Мақола

647 28/09/2022

ҚОЧИШГА ҚИСМАН САФАРБАРЛИК

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди

21 сентябрь куни Росссия президенти Путин томонидан қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, 300 минг ҳарбий захирадаги одам сафарбар қилинади.

Шундай қилиб, ҳарбий сафарбарликка қуйидаги турдаги Россия фуқаролари жалб қилинади:

  • Ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий захирада турган фуқаролар.Биринчи навбатда ҳарбий мутахассисликка эга бўлган ва жанговар таржибага эга бўлганлар жалб қилинади;
  • 35 ёшгача бўлган одиий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик зобитлар ва 55 ёшгача бўлган катта зобитлар.
  • мерган, танкист, артиллерист, ҳайдовчи ва механик-ҳайдовчилар каби ҳарбий мутахассислар биринчи навбатда сафарбар қилинадилар.

Кимлар жалб қилинмайди:

  • Брон қилинган фуқаролар (буларга мудофаа саноати корхоналари ходимлари киради)
  • соғлиғига кўра вақтинча яроқсиз фуқаролар
  • оила аъзоси ёки биринчи гуруҳ ногиронига доимий ғамҳўрлик билан шуғулланувчилар
  • қарамоғида 16 ёшгача бўлган 4 ёки ундан ортиқ фарзанди борлар
  • саккиз ёшга тўлмаган 4 ёки ундан ортиқ фарзанди бўлган ва уларни эрсиз тарбилаётган оила фарзандлари

Ушбу хабардан кейин Россияликлар оммавий равишда четга чиқиб кета бошлашди. Деярли барча йўналишлар бўйича авиачипталар нархи бир неча баробар қимматлашиб кетди. Москвадан Тошкентга парвоз учун битта чипта нархи $10.000 дан ошгани ҳақидаги расмлар тарқалди.

Россиянинг Козоғистон, Грузия ва Финляндия билан чегараларида автомашиналардан иборат узундан-узоқ тирбандлик ва навбатлар пайдо бўлди.

Телеграмда чегарадаги вазият ҳақида хабар берувчи “Пограничный контроль” канали ишга тушди. У ерда Россияликлар қандай қилиб чегарани кексиб ўтганлари ҳикоялари бериб борилмоқда. Деярли барча чегара пунктларида фуқаролардан билетни қачон сотиб олгани, қайтишга билет бор-йўқлиги, нима мақсадда четга кетаётгани, ҳарбий хизмат ўтагани, чақирув қоғози келгани ёки йўқлиги ҳақида сўрашган. Чегарадан ўтиш 5 дақиқадан 1 соатгача вақт олган. Паспортлар йиғиб олиниб, текширилган ва қайтариб берилган. Шундай бўлсада, чегарлар очиқ ва ҳеч ким қайтарилмаган. Ҳарбий сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги фармонда ҳам чегара ёпилиши ҳақида гап йўқ. Фақат 25 сентябрдан бошлаб айрим Россия фуқароларига ҳарбий комиссариат қарорига кўра чегарадан чиқишга рухсат берилмагани ҳақида хабарлар кела бошлади. Ба ҳақда адвокат Павел чиков хабар берган.

Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Россиянинг бир қанча шаҳарларида сафарбарликка қарши митинглар бўлиб ўтди. Митингда қатнашган минглаб одамлар полиция томонидан ҳибсга олинган ва 200 га яқин митинг қатнашчиларига полиция маҳкамаларида сафарбарликка чақирув хати берилган.

23 сентябрда Москвада сафарбарликни қўллаб-қувватлашни ёқлаб катта митинг ташкиллаштирилди. Бизга ватандошларимиздан Москвадаги ГБУ “Жилищник” Ўзбекистон фуқаролари бўлган ходимларини ушбу митингда қатнашишга мажбурлаётгани ва қатнашишдан бош тортганларни ишдан ҳайдаш билан қўрқитаётгани хабарлари келди. Биз ўз навбатида мигрнатларнинг ҳар қандай митингларда қатнашишлари Россиядан депортация бўлишга асос бўлишини айтиб, ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон элчихонасини хабардор қилдик.

Албатта, бу сафарбарлик Россия фуқаролигини олган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳам тааллуқли. 2021 йилнинг ўзида 31 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган. Уларнинг баъзиларига чақирув қоғозлари ҳам келиб улгурди. Ижтимоий тармоқларда кечагина Россия паспорти билан мақтаниб юрганлар бугун қандай қочишни билмай юришибди деган киноялар ҳам мавжуд. Биз ҳафта давомида Россиядаги ҳарбий сафарбарлик, Россия паспортини олганлар ва оддий муҳожирлар нима қилишлари кераклиги ҳақида бир қанча кўрсатув ва суҳбатлар ташкил қилдик. Каналимиздан кўриб олишингиз мумкин.

Кўпчилик бир нарсага эътибор берди. Сергей Шойгуга кўра, 24 февралдан буён 5937 Россия ҳарбийси ҳалок бўлган. Негадир, уларнинг ўрнини қоплаш учун 300 мингта одамни сафарбар қилишмоқчи. Расмий маълумотларга кўра 1 млн 150 минг ҳарбийдан иборат Россия қуролли кучларига нима учун захирадаги одамлар керак бўлиб қолди, тушунарсиз. Камига ярамаслар мигрантларни ҳам жалб қилишмоқчи.

Сахаровода чет элликларни ҳарбий хизматга ёллашмоқда

Энди Россия қуролли кучлари таркибида хизмат қилиш учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга шартнома тузган чет эл фуқаролари осонлаштирилган тартибда, яъни РВП ва ВНЖсиз Россия фуқаролигини олишлари мумкин. 24  сентябрь бошлаб, Россия Федерациясининг “Фуқаролик ҳақида” ги қонунининг 13 моддаси, 4 қисмига ўзгартириш киритилди.

Россия ҳукумати шундай қилиб мигрантларни ҳам урушга жалб қилмоқчи. Москва ҳукумати Мудофаа вазирлигига “хорижликларни ҳарбий хизматга киришини ташкил этиш”да ёрдам бериш учун Сахароводаги миграция марказида тўлиқ инфратузилмани жойлаштиради. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собяниннинг сайтида ҳабар берилган.

Унинг айтишича, шаҳар ҳукумати ҳарбий хизмат ҳақидаги шартномалар тузиш имкон борича осон ва қулай бўлиши учун барча имкониятларни яратади.

Москвада Сахарово кўптармоқли миграция маркази фаолият кўрсатиши ва бу ерда мигрантлар Россияда фаолият юритиши билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштиришини яхши биламиз.

Марказда аллақачон ўзбек, тожик ва рус тилларида ҳарбий хизматга шартнома тузишни таклиф қилувчи эълонлар пайдо бўлган. Хўш, ҳақиқатдан Россия фуқаролигини олиш осон бўладими?

Юрист Зарнигор Омониллаева ёзганидек, кафолатли равишда фуқаролик бериш, деб ҳеч қаерга ёзилмаган. Бу дегани бир йил хизмат қилиб келганларни ҳеч ким нон ва туз билан кутиб олмайди. Фуқаролик олиш учун урушдан қайтгач (агар тирик қолсангиз) ўзингиз югуришингиз керак бўлади. Агар у вақтга келиб, сиёсат ўзгармай ҳозиргидек туради, деб олсак ҳам қандайдур техник сабаб туфайли фуқароликка аризангизни қабул қилмасликлари мумкин

Буни Россия фуқароси бўлган хотини/боласи/ота-онаси борларниям Сахаровога борганида нечча марталаб аризаларидан хато топиб қайтариб юбораётганлар яхши билади. Техник сабаблар билан қайтариб юборишлари янгилик эмас, асло.

Шу баъзи Россиялик амалдорлар мигрантларнинг энг катта орзуси Россия паспортини олиш деб ўйлашса керак. Мигрантлар мактабда яхши ўқимаган бўлишлари ёки рус тилини яхши билмасликлари мумкин. Лекин, ҳеч ким аҳмоқ эмас. Қолаверса, Россия паспортини олишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Ўртоқлар, сизлар бемалол ўзларинг уришаверинглар, биз Россияга жондан воз кечгани келганимиз йўқ.

Ўзбекистондаги муносабат

Хўш, Россияда бўлаётган воқеаларга Ўзбекистон расмий органлари томонидан қандай муносабат билдирилмоқда? Ҳозирда муносабат асосан айнан Ўзбекистон фуқароларига мурожаат ва огоҳлантириш кўринишида бўлмоқда.

Ўтаётган ҳафтада бу борада доим актив бўлган Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги фуқароларимизга яна бир огоҳлантириш билан чиқди. Унда айтилишича, Россияда эълон қилинган қисман ҳарбий сафарбарлик мамлакат фуқароларида норозилик уйғотиши мумкинлиги айтилмоқда. Хусусан баъзи ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.

«Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин», дейилади хабарда.

Ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида «Бош прокуратура» телеграм канали ҳам огоҳлантирди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, 154-1 моддасига кўра эса, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлиши айтилган.

“Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”, дйилади хабарда.

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳам юртдошларимизни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақирди. 

“Элчихона ватандошларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантиради.

Элчихона маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилинади.

Элчихона Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳлантиради”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Россия-Украина урушига тарғиботлар ортидан террористик ташкилотлар жиҳодни даъво қилаётганига муносабат билдирди. «Ушбу урушга „жиҳод“ номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади», — дейилади баёнотда. Идора бундай фитналарга аралашиш шаръан ҳаром эканлигини қайд этди.

«Мазҳабимизнинг буюк олимларидан бири Имом Муҳаммад „Ас-Сиярул-кабир“ китобида айтадилар: “Мусулмонлар ғайридинлар билан бирлашиб, бошқа ғайридин жамоага қарши урушиши жоиз эмас“, деганлар», — дейилади хабарда.

«Хулоса қилиб айтганда Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз», — дейилади баёнотда.

Қирғизистон ва Тожикистон элчихонлари ҳам ўз фуқароларини ҳарбий можароларда қатнашиш оқибатларидан огоҳлантирган.

Бу орада Россия президенти қошидаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов Россия фуқаролигини олганига 10 йилдан ошмаган Марказий осиё давлатлари фуқароларини мажбурий бир йиллик армияга юборишни таклиф қилган.

Кабанов фикрича, бундай ҳарбий хизматдан бош тортган фуқаронинг ўзи ва оила аъзолари Россия фуқаролигидан чиқариб юборилишлари керак.

Унингча бу чора Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўз фуқароларини урушда қантнашмаслик ҳақида огоҳлантиргани ва бу учун жиноий жавобгарлик борлигига жавобан татбиқ қилинадиган чора экан.

Таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов ўз фейсбук саҳифасида бунга шундай муносабат билдирган.

Бундан чиқиб келадиган қуйидаги ҳулосалар:

– Россиянинг бу каби амалдорлари бизнинг мустақиллигимиз, қонунларимиз ва мамлакатимизнинг ўз фуқароларини муҳофаза қилиш ҳуқуқини менсимаслигини англатади;

– Улар урушга биринчилар қаторида айни бошқа миллат, яъни Россиянинг ичида яшовчи ўзга миллат вакилларини сафарбар қилишга уринишлари;

– Гарчи ўн йиллаб у ерда яшаб, ишлашса-да, у ерда уй жой қилиб, оила бола чақалари билан фуқаролик олишга эришсаларда, Россияда бу ватандошларимиз барибир иккинчи табақалик фуқаро, яъни айни ҳуқуқсиз фуқаро бўлиб қолаверишлигини ва улардан ва оила аъзоларидан қийин эришилган бу фуқаролик осонгина қайта олиб қўйилиши мумкинлигини англатади;

– Ватандошларимизнинг инсон ҳуқуқлари, қолаверса, хатто ҳаёти ҳам бу каби кимсалар учун мутлақо қадрсизлигини англатади.

Лекин, бу масаланинг бошқа бир тарафи ҳам бор, у ҳам бўлса, бугунги кунда ўша миннат қилинаётган Россия паспортининг деярли қадри қолмаяпти. Русларнинг ўзи ватанидан қочиш ҳаракатида ку.

Россия  паспорти билан жуда кўп мамлакатлар ўз худудига мутлақо киргизмайди, виза бермайди, ишга олмайди, банкда ҳисоб ва пластик карта очмайди.

Шу ҳаммаси етмагандай, тағин урушга олиб кетиб қолиш ҳавфи доим бор.

Аминманки,  миллионлаб Россия фуқаролари ҳозирда жон деб, ўз паспортларини Ўзбекистон паспортига алмаштирган бўлар эдилар.

Эътибор берилса, муносабат ва огоҳлантиришлар ватандошларимизга қаратилган. Урушни бошлаганлар ва фуқароларимизни урушга жалб қилаётганларга нисбатан эса ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмаяпти. Балки, норасмий каналлар орқали билдирилаётгандир. Бир нарсани тушуниш керакки, агар Россия ҳукумати ўз ҳудудидаги чет эл фуқароларини урушга жалб қилишни хоҳласа, ҳар қандай усул билан олиб кетади ва бу каби огоҳлантиришлардан кўп ҳам самара бўлмайди. Фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғи барча нарсадан устун ва буни Россия ҳукуматига ҳам етказиш вақти келди.

Шунақа пайтда бизнинг жамоа қандай ёрдам бера олади? Агар сизни ёки яқинларингизни Россия Федерацияси ҳудудида ҳарбий операцияларга қатнашишга мажбурлаётган бўлишса, MIGRANT каналининг @mobilmigrant_bot алоқа ботига ҳолат юзасидан маълумотларни юборинг. Биз сизларга имконият даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Шу ўринда айни можароли вақтларда сизларга зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни (айниқса ҳужжатларингиз жойида бўлмаса), намойишлар ўтказилаётган ҳудудлар ва унга яқин жойларда шунчаки бўлса ҳам кўриниш бермасликни тавсия қиламиз.

Сизни уйда оилангиз кутмоқда, ўзингизни асранг!

 Ўзбекистонда «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилди

23 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда Мир карталарига хизмат кўрсатиш техник сабабларга кўра тўхтатилди.

Ижтимоий тармоқларда Россиянинг «Мир» тўлов тизимининг Ўзбекистондаги карталари эгалари банкоматлар карталарга хизмат кўрсатишни тўхтатгани ҳақида хабар беришди.

Ягона республика процессинг маркази (Uzcard бренди) «Газета.uz»га 23 сентябрь куни соат 9:00 дан бошлаб банкомат ва терминалларда «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилганини тасдиқлади.

Компания ўз инфратузилмасида Uzcard — «Мир» кобейж карталарига (бир вақтнинг ўзида иккита тизим билан ишлайдиган карталар) нормал хизмат кўрсатилишини маълум қилди. Чекловлар фақат Ўзбекистондан ташқарида чиқарилган «Мир» карталарига, шунингдек, хориждаги Uzcard — «Мир» қўшма карталарига тегишли.

Айни пайтда Uzcard — «Мир» қўшма карталарини чиқараётган банклар бу ҳақдаги маълумотларни ўз веб-сайтларидан олиб ташлашни бошлади.

Жорий ҳафтада Қозоғистон, Арманистон, Туркия ва Вьетнамдаги айрим банклар АҚШ Молия вазирлигининг иккиламчи санкциялар хавфи ҳақида огоҳлантириши муносабати билан Мир карталари хизматини чеклаганди.

Шундай қилиб, “Мир” га дунё торайиб бормоқда. Эхх, Россияга шунча муаммо керакмиди?!

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда ижара нархлари қанча?

Ҳозирки кунда деярли ҳамма нарса қиммат. Уй нархлари эса умуман осмонда. Аҳоли кўпайиб бормоқда. Бундай шароитда кўпчилик ижарада яшашга мажбур. Тадқиқотлар билан шуғулланувчи Statista компанияси маълумотларига кўра, Швейцарияда 68% аҳоли ижарада яшайди. Бу кўрсаткич Германияда 64% ни, Хитойда 14% ни, Россияда эса 11% ни ташкил этади.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Тошкент шаҳри туманларидаги кўп қаватли уйларда ижара нархлари қандай эканини таҳлил қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлардаги ижара нархи ўртача 339 АҚШ долларига тенг. Тошкентда ўртача ойлик қанча эди? 4,4 млн сўм. (давлат солиқ қўмитаси ҳисоботи)

Ижара нархлари бўйича энг паст нарх Сергели ва Олмазор туманларида, энг баланд нарх эса Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилди.

❗️Хонадон ва ижара нархи нисбати (price/rent ratio) кўрсаткичи Тошкент учун 10 йилни ташкил этади. Демак, ўн йиллик ижара пулига Тошкентда хонадон сотиб олса бўлади. Бу кўрсаткич Туркияда 52 йилга, Германияда 34 йилга, Полшада 18 йилга, Руминияда 17 йилга тенг. Шундай қилиб, Тошкентда шахсий уйга эгалик қилиш ижарада туришга қараганда арзонроқ.

? Уйни ижарага бериш орқали бир йилда олинадиган даромадd Тошкент шаҳри учун 10% ни ташкил этади. Қиёслайдиган бўлсак, бу рақам Руминияда 6% ни, Полшада 5% ни, Германияда 3% ни, Туркияда эса 2% ни ташкил этади. Бу ҳозирги кунда Тошкентда уй сотиб олиб уни ижарага бериш банкда доллар сақлашдан кўра фойдалироқ эканлигини кўрсатади.

✅Мутахассислар Ўзбекистонда ижара бозори шаклланишнинг бошланғич босқичида турганини қайд этишган ва уни ривожлантириш учун қуйидаги тавсияларни беришган:

– ижарада турувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини яратиш керак. Ҳозир ривожланган давлатлар аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида ижарачиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, шартнома муддати давомида ижара нархлари ўзгармаслигини таъминлайди. Масалан, Буюк Британияда ижара билан боғлиқ белгиланган тўловлардан ташқари ҳар қандай комиссия олиш тақиқланган. Бу борада Туркия ва БАА тажрибаси хам кизик. БАА да ижара берувчи хоҳлаган пайтда шартномани бузиб, ижарачини уйдан хайдай олмайди.

– ижара нархлари кескин ўзгаришини назорат қилиш керак. Мисол учун ижара нархини шаҳар буйича ўртача нархдан сабабсиз кескин 10% дан кўпроққа ошира олмасликни қонунан белгилаш;

– уй эгаси ва потенциал ижарачини тўғридан-тўғри боғлайдиган информацион технологияларни кенг жорий этиш. Одамларда маклерларсиз ижарага уй топиш имкони бўлиши керак.

Эътибор беринг. Тошкентда ижарага тургандан уй сотиб олган фойдалироқ. Лекин, уй нархлари аҳоли даромадига солиштирсак жуда қиммат. Камига негадир, асосан қиммат уйлар қурилмоқда. Кўпчилик муҳожирларимиз ҳам айнан уй қураман ёки стоиб оламан деб четда ишлаб юришибди. Уй қуриш билан боғлиқ барча жараёнларни иложи борича арзонлаштириш ва оддий одамлар учун ҳам кўпроқ арзон уйлар қуриш имкониятлари қилинса яхши бўларди. 

Тошкент халқаро аэропортида МИБ бўлими ташкил этилди

Тасаввур қилинг, четга кетяпсиз. Аэропортда МИБ дан қарзинигиз бор экан деб қайтаришди. Илгари бу муаммони ҳал қилиш учун МИБ га бориб қарзни тўлаш ва базадаги тақиқ олиб ташланишини кутиш керак эди. Билет пулига ҳам куярдингиз. Энди буларнинг ҳаммасини аэропорни ўзида ҳал қилса бўлади. Тошкент халқаро аэропортида МИБ бўлими ташкил этилди.

Тошкент халқаро аэропортидаги Мажбурий ижро бюросининг хизмат кўрсатиш бўлимида йўловчилар хорижга чиқишини чеклайдиган қарз бор ёки йўқлигини текширтириши мумкин. Шунингдек, қарзни тўлаб ва тўлов ҳужжатини тақдим этилганидан сўнг МИБ ходими тизимни янгилаши ва йўловчидан кетиш учун тақиқни олиб ташлаши мумкин.

«Коммунал тўловлар, кредитлар, жарималар ва бошқа қарзлар ўз вақтида тўланмагани учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиш чекланиши мумкин. Бирор киши бу ҳақда унутиши ва чегарани кесиб ўтиш пайтидагина билиши мумкин. Шунингдек, чеклов инсон омили сабаб нотўғри қўйилган бўлиши мумкин. Ўн уч ёшли ўсмирнинг “алимент қарзи” туфайли мамлакат ташқарисига уча олмагани бунга ёрқин мисолдир. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Мажбурий ижро бюроси ходимлари аэропортда 24/7 режимида ишлайди», — дейилади хабарда.

«Бошқа аэропортларда ҳам фуқароларда тақиқлар масаласида муаммолар юзага келганида, марказлашган тартибда масалани ўрганиш ва ҳал этиш учун махсус телефон рақами (95 411 07 17) жорий қилинган. Фуқаролар бу рақам орқали ёки аэропорт масъул ходимлари ёрдамида Тошкент халқаро аэропортидаги интерактив шохобча билан боғланишлари ва муаммоларини ҳал қилишлари мумкин», — дейди бюро вакили.

Бундан ташқари, у юқоридаги ҳолатларда барча чегара постлар ҳозирча Тошкент аэропорти билан боғланишини, кейинчалик темирйўлларда ҳам МИБ бўлимларини очиш режада борлигини қайд этди.

Албатта бу жуда яхши хабар. Бу каби тақиқлар асосан алимент тўламаганлик учун қўйилади.  Маълумот ўрнида, алимент тўлаши керак бўлган одам алимент қарзи бўлмаса ҳам четга чиқиш учун турмуш ўртоғидан суд томонидан бериладиган махсус рухсатномага эга бўлиши керак.

Green Card ғолиблари сони маълум бўлди. Ўзбекистон учинчи ўринда

 АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи виза олиш учун ўтказиладиган Green Card лотереяси натижалари маълум бўлди.  

Бу йилги лотереяда 119 262 ариза берувчи ғолиб сифатида рўйхатга олинди ва улар 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 30 сентябргача ўз мамлакатидаги АҚШ элчихонасига виза бўйича интервюга чақирилади. Уларнинг 55 минг нафарига АҚШ визаси берилади. Баъзи манбаларга кўра, бу рақам ошиши ҳам мумкин, чунки Жо Байден грин-карта ғолиблари сонини 80 мингтагача ошириш кераклигини айтганди. Жо тоға молед одам экан.

Грин-карта ғолиблари сони бўйича Ўзбекистон бу гал ҳам доимгидек юқори ўринларда қайд этилди. DV-2023 Green Card Lottery бўйича энг кўп ғолиб Мисрда қайд этилган – 5 529 нафар. 5 526 нафар фуқароси ғолиб бўлган Жазоир иккинчи ўринда. Рўйхатда 5 511 нафар ғолиб билан Ўзбекистон учинчи ўринда.

Маълумот учун, грин-карта лотереяси АҚШда 1990 йилги иммиграция тўғрисидаги қонунга асосан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳисобланади. Бу лотерея ғолиблари АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи визага эга бўлади. Лотереяни ўтказиш, ғолибларни аниқлаш ва уларга виза бериш билан Давлат департаменти шуғулланади.

Ҳар йили 55 мингта визага эга чиқиш учун бутун дунё бўйлаб 20 миллиондан кўпроқ одам ариза топширади. Одатда ғолиб сифатида қайд этилган ариза берувчиларнинг 50 фоиздан кўпроғи виза бўйича интервюдан ўтган тақдирдагина грин-карта визасига эга бўлади.

Грин-карта визасини қўлга киритганлар лотереяда иштирок этиш учун ариза бераётганда ўз оила аъзоларини ҳам рўйхатдан ўтказган бўлса, уларни ҳам АҚШга олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади.

АҚШ билан боғлиқ яна бир хабар. АҚШ элчихонаси ўзбекистонликларга қўшимча ноиммиграцион визалар бериш учун суҳбат ўтказади .

28 сентябрь — чоршанба куни соат 18:00 да  консуллик бўлими 600 дан ортиқ ноимиграцион визалар бериш учун фуқароларни рўйхатдан ўтказиш бўлимларини очади.

Суҳбат фақатгина Ўзбекистон фуқаролари  учун 2022 йил ноябридан 2023 йил январгача бўлиб ўтади. Суҳбатга кириш учун рўйхатдан ўтиш фақатгина онлайн тизими орқали амалга оширилади.

Сиз суҳбат учун рўйхатдан ўтаганингизда ўзингиз ҳақингизда аниқ маълумотларни киритишингиз шарт. Маълумотлардаги хатолар, жумладан, телефон рақамингиз, электрон манзилингиз нотўғри киритилган бўлса, элчихона учрашувингизни бекор қилиши мумкин. Барча аризаларда аниқ маълумотлар кўрсатилиши керак.

Суҳбатга киришдан аввал онлайн-тизим бўйича DS-160 анкетасини тўлдириб, ўз штрих-кодингизни олишингиз зарур бўлади.

Албатта, ватандошларимизнинг дунё кўришлари, ривожланган мамлакатларга боришлари яхши. Фақат шу ўзимизда иш ўринларини яратсак, одамларимизга муносиб шароитлар яратиб берсак, ҳаммамиз оиламиз, яқинларимиз олдида яшасак бундан ҳам яхши бўларди. 

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-саломат бўлишсин. Сизлар билан яхши кунларда кўришиш насиб қилсин. Саломат бўлинглар.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация