Мақола

568 18/01/2023

УКРАИНАДА ЎЛАЁТГАН ЎЗБЕКЛАР

Бугунги эфирда:

  • Хорижлик инвесторлар Россияда соддалаштирилган тартибда “Вид на жительство” олишлари мумкин;
  • Қозоғистон ва Россияда совуқда қолиб кетган ўзбекистонлик йўловчилар эвакуация қилинди;
  • Ишга таклиф қилиш ниқоби остида мигрантларни урушга юборишмоқда;
  • Самарада мигрантлар юқумли касалликка қарши эмланади;
  • Россиянинг “Золотая корона” тўлов тизими Тожикистонга қайтди
  • Москвада уй-жой ижараси арзонлашмоқда.

Хорижлик инвесторлар Россияда соддалаштирилган тартибда “Вид на жительство” олишлари мумкин

11 январдан бошлаб Россия Федерациясига сармоя киритган чет эл фуқароси Россияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ҳисобланувчи РВП олмасдан туриб, тўғридан-тўғри доимий яшаш учун рухсатнома, яъни ВНЖ олишлари мумкин. Бундай мезонларни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори кучга кирди.

Унга кўра, чет элликлар «ВНЖ» олишга  ариза топширишдан олдин уч йил ичида ижтимоий аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларга камида 15 миллион рубль миқдорида сармоя киритиш ёки Россия компаниясига 30 миллион рубль миқдорида сармоя киритиш орқали бундай имтиёзларга эга бўлишлари мумкин.

Ундан ташқари, сармоя киритилган компания камида уч йил фаолият юртиган бўлиши ва ВНЖ учун ариза беришдан олдинги йил учун 6 миллион рубль миқдорида солиқ ва бадалларни тўлаган бўлиши керак бўлади.

«Яна бир вариант – Россияда камида икки йил фаолият юритган ва ҳар йили 4 миллион рублдан солиқ тўлайдиган юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш ва кейинчалик унга эгалик қилишдир», – деб изоҳ берди Россия Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач.

Шунингдек, хорижлик инвесторлар Россияда қурилиш босқичида ёки фойдаланишга топширилганига икки йил бўлмаган, умумий кадастр қиймати Москвада – 50 миллион, Россия узоқ шарқида 20 миллион, бошқа регионларда эса 25 миллион рублдан кам бўлмаган ҳар қандай  кўчмас мулк сотиб олиш орқали ҳам ВНЖ олишлари мумкин. Бунда чет эл фуқароси ариза топширишдан олдин кўчмас мулкка бир йил давомида эгалик қилган бўлиши керак.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2023 йилда “ВНЖ” олишнинг соддалаштирилган тизими бўйича Россияга эҳтимолий инвестициялар ҳажмини 12 миллиард рублгача, кейинги йилларда – йилига 40 миллиард рублгача баҳолаган.

Қозоғистон ва Россияда совуқда қолиб кетган ўзбекистонлик йўловчилар эвакуация қилинди

Шу кунларда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонда қаттиқ совуқ бўлаётгани ҳаммага маълум. Ўзбекистонда ҳукумат уни аномал совуқ деб ҳам айтмоқда. Бундай совуқ оқибатида автомобил йўлларида юртдошларимиз билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳам юзага келмоқда.

10 январь куни Россиянинг Нижний Новгород вилояти, Навашинский туманида «Москва-Ўзбекистон» микроавтобуси йўловчилари полиция ходимлари томонидан қутқариб олинган.

Хабарга кўра, микроавтобус катта йўлда бузилиб қолган, унинг салонида 19 киши бўлган. 40 даража совуқда қолган йўловчилар диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрашганидан сўнг, ЙПХ ходимлари томонидан топилган. Туман ҳокимияти жабрланганларни ташиш учун транспорт ажратган, улар ички ишлар бўлимига олиб борилган. Шу билан бирга, полиция автобус йўловчиларининг мақомига ойдинлик киритиш ва уларнинг Россияда бўлишига рухсат берувчи ҳужжатларини текширишга қарор қилган.

11 январь куни Қозоғистонга қарашли Иргиз туманидан 20 км узоқликда, Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 1153-километрида йўловчи автобуси тўхтаб қолганлиги ҳақида маълумот келиб тушган. “Автобусда 3 нафар Қозоғистон ва 38 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ноқулай об-ҳаво туфайли йўл тўсиб қўйилганлиги сабабли барча йўловчилар Иргиз қишлоғидаги уммтаълим мактабига жойлаштирилган.

Кейинроқ Айтекебий туманида, Қорабутоқ қишлоғидан 2 км узоқликда яна бир йўловчи автобуси ҳам ёрдамга муҳтожлиги ҳақида маълумот олинган. Маълум қилинишича, автобус салонида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб, улар масжид биносига жойлаштирилган.

Ўзбекистон транспорт вазирлиги бу ҳолат тезлик билан муносабат билдирган ва ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олиб, йўловчи ташувлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасидан халқаро йўналишларда амалга оширилувчи мунтазам автобус қатновлари жорий йил 13 январдан вақтинчалик тўхтатилганини эълон қилган.

“Шу кунларда қўшни Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерациясида кузатилаётган кучли совуқ туфайли йўлларда музламалар ҳосил бўлиб, автотранспорт воситаларида техник носозликлар келиб чиқиши натижасида йўловчилар қийин вазиятларга тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда”,- деб ёзади Ўзбекистон транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ҳам қойил. Ҳолат бўйича Россия ва Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларни ноқулай об-ҳаво туфайли йўлларда кузатилаётган ноқулайликлардан огоҳлантирди ва ушбу давлатларда бўлиб турган фуқаролардан барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни сўради.

“Сўнгги кунларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совуши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда.

Шунингдек, ушбу давлатларда яқин ҳафталар давомида ҳам совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб қолиши хабар қилинмоқда.

Шу муносабат билан, ушбу давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, – дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Тўғриси, давлат ташкилотларининг бу каби тез ҳаракат қилишларини энди кўришим. Шунақа ишласа ҳам бўларкан-ку! Уларга бундай кейин ҳам шунақа яхши ишлашни, ватандошларимиздан эса, совуқда ўзларини эҳтиёт қилишларини сўраб қоламиз.

Ишга таклиф қилиш ниқоби остида мигрантларни урушга юборишмоқда

Россиядаги автобуслар, миграция марказлари ва бошқа жойларда бўлаётган мигрантларни Украинадаги урушда қатнашиш эвазига Россия фуқаролиги бериш ва пул ваъда қилиш таклифларидан хабарингиз бор. Бу  очиқ тарғиботга мисол бўла олади. Лекин ёпиқ, яширинча тарғибот ҳам бор.

Урушга қатнашишга тарғиботнинг яширин усуллари ҳақида миграция бўйича юрист Зарнигор Омониллаева ўз телеграм каналида маълумот берган.

“Яширинча тарғибот қандай кетаяпти? Мигрантларга аталган иш гуруҳларда юзлаб иш эълонлари бор. Шулар орасида мигрантларга иш ниқоби остида аслида Махсус операцияга чақирувлар бор. Мигрант иш таклиф қилишаяпти, деб ўйлаб телефон қилади. Суҳбатга чақиришади. Суҳбатга боргунча баъзида паспорт ёки бошқа ҳужжатининг расмини юборишни сўрашади. Суҳбатга борганда “янги” ҳудудларда ер қазиш, бетон қуриш ва бошқа юмушлар учун ишчиликка чақиришмоқда. Гўёки уруш эмас, шунчаки ўша ерларда аскарларга керакли бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиш керак.

Суҳбат рус тилида, жудаям мулойим ва ҳурмат асосида қурилмоқда. Ишончга кириш учун аллақачон у ерда ишлаётган бошқа  ватандошлар билан суҳбат қилиб кўриш ҳам таклиф этилаяпти.  Баланд нархдаги кунлик тўлов, ҳужжатлар муаммосининг ҳал қилиниши, еб-ичиш ва турар жой таклиф қилинмоқда.

Ҳақиқий иш эълонларидан Махсус ҳарбий операцияга чақирувни қандай ажратиб олса бўлади?

Ман кўрган эълонларнинг барчасининг ажралиб турадиган бир жойи бор — автобус Москвадан олиб кетади, дейилган. Яъни иш эълонида автобус сизни бошқа шаҳардаги иш жойига олиб кетиши айтилган бўлса демак бу ҳарбий операцияга чақирув. Бундай эълонларга телефон ҳам қилманг, гаплашиб қизиқиб ҳам ўтирманг”.

Шу билан бирга, юрист Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига урушда қатнашгани жиноий жавобгарлик борлигини эслатиб ўтган.

Migranto.ru портали асосчиси Светлана Саломова ҳам биздан мигрантларни Украинанинг уруш бўлаётган ҳудудларига ишга бориш масаласида огоҳлантиришимизни сўради. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда интернет орқали Донбасс, Луганск ва Запрожьеда кўплаб бўш иш ўринлари таклиф қилинмоқда. Бу ишларга, асосан қурилиш компаниялари жалб қилишмоқда. Лекин, ана ўша ҳудудларда Россия ички ишлар вазирилигининг миграция бўлимлари ҳали иш бошламаган. Бу дегани, регистрацияни қайд қилиш, муддатини чўздириш ёки ишга қабул қилиш ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириш имкони йўқ. Иш берувчиларнинг ҳам боши қотган. Яъни, норасмий ишлаш ва регистрациясиз юришга тўғри келади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

Биз ўз кўрсатувларимиз ва бошқа чиқишларимиз орқали юртдошларимизни урушда қатнашмаслик ва уруш бўлаётган ҳудудларга бормасликни бир неча марта гапирганмиз. Давлат ташкилотлари ҳам огоҳлантириш бериб ўтган. Афсуски, урушга кетган ватандошларимиз учраб турибди. 21-22 декабрь кунлари Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган 6 нафар маҳбус Луганск вилоятидаги ўқув-тайёрлов лагеридан қочиб кетган.  Улар орасида Ўзбекистоннинг уч нафар, Россия, Беларус ва Қирғизистоннинг бир нафардан фуқароси бор. Уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бизда шу пайтгача 4 нафар ўзбекистонлик урушда ўлгани ҳақида маълумот бор. Яқин кунларда улар ҳақида алоҳида кўрсатув ҳам тайёрлармиз. Балки, шундан кейин пул учун ҳамма нарсага тайёр ватандошларимиз сони камаяр.

Самарада мигрантлар юқумли касалликка қарши эмланади

Самара вилоятида ноқулай эпидемиологик вазият сабабли  минтақада қизамиққа қарши эмлаш эълон қилинди. Самара вилоятида давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг барча ходимлари ва шунингдек меҳнат мигрантлари қизамиқ касаллигига қарши эмланади.

Айни пайтда вилоятда ноқулай ва хатарли эпидемилогик вазият  қайд этилганлиги ҳақида вилоят бош санитар врачи Светлана Архипова томонидан ҳужжат имзоланди.

Маълум бўлишича Самара вилоятида 2021 йилда бундай инфекция қайд этилмаган, ҳозир эса асосан эмланмаган фуқаролар касал бўлишяпти. Оилавий касалланиш ҳолатлари ҳам аниқланяпти.

“Хавфли касалликнинг тарқалишини тўхтатиш учун қўшимча санитария –эпидемияга қарши чора-тадбирлар ва қизамиққа қарши эмлаш ишларини олиб бориш зарур”,- дейди бош санитар врач.

Архипова вилоят ҳукуматига вакцина сотиб олиш учун пул ажратишни, шунингдек, вилоят аҳолиси ва илгари қизамиқ билан касалланмаган, ушбу инфекцияга қарши эмланмаган чет эл фуқароларини эмлашни тавсия қилган.

Декабрь ойида Новосибирск вилоятида ҳам аҳолини қизамиққа қарши эмлаш эълон қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2022 йил 16 декабрдан 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда меҳнат мигрантларини қизамиқ касаллигига қарши имунитетни ошириш учун эмлаш ишларини ўтказиш топширилгани ҳақида каналимизда хабар берилган эди.

Россиянинг “Золотая корона” тўлов тизими Тожикистонга қайтди

Тожикистон Миллий банки маълумотларига кўра, мамлакатда Unistream, Contact, Western Union каби 12 тўлов тизими мавжуд.

Тожикистон Миллий банки (ТМБ) “Платёжный центр” нобанк кредит ташкилотига “Золотая корона” тўлов тизимини тиклаб, беш йил муддатга фаолият юритиши учун лицензия берди, деб хабар қилади банк матбуот хизмати.

2019 йилда Тожикистон барча ҳисоб-китоблар ва пул ўтказмаларини ТМБ орқали қайта ишлашни ўз ичига олган янги тизимга ўтди. Республикада фаолият юритаётган барча тўлов тизимлари Миллий процессинг марказига уланиши керак эди. Россия бу тизимга уланмади. Шундан сўнг бир қанча пул ўтказмалари тизимлари, жумладан «Золотая корона», Western Union, Contact ва «Юнистрим» мамлакатда ўз фаолиятини тўхтатган эди.

2019 йил 24 декабрда эса бу тизимлар Тожикистондаги фаолиятини қайта тиклади. Республикада 81 фоиз улуш билан тўлов тизимлари етакчиси бўлган “Золотая корона” ўша пайтда янги тизимга уланмаганди. Эндиликда мазкур тизим Тожикистонда яна ишлай бошлайди.

Москвада уй-жой ижараси арзонлашмоқда

2023 йил бошида Москвада уй-жой ижараси нархларининг пасайиши давом этади, деб ҳисоблайдилар бозор иштирокчилари.

Талаб пастлиги шароитида нархларнинг ўзгариши табиий ҳолат. Москвада уй-жой ижарасининг ўртача нархи йил давомида сезиларли даражада пасайди. Бу ҳақдаги маълумотлар “Миэль” риелторлик компаниясининг кўчмас мулк бозори таҳлилида ўз аксини топди.  Компания статистик маълумотларига кўра бир хонали квартиралар нархи 2021 йил декабридан 2022 йил декабригача ўртача 7 фоизга, икки хонали квартиралар 9,5 фоизга арзонлашган.

Декабрь ойида бир хонали квартирани ўртача нархда 36,5 минг рублга ижарага олиш мумкин бўлса, икки хоналикнинг ижараси 48,4 минг рублни ташкил этган. Нархларнинг пасайиши уй-жой бозорида таклифларнинг кўпайганлиги натижасида содир бўлди: йил давомида таклифлар сони кўпайиб, объектлар сони 50 мингтага етди.

“ЦИАН” компанияси ҳам уй ижараси ставкалари пасайтирилганини тасдиқлайди. Платформадаги эълонларга кўра, 2022 йил январидан декабригача бир хонали квартираларнинг ижарага таклиф этилаётган суммаси 12 фоизга камайган.

“Инком-Недвижимость” кўчмас мулк компанияси йил охирида лизинг битимларининг аксарияти 5 фоиздан 10 фоизгача чегирма билан тузилганлигини қўшимча қилди.

“Компания маълумотлариг кўра, 2023 йилда Москвада ижара нархларининг босқичма-босқичма пасайиши тенденцияси давом этади. Декабрь ойида ижара талаблари одатда кам бўлади.  Январь ойининг биринчи ярмида одамлар у ёки бу тарзда дам олишади, иккинчи ярмида иш бироз жонланади. Йил давомида бундай ўзгаришлар содир бўлиши табиий. Уй-жой ижара нархлари асосан меҳнат бозоридаги вазият билан боғлиқ бўлади”,- дейди “Миэль” компанияси бош таҳлилчиси Екатерина Бережнова.

“Инком-Недвижимость” компанияси ижара департаменти директорининг ўринбосари Оксана Полякова, ҳозирда Москвада ижарага бериладиган уйларга талаб камлиги сабабли нархлар ўсишига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади. Йилнинг биринчи чорагида ҳам ўтган йилдаги вазият давом этиши мумкин.

Тўғриси, мен бирор марта Москва ёки Тошкентда ижара нархи пасайганини кўрмаганман. Албатта, Украинадаги вазият сабаб кўп россияликлар уйларини ижарага бериб, четга кетишмоқда. Балки бу ҳам сабаб бўлгандир. Бу ҳолатдан мигрантларимиз ҳам фойдаланиб қолишса бўлар. Ижара арзонлаганини сизлар ҳам сездингларми? Жавобини изоҳларда қолдиринг. Илохим, нархлар тушгани рост бўлсин.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация