Мақола

1 285 18/04/2022

Migrant.news: Қозоғистонга “кирди-чиқди” қилса бўладими?

Uzbekistan Airways’дан хушхабар ва фирибгарлардан огоҳлантириш

Ўтган ҳафтада Uzbekistan Airways авиакомпанияси мигрантларга қулайлик тақдим этиш мақсадида Термиздан Санкт-Петербург авиапарвозларни йўлга қўйишини эълон қилди. Шундай қилиб, сурхондарёликлар 2022 йил 5 майдан бошлаб Россиянинг шимолий пойтахтига мунтазам авиақатновлар орқали боришлари мумкин бўлади.

Парвозлар ҳафтанинг пайшанба кунлари амалга оширилади. Термиздан маҳаллий вақт билан 08:55 да учган самолёт Санкт-Петербургнинг Пулково аэропортига маҳаллий вақт билан 12:20 да қўнади.  13:50 да Санкт-Петербургдан учган ҳаво лайнери 21:00 да Термизга етиб келади.

Маълум қилинишича, бир томонга авиачипта нархи юксиз 1 961 814 сўмдан ва юк билан 2 160 354 сўмдан таклиф этилмоқда. Икки томонга юксиз авиачипта 3 698 660 сўм, юк билан 4 095 738 сўмдан бошланади.

Диққат қилинг, бортда “бомба”

Бунақаси фақат киноларда бўлиши мумкин, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Ўтаётган ҳафтада “Uzbekistan Airways” самолёти Москванинг Домодедово аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт бортида бомба борлиги ҳақида хабар берилгани бунга сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, “Uzbekistan Airways”нинг Беларус пойтахти Минскдан Тошкентга учган Airbus A-320 самолётининг борти “миналаштирилгани” тўғрисидаги аноним хабардан сўнг, Москвадаги Домодедово аэропортига қўнган. “Uzbekistan Airways” матбуот хизмати вакили Камола Икромованинг маълум қилишича, самолёт тўлиқ текширувдан ўтказилган ва аноним хабар ўз тасдиғини топмаган. Самолёт бортида жами 104 нафар йўловчи бўлган.

Осмонда, ерда бало-қазодан барчамизни Аллоҳ асрасин.

Ҳурматли ватандошлар! Migrant.mobi билан соққа қилиш вақти келди.

Mobil Migrant лойиҳасида қатнашинг ва пул ишланг. Migrant.mobi’дан Россия ва бошқа давлатларда фаолият юритаётган мигрантларга ажойиб таклиф.

Энди сиз ўзингиз гувоҳ бўлган турли воқеалар-ҳодисалар ҳақида видеолавҳалар, гифлар, расмлар ва овозли хабарларни @mobilmigrant_bot Телеграм ботига юборишингиз мумкин.

 Энг қизиқарли ва мигрантларга манфаатли бўлган хабарлар Migrant.mobi сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади ҳамда ой якунида фаол иштирокчиларга пул мукофотлари берилади.

 Фаол бўлинг, иштирок этинг ва пул ишланг!

Сохта авиачипталарни аниқлаш усули маълум қилинди

Сўнгги вақтларда авиапарвозлар учун сохта авиачипталар сотиш ҳолатлари кўп учраётгани хабар қилинмоқда. Авиачиптанинг ҳақиқийлигини қандай текшириш мумкин, деган саволга «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ойдинлик киритди ва лайфҳак тақдим этди. Унга кўра, ҳақиқий авиачиптада қуйидаги маълумотлар бўлади:

  • авиачипта 250 сони билан бошланади;
  • 13 та рақамдан иборат ноёб авиачипта рақами бўлади;
  • Авиачиптани сотган агентликнинг тўлиқ манзили қайд этилади; авиачиптанинг нархи ёзилади;
  • агентлик йиғими миқдори;
  • харид қилинган аваичипта тарифи;
  • юк учун рухсат этилган жой миқдори киритилган бўлиши керак.

Бундан ташқари, «Uzbekistan Airways» авиақатновига чиқиш ва рўйхатдан ўтиш вақти тугаши ҳақида эслатма ҳам мавжуд бўлади. Шунингдек, авиачиптани ушбу ҳавола ёки 78 140 02 00 телефон рақами орқали текшириб олиш ҳам мумкин.

Қўшни республикаларга автобус қатнови йўлга қўйилди

12 апрелдан эътиборан Ўзбекистондан Қозоғистон ва Тожикистон шаҳарларига автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Қатнов жадвали ва чипта нархлари Транспорт вазирлиги томонидан эълон қилинди. Ҳозирча, Қозоғистонга бешта йўналиш бўйича қатновлар ҳар куни амалга оширилмоқда. Булар:

Тошкент – Олмаота (16:00, 17:00, 18:00, 19:30) – 200 минг сўм;

Тошкент – Чимкент (12:00) – 60 минг сўм;

Тошкент – Нур-Султон (18:00) – 350 минг сўм;

Тошкент – Туркистон (19:00) – 100 минг сўм;

Тошкент – Қизилўрда (19:00) – 200 минг сўм.

Шунингдек, 12 апрелдан Тошкент – Хўжанд йўналишида ҳам автобус қатнови амалга оширилмоқда. Соат 18:00 да йўлга чиқадиган автобус чиптаси 100 минг сўм. Барча рейслар «Тошкент» автовокзалидан амалга оширилади.

Хайр «Сбербанк Онлайн!»

Якунланаётган ҳафтада Россиянинг энг йирик банкининг мобил иловаси «Сбербанк Онлайн» Google Play ва App Store`дан ўчирилди. Аввалроқ, Сбернинг қатор иловалари ҳам Аpple App Store ва Google Play`дан олиб ташланганди. Албатта, «Сбербанк Онлайн» бунгача мобил қурилмангизга ўрнатилган бўлса, ташвишланишга ҳожат йўқ. Бироқ, телефонингиздан ўчирган бўлсангиз, уни қайта юклаб олиш имкони йўқ. Иловани аллақачон ўрнатган мижозлар ташвишланмаса ҳам бўлади. Аввал юкланган барча иловалар ишлайди, улардан фойдаланишда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди.

Сбербанк маъмурияти банк амалиётларини бажариш учун аввал ўрнатилган иловаларни ўчирмасликни ёки мобил қурилмалар учун мослаштирилган «СберБанк Онлайн» веб-версиясидан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, “СберБанк Онлайн”ни бу ердан юклаб олишингиз мумкин.

Migrant.mobi иловани фақат банкнинг расмий веб-сайти орқали юклаб олишни тавсия қилиб қолади.

Ҳафта саволи: Қозоғистондан Россияга кирди-чиқди қилса бўладими?

Ўтиб бораётган ҳафтада Россиядаги кирди-чиқди қилмоқчи бўлган мигрантларни кўпроқ қизиқтирган савол Россиядан Қозоғистонга кирди-чиқди қилса бўладими, деган савол бўлди, десак янглишмаймиз. Айни шу мавзуга дахлдор хабар мобил мигрант ботимизга келиб тушди. Унда ватандошлардан бири ўзбекистонликлар Қозоғистондан Россияга ўта олмаслигини айтар экан, кирди-чиқди ҳам қилиб бўлмаслигини билдиради.

Маълумки, 2022 йил 11 апрелдан Қозоғистон барча чегарадош давлатлар билан қуруқликдаги чегараларини очгани хабар қилинган эди. Қозоғистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар ҳам бемалол икки давлат чегараларидаги ўтказув пунктларидан автомобилда ёки пиёда ўтишлари мумкин бўлди.

Умуман, Ўзбекистон фуқароси Қозоғистондан Россияга ўтиши мумкинлиги ҳақида бирор расмий манбада тасдиқловчи хабар мавжуд эмас. Шу билан бирга, Россиядан Қозоғистонга ўтиш мумкинлиги, бироқ, Россияга қайтиш имкони йўқлиги хабар қилинмоқда.

Шу ўринда, Migrant.mobi тавсияси шуки, турли хабарларга ишониб, ишончли маълумот пайдо бўлмагунча, Россиядан Қозоғистонга “кирди-чиқди” қилмай турган маъқул. Чунки, Россиядан Қозоғистонга ўтгач, Россия томони киритмаса, қийин аҳволда қоласиз. Натижада Ўзбекистонга қайтиш ёки авиачипта харид қилишдан бирини танлашга мажбур бўласиз.

Москвадаги қурилиш майдонида фожиа. 1 ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Москванинг Бригадирск кўчасидаги бинолардан бирида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари вақтида бино томи қулаб тушди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси маълум бўлишича, таъмирлаш ишларини ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари амалга ошираётган бўлган.

Ҳодиса оқибатида бир ўзбекистонлик ҳалок бўлган ва бир ватандош шифохонага ётқизилган. Ҳозирда вафот этган мигрант жасадини Ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация