмаган хизмат турлари кўпайиб бормоқда. Шу каби “тадбиркорлик” усулларидан бири одамларга иш топиб беришга ихтисослашган ширкатлар ва махсус веб-саҳифалар фаолиятини ташкил этишдир. Бунда иш излаётган одамларга иш, ходим қидираётган ташкилотларга ходим топиб бериш хизматини кўрсатишади ва бунинг учун ҳақ олишади.

Хўш, бу каби фаолият турининг шаръий тартиби ва ҳукми қандай? Migrant сайти ушбу мавзуда катта мақола эълон қилди. Қуйида унинг асосий жиҳатларига тўхталамиз.

Иш топиб бериш ва унга ҳақ олиш масаласи уч хил кўринишдан бири бўлиши мумкин:

 

  1. Ишга кираётган одамнинг таниши ўртага тушиб ёрдам бергани учун ҳақ олиши жоиз эмас;
  2. Корхонадаги бошлиқ ёки ишга қабул қилишга маъсул ходим, ишга олгани учун ҳақ сўраши мумкин эмас;
  3. Бирон ташкилот ёки шахс одамларга иш топишда ёрдам берса ва бу фаолиятида ҳужжатларни тайёрлаш ёки шу каби хизматлар кўрсатадиган бўлса, бу иши учун ҳақ талаб қилиши жоиз.

 

Энди юқоридаги асосий саволга, яъни иш топиб берганлик учун неча марта ҳақ олиш мумкин, деган саволга жавоб берсак.

 

Аввало, таъкидлаш керак, хизмат ҳақининг миқдори икки тараф розилиги билан белгиланади.

Ташкилот бир маротаба кўрсатган хизмати учун олдиндан келишилган аниқ маблағни ёки ишга кирган одам меҳнати учун оладиган фойдадан муайян қисмини келишувга биноан олиши мумкин. Бироқ, иш топгани учун ва бажарган иши учун алоҳида улуш олиши жоиз эмас.

Агар иш топиб берувчи бир маротаба, фақат ишнинг бошида хизмат кўрсатган бўлса, ҳақни ҳам келишувга биноан бир маротаба олиши керак. Бир маротаба кўрсатган хизмати учун давомий, яъни ҳар ойлик маошидан ёки ҳар амалга оширадиган меҳнатидан ҳақ олиши мумкин эмас.

Туянинг юки енгил келса, ётоғи келмайдими?

Якунланаётган ҳафтада Буюк Британияда иш ҳафтаси билан боғлиқ ажойиб синовга старт берилди. Бирлашган қиролликда ҳафтасига тўрт кун ишлаш тажрибаси бошланди. Бу дунёдаги энг йирик тажриба ҳисобланади. Синов кампаниясида мамлакатнинг 70 та компаниясидан 3300 ходим иштирок этмоқда.

Тадқиқот давомида ходимлар ҳафтасига тўрт кун ишлайди ва уларга тўлиқ иш ҳақи тўланади. Лекин ишчи-ходимлар 100 фоизлик самарадорликни таъминлаши керак. Тадқиқотчилар янги иш режимининг меҳнат самарадорлигига, гендер тенглигига, атроф-муҳитга ва шунингдек ходимларнинг турмуш фаровонлигига таъсирини ўрганиши режалаштирилган.

Бизда эса, туянинг юки енгил келса, ётоғи келади, дейишади. Ўйлаб қоласан киши, биздаги мақол инглизларга ҳам тўғри келармикан ёки йўқми? Ким билсин, кўрамиз.

Канада мавсумий ишларга талаб катта

Музокаралар самара берса, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Британия Колумбиясига ишга кетишлари мумкин. Ўтиб бораётган ҳафтада, Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси қишлоқ хўжалиги вазири Лана Попхэм билан музокара ўтказди. Томонлар Канаданинг ушбу провинциясига ўзбекистонлик мавсумий ишчиларни ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Маълум қилинишича, ҳар йили Мексика ва Лотин Америкасининг бошқа давлатларидан тахминан 12 000 мавсумий меҳнат мигранти бу ҳудудга 5-6 ойга келиб, асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб қайтишади. Яқин келажакда Канада вазири мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан онлайн учрашув ўтказиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни Британия Колумбиясига юбориш масласини муҳокама қилади.

Чингизхон ватани Ўзбекистонга визани бекор қилди

Дайжестимиздан ўрин олган сўнгги хабар Ўзбекистон ва Мўғулистон муносабатларига оид. Эндиликда, ўзбекистонликлар ушбу мамлакатга 30 кунгача муддатда борадиган бўлса, виза олишлари талаб этилмайди.

Ўзбекистон ва Мўғулистон ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари Фурқат Сидиқов ва Батсумбер Мунхжин ўртасида бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асосан, мева-сабзавотларнинг Мўғулистон бозорига экспортини орттириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya