Мақола

1 171 26/04/2022

Тил билганга минг танга

Якунланаётган ҳафтада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Европа ва Осиё мамлакатларида ишлаш имкониятлари хусусида эълонлар берди. Жумладан, Германия, Болгария, Сербия ва Жанубий Кореяда ишлаш учун талаблар маълум қилинди. Хусусан, Жанубий Кореяга меҳнат мигранти сифатида бориш учун корейс тили бўйича имтиҳон куни ҳамда фуқаролар “жетон” деб биладиган рўйхатга олиш санасини ҳам эълон қилди.

Шундай қилиб, агарда сиз корейс тилини яхши ўзлаштирган бўлсангиз, 28 апрел куни соат 09:00 дан 18:00 гача labormigration.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтишингиз мумкин. EPS-Topik тест имтиҳони 2022 йил 1 июнь куни бошланиши режалаштирилган. Таъкидланишича, онлайн рўйхатдан ўтишда хорижга чиқиш паспорти талаб қилинади.

Ташқи меҳнат миграцияси, шунингдек, Германияда мавсумий ишларни ҳам таклиф қила бошлади. Бундан аввал, кўпроқ ҳамширалик ишида ишлаш учун танловлар эълон қилинаётган эди. Шундай қилиб, Германияда бир йиллик ишчи виза билан меҳмонхонада ёрдамчи, ресторан хизматчиси, кўнгилочар истироҳат боғларида (аттракционларда) ёрдамчи бўлиб ишлаш мумкин.

Иш берувчи фуқароларни суҳбат асосида танлаб олиниши таъкидланар экан, ойлик маоши 1800-2400 евро атрофида экани кўрсатилган. Шу билан бирга, номзод 22-35 ёшда бўлиши, немис филологияси, туризм ва гастрономия йўналишидаги дипломга ҳамда Гёте институтининг B1 даражасидаги немис тилини билиш сертификатига эга бўлиши кераклиги қайд этилган.

Россия яқин хориж мамлакатлар фуқаролари учун ҳамон жозибали мамлакат бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонликлар эса қайтмоқда

Ўтиб бораётган ҳафтада Россияга келаётган мигрантлар сони 2019 йил даражасига етгани хабар қилинди. Россияда январ-феврал ойларида 1,6 миллион киши миграция бўйича рўйхатга олинган, бу эса 2021 йилнинг дастлабки икки ойига нисбатан 2,5 баробарга кўпдир., 2019 йил бошида бу рақам 1,8 миллион кишини ташкил этган. Меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи патентларни расмийлаштириш 2,4 баробарга ошган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик маълумотларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга қайтаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмайди. Агентлик бошқарма бошлиғи Азизбек Юнусовнинг маълум қилишича, шу йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистонга 83 минг, март ойида эса 50 минг мигрант қайтиб келган. Бундан ташқари, Юнусовнинг сўзларига кўра, россиялик иш берувчилар устидан иш ҳақининг кечиктириши юзасидан шикоятлар кўпайган. Феврал-март ойларида агентлик ваколатхоналарига ушбу масала бўйича 1,3 мингта мурожаат келиб тушган, уларнинг умумий сони 2,2 мингтани ташкил қилган

Шу ўринда, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иш ҳақини ололмаса, ҳужжатларини иш берувчи олиб қўйса ва шу каби ҳуқуқлари поймол этилган ҳолларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.

Москва шаҳридаги ваколатхона манзили: Москва шаҳрида, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 (Метро Полянка). Почта индекси: 119017.

Teл: +79250454744. Электрон почта: info.pavtm@mail.ru

Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхона манзили: Санкт-Петербург шаҳри, Воздухоплавательная кўчаси 13-уй.

Тел: +79516809597

Екатеринбург шаҳридаги ваколатхона манзили: Екатеринбург шаҳри, Карл Либкнехт кўчаси 22-уй.

Тел.: +79259508977

Новосибирск шаҳридаги ваколатхона манзили: Новосибирск шаҳри, Ломоносов кўчаси, 55-уй.

Тел.: +79137350707. Электрон почта: avtmsibir@gmail.com

Самара шаҳридаги ваколатхона манзили:

Тел.: +79260209491.

Уфа шаҳридаги ваколатхона манзили:

Тел.: +79261629495.

Шунингдек, тез орада, Россиянинг Тула, Воронеж, Волгоград, Нижний Новгород, Иркутск, Амур вилоятлари, Краснодар, Красноярск, Перм ўлкаси, Ханти-Манси автоном округида Ташқи меҳнат миграцияси агентлинининг янги ваколатхоналари очилиши кутилмоқда. Шу билан агентликнинг Россиядаги ваколатхоналари сони 16 тага етади.

Яндекс таклифи мигрантлар учун зўр имконият

Компания ўз курерларига IТ соҳасини ўрганишда ёрдам беришини эълон қилди. Компаниянинг «Яндекс Еды», «Яндекс Лавки» ва «Яндекс Доставки» хизматларида 6 ойдан ортиқ ишлаган курерлар компаниянинг таълим дастурида қатнашишлари ва янги IТ касбларини ўрганишлари мумкин.

Лойиҳа давомида курерлик билан шуғулланувчилар орасидан 70 ходим синовлар асосида сараланади ва танловдан ўтганларни ўқитиш жараёни «Яндекс Практикум» платформасида онлайн тарзда олиб борилади. Ўқиш қиймати 90 фоизи етказиб бериш хизматлари томонидан қопланади.

Лойиҳада иштирок этиш истагини билдирганлар ариза тўлдиришлари, мос касб танлашлари ва кириш курсини ўташлари керак, кейин эса мотивацион тест ва онлайн суҳбат босқичи кутади. Сўров натижаларига кўра, курерларнинг 93 фоизи янги касбни ўрганишни хоҳлайди ва 70 фоизи ўқиш учун 20 000 рублгача пул сарфлашга тайёр.

Ўзбекистонликлар Россияда 15 кунгача рўйхатсиз қолиши мумкин. Фақат келишув кучга киргандан сўнг  

Россияга киргандан сўнг 7 кун ичида мажбурий рўйхатдан ўтиш талаби 15 кунга ўзгартирилмоқда. Давлат думаси Ўзбекистон ҳукумати билан Россияда бўлишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Ҳужжатда Россияга кирган ўзбекистонликлар ва Ўзбекистонга кирувчи россияликларнинг мамлакатга киргандан сўнг мажбурий рўйхатдан ўтиш муддати 15 кунгача узайтирилиши назарда тутилган.

Шартнома кучга кириши ва икки мамлакат қонунчилигига тегишли ўзгартишлар киритиш учун Федерациялар кенгаши томонидан маъқулланиши ва Россия президенти томонидан ҳам имзоланиши керак.

Ўзбекистон элчихонаси Киевга қайтди

2022 йил 22 апрелдан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Киев шаҳрида иш фаолиятини қайта тиклади. Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Украинада бўлиб турган фуқаролари ҳамда чет эллик фуқаролар элчихонага қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилишлари мумкин:

Киев шаҳри, Володимирска кўчаси, 16, 01901.

Умумий саволлар учун:

+380445015000; +380445014181.

Консуллик бўлими:

+380445014182; +380445014183.

Электрон почта манзили: embassy@uzbekistan.org.ua

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Россиянинг ушбу давлатга қарши ҳарбий амалиётлари ортидан 2022 йил 15 мартда Лвов шаҳрига вақтинча кўчирилган эди.

Термиз ва Наманганда бепул касб ўргатиш курслари ҳақида

Ўтаётган ҳафтада Migrant.mobi меҳнат мигрантлари, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун Термиздан тайёрлаган махсус репортажни эълон қилди. Бугунги кунда “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат марказида турли касбларга бепул ўргатилмоқда ҳамда тадбиркорлик борасида янги ғояси бор фуқароларга танлов асосида ёрдам берилаётгани ҳақида сўз боради.

Видеони тўлиқ шаклда Youtube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.

Бугунга мана шулар эди. Рамазон ойида қилаётган ибодатларингиз, тутаётган рўзаларингизни Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин. Ўзингизни асранг. Кейинги ҳафта сўнггида кўришгунча, саломат бўлинг.

Толиб Раҳматов тайёрлади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация