Барча йўллар очилди
Талабалар квотасиз “РВП” олишилари мумкин. Шавкат Мирзиёев Александр Невский ордени билан тақдирланди. Ўзбекистонга пул ўтказмалари рекорд даражада ошиб кетди. Польшада меҳнат мигрантлари сони ортиб бормоқда. Ассалому алайкум, сиз билан Малика Равшанова ва migrantnews dayjesti.
Талабалар квотасиз “РВП” олишилари мумкин
Президент Владимир Путин хорижлик талабаларга вақтинчалик яшаш рухсатномаси яьни “РВП” олишлари учун енгиллик яратадиган қонунни имзолади.
Хўш, бу қонун талабаларга қандай қулайлик яратади?
Шу вақтгача улар умумий асосда квота доирасида “РВП” олардилар. Ҳаммага маълумки, “РВП” олиш осон эмас, чунки квота жуда кам. Ушбу қонун давлат олий таълим ёки илмий муассасида, кундузги бўлимда таҳсил олаётган бакалавр, магистр, специалитет, аспирант, талабаларга квота олмай РВП олиш имкониятини беради. Лекин, Хусусий университетлар ёки давлат университетларининг сиртқи ва кечки бўлимларида таҳсил олсангиз, бу имкониятдан фойдалана олмайсиз.
“РВП” ўзи нима ва у қандай имтиёзлар беради? Нега кўпчилик “РВП” олишга интилади?
Биринчидан, РВП олган фуқаролар патентсиз ишлаш ҳуқуқига эга бўлади ва уларда босқичма босқич Россия Федерациясининг фуқаролигини олиш имконияти туғилади. Патентсиз ишлаш ҳуқуқини бергани учун ҳам кўпчилик олишга уринади.
Шавкат Мирзиёев Александр Невский ордени билан тақдирланди
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Давлат раҳбаримиз Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун орден билан тақдирлади.
Маълумот учун, Александр Невский ордени Россия Федерациясининг давлат мукофоти ҳисобланади. Ўз вақтида Россия провослав черкови патриархи Патриарх Кирил, дунёдаги илк космонавт аёл Валентина Владимировна Терешкова, Белоруссия президенти Александр Григорьевич Лукашенко, Қозоғистон Президенти Нурсултан Абишевич Назарбаев ва Тожикистон президенти Эмомали раҳмон ушбу орден билан тақдирланган.
Ўзбекистонга пул ўтказмалари рекорд даражада ошиб кетди
2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга тенг бўлди. Бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўп. Июнь ойидаги ўсиш 3 баробардан ортиқни ташкил этди.
Жорий йил январь-июнь ойларида тижорат банклари жисмоний шахслардан жами 5,66 млрд доллар эквивалентида хорижий валюта сотиб олган. Бу – ўтган йилнинг мос даври (2,33 млрд) билан таққослаганда 70 фоизга кўп.
Эслатиб ўтамиз, Россияда рубль курсини қўллаш учун банклардан валюта харид қилишга жиддий чекловлар ўрнатилган. Бу чекловлар натижасида Россия резидентларида валютани Марказий Осиё давлатларидан сотиб олишга рағбат ортган.
Кучингиз кўпайиб кетаётган бўлса…
Kun.uz’ нашри «Россияда полициячилар ўзбекистонлик мигрантга куч ишлатгани айтилмоқда» сарлавҳаси остидаги видеони жамоатчиликка ҳавола қилди ва бу лавҳалар қизғин муҳокама ҳамда кўплаб салбий фикрларга сабаб бўлди.
Айтилишича, ушбу меҳнат мигранти Россияда ҳужжатларсиз яшаб юрган ва полициячилар қўлига тушгач, қочиб кетишга уринган. Бунга жавобан ходимлар қочоқни дўппослаган.
Албатта, ҳар ким ўз жиноятига яраша қонун олдида жавоб беради. Аммо ҳозир гап бошқа ерда. Ҳар қандай жиноят қилишидан қатъи назар қайси қонун полициячига чет эл фуқаросини калтаклаш учун ваколат беради? Маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аллақачон бу масалани ўрганишга киришган.
Мигрант жамоаси, чет элда юрган ватандошлармиздан қайси мамлакат бўлишидан қатъи назар, у ернинг маданияти синчиклаб ўрганиб чиқишлари ҳамда қонунларини ҳурмат қилиб, риоя қилишларини сўраб қолади. Сизга ёт, ватанингиздан узоқ ҳамда сизга ёрдам бера оладиганлар йўқ бўлган жойда ҳужжатларсиз, ноқонуний фаолият юритишнинг охири яхшилик билан тугамаслиги аниқ.
Польшада меҳнат мигрантлари сони ортиб бормоқда
Марказий Осиё фуқароларининг Польшада ишлашга қизиқишлари ортмоқда. Польшадаги иш берувчилар Марказий Осиё республикалари фуқароларини ишга қабул қилишдан манфаатдор ва аллақачон меҳнат мигрантларининг келишларига ҳозирлик кўрмоқдалар.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Қозоғистоннинг 2578 нафар, Ўзбекистоннинг 2852 нафар. Қирғизистоннинг 763 нафар, Туркманистоннинг 616 нафар ва Тожикистоннинг 605 нафар фуқаролари Польшада ижтимоий суғурта жамғармасида рўйхатдан ўтишган.
Польшадаги кўплаб корхоналар бугунги кунда эркак ишчиларга бўлган талабни Марказий Осиёдан келувчилар ҳисобига тўлдиришмоқчи.
Автобусдами, самолётдами ёки темир йўлда?
Ўзбекистон Россиянинг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига автобус қатновларини тиклади. “Тошкент-Нижний Новгород-Тошкент” йўналиши бўйича янги халқаро автобус қатнови очилди. Йўқ менга автобусдан самолёт қулай дейдиганлар бўлса, унда улар учун алоҳида хабаримиз бор. Qanot Sharq Airlines Петербургдан Самарқандга парвозларни йўлга қўйди. Парвозлар ҳафтада бир марта-пайшанба кунлари амалга оширилади. Бундан ташқари, Россия ва Тожикистон ўртасида темир йўл алоқаси ҳам тикланмоқда. Россия темир йўллари Россия ва Тожикистон ўртасида темир йўл алоқаси 30 августдан тикланиши ҳақида хабар берди.