Мақола

1 308 21/02/2023

ЧЕГАРАДАН ЎТИШ ПУЛЛИК(МИ?)

Бугунги эфирда:

  • Россия қамоғидан Украинадаги урушга кетган икки йигитнинг тобути Ўзбекистонга келтирилди;
  • Қирғизистонда чегарачилар ўзбекистонликлардан пул ундираётгани айтилди;
  • Владивостокда мигрант-такси ҳайдовчилари қўлга олинди;
  • Москвадаги фаррош-мигрантларга хизмат квартиралари берилиши мумкин;
  • Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи иккита чегара божхона постивақтинча ёпилди;
  • Тошкент халқаро аэропортида авиация хавфсизлиги назорати зонаси очилди
  1. Uzbekistan Airways март ойидан Тошкент ва Намангандан Омск шаҳрига парвозларни йўлга қўяди.

Россия қамоғидан Украинадаги урушга кетган икки йигитнинг тобути Ўзбекистонга келтирилди деган ёқимсиз хабар келган

 Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Қора камар қишлоғига Украина ҳудудидаги жанг майдонида ҳалок бўлгани айтилган икки ўзбекистонликнинг жасади келди.

Йигитларнинг тобути 19 январь куни Россиядан Ўзбекистонга олиб келинган ва шошилинч равишда дафн қилинган. Уларнинг тобутлари   “Украинада урушда ҳалок бўлган” деган ҳужжат билан ватанига жўнатилган.

Украинанинг Донецк областида ҳалок бўлган самарқандлик 24 яшар Шаҳриёр Жалоловнинг тобути Булунғур туманидаги Катта килдон қишлоғига олиб келинган.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, марҳум йигит тобутига қўшиб, унинг ўтган йили 16 декабрда Украинанинг Донецк областида ўлгани қайд этилган ҳужжат ҳам берилган.

“Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома”да ҳужжат Россиянинг Ростов-Дон области ФҲДЁ идорасидан 2023 йил, 10 январь куни берилгани қайд этилган.

Яқинларининг айтишича, Шаҳриёр собиқ меҳнат муҳожири. У Россияда қамоқ жазосини ўтаётган бўлган. Уйдагилари унинг қандай қилиб урушга бориб қолгани-ю қандай ҳалок бўлганидан хабари йўқлигини айтмоқда.

Самарқанд вилояти ФҲДЁ идорасидан берилган ҳужжатда ўлим сабаби “кўп қон йўқотиш” деб кўрсатилган.

Айни шу тумандаги Қора камар қишлоғига яна бир ёш йигит – 26 ёшли Бобур Абдумўминовнинг тобути келтирилди. Унинг ҳам Украинада ўлгани айтилган.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, Россияда меҳнат муҳожири бўлган Бобур саккиз ой муқаддам қамоққа ташланган. Отаси билан ўтган йилги телефон мулоқотида “паспорт муддати битгани учун” қамоққа ташланганини айтган, аммо бошқа маълумот бермаган.

Бобур Абдумўминовни Россияда таниганлар билан мулоқотда бўлганини айтган дўстининг гапидан тушунилишича, уни қамоқда, бошқа маҳбуслар билан бирга “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёллаган.

“Танишларнинг айтишича, унга Украинада бир ой урушиб келсанг, қамоқ жазосидан оқланасан ва уйингга қайтасан, дейишибди. Бунинг устига, 3 минг доллар пул ҳам оласан, дейишган. Бобур Россиядаги дўстига телефон қилиб айтган экан. Ўша дўсти менга хабар қилганди: “Оиласига айтма, Бобур Украинага урушга кетди, деб. Онаси қаттиқ касал, шунга айтмаган эдим”, деди исмини сир сақлаш шарти билан гапирган йигит.

Айни пайтда Россиянинг турли ҳудудларидаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган Марказий осиёлик маҳкумларнинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида маълумотлар тобора кўпаймоқда.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимояси бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммадда  “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси орқали қамоқдан урушга шартнома асосида ёлланган Марказий осиёлик маҳкумларнинг жасадлари Россиянинг Ростов вилоятида йиғилиб, Ўзбекистонга юборилаётгани ҳақида маълумот бор.

Ботиржон Шермуҳаммад:

Шу кунга қадар Россия ҳудудида ва қамоқхоналарида бўлган ўзбекистонликларнинг шартнома асосида Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида кўплаб норасмий маълумотлар чиққан.
Ўтган йил сентябрида “Редут” хусусий ҳарбий ширкати томонидан ёлланиб, Украинага жўнатилганини айтган икки ўзбекистонлик асир тушгани акс этган видеолари ҳам тарқалган эди.

Ўша пайт маълум қилинган хабарда, ўзбеклар Украинанинг 25-ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклея шаҳри остонасида рус қўшинлари сафини ёриб ўтиши пайтида қўлга олингани айтилган.

Қўлга олинган асирлар Ўзбекистондан экани, хусусий ҳарбий бўлим таркибида миномётчи сифатида жанг қилганини айтишганди.

Шу кунларда эса Россиядаги ватандошларимиздан келган маълумотларга кўра, миграция бўлимларида “Ҳарбий хизматга ёлланиш” эълонлари яна пайдо бўлмоқда.

Расмдаги эълон Татаристон Республикаси Набережние Челни шаҳридаги миграция бўлими биносига осилган. Бу Россия армияси томонидан берилган эълон бўлиб, унда ҳарбий хизматга ёлланиш орқали Россия фуқаролигини олиш мумкинлиги айтилган.

Бундан аввал ҳам шу каби эълонлар автобуслар, мигрантларга ўзини дўст кўрсатиб юрганларнинг ваъдалари, шунингдек қўштирноқ ичидаги ҳожатбарор иш топиб берувчилар томонидан  тарқатилганди. Лекин ишга деб бегона юртда юрган ёш йигитларнинг уруш майдонларида бориб қолгани-ю, ватанига мурдаси қайтаётгани жуда ачинарли.

Ватандошлар, қайта-қайта эслатганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунинг устига, аслида фуқаролик бериш таклифи ҳали бор-йўқлиги аниқ эмас, қонуний кучга эга бўлмаган нарса, ҳар қандай чорловларга учманглар. Урушдан тирик қайтишни умид қилишнинг ўзи таваккал. Агар тирик қайтсангиз, Ўзбекистонда ҳам жавобгарлик бор. Ахир жонингиз шунчалик арзон эмас ку.

Қирғизистонда чегарачилар ўзбекистонликлардан пул ундираётгани айтилди

Қирғизистоннинг «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктида  Ўзбекистон фуқароларидан пул ундирилмоқда.  Қирғизистонлик журналист Шоҳрух Соипов суриштирув ўтказиб, товламачилик фактларини аниқлади.

Аввалроқ, ўзбекистонликлар Ўш шаҳри аэропортига етиб келиши билан маҳаллий такси ҳайдовчилари томонидан кутиб олиниб, қиммат нархда чегарагача олиб бориш учун машиналарига ўтиришга мажбурланаётгани айтилган эди.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун аэропортда чегарагача олиб борувчи микроавтобуслар фаолияти йўлга қўйилган. Улар йўловчиларни белгиланган нархда назорат пунктига олиб бормоқда. Бироқ, журналистнинг сўзларига кўра, бу билан йўловчиларнинг муаммолари ҳал этилмаган.

Маълум бўлишича, қирғиз-ўзбек чегарасида Қирғизистон чегарачилари қўшни давлат фуқароларидан пора талаб қилмоқда.

Ўзбекистоннинг бир қанча фуқаролари улардан қандай қилиб пул ундирилганини айтиб беришган. Уларнинг сўзларини текшириш мақсадида журналистнинг ўзи назорат-ўтказиш пунктига бориб, хорижликларнинг сўзларига ишонч ҳосил қилган.

«Мендан пул талаб қилишди. 100 қирғиз сўми бердим.  Мени уриб, бошлиғи олдига олиб киришди. У мендан 1000 қирғиз сўми сўради. Менда унча пул йўқ дедим, бор-йўғи 200 қирғиз сўми бор дедим. Кейин у 500 қирғиз сўми талаб қилди. Мен пулимни айрибошлаб келдим ва уларга бердим. Кейин қўйиб юборишди», деди чегарани кесиб ўтган ўзбекистонликлардан бири.

Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси ҳам товламачилик фактини тасдиқлаган. «Менга 50 минг сўм беришим кераклигини айтишди, менда  5 доллар бор эди,уларга бериб ўтиб кетдим. Улар очиқчасига пул олишмайди, балки паспорт ичига солишни сўрашади. Паспортда пул бўлмаса, депортация бор деб, порага шама қилиб, кўз қисиб қўйишади. Менга 50 минг сўм қарзим борлигини айтишди. Кейин депортациям борлигини айтишди. Мен 18 ёшдаман ва Қирғизистонга биринчи марта кирганимни айтдим», деди жабрланувчи.

Бу чегара постидаги амалдорлар Ўзбекистонлик фуқаролари, юк ташувчиларидан бир-икки марта эмас, доимий пора талаб қилишлари ҳақида кўп гапириб келинган.

2021 йилда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати “Дўстуқ”-автодорожний постида қирғиз амалдорларини қўлга олган эди. Олганда ҳам катта-катта вазифадорлар қўлга тушган. 2021 бўлса, орадан мана 2022, 23… Уч йил ҳам ўтгани йўқ!

Бугунги кунда Қирғизистонда коррупцияга қарши қаттиқ кураш кетаётганини ҳам эшитиб турибмиз. Деярли кун ора қайсидир амалдор қўлга тушгани ҳақида хабар чиқади. Вазирлар, хатто собиқ президентлар жавобгарликка тортилиб турадиган мамлакатда оддий чегарачилар қўшни давлат фуқароларидан пул талаб қилиши, пулим йўқ эди, деганни топиб келишга уриб мажбурлаши, ҳатто мушт туширишини эшитганда хайрон қолмаган одам йўқ. Бу амалдорлар ўзбек йўловчиларни ўтиш жойига қўймасдан олдин, камера ёзмайдиган жойга туриб паспорт ичига пул тиқиб беришни кўз қисиб, бир нималар деб ишора қилишар экан. Бу кўз қисишлар улар учун охири бошқа нарсага айланади-ёв.

Чегарадаги ҳолат ошкор бўлгач, Ҳарбий прокуратура иш олиб бораётгани маълум бўлди. “Дўстук” чегарасидаги коррупцион схема ҳам тез орада ижобий ҳал этилишига умид қиламиз.

Владивостокда мигрант-такси ҳайдовчилари қўлга олинди

Владивстокда миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, такси ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини текширишга қаратилган рейдлар ўтказилди.

Хорижлик фуқароларга мазкур ҳудудда транспорт ҳайдашга рухсат берувчи ҳужжатлар текширилганида кўпчилик мигрант-ҳайдовчилар белгиланган қоидаларни бузишгани сабабли оммавий қўлга олинган.

Вилоятда полиция ходимлари рейдлар чоғида 45 га яқин автомобилни  тўхтатди, дея хабар қилади Россия ИИВ Приморск ўлкаси бўйича матбуот хизмати. Полиция участкасига олиб келинган тўққиз ҳайдовчидан саккиз нафари йўловчи ташиш ҳуқуқига эга эмас экан. Бу ҳайдовчиларга нисбатан баённомалар тузилган.

Мутахассислар, шунингдек, мигрантларнинг қидирувда бор-йўқлигини текширди. Шундай қилиб, 3 нафар ҳайдовчи Россияда бўлиш режимини бузган, яна 8 нафар ҳайдовчи махсус рухсатномасиз ва патентсиз ишлаган.
Беш нафар мигрант Россия суди томонидан мамлакатдан  мустақил равишда чиқиб кетиши шарти билан жаримага тортилди. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Приморск ўлкаси бўйича рейдлар Владивостокнинг барча туманлари ва вилоят марказларида давом эттирилади. Ватандошларимиз ҳужжатларига бир қараб қўйишларини, мумкин бўлмаган ишларни албатта қилмаганлари маъқул.

Москвадаги фаррош-мигрантларга хизмат квартиралари берилиши мумкин

Россия Давлат Думаси фаррошларга хизмат квартиралари беришни таклиф қилмоқда: бу мигрантларни ишга жалб қилишга, уларнинг ҳаётини осонлаштиришга ёрдам беради, чунки улар турар жой учун ҳам, патент учун ҳам ҳақ тўлайдилар.

Москвада фаррошларнинг етишмаслиги яққол сезилмоқда, бу камёблик 30-50% га баҳоланди.

Бу ҳақда Давлат думасининг қурилиш ва коммунал-хўжалик хизматлари қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Разворотнева маълум қилди. У  фаррошларга хизмат квартиралари беришни таклиф қилди. Маошларни эса   шундоқ ҳам муносиб даражада деб ҳисоблайди, чунки фаррошлар иш ҳақи баъзи жойларда 70 минг рублгача ошган.

Мутахассислар бу 70 минг рублни жуда юқори деб топишди. Фаррош кадрлар етишмаслигига сабаб фақат маошнинг камлиги ва яшаш шароитларининг оғирлигида эмас, деб таъкидлашди. Меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси марказий қўмитаси раҳбари Ренат Каримов эса ҳақиқатдан ҳам фаррошлар камлигини тасдиқлади.

“Фаррошларнинг иши анча оғир,  у кун давомида тўлиқ ишлаганидан ташқари қўшимча ишлашига ҳам тўғри келади ва унчалик яхши ҳақ олишмайди”, деди. Меҳнат мигрантлари касаба уюшмасидаги иш ҳақи амалда юқоридаги эълон қилинган 70 минг рублдан деярли 2 баравар кам, тахминан 35 минг рубль кўрсатилган.

Шуни унутмаслигимиз керакки, коммунал хизматларда ҳамма ҳам ишлолмайди – бу машаққатли меҳнат, деб тан оладиган барака топгурлар ҳам топилди. Уй-жой ва коммунал хўжалик бошқаруви компаниялари гильдияси директори Вера Москвинанинг таъкидлашича, бу касбларда жисмоний кучли йигитлар деярли қолмаган.

“Кўп фаррошлар етказиб бериш хизмати ва таксида ишлашга ўтиб кетишди, чунки уларнинг супур-сидир ишидаги даромадлари бу вазифаларга қараганда анча паст. Ҳатто қурилишдаги дастёр ишчи ҳам 60 минг рубль маош олади”,

Москвинанинг қўшимча қилишича, фаррошлар асосан 50 ёшдан ошган эркаклардир, бироқ улар учун катта майдонларни тозалаш қийин. Айни пайтда, Давлат Думаси совет даврида бўлгани каби, фаррошларга ишчи квартираларни беришни таклиф қилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, бу фаррошларга ёрдам бўлади, чунки мигрантлар уй-жой ва патент учун 6,6 минг рубль сарфлашга мажбур.

Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи иккита чегара божхона пости вақтинча ёпилди

2023 йил 15 февраль кунидан “Сирдарё” ва Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона пости орқали фуқаролар ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.

Дипломатик каналлар орқали Қозоғистон Республикасидан  келиб тушган хабарга кўра, Қозоғистон Республикасининг “Қазигурт” (“С.Нажимов”) ва “Атамекен” (“Сирдарё”) ўтказиш пунктлари реконструкция қилиниши муносабати билан, 15 февралдан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати таъмирлаш даврида вақтинчалик тўхтатилди. Ушбу ўтказиш пунктлари орқали фақатгина юк кўтариш вазни 3,5 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати давом этади.

Фуқаролар ушбу ўтказиш пунктларига муқобил сифатида иш тартиби куну-тун бўлган “Ғишткўприк” ва “Яллама” ҳамда иш тартиби куннинг ёруғ вақтида бўлган “Малик” ва “Оқ олтин” ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини  Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси расмий ахборот канали хабар берди.

Тошкент халқаро аэропортида авиация хавфсизлиги назорати зонаси очилди

Тошкент халқаро аеропортида янги авиация хавфсизлиги назорати зонаси очилди.   Умумий майдони 935 квадрат метр бўлган авиация хавфсизлиги учун текшириш зонасида 9 та текширув йўлаги тиғиз вақтда 2400 нафаргача йўловчини ўтказиш имконини беради.

Шунингдек, ёнувчан ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш имконини берувчи Италия компаниясга тегишли “CEIA” сканерлари орқали суюқлик идишларини очмасдан ўтиш имкони яратилди.

У орқали пойабзалларни ечмасдан ёки суюқлик бўлган идишларни очмасдан, ёнувчан ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш мумкин бўлади. Бундан ташқари аэропортининг мазкур ҳудудида электрон чегара назорати тизимлари (e-gates) ўрнатилди. Энди чегарадан ўтиш учун йўловчи мустақил равишда паспортни сканерлаши мумкин.

Uzbekistan Airports матбуот хизматининг таъкидлашича, шунга қарамай, чегарани ўтказиш штампи чегарачи томонидан қўйилади, у электрон дарвозалардан ўтган йўловчиларни кутиб олади. Шу билан бирга, залда қўл юки ва катта ўлчамдаги юкларни кўриш учун Smiths Detection (Германия) рентген жиҳози ўрнатилган.

Кенгайтирилган хавфсизлик чораларини таъминлаш учун Leidos (АҚШ) компаниясининг ProVision2 тана сканерлари ҳам ўрнатилди. Улар йўловчиларни тез ва контактсиз текшириш имконини беради.

“Мазкур қурилмалар дунё стандартларига жавоб беради. У маҳсулотлар хавфлилик даражасини автоматик аниқлайди. Натижада йўловчилар оқимини икки баравар ошириш имконини беради”, — деди ITV Soft компанияси таъсисчиси Жамшид Раззоқов.

Унинг таъкидлашича ушбу тизим Ўрта Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкент ва Самарқанд аэропортларида ишга туширилган.

Жамшид Раззоқовнинг қўшимча қилишича, олдинлари бир соат ичида 60−70 йўловчи текширувдан ўтказилган бўлса, ҳозирги кунда мазкур тизим билан бу кўрсаткич 180−200 нафарга етади.

Стерил зонада электрон қурилмаларни қувватлантириш имкониятига эга биринчи коворкинг бурчаги ҳам ташкил этилди. Яқин келажакда терминалнинг турли жойларида яна бир нечта шундай бурчаклар ташкил этиш режалаштирилган.

Март ойининг охиригача стерил зонадаги яна бир блок фойдаланишга топширилади. Унда кичик меҳмонхона, ҳаммом, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари ҳамда “Anjir” бизнес зали ишга туширилади.

“Бу мутлақо янги қурилиш бўлиб, аеропорт мажмуасини яна 875 кв.м га кенгайтириш имкониятини беради. Натижада халқаро ва трансфер йўловчилар учун қулай шароит яратилади”, — дейди Uzbekistan Airports компаниясининг бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Шунингдек, Тошкент халқаро аеропортининг қабул қилиш терминали олдидаги ҳудудни ободонлаштириш, умумий майдони қарийб 1400 кв.м бўлган иккита кутиб олиш зонаси — мавжуд шийпон ўрнига биринчи ҳудуд, иккинчиси учиб кетиш ва учиб келиш зали ўртасидаги П2 автотураргоҳида қуриш режалаштирилган.

Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар Тошкент аэропортини саноат ва сейсмологик қурилиш меъёрларини ҳисобга олган ҳолда реконструкция қилиш лойиҳасида ишламоқда.

Реконструкция жараёнида электр таъминоти, иссиқлик, сув таъминоти, канализация ва вентиляция тармоқлари алмаштирилади.

Бундан ташқари, иккинчи учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ва ёритиш мосламаларини ўрнатиш жараёни якунланмоқда. РД-1, РД-2А самолётлар учун ҳаракатланиш йўлаклари ва Б6 самолётлар турар жойини реконтрукция қилиш ишлари якунланмоқда.

Саккизта самолётлар турар жойи ва иккита РД-В, РД-Н самолётлар учун ҳаракатланиш йўлакларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳалаш ишлари якунланиб, пудратчи билан шартнома тузилган.

Самолётлар учун 35 та турар жой шундан, 3 та янги, 32 та жойни реконструкция қилишни лойиҳалаш давом этмоқда.

Бўларкан-у, деворади бу хабарни эшитиб самолётга иши тушадиганлар. Ёзин қишин пойафзал ечиб текширувдан ўтиш жуда малол келарди да ўзиям. Оворагарчиликлар камайгани қандай яхши.

Uzbekistan Airways март ойидан Тошкент ва Намангандан Омск шаҳрига парвозларни йўлга қўяди

Икки йўналиш бўйича рейслар ёзги учиш мавсумида ҳар ҳафта амалга оширилади.Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси март ойидан Тошкент ва Намангандан Омск шаҳрига парвозларни бошлайди.

Шаҳарлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар 26 мартдан 27 октябргача йўлга қўйилади. Ҳар икки йўналишга ҳам Airbus A320 самолётларида Uzairways Express лоукостер бўлинмаси хизмат кўрасатади.

Тошкент – Омск  –  Тошкент йўналиши бўйича рейслар ҳар ҳафта – якшанба кунлари учиирилади. Мавсумни очиб берувчи рейс 26 мартга белгиланган.

Парвозлар жадвали (маҳаллий вақт):

  • Тошкентданжўнаб кетиш — 18:30, Омскка келиш — 21:05;
  • Омскданучиш — 22:35, Тошкентга келиш — 1:15.

Хабар чоп этилаётган кунда бир томонлама чипта нархи 167,6 доллардан, қайтиш чиптаси эса 116,9 доллардан бошланади.

Наманган ва Омск ўртасидаги рейслар ҳар пайшанба куни амалга оширилади. Биринчи рейс 30 мартга режалаштирилган.

Парвоз жадвали (маҳаллий вақт):

  • Наманганданжўнаб кетиш — 18:50,Омскка келиш — 21:30;
  • Омскданжўнаш – 23:00, Наманганга етиб келиш – 1:40.

Хабар чоп этилаётган вақтда бир томонлама чипта нархи 167,6 доллардан, қайтиш чиптаси эса 127,9 доллардан бошланади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация