Мақола

736 14/03/2022

Ўтиб бораётган ҳафтада Украинадаги ҳарбий зиддият давом этди.

Дунёнинг қатор мамлакатлари Россиянинг ҳарбий амалиётларига қарши санкцияларни кучайтиришда давом этди. Жаҳоннинг йирик компаниялари Россиядаги фаолиятини вақтинча ёки номаълум муддатга тўхтаётганларини эълон қилди. Айримлари Россия бозорини тарк этаётганини билдирди. Россия ҳукумати мамлакатни тарк этаётган компанияларда ташқи бошқарувни жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари, Роскомнадзор Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари фаолиятини тўхтатган бўлса, Россияда монетизацияни тўхтатган Youtube ушбу мамлакат сиёсатининг ташвиқотига хизмат қилувчи телеканаллар ва блогерларнинг саҳифасини блоклади. Бундан қиладиган хулоса шундаки, яқин кунларда Whatsapp ҳам блокланиши эҳтимол. Россия ҳукумати, шунингдек, Youtube чораларига жавобан, унинг ўзини бутунлай тўсиб қўйиши ҳам мумкин.

Шунингдек, Westerm Union ва Moneygram каби халқаро пул ўтказиш хизматлари Россияда фаолиятларини тўхтатаётгани ҳақида баёнот берди.

Доллар/рубл курси эса, тарихий кўрсаткичларни қайд этишда давом этган бўлса-да, ҳафта сўнггига келиб бирмунча барқарорлашди. Бироқ, Москвадаги турли банклар долларни 70 рублдан бошлаб харид қилаётган бўлса, сотиш нархини истаганча белгиламоқда. Жумладан, 1 АҚШ долларини шартли равишда 5 минг рубл сифатида белгилаган банклар ҳам йўқ эмас.

Албатта, тушкунликка тушишга ҳам ҳожат йўқ. Негаки, меҳнат мигрантлари Россиядан Ўзбекистонга рублда пул ўтказишлари мумкин. Мақола тайёрланаётган вақтда Ўзбекистон банкларида бир рублни 92 сўмга сотиб, 95 сўмдан харид қилиш мумкин эди.

Энди, ўтган ҳафтанинг бошқа муҳим хабарлари ҳақида.

25 доллар = 170 доллар. Тенглама тўғрими?

Ушбу тенглама қанчалик мантиқсиз эканини математикани иккига ўқийдиган бола ҳам тушунса ажаб эмас. Гап шундаки, Ўзбекистонда салкам 25 доллар турган хорижга чиқиш паспорти Ўзбекистоннинг чет эллардаги консулликларида камида 170 доллар туриши ҳақида Migrant.mobi ўз суриштирувини эълон қилган эди.

Ўтаётган ҳафтада депутат Расул Кушербаев Migrant.mobi ёритган айни муаммога эътибор қаратди ва ўз Telegram каналида ўз фикрларини билдирди ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Хорижда консулликлар орқали хорижга чиқиш паспортини олиш қанчага тушади? Ўзбекистон фуқароларига бу паспорт 170 АҚШ долларига тушади.

Ҳар доимгидек нарх қимматлиги борасида Ўзбекистон етакчи. Бироқ бу нархлар нима асосга кўра, қайси критерийлар бўйича белгиланган? Ташқи ишлар вазирлигимиз асослаб бериши керак.

Бу ҳаммаси эмас. Агар ўзбекистонлик паспортини йўқотиб қўйса, ватанга қайтиш сертификати учун 55 АҚШ доллари тўлаши керак. Ҳар доимгидек Марказий Осиёда энг қиммат нарх ўзбекистонликларнинг гарданида. Бир парча қоғоз учун 55 доллар талаб қилишни қандай изоҳлаш мумкин? Ташқи ишлар вазирлиги бу саволларга асослантирилган тушунтириш бериши шарт. Шу боис, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун доирасида бу бўйича депутатлик сўрови киритамиз: марҳамат вазирлик асосласин ёки нархларни туширсин”, – деб ёзган депутат Кушербаев.

Тожикистонда карантин талаблари юмшатилди. Ўзбекистонга не наф?

Бизга қўшни Тожикистон ҳукумати пандемия талабларини юмшатишга қарор қилди. 2022 йил 15 мартдан бошлаб чегара ўтказиш пунктлари нормал ҳолатда ишлайди ва фуқаролардан ПЦР тест топшириш талаб этилмайди. Балки COVID-19 га қарши тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш кифоя қилади. Ушбу тартиб, Ўзбекистон билан бир қаторда МДҲ га аъзо бўлган бошқа давлатларнинг фуқароларига ҳам амал қилади. Бундан ташқари, ниқоб тақишга доир мажбурий талаб ҳам бекор қилинган.

Мигрантларга доир 3 хил тартиб

Якунланаётган ҳафтада Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова мигрантларнинг мамлакатда қолишига доир уч хил тартиб ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Гап қисқа муддатли, узоқ муддатли ва доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлишга доир тартиблар ҳақида бормоқда.

«Қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги шуки, у мигрантга муайян давр давомида мамлакат ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради. Россияда бўлиш муддати муҳожир мақомининг давомийлиги билан белгиланади.

Масалан, талаба ўқиётган даврида қола олади. Чет эллик ишчи ишлаш даврида қола олади. Давлат дастури иштирокчиси учун – тегишли мақомнинг амал қилиш муддати (5 йил)», — деган Казакова ТАCC га берган интервюсида.

Унинг аниқлик киритишича, Россияда узоқ вақт қоладиган чет эл фуқаролари учун бир қатор қоидалар ва мажбуриятлар ўрнатилади. Улар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши, шунингдек, тиббий суғурта полиси(страховка) нусхасини миграция рўйхатидан ўтган жойидаги Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига тақдим этиши керак. Белгиланган бандлардан бири бажарилмаган тақдирда, чет эл фуқароси Россияда узоқ муддат қолиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Айни пайтда қонун лойиҳаси идоралараро келишиш жараёнларидан ўтмоқда.

Доллар ва евро нақд сотилмайди”

9 мартдан эътиборан Россия банкларига нақд валюта сотиш тақиқланди. Россия Марказий банки федерация банкларига 9 сентябргача фуқароларга нақд валюта сотишни ман қилди. Чет эл валютасидаги депозитлар ёки фуқароларнинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ечиб олишга доир вақтинчалик тартибга кўра, хорижий валютадаги омонатлардан 10 минг доллардан ортиқ маблағни хорижий валютада олиб бўлмайди. Бу миқдордан кўп маблағ ўша кундаги бозор курси бўйича рублда берилади.

Таъкидлаш керакки, бу чекловлар фақат нақд валюта айланмаси учун. Сбербанкнинг маълум қилишича, унинг Онлайн дастури орқали нақдсиз валютани чекловларсиз сотиб олиш ҳамда онлайн шаклда юбориш мумкин.

Россия бўлмаса, Япониями?

Ўзбекистонда Японияга махсус малакали ишчи визаси билан меҳнат мигранти сифатида бориш учун тестлар бошланди. Имтиҳонлар япон тилини билиши ва Японияда ишламоқчи бўлган соҳаси бўйича касбий малакага доир бўлади. Ушбу тестлар МДҲ ҳудудида илк бора Ўзбекистонда ташкил этилмоқда. Таъкидлаш керак, Япония 2025 йилгача «махсус малакали ишчи» визаси асосида 325 минг хорижлик мигрантни 14 та соҳага жалб қилишни режалаштирган. Имтиҳондан ўтганларга Япония компаниялари иш таклифи билдиради. Меҳнат мигрантлари 5 йилдан 10 йилгача Японияда ишлашлари мумкин бўлади ҳамда 5 йилдан сўнг оиласини ҳам таклиф қила олади.

Японияга бориш тести қандай бўлади? Япон тилини ўрганиш қийинми? Қайси касбларда ишлаш мумкин? Пул бериб кетса бўладими? Migrant.mobi шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Япон тили ва касбий малака тест маркази директори Дилафрўз Икромова билан интервю ташкил этди. У келаси ҳафта эътиборингизга ҳавола қилинади.

Ўзбекистон-Россия ўртасида автомобил ва темир йўл қатновлари қачон тикланади?

Россия Транспорт вазирлиги халқаро қатновларга COVID-19 сабабли қўйилган чекловларни олиб ташлаш бўйича ариза топширди. Вазирлик департамент бошлиғи ўринбосари Дмитрий Зверев Давлат думасидаги мажлисда шу ҳақда маълум қилди.

Маълумот учун, Россия ҳаво транспорти федерал агентлиги COVID-19 сабабли саккизта давлатга қўйилган авиақатновлар чекловини бекор қилди. Булар Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Эрон давлатларидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Migrant.mobi’га маълум қилишича, Ўзбекистон томони Россия билан автобус ва поезд қатновларини қайта тиклашга тайёр.

Ўзбекистон томони Россия билан автобус ва поезд қатновларини қайта тиклашга ҳар томонлама тайёр”, – деди Транспорт вазирлиги Матбуот котиби Наврўз Ашурматов.

Шу билан бирга, эпидемиологик вазият нисбатан юмшагандан буён Ўзбекистон томони Россия ва Қозоғистонга поезд ҳамда автобус қатновларини қайта тиклаш учун бир неча маротаба сўровлар юборилган. Бироқ, ҳозирча, рухсат берилиши кутилмоқда.

Доллар эмас, рубл берилади

12 мартдан бошлаб Россияда пул ўтказмаларига қўйилган янги чеклов кучга кирди. Унга кўра, эндиликда, Россияда истиқомат қилувчилар хорижий банк ва электрон ҳамёнлардан ўтказилган маблағларни фақат рублда олишлари мумкин. Масалан, Ўзбекистондан Россияга 1000 доллар юборилган дейлик. Банк бу пулни қабул қилинаётган кундаги банк курси бўйича рублда беради. Яъни, банк бир долларни 120 рублдан сотиб олаётган бўлса, 120 минг рубл берилади. Пул бериш жараёни банк курси бўйича амалга оширилади ва тўланган сумма Россия Банкининг расмий валюта курслари бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлмайди.

Bakiroo Telegram канали бу масалани шундай изоҳлаган:

«Регуляторнинг янги талаблари Россияга пул ўтказмаларини деярли ўлдиради, фойдаланувчилар нақд валюта ташиш каби экстремал ва унчалик қонуний бўлмаган воситалардан фойдаланишни бошлайди. Очиғини айтганда, Россия Марказий банки хорижликлар Россияга нақд валюта ташиб келишларини истамоқда».

Migrant.mobi, ўз навбатида, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларни ҳар қандай ноқонуний ишларга яқинлашмасликка чақириб қолади. Пул топиш учун ҳар хил усулларга қўл уришдан аввал, мутахассис билан маслаҳатлашган маъқул.

Дастуримиз сўнггида Youtube обуначиларини Migrant.mobi Telegram каналига ўтишни тавсия этиб қоламиз. Чунки, Youtube Россияда блокланадиган бўлса, янгиликларни ушбу каналда кузатиб боришингиз мумкин бўлади.

Ўтаётган ҳафтада содир бўлган хабарларнинг қисқача талқини мана шулар эди.

Толиб Раҳматов тайёрлади

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация