Мақола

630 20/09/2022

ҚАМОҚДА ҲАМ ТИНЧЛИК КЕРАК

Украина Қуролли Кучлари томонидан ўзбекистонлик ёлланма аскарлар қўлга олинди

Ўтаётган ҳафтада Украинадаги жангларда ўзбекистонликлар ҳам қатнашаётгани ҳақидаги хабар ва гумонлар ўз тасдиқини топди. Телеграм каналларда украин ҳарбийлари икки ўзбекистонликни асир олгани тасвирланган видеолар тарқалди. Унда Россия тарафида хизмат қилган ҳар икки эркак ўзларининг самарқандлик эканини айтишган.

Улардан бири видеода Россияда беш йилдан бери ишлаб келаётгани, ноқонуний ишлаб юрган пайтда урушга мажбуран юборилганини айтган бўлса, бошқаси талаба экани, пул учун ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлганини таъкидлайди.

Воқеадан бироз вақт ўтиб Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина Ташқи ишлар вазирлигига ушбу вазият юзасидан батафсил ва ишончли маълумот олиш мақсадида расмий нота юборди. Эчихона ўз хабарида фуқаролардан, яъни сиз ва биздан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни ва барча ҳолатлар бўйича якуний ойдинлик киритилишини кутишни сўраб қолган.

Элчихона жавобини кутиб ўтирмасак ҳам ҳар томондан келаётган хабарлар Украинадаги жангларда ўзбекистонликлар ҳам қатнашаётгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етарли бўляпти. Мана, ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин:

— Июль ойида қирғизистонда жойлашган MediaHub маркази журналистлари томонидан суриштирув натижаси эълон қилинган эди. Унга кўра, интернетда қирғизистон ва ўзбекистонликларни Украинадаги жангларда Россия тарафида қатнашиш учун ёллаш кетаётгани айтилган. Тарқатилган иш эълонларида Россияда қўриқлаш хизматларида ишлаш таклиф филинади. Иш ҳақи 100 минг рубль. Яхши ишлаганларга Россия фуқаролигини олишга ёрдам берилиши айтилган. Журналистлар ушбу эълон бўйича мурожаат қилишганида уларга ҳозирда бу иш йўқлиги айтилиб, оийга 240 минг рубль иш ҳақи эвазига Украинадаги урушда Россия ҳарбийлари тарафида қатнашиш таклиф қилинган.

Бунга асосланиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўз телеграм каналида огоҳлантириш билан чиққан эди.

— Август ойи бошида “Марказий Осиё Перм ўлкаси ўзбеклари жамияти” раиси Украинадаги махсус операцияда қатнашиш учун ўзбеклардан иборат “Амир Темур” номли батальон тузишни таклиф қилган.

— Ўтаётган ҳафтада эса, «Популярная политика» каналида Россия президенти Путинга яқинлиги айтиладиган бизнесмен Евгений Пригожин Украинадаги урушда қатнашиш учун Вагнер хусусий ҳарбий компаниясига Россия қамақхоналаридаги маҳбусларни ёллаётгани тасвирланган видео эълон қилинди.

Видеода урушга 22 ёшдан 50 ёшгача кишилар олиниши, агар бақувват бўлса ундан катта ёшлилар ҳам қатнашиши мумкинлиги айтилган. Уларга 100 минг иш ҳақи, олти ой хизмат қилганларга эса қамоқдан озод қилинишлари ваъда қилинган.

Демак, Украинадаги урушга Россия томонидан Марказий осиёликлар ҳам ёлланаётгани аниқ.

Бу ерда бир қанча саволлар пайдо бўлади:

  • Ҳеч қаерда расмий рўйхатдан ўтмаган “Вагнер” деган хусусий ҳарбий компания ва унинг вакилига Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни олиб чиқиш ваколатини ким берди?
  • Бу одам берган ваъдаларини бажара олишига қандай кафолат бор?
  • Бу одамнинг ўзини Россия жиноят кодексининг 359-моддаси бўйича 18 йилга қамаш керак эмасми?
  • Қарийб бир миллион аскардан иборат армияга эга Россия давлати жиноятчиларнинг ёрдамига қараб қолганми?
  • Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон хукуматлари нега жим? Нима сабабдан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан бошқа ҳеч қайси расмий давлат органи бунга муносабат билдирмайди? Сурияга борганларнинг яқинларигача маҳаллада
  • Россияда ҳужжатсиз юрган муҳожирларимизни полиция бўлимларида Россиядан депорт қилиш билан қўрқитиб, Украинага юборишса ёки Россия қамоқхонларида сақланаётган 10 мингга яқин ватандошларимизни урушда қатнашишга мажбурлашса нима қиламиз?

Ўтаётган ҳафтада Мигрант каналида бу ҳақда алоҳида таҳлилий видео эълон қилганмиз. Бу ердан ўтиб кўришингиз мумкин.

Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон элчихонаси зудлик билан Россия қамоқхоналаридаги Ўзбекистон фуқаролари билан алоқа ўрнатиши ва уларни бундай ҳарбий можароларда қатнашиш оқибатларидан огоҳлантириши керак. Ҳукуматдан ҳам бу бўйича аниқ муносабатни кутиб қоламиз.

Тошкент ва Москва ўртасида автобуслар ҳар куни қатнай бошлади

Россияда ишлашни ният қилган, аммо самолёт чиптасига қийналаётганлар учун хушхабар, Тошкент ва Москва ўртасида автобуслар ҳар куни қатнай бошлади, деб хабар беради Podrobno.uz.

Россияга қатновчи автобуслар билан боғлиқ хотираларимиз яхши эмаслигини ҳисобга олсак, чиндан ҳам хушхабармикан? Ҳа, майли.

Хуллас, автобуслар ҳар куни соат 12 дан бошлаб “Тошкент” автовокзалидан йўлга чиқади.

Йўл ҳақи юз доллардан сал кўпроқ, яъни 1 миллион 205 минг сўм этиб белгиланган, ҳаракатланиш вақти 2 куну 16 соатни ташкил этади.

Тошкендан Россиянинг қуйидаги шаҳарларига ҳам автобуслар қатнови йўлга қўйилган:

Тошкент – Қозон: сешанба ва жума кунлари (11:00), чипта нархи – 905 минг сўм;

Тошкент – Омск: сешанба ва шанба кунлари (23:30), чипта нархи – 805 минг сўм;

Тошкент – Новосибирск: душанба (14:00), чипта нархи – 905 минг сўм;

Тошкент – Нижний Новгород: пайшанба (6:00), 1 миллион 5 минг сўм.

Умид қиламиз, автобусларнинг техник ҳолати доимий назорат қилинади ва бошқа автобуслар билан юзага келган нохуш вазиятлар такрорланмайди.

Рус тилини билмайдиган болаларни мактабларга қабул қилиш мумкин эмасми?

Рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилмаслик керак! Буни бирорта бетайин миллатчи айтган бўлса керак деб ўйлагандирсиз? Афсуски, ундай эмас. Бу гаплар Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеевга тегишли. Унга кўра, Россияга бораётган меҳнат мигрантлари сони сўнгги пайтларда ошиб боряпти. Уларнинг аксарияти фарзандлари билан турли шаҳарларга кўчиб боришган. Мигрант ота-оналарнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмайдилар. Рус тилини билмайдиган мигрантларнинг болалари рус мактабларига ўқишга киритилмаслиги керак. Акс ҳолда бутун синфнинг ўқиши издан чиқади. Бундай вазиятда нафақат рус болалари, балки тил билмай ташриф буюрганларнинг ўзлари ҳам қийналадилар.

Шу ўринда бир савол туғилди: агар Ўзбекистонда ўзбек тилини билмайдиганлар мактабга қабул қилинмайди деган мазмунда гап айтилса, жаноб Фадеевнинг реакцияси қандай бўларкан? Ёки Ўзбекистонда ишлаш учун ўзбек тили, тарихи ва қонунчилик асосларидан имтихон топшириш керак дейилса?

Шукрки, Россияда тўғри фикловчи инсонлар ҳам етарли. «Одинаково разные» лойиҳаси раҳбари Ирина Белоусова тўғри таъкидлаганидек, аслида мактабларда рус тили курслари ва ижтимоий мослашув бўйича алоҳида ўқув ишлари мудири лавозими бўлиши керак. Давлат томонидан мигрант болаларнинг мактабларда ижтимоий-маданий мослашуви бўйича ишларни йўлга қўйиш ўрнига, мансабдор шахс болаларни рус тилини “маълум даражада” билишга етгунига қадар асосий таълимдан маҳрум қилишни таклиф этмоқда. Ахир бу на қонун-қоидалар ва на инсонийлик мезонларига тўғри келмайдику. Аслида ёш болаларга ўзлари кўчиб келган жойга озгина мослашиб олишлари учун шароит яратиш керак.

Россия Федерацияси Конституциясининг 43-моддасига кўра эса Россияда ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган, давлат мактабгача, асосий умумий ва ўрта касб-ҳунар таълимининг умумий ва бепул бўлишини кафолатлайди.

Аввалроқ айнан шу Фадеев Москва метрополитенида турли белги, эълон ҳамда кўрсатмаларнинг ўзбек ва тожик тилида ёзилганини танқид қилганди. “Прокшино” ва “Лесопраковая” бекатларида ўзбек ва тожик тилларида ёзувлар пайдо бўлганини билсангиз керак. Фадеев Москва мэриясига ёзган хатида метродаги ўзбек ва тожик тилидаги кўрсатмалар москваликларга ҳалақит бераётганлиги таъкидлаган.

Метрополитен раҳбариятининг фикрига кўра эса «Прокшино» и «Лесопарковая» бекатларида кўрсатмаларнинг нафақат рус тилида, балки ўзбек ва тожик тилларида берилиши вестибюлларда одамларнинг тўпланиб кетишини камайтирган. Чунки меҳмонлар энди метрода ўзларига зарур маълумотларни ўқиб, йўналишларни яхши ўзлаштиряптилар. Москваликларга эса уч тилдаги ёзувлар мутлақо ҳалақит бермаяпти.

Мабодо, Тошкент метросидаги русча ёзувлар сизларга ҳалақит бермаяптими?

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортини олиш осонлаштирилди

Мигрант учун энг асосий ҳужжат бу паспорт. Ҳозирги кунда ҳорижга чиқиш паспорти. Ўзбекистонда ана шу хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш осонлашмоқда. Энди паспортни олиш учун ўзиз яшайдиган жойга боришиз шарт эмас. Ўзбекистоннинг исталган Давлат хизматлари маркази ёки ички ишлар органларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Қоғоз кўринишидаги ариза-анкетани тўлдириш амалиётидан тўлиқ воз кечилиб, фақатгина электрон сўровнома тўлдириш механизми жорий этилди. Хизмат учун тўловни QR-кодни сканерлаш орқали амалга ошириш мумкин.

Бундан ташқари, тақдим этилиши лозим бўлган қатор маълумотнома қисқартирилди. Хусусан, 18−27 ёшдаги ҳарбий хизматга мажбурлар учун — ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхасини тақдим этиш талаби бекор қилинди.

Вояга етмаган шахсларга паспорт олишда ота-оналар биргаликда бориб мурожаат қилишса, улардан нотариал тасдиқланган розиликни талаб қилинмайди.

Фуқарога паспорт тайёрланиши босқичлари автоматик равишда смс-хабар йўллаб турилади. Буни сайт орқали текшириб олиш имконияти яратилади.

Вояга етмаган шахсларга хорижга чиқиш паспорти беришда ушбу вояга етмаганнинг ҳамроҳлик қилувчиси отаси ва (ёки) онаси бўлса, улардан ҳамроҳлик қилувчининг нотариал тасдиқланган мажбурияти талаб этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 1 январдан фуқароларга ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш ДХМ орқали ҳам амалга оширилмоқда.

Буларнинг барчаси яхши, давомли бўлсин. Фақат ўша саволимиз очиқ турибди: нега мигрантлар чет элда паспорт олса ўн баробар кўпроқ пул тўлаши керак?

Ҳаётий кузатув: Тошкентда яшаш нархи шиддат билан ошмоқда

Ўзбекистонда топишдан кўра ҳаражатлар кўплиги ҳақида анекдот бўларди. Шунинг исботи сифатида журналист Аброр Зоҳидов Тошкентда яшаш нархи ошиб бораётганига эътибор қаратиб, таҳлилий мақола ёзди.

Демак, асосий харажатлар. 

Ижара – бошпана муаммоси. Тўрт кишилик оиланинг бошпана муаммоси бир ойда ўртача 3,5 млн сўмга тушади. Бу минимал миқдор.

Егулик — рўзғор. Кузатувларга кўра тўрт кишилик кичик оилага ҳафтасига 500-600 минг, ойига 2-2.5 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари зарур бўлади. Бу ҳам ўртачадан пастроқ ҳисоб-китобларда.

Транспорт — йўл харажатлари. Агар икки киши ишлайдиган бўлса, транспорт учун кундалик харажат камида 15-20 мингни, ойлик эса 500-600 минг сўмни ташкил этади. Лекин бунда ҳам болаларни боғча, мактабга жўнатиш ёки олиб келиш харажатлари кирмаган.

Кийиниш — уст-бош ҳаражатлари. Бир оиланинг кийиниш учун ойлик харажатларни камида 800 минг-1 млн сўм деб олиш мумкин. Бу ҳам иқтисод қилинганда.

Техника ва коммуникация

Бугун уяли алоқа, интернет, кабел телевидениеси каби қулайликлар ҳаётий заруратга айланган. Албатта, уларсиз ҳам яшаш мумкин, лекин ривожланиб бўлмайди. Уларга 500 минг сарфланади.

Болаларга қилинадиган ҳаражатлар. Боғча харажати камида 200 минг сўм, мактабга қатновчи фарзанднинг қўшимча машғулотлар билан бирга таълими ва кунлик пули ойига ўртача 400 мингга боради. Демак жами 600 минг.

Кўчада қорин тўйдириш.

Ишга қатновчи эр-хотин бир ойда камида 20 кун тушлик қилишга мажбур бўлади. Бугунги кунда Тошкентда 15 мингга овқатланиш имконсиз бўлиб қолди. Лекин биз минимумни оламиз ва икки киши учун 40 минг сўм, ойлик харажатни эса 800 минг сўм деб чиқарамиз.

Хўш, қандай картина ҳосил бўлмоқда?

3,5 млн+2.5 млн+600 минг+1 млн+500 минг+600 минг+800 минг=9,5 млн* сўм.

Кўринадики, оиланинг ҳар икки аъзоси бугунги кун даражасини сақлаб қолиш учун ойига камида 9-10 млн сўм маош олиши (пул топиши), яъни ҳар бири 5 млн сўмлик мунтазам ишга эга бўлиши лозим. Кимдир буни эплаяпти, кимдир эса йўқ.

Энди ойликлар миқдори ҳақида расмий статистикани кўриб чиқсак

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи даражаси 2,78 миллион сўмни ташкил этади, деб хабар қилади солиқ  қўмитаси. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон Давлат  статистика қўмитаси маълумотларида кўрсатилган 3,54 миллион сўмдан паст бўлиб чиқди. Қарийб бир миллионга адашиш ҳам мумкин эканей, қойил қолмай илож йўқ.

Ҳудудлар бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида – 4,4 миллион сўмни ташкил этади.Навоий вилоятидаги иш ҳақи – 3,78 миллион сўм ва Тошкент вилоятида – 2,84 миллион сўмлиги кўрсатилган. Бошқа ҳудудларда кўрсаткичлар республика бўйича ўртача кўрсаткичдан паст бўлиб, энг паст иш ҳақи Фарғонада -1,97 миллион, Сирдарёда – 1,98 миллиона ва Наманган вилоятида – 2,06 миллион сўмни ташкил этади.

Шундай қилиб Тошкентда яшаш учун бир оилага 10 миллион керак. Уртача иш ҳақи 4,5 млн. Икки киши ишласа ҳам етмас экан. Ҳожибой айтганидек, Одамлар қолганини қаердан топишяпти, Худо билади.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-саломат бўлишсин. Сизлар билан яхши кунларда кўришиш насиб қилсин. Саломат бўлинглар.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация