Maqola

1,452 22/03/2022

Ҳафта янгиликлари билан Migrant.news дайжести.

Якунланаётган ҳафтанинг энг катта ва муҳокамаларга, шунингдек, кўпчилик олқишига сабаб бўлган янгилиги – Ўзбекистоннинг Украинадаги ҳарбий можаро юзасидан ўз позициясига аниқлик киритгани бўлди.

Тугаётган ҳафтада Украинадаги ватандошларни Полша орқали Ўзбекистонга эвакуация қилиш амалиёти якунланди. Маълум қилинишича, Украина ва Полшадаги элчихоналари ходимларидан ташкил топган штаб 18 кун мобайнида ташкилий ишларни амалга оширган.

Ўзбекистонликлар жамланадиган пунктда барча шароитлар ташкил этилиб, иссиқ кўрпалар етказилган, зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, иссиқ овқат ташкил этилган. 28 февралдаёқ Полшанинг Катовице шаҳри аэропортидан бортида ўзбекистонликлар бўлган биринчи самолёт Тошкентга учиб келди. “Uzbekistan Airways” Полшадан ҳаммаси бўлиб 25 та махсус парвозни амалга оширди ва 5786 ватандош Ўзбекистонга эвакуация қилинди.

Бу ҳафтада Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ҳам ўз манзилини вақтинча кўчиришга мажбур бўлди. Бугунги кунда, Ўзбекистон Лвов шаҳрида фаолият юритмоқда. Украинада қолган ўзбек мигрантлари элчихонага қуйидаги электрон почта орқали мурожаат қилишлари мумкин:

embassy@uzbekistan.org.ua

Хайр карантин. Қўшниларга қатновлар тикланмоқда

Ниҳоят, 2 йил деганда Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги автобус қатнови тикланди. 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларидан Қозоғистоннинг Нурсултон, Олмаота, Қизилўрда, Туркистон, Иргели, Чимкент шаҳарларига автобусда бориши мумкин.

Ўтиб бораётган ҳафтада Ўзбекистондан Қозоғистонга тўхтатилган йўловчи поезд қатнови қачон бошланиши ҳам маълум бўлди. “Ўзбекистон темир йўллари” Ахборот хизмати хабарига кўра, икки давлат ўртасидаги илк қатнов Нукус-Бейнеу-Нукус йўналишида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб амалга оширилади. Поезд “Нукус” вокзалидан ҳафтанинг сешанба, жума ва якшанба кунлари йўлга чиқади, “Бейнеу” станциясидан душанба, чоршанба ва шанба кунлари қайтади.

Ўзбекистонга хуш келибсиз! Ўзбекистон чегаралари барчага очилди

Ўзбекистонда деярли барча карантин чоралари бекор қилинди. 1 мартдан эътиборан, жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш талаби бекор қилинган эди. Эндиликда, Ўзбекистонга кириб келаётган чет эллик фуқаро эмланганлик ёки COVID-19 вирусига ПЗР тестининг салбий натижасини тақдим этса кифоя қилади.

2022 йилнинг 16 март кунидан бошлаб Ўзбекистонда: Эмланганлик сертификатига эга бўлган хориж фуқароларидан Ўзбекистонга киришда ПЗР тест натижаси талаб қилинмайди. Агар бундай сертификат мавжуд бўлмаса, камида 72 соат олдин коронавирус инфекциясига қарши топширилган манфий ПЗР тест натижаси зарур бўлади. Агар иккиси ҳам йўқ бўлса, унда чегара ўтиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши талаб этилади.

Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон-Тожикистоннинг қуруқликдаги чегараларидаги ўтказув пунктлари орқали фуқаролари ўтишига ҳам рухсат берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга кириш учун хорижий фуқароларга электрон визани (E-VISA) бериш қайта тикланиди.

Хайр карантин! Хайр ниқоб!

Якунланаётган ҳафтада Россия ҳам карантин чекловлари бекор қилина бошланди. Россиянинг барча ҳудудларида ҳам COVID-19 вируси тарқалиши муносабати билан жорий этилган чекловлар бирин-кетин бекор қилина бошланди. Москвада 15 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқоб тақиш талаби бекор қилинди. Шу боис, жамоат транспортлари ва бекатларида ниқоб тақишга чорловчи ҳамда ижтимоий масофани сақлашга доир стикерлар олиб ташланди. Ҳозирча, Свердловск вилоятида ниқоб тартиби сақланиб турибди.

Энди нима қиламиз? Россияда долларда пул юбориш тўхтади

Ўтиб бораётган ҳафтада Россиянинг энг йирик банки “Сбербанк” хорижга доллар юбориб бўлмаслигини маълум қилди. Шундай қилиб, “Сбербанк Онлайн” иловаси орқали чет элга пул ўтказмаларини долларда амалга ошириш мумкин эмас. Бунга, “Сбербанк Онлайн” ҳамкори “Wеstern Union” Россияда фаолиятини тўхтатгани сабаб бўлган. Энди Сбербанк мижозлари нақд кўринишда бўлмаган пулларни чет эл банкидаги картага ёки ҳисоб рақамига телефон рақами орқали ўтказишлари мумкин. Ўзбекистонликлар мисолида айтилса, Россиядан Ўзбекистондаги картага сўм юборса бўлади.

Вазирлик нима деркин?

Ўтаётган ҳафтада депутат Кушербаев Ўзбекистоннинг чет элдаги консулликларида паспорт қимматлиги бўйича вазирликка сўров киритганини билдирди. У вазир Абдулазиз Комиловга Ўзбекистоннинг хориждаги консулликлари орқали паспорт, ватанга қайтиш сертификати нархларининг юқорилиги юзасидан “депутатлик сўрови” киритган.

Вазирликка юборилган сўровда тўловларнинг юқорилигини асослаш ва келгусида пасайтириш чораларини кўриш ҳақида сўз боради. Аввалроқ, Кушербаев, консулликда паспорт олиш учун белгиланган нархлар Марказий Осиёдаги энг қиммати ҳисобланиши ва бу мигрантлар даромадига салбий таъсир қилиши ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, Migrant.mobi ушбу мавзуда журналистик таҳлилини эълон қилган ва мутасадди ташкилотлар мазкур масалага эътибор қаратишларини сўраганди.

Алвидо, Youtube!

Ўтаётган ҳафтада Роскомнадзор YouTube ҳаракатларини террористикка қиёслади ва Google’га талаб билан чиқди. Албатта, ҳозирча, видеохостинг хизмати блоклангани йўқ. Аммо, Роскомнадзор қатъий оҳангда YouTube маъмуриятидан русларга қарши таҳдидларни тарқатишни бас қилишни талаб қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида YouTube бутун дунё бўйлаб Россия давлат медиа каналларини блоклашни бошлаган эди.

Шу ўринда, Youtube каналимиз обуначиларини бизнинг янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиб бориш учун Telegram каналимизга ҳам обуна бўлишни тавсия этиб қоламиз.

Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам юборади

Дастуримиз сўнггида, Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеалар юзасидан берган баёноти хусусида. Россия Украинага бостириб кирганидан 3 ҳафта ўтгач, ниҳоят, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида қилган чиқишида қуролли можарога нисбатан Ўзбекистоннинг расмий позициясини билдирди.

Унга кўра, Ўзбекистон Украина шарқидаги Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаларини мустақил давлат сифатида тан олмайди, аксинча, Украинага инсонпарварлик ёрдами кўрсатади.

Авваламбор, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, Ўзбекистон вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур. Ўзбекистон тарихан, ҳам Россия Федерацияси билан, ҳам Украина билан анъанавий кўп қиррали алоқаларга эга. Ва биз ҳар икки мамлакатлар билан ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз.

Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва ҳозирги оғир вазиятни инобатга олиб гуманитар ёрдам юборишда давом этамиз. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Донецк ва Луганцк халқ республикаларини тан олмаймиз”, – деган Абдулазиз Комилов.

Хуллас, якунланаётган ҳафтадаги муҳим воқеалар ҳақида қисқача мана шулар. Youtube блокланадими, ишингизни йўқотасизми ёки карантин тикланиб қоладими, булар унчалик ҳам аҳамиятли эмас. Энг муҳими соғлиқ ва оғир вазиятда асабни асрай билиш. Унутманг, “ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ”, дейишади. Яхши кунлар ҳали олдинда.

Толиб Раҳматов тайёрлади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya