Мигрантларга ҳам урушга чақирув қоғози келмоқда
Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Россяи фуқаролигини олган ватандошларимизга ҳам чақирув хатлари кела бошлаган эди. Ҳаттоки фуқаролик олганига бир ой бўлганлар ҳам бундай хатлар келгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Бу ҳолатни тушунса бўлади. Ҳар холда улар Россия фуқаролари.
Аммо сўнгги пайтларда Россия фуқаролигига эга бўлмаган мигрантларга ҳам чақирув қоғозлари кела бошлади. Ижтимоий тармоқларда ўзини Сирож Набиев деб таништирган Ўзбекистон фуқаросинининг видеоси тарқалди.
“Мен Москвада яшайман, лекин ҳеч қачон Россия Федерацияси фуқароси бўлмаганман. Шунга кўра, мен ҳеч қандай ҳарбий рўйхатда тура олмайман. Бу ҳақда Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилганман, улар менга бориб ариза ёзишимни айтишди, шунингдек, ҳеч қаерга бормаслигим ҳақида огоҳлантиришди”, — дейди Сирож Набиев видеода.
Mediazona Марказий Осиё нашрининг ёзиишича, бу Россияда хорижликларга чақирув қоғозини топшириш бўйича биринчи ҳолат эмас. Октябрь ойи бошида шу йўл билан Петербургда Қозоғистон фуқаросини армияга чақиришга уриниб кўришгани хабар қилинган эди. Маҳаллий ҳарбий комиссарлик чақирув қоғози «хато» туфайли юборилганини тан олди, аммо улар эркак кишига «рўйхатдан ўтиш ва бу ҳақда бошқа ўйламаслик» учун барибир комиссарликка келиб-кетишни тавсия қилишди.
Бундан ташқари, Mediazona Россиянинг Петербургдан Владивостоккача бўлган турли шаҳарларида яшовчи юзлаб тожикистонликлар чақирув қоғози олгани ҳақида ёзган.
Аввалроқ, шунингдек, Москва областининг Подолск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросига ҳарбий комиссарликка келишни талаб қилган чақирув қоғози топширилгани хабар қилинганди.
Ўтаётган ҳафтада ВНЖ га эга бизнинг танишимизга ҳам шундай қоғоз келганини кўрдик. Унинг айтишича, уйдан чиқишда камера тутган военкомат ходимлари чақирув қоғозини бериб кетишган. Ўша йигит Ўзбекистон элчихонаси ходимлари маслаҳати билан военкоматга борди ва Ўзбекистон паспортини тақдим қилди. Унга хато бўлгани айтилиб, чақирув қоғози кўз ўнгида йиртиб ташланган.
Шундан сўнг каналимизда “Агар чақирув хати келса” мавзусида жонли эфир ташкил қилдик ва керакли маслаҳатларни бердик. Кўрмаганлар Ютюбдаги каналимизда кўриб олишлари мумкин.
Шу ўринда Россиядаги ватандошларимизга маслаҳатлар:
– Ҳеч қандай чақирув ёки ўзингиз тушунмаган қоғозларга имзо чекманг, сизни ҳарбий комиссариатга чақирмоқчи бўлганларга Россия фуқароси эмаслигингизни айтинг ва ўз паспортингизни кўрсатинг;
– Шундай ҳолларда Ўзбекистон элчихонаси ёки migrant каналининг махсус телеграм-ботига мурожаат қилинг. Унутманг, ҳеч кимни чет эл фуқаросини урушга мажбуран жалб қилишга ҳаққи йўқ.
Бир нарсага эътибор бериш керак. Ҳар бир ҳарбий комиссариатнинг сафрабарликка фалон миқдорда одам жалб қилиш бўйича мажбурияти бор. Шунинг учун ҳам тартибсиз равишда барчага чақирув хати юборилмоқда. Военкоматга келган соддароқ одамларни Россия фуқароси бўлмаса ҳам ихтиёрий шартнома тузишга кўндиришга ҳаракат қилиб кўриш мумкин. Лекин, сиз содда бўлманг. Военкомга аскар керак бўлса, сизга ҳаётингиз керак.
Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Киевдаги элчихоналари ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди
Украина шаҳарларига ракета ҳужумлари кучайгани ортидан Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Киевдаги элчихоналари ватандошларини Украинани тарк этишга ва бу мамлакатга сафар қилишдан тийилишга чақирди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ватандошларни зиддият ҳал бўлгунига қадар Украинага бормасликка яна бир бор чақирди. Мурожаат дипломатик миссия сайтида эълон қилинди.
Баёнот Россия томонидан Украина шаҳарларига ракета ҳужумлари кучайиши ортидан эълон қилинди. «Бундан ташқари, фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда бутун Украина бўйлаб ракета ва артиллерия зарбаларининг давом этиши эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу мамлакатни тарк этишларини сўраймиз», — дейилади баёнотда.
Тожикистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси вазиятнинг кескинлашуви сабабли ватандошларни Украина ҳудудини тарк этишга чақирди.
“Украинада бўлган Тожикистон Республикаси фуқароларига ҳарбий ҳолат талабларига, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари раҳбариятининг шахсий хавфсизлик бўйича кўрсатмаларига қатъий риоя қилишлари ва иложи борича Украина ҳудудини тарк этишлари тавсия қилинади”, – дейилади Тожикистон элчихонаси мурожаатида.
Тожикистон ҳукумати шунингдек вазият барқарорлашгунига қадар Украинага бормасликликни сўраган.
8 ойдан бери уруш бўлаётган жойдан кетмаган одамларимизга бу гаплар қанчалик таъсир қилади, билмадим. Лекин, Украинада ҳақиқатдан ҳам уруш бўляпти. Менимча, ракета овозларини ҳам эшитгандирсизлар.
Украинага чегарадош ҳудуддаги ўзбекистонлик талабалар президентдан ёрдам сўради
11 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Украинага чегарадош ҳудуддаги Курск вилоятида таҳсил олувчи бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади, видео тармоқларда тарқалди.
Уларнинг сўзларига кўра, Россиянинг Курск вилояти Украинанинг Суми шаҳри билан чегарадош ҳисобланганлиги боис, «махсус операция»нинг таъсири талабалар ўқиётган ҳудудга ҳам сезилмоқда. «Тёткино аҳоли яшаш пунктига кунда ва кун ора снарядлар келиб тушмоқда. Ундан ёмони, биздан 30 км узоқда жойлашган Курск атом станциясига шу пайтгача 3 марта теракт содир этилди. Қўшни Белгородда ахолининг асосий қисми эвакуация қилиниб, ўқишлар онлайн тарзга ўтказилди», — дейди талабалардан бири.
Шунингдек, у жорий йилнинг март ойида, ҳали вазият барқарор бўлган пайтда Қозоғистон талабаларининг ўқишларини ўз давлатига кўчириб олиб кетганини ҳам айтиб ўтди. «Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, бизни ўқишимизни Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларига кўчиришингизни илтимос қиламиз», — дейилади мурожаат сўнггида. Ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини маълум қилди.
Daryo нашрининг хабар беришича, Белгороддаги ўзбекистонлик талабалар ётоқхонада жон сақлаётганини айтишмоқда. Улар яшаётган ётоқхонадан тахминан 2,5 километр узоқликдаги бинога бомба тушган.
“Ҳамма ваҳимада. Кимдир ўлса кейин ёрдам беришса керак. Нима қилишни билмай ўтирибмиз. Элчихонадагилар вазиятдан ҳабардор. Лекин ҳали бирор кўрсатма ёки қандайдир ёрдам беришгани йўқ. Телефон қилсак вазият ўрганилаётганини айтишди”,— деган талаба йигит.
Унинг қўшимча қилишича, ўқиш онлайн бўляпти. Ҳамма ётоқхонада жон сақлаб ўтирибди. Декан онлайн ўқиш тартиби чўзилиши мумкинлиги ва имкон бўлса хорижлик талабалар ўз юртларига кетганлари яхши эканини айтган.
Элчихоналар томонидан Украинани тарк этиш тўғрисидаги баёнотлар кеч бўлса ҳам бўляпти. Лекин, негадир Украина билан бевосита чегарадош ва у томондан ракета ҳужамлари бўлиб турган Брянск, Курск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Қримдаги юртдошларимизни ҳеч бўлмаса Россиянинг ҳавфсизроқ ҳудудларига кўчиб ўтишга тарғиб қилинмаяпти. Ваҳолангки, бу ҳудудларда ҳам бир неча минглаб ватандошларимиз бор ва улар ҳам ҳавф остида. Майли, ҳукумат айтмаса ҳам ўзимиз ҳаракат қилиб, тинчроқ жойларга бориб турсак ўзимиз ва яқинларимиз учун фойдалироқ бўларди.
«Комиловнинг Украина ҳақидаги нутқидан кейин иқтисодий муаммолар бошланди» — Алишер Қодиров
Мигрантларнинг севимли депутати Алишер Қодиров собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Камиловнинг Камиловнинг март ойида Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилган нутқидан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий муаммолар пайдо бўла бошлаганини айтди.
Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров “Kun.uz” га маълум қилди.
«Абдулазиз Камиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди. Мана шу ҳақда гапириш керак», — деди у.
Абдулазиз Камилов 17 март куни Сенат йиғилишида Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакат Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмаслигини таъкидлади.
Орадан 12 кун ўтиб, Камилов «сурункали хасталиги сабабли Тошкентда даволангани», кейин эса «чет элда даволангани» маълум бўлди.
27 апрел куни дипломат 12 йил давомида эгаллаб келган лавозимидан озод этилди. Кейин у Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, кейинроқ эса бир вақтнинг ўзида Давлат раҳбарининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили этиб тайинланди.
Алишер акани мигрантларга солиқ солиш кераклиги ҳақидаги таклифларидан кейин кўпчилик мигрантларимиз ёқтирмай қолишган. Лекин, бу ердаги гапларида жон борга ўхшайди. Ҳаммамиз мустақил сиёсат юритиш осон эмаслигини тушунишимиз керак. Ҳозир ҳам Россияда ватандошларимизни очиқчасига урушга боришга тарғиб қилишса ҳам бирор нарса дея олмаяпмиз. Шунинг учун кўпроқ ўз устимизда ишлашимиз ва ҳақиқий мустақилликка эришишимиз керак.
«Green Card»га анкета тўлдиришда йўл қўйиладиган энг кўп хатолар
Хабарингиз бўлса керак, 5 октябрдан бошлаб АҚШга кўчиб кетиш имконини берувчи DV-2024 лотереяси, яъни грин карта учун ариза топшириш жараёни бошланди ва аризалар 8 ноябрга қадар қабул қилиниши эълон қилинганди.
Бу йил рўйхатдан ўтиш учун тўлдириладиган анкета саволлари қисқарган. Саволлар орасидан талабгорнинг паспорт серияси ва рақами, паспорт берилган мамлакат, паспортнинг амал қилиш муддати ҳақидаги бандлар чиқариб ташланди. Лотереянинг аввалги йиллардаги қоидаларида номзоднинг айнан хорижга чиқиш паспорти бўлиши кераклиги аниқ ёзиб қўйилган эди.
Эндиликда ҳар қанақа паспорт маълумотларини киритиш талаби бекор қилингани натижасида, Ўзбекистон фуқаролари дастурда қатнашиш учун қизил паспорт олиш мажбуриятидан халос бўлди. Бу дегани 2022 йилдан бошлаб ўзбекистонликлар ИД карта ёки маҳаллий яшил паспорт билан ҳам грин-карта лотереясини ўйнаши мумкин. Қизил паспорт эса кейинроқ, ютуқ чиққан тақдирдагина керак бўлади ва уни ўша пайтда ҳам олса бўлади.
Аслида 2019 йилгача бўлган даврда ҳам грин-карта ўйновчилардан паспорт маълумотлари сўралмас эди. Бунақа талаб уч йил олдин, мигрантларни хушламайдиган Доналд Трамп президентлиги пайтида киритилган эди. Лекин 2022 йил феврал ойида АҚШ федерал суди бу талабни ноқонуний деб топди. Гап шундаки, бу лотерея – АҚШга келувчи иммигрантлар орасида миллатлар хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган.
Америка орзусида юрган юртдошларимиз учун «Green Card»га анкета тўлдиришда йўл қўйиладиган энг кўп хатолар ҳақида маълумот берсак. Демак, қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
Айтганча, бу ҳафта каналимизда КАНАДАГА 10 МИЛЛИОН ИШЧИ КЕРАК мавзусида интервью бўлиб ўтди. Кўришни тавсия қиламан. Канададаги шароитлар АҚШ дан қолишмаслигини билиб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон фуқароларининг Таиландда вақтинча бўлиш муддати 15 кундан 30 кунгача узайтирилди
Таиланд Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 31 мартгача бўлган даврда Ўзбекистон фуқароларининг ушбу мамлакатда вақтинча бўлиш муддати 15 кундан 30 кунгача узайтирилган.
Ўзбекистон фуқароларига визалар Таиланд аэропортларидаги “Visa on Arrival” ёзуви мавжуд бўлган махсус ўтиш йўлакларида берилади.
Виза тўлови бир киши учун 2000 батни (тахминан 55 АҚШ доллари) ташкил қилади. Бундан ташқари, иммиграция назоратидан ўтаётганда фуқаролардан меҳмонхонани банд қилганлиги тўғрисида ҳужжат ёки ҳар бир киши учун 20 минг Таиланд бати (тахминан 550 доллар) миқдорида маблағ мавжудлигини тасдиқлаш талаб қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Бош консулхонасидан олинган маълумотга кўра, барча тоифадаги фуқаролар учун эмлаш сертификати ёки PCR-тестини тақдим этиш талаб қилинмайди.
Демак, ўзбекистонликлар Таиландда 30 кунгача дам олишлари мумкин. Яна ишлагани бориб юрмангнлар. У ерда мигрантларга иш йўқ.
Туркияда мигрантлар яшаши мумкин бўлган ҳудудлар яна қисқарди
Тайландда ўзбекистонликлар учун визасиз қолиш муддати узайтирилган бир пайта Туркияда мигрантлар яшайдиган ҳудудлар сони қисқарди.
Туркия миграция қонунчилигига кўра, қайси маҳаллада рўйхатдан ўтган хорижликлар улуши умумий аҳоли сонининг 25 фоизини ташкил этса, ўша маҳаллада хорижий фуқаронинг рўйхатдан ўтиши вақтинча тақиқланади.
Яъни, маҳаллада яшовчи минг кишидан 250 киши хорижлик бўлса, бу маҳаллада хорижликни рўйхатга олиш, уларнинг бу ерда доимий яшаши вақтинча ман этилади.
11 июндан бошлаб Туркия Ички ишлар вазирлиги турли вилоятлардаги айрим маҳаллаларда хорижликлар зичлигини инобатга олиб, аввалига 781 маҳаллада хорижликларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, уларни халқаро ҳимоя рўйхатидан ўтказиш, яшаш учун рухсатнома бериш (иқамет изни), вақтинчалик ҳимоя ёки халқаро ҳимояга олинганлар рўйхатига киритиш ва яшаш учун рухсатномани расмийлаштириш ман этилишини эълон қилди. 1 июлдан бундай ҳудудлар сони 1200 тага етди. Ўтаётган ҳафтада бундай ҳудудлар сони кўпайгани эълон қилинди.
Шундай қилиб, Туркияда хорижий давлат фуқароларини рўйхатга олиш учун ёпилган ҳудудлар сони йил бошидан бери учинчи марта кенгайтирилди.
“Туркиядаги Ўзбеклар” каналининг ёзишича, “Туркияга яқинда келган фуқаро ГЎЧ идораси тақиқлаган ҳудудлардан яшаш рухсатномаси (икамет изни) ололмайди. Лекин, кўрсатилган ҳудудларда яшаб келган бошқа шахс янги туғилган фарзанди ёки оила аъзосини рўйхатдан ўтказиши мумкин”.
Тақиқланган ҳудудларнинг тўлиқ рўйхати билан Туркия ГЎЧ идорасининг веб-сайтида танишишингиз мумкин.
Сурияни ўзидан 3 миллиондан ортиқ муҳожир келганини ҳисобга олсак, Туркияда бу каби тақиқланган ҳудудлар бундан кейин ҳам кўпайиб борса керак. Лекин, айтишларича туркларнинг ўзлари четга қаерга боришса, турк маҳалларини ташкил қилишга, ўз ватандошлари билан бир жойда яшашга ҳаракат қилишар экан. Демак, бирликда иш кўп ва биз ҳам буни ҳисобга олишимиз керак.
Туркиядан ўрганадиган жойларимиз кўп. Таниқли уламо Мубашшир Аҳмад ҳам у ердаги бир ажойиб тажриба ҳақида пост қолдирди. Постда шундай дейилади.
Туркияда бир танишимизга квартира сотиб олдик. Пулини тўлаганимизда билсак, уй ичида ижарачи бор экан. Улар уй топгунимизча шу ерда яшаймиз, деб туриб олди. Туркия қонунлари ижарачини қаттиқ ҳимоя қилар экан. Адвокатлар агар судлашсангиз олти ойларда чиқаришингиз мумкин, деди. Икки томон ялиниб-ёлвориб бир ой деганда зўрға чиқардик.
У ерда ижарачи кўчада қолиб кетмаслиги учун ҳамма қонуний чора кўрилган экан. Уй эгаси ижара нархини хоҳлаган пайтда ошира олмайди. Йилда фақат 25%гача ошириши мумкин экан. Тўловлар фақат миллий валюта-лирада ҳисоб қилинади. Хуллас, хонадонда уй эгасидан кўра, ижарачининг ҳаққи кўпроқдек туюлди менга.
Домланинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам ижарачи ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ана шундай қонуний асослар яратилиши керак. Бундай кризис даврларда парламент ҳам тезкор ишлаши лозим.
Жуда ўринли таклиф. Тошкентда ижара нархлари икки баробарга ошиб кетди. Бундан оддий халқ қийналяпти.
Лекин, шу вазиятда ҳам ютуқда бўлган ўзбеклар бор.
Тошкентлик ишбилармон акамиз яшаб турган квартирасини Россиядан қочиб келган русларга ойига 1500$ дан ижарага берибди. Олдиндан уйнинг 3 ойлик пулини ва залогга яна 1500$ олиб, ўзи Россияга ишлагани кетибди. Соққани қил.
Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-саломат бўлишсин. Сизлар билан яхши кунларда кўришиш насиб қилсин. Саломат бўлинглар.