Мақола

788 20/03/2023

ПАТЕНТ УЧ ЙИЛЛИК БЎЛИШИ МУМКИН

Бугунги эфирда:

  • Аввал депортация қилинган мигрант Россияга автомобиль юкхонасида ўтмоқчи бўлди
  • Россияда мигрантлар учун патент муддати 3 йилгача узайтирилиши мумкин
  • 2022 йилда Томскдан чиқариб юборилган мигрантлар сони 5 баробарга ошган
  • Қозоғистонда бузилган автобусдан 63 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди
  • Россиялик тадбиркорлар мигрант ҳайдовчилар учун патентларни бекор қилишни таклиф қилишди
  • Россияда иш берувчиларга чет эллик ишчиларини қизамиққа қарши эмлаш вазифаси юклатилди
  • “Домодедово”да уч нафар самарқандлик 44 кг исириқ билан ушланди

Аввал депортация қилинган мигрант Россияга автомобиль юкхонасида ўтмоқчи бўлди

Чегарачилар Оренбург вилоятида “Маштаково” назорат-ўтказиш пунктида автомобиль юкхонасида Россия Федерациясига кириб келаётган эркакни аниқлади. Эркак сумкалар остига яшириниб олганди, бироқ бу бўлим ходимларига қонунни бузган шахсни аниқлашга халақит бермаган. Бу ҳақда “Оренбург” газетаси Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Оренбург вилоятидаги чегара бошқармасига таяниб хабар бермоқда. Чет эл фуқароси аввал ҳам Россияга бир марта кирган, аммо миграция қонунларини бузган ва 2026 йилгача мамлакатга қайтиш тақиқланган ҳолда депортация қилинган. Мигрант Россияга қайтишни жуда хоҳлаган ва  бунинг учун махсус схемани ўйлаб топганди. У машина юкхонасида кўзлаган жойига етиб олишни режалаштирган. Бунинг учун ўзига ёрдам берувчиларга пул ваъда қилган.

Эътиборлиси, мигрантни автомашинада ноқонуний равишда чегарадан олиб ўтишга рози бўлган ҳайдовчи ҳам хориж фуқароси бўлган. Мазкур воқеа юзасидан иккита жиноий иш қўзғатилди: ҳайдовчи “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси бўйича жавобгарликка тортилади, машина юкхонасидаги “саёҳатчи”нинг ўзи “Россия Федерацияси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш” моддаси бўйича қонун олдида жавоб беради.

Ҳайдовчига нисбатан “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Суд қарорига кўра мигрантни Ватанига чиқариб юбориш ва депортация қилиш жавобгарнинг Россия чегарасини беш йилгача кесиб ўтишига тақиқ қўяди. Уларга қарши Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини билиш учун мигрантлар Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтига кириб, маълумот олишлари мумкин.

Мамлакатдан чиқариб юбориш Россия Федерацияси қонунларини бузганлик учун жазо ҳисобланади. Мигрантлар рухсатномалар муддати тугагандан сўнг, “ВНЖ”, “РВП”, патент муддатлари тугаб,   ишлаш учун рухсатнома, қочоқ мақоми муддати ўз кучини йўқотганда ва Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний бўлиш  ҳолатлари учун депортация қилиниши мумкин. Мамлакатни ўзи мустақил равишда тарк этган мигрант кейинроқ қайтиши мумкин бўлади. Миграция тўғрисидаги қонунни такроран бузиш Россияга киришни тўлиқ тақиқлашгача бўлган чораларни кўришга олиб келади.

Россияда мигрантлар учун патент муддати 3 йилгача узайтирилиши мумкин

Россия Ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун меҳнат патентларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича таклифни маъқуллади. Тегишли ташаббус тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил Борис Титов томонидан илгари сурилди. Унинг идораси қонунга меҳнат патентининг максимал муддатини бир йилдан уч йилгача оширадиган ўзгартиришларни таклиф қилди.

Титов ҳукуматга 2002 йил 25 июлдаги «Россияда хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги федерал қонунига меҳнат патентининг чет эл фуқаролари учун амал қилиш муддатини 12 ойдан 36 ойгача узайтириш бўйича ўзгартиришлар киритиш таклифини юборган.

Ўзгартиришлар патент бериш муддатини 10 кундан 5 кунгача қисқартиришни ҳам назарда тутади. Титов таъкидлаганидек, мигрантлар барча керакли ҳужжатларни йиғиш учун 20 кунгача вақт сарфлашади, бу эса рухсатноманинг ўзини расмийлаштиришга кетадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда, уларни бир ой давомида ишдан маҳрум қилади.

Ходимларнинг мажбурий ишламай қолишидан бизнес зарар кўради ва бюджетга камроқ шахсий даромад солиғи тушади. Патентни уч йилга узайтириш ишчи кучи танқислиги шароитида вақт йўқотилишини камайтиради, деди Титов.

2022 йилда Томскдан чиқариб юборилган мигрантлар сони 5 баробарга ошган

Томск вилояти судлари 2022 йилда мигрантларни Россия ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича 187 та қарор қабул қилган. Бу 2021 йилга нисбатан беш баробар кўпдир. Бундан ташқари, судлар хорижликларни депортация қилиш бўйича 75 та қарор чиқарган.

Бу ҳақда   “Томск” Ахборот агентлигига вилоят Ички ишлар вазирлиги миграция масалалари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дмитрий Фрайберг маълум қилди. Агентликнинг қайд этишича, 2022 йилда 2021 йилга нисбатан вилоятда миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари 35 фоизга ошган. Демак, 2022 йилнинг дастлабки саккиз ойида бунинг учун 2000 дан ортиқ хорижлик, асосан Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари жавобгарликка тортилган. Жами ўтган йили Томск вилоятига 34 мингга яқин муҳожир келган, бу  2021 йилга нисбатан 29 фоизга кўп.

Фрайбергнинг таъкидлашича, улар асосан Федерал Жазони ижро этиш хизмати маълумотларига кўра, Россияда қолишлари исталмаган хорижликларни депортация қилмоқдалар. Гап жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган хорижликлар ҳақида бормоқда.

Улар биринчи навбатда мамлакатда бўлишлари ноқонунийлиги учун чиқариб юборилади, деб ёзади “Известия”.

Қозоғистонда бузилган автобусдан 63 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди

Ақтўбе вилоятидаги трассада носозлик туфайли автобус тўхтаб қолди. Қозоғистон қутқарув гуруҳи 63 нафар Ўзбекистон фуқаросини эвакуация қилди. 12 март куни Ақтўбе вилоятида Айтекеби туманидаги Қорабутоқ – Қустанай автомобиль йўлининг 144-участкасида автобус техник носозлик туфайли тўхтаб қолди.

Чақирув жойига бир гуруҳ қутқарувчилар ва техникалар жўнатилди. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида 63 нафар Ўзбекистон фуқароси Айтекеби туманидаги мактабга жойлаштирилди, деб хабар қилди

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Эслатиб ўтамиз, февраль ойи охирида Ақтўбе вилоятида йўл ҳаракати чекланиши сабабли 52 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинган эди. Бу ҳақда “Кун.уз” хабар берди.

Россиялик тадбиркорлар мигрант ҳайдовчилар учун патентларни бекор қилишни таклиф қилишди

Логистика бизнеси вакиллари ҳайдовчи сифатида ишлайдиган мигрантлар учун патентни бекор қилиш вариантини кўриб чиқиш илтимоси билан Россия ҳукуматига мурожаат қилишди.

Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат фақат чет эл фуқаросига берилган ҳудудда амал қиладиган бўлса, биз патентнинг минтақавий мансублиги ҳақида гапирамиз. “Ведомости” россиялик бизнесменларнинг бундай ташаббуси ҳақида ўзининг тармоқдаги манбаларига таяниб ёзмоқда. Вазирлар Маҳкамаси бундай мурожаатларга эътибор берса, бу – кадрлар ва бўш турган юк машиналари муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.

Патентнинг фақат битта ҳудудда амал қилиши, логистика мутахассисларининг фикрига кўра, юк ташувчиларнинг ишига катта халақит беради. Бизнесменлар соҳада 160 минг ходим етишмаслигини маълум қилишди.

Нашр, шунингдек, “Работа России” давлат порталида рўйхатдан ўтган 388 минг ҳайдовчи анкеталари ҳақида хабар берган Меҳнат вазирлигига таянади. Улардан 35 минг ишчи оғир юк машиналарида ишлаш учун етарли бўлган юқори малакага эга.

Порталда бир вақтнинг ўзида эълон қилинган бўш иш ўринлари сони 99,5 мингтани ташкил этди, шунинг учун улар Меҳнат вазирлигида кадрлар етишмаслиги ҳақидаги фикрни тўғри деб ҳисоблашмаяпти.

Тадбиркорларнинг ташаббуси мамлакатда мигрант ҳайдовчилар ишининг бир хилда тартибга солинишини таъминламайди. Россиянинг айрим ҳудудларида, масалан, Тюмень вилоятида мигрантларга ҳайдовчи сифатида ишлаш тақиқланган. Қарорлар Россия Федерациясининг алоҳида шаҳарларининг эҳтиёжлари ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда губернаторлар томонидан қабул қилинади. Бу ҳақда Медиа-Миг ёзади.

Россияда иш берувчиларга чет эллик ишчиларини қизамиққа қарши эмлаш вазифаси юклатилди

Санитария бошқармаси қизамиққа қарши эмлаш бошланганини эълон қилди. Ушбу эмлаш доирасида чет эл фуқароларини иш билан таъминловчи иш берувчиларга 2023 йил охиригача қизамиқ билан касалланмаган ва эмланмаган ёки қизамиққа қарши эмланганлиги тўғрисида маълумотга эга бўлмаган чет эл фуқаролари учун қизамиқ касаллигига қарши эмлашни таъминлаш вазифаси юклатилган.

2023 йил 31 мартга қадар Россия Федерациясининг таъсис субъектларида қизамиққа қарши эмлаш бўйича чора-тадбирларни тайёрлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш топширилади, шу жумладан:

  • Тиббий ҳолатларни кўриб чиқиш бўйича иммунологик комиссиялар ишининг якунлари ва тиббий ташкилотларнинг профилактик эмлашдан бош тортганлар сонини камайтиришга қаратилган аҳоли билан олиб бораётган ишлари тўғрисида;
  • Қизамиқнинг олдини олиш чора-тадбирлари ва иммунопрофилактиканинг афзалликлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш ишларини ташкил этиш тўғрисида;
  • Меҳнат мигрантларини қизамиқ касаллигига қарши эмлашни ташкил этиш тўғрисида;
  • Эмлашни режалаштиришни тозалаш ҳақида. (Россия Федерациясининг бош давлат санитария шифокори 2023 йил 8 февралдаги 1-сон, Адлия вазирлигида 07.03.2023 йилда рўйхатга олинган).

“Домодедово”да уч нафар самарқандлик 44 кг исириқ билан ушланди

Чегарачилар исириқ олиб ўтаётганларни аэропортдан чиқиш жойида ушлашди. Россияга олиб кириш тақиқланган ўтни олиб келган ўзбекистонликлар 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Россия божхоначилари Ўзбекистондан 44 кг доривор қуруқ исириқ (гармала) олиб кирилишини тўхтатиб қолишди. Бу ҳақда “Домодедово” аэропорти матбуот хизмати хабар берди. Маълумотларга кўра, исириқ Самарқанддан Москвага учаётган уч нафар ўзбекистонликнинг юкидан топилган.

Россияда тақиқланган ўсимлик Ўзбекистон фуқаролари Домодедово аэропортининг “яшил” йўлагидан ўтганида топилган. Экспертиза натижаларига кўра, исириқ таркибида Россия Федерациясида муомаласи чекланган гиёҳвандлик моддаси бўлган “гармин” борлиги аниқланди, дейилади хабарда. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229-моддаси 1-қисми (Гиёҳванд моддаларни ЕОИИ божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш) бўйича иш қўзғатилган.

Ўзбекистонликлар 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Аввал ҳам Россияда бу ўсимликни чегарадан ўтказилишининг олдини олишганди. 2022 йил август ойида чегарачилар Ўзбекистондан келган контейнердан бир тоннадан ортиқ исириқ топишган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари гиёҳванд моддалар контрабандаси факти бўйича жиноий иш қўзғатди.

Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг.

Қаерда бўлсалар ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-омон бўлишсин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация