Мақола

526 26/12/2022

МИГРАНТЛАРНИ ТИНЧ ҚЎЙ, ҚОДИРОВ!

Бугунги эфирда:

  • Россия Мигрантлар федерацияси фаолияти тугатилди
  • Алишер Қодиров яна бир бор мигрантларни солиққа тортиш масаласини кўтарди
  • Новосибирскда мигрантлар қизамиққа қарши эмланади
  • Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлашини эълон қилди
  • Ўзбекистонлик Россияда йил талабаси бўлди
  • «Сахарово»даги миграция маркази байрам кунлари ишламайди

Россия Мигрантлар федерацияси фаолияти тугатилди

Мигрантлар орасида пандемия пайтида танилган Россия мигрантлар федерацияси фаолиятини тўхтатади.

Россия Олий суди Адлия вазирлигининг Россия Мигрантлар Федерациясини тугатиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди.

Вазирликнинг маъмурий даъвоси бўйича суд қарори жорий йилнинг 18 августида қабул қилинган, 20 декабрь куни апелляция суди уни қонуний деб топган ва ўзгаришсиз қолдирган.

Олий Суд қарорида айтилишича, Адлия вазирлиги «Россия Федерацияси қонунчилигини қўпол, тузатиб бўлмайдиган тарзда бузгани» сабабли федерация фаолиятини тугатишни сўраган. Жумладан, мигрантлар федерацияси томонидан 2018-2020 йиллари аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича еттита халқаро турнир ташкил этилган.

Россия Мигрантлар Федерацияси турнирлар ташкил этишдан ташқари, 2021 йилнинг кузида Адлия вазирлиги кўрсатган ҳужжатларни расмийлаштириш ва низомни янгилаш билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф этмаганликда айбланган. Шунингдек, жорий йилнинг 18 августида ташкилот фаолияти дастлабки суд қарори бўйича тўхтатилган бўлсада, ўз Ютюб каналида жонли эфирлар ўтказишда давом этган.

Россия Мигрантлари Федерацияси 2007 йилдан бери фаолият юритаётган жамоат ташкилотидир. Унинг ваколатхоналари Россиянинг 40 дан ортиқ шаҳарларида жойлашган. Ташкилотнинг расмий сайтида хабар қилинишича, федерация муҳожирларга рус тилини ўрганиш ва таълим олишда ёрдам беради, мослашиш марказларини яратиш ва мигрантларнинг ҳуқуқий ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшади, «экстремизм тарқалишига қарши курашиш бўйича фаол маърифий ишларни олиб боради, бағрикенгликни тарғиб қилади ва спорт ва маданий тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб туради».

Муносабат:

Жорий йилнинг ноябрь ойида мазкур ташкилот муҳожирлар учун Россия армиясида шартнома бўйича хизмат қилиш имтиёзлари ва унинг сафига қўшилиш жараёни ҳақида батафсил видео эълон қилганди. Лекин, бу видеода бундай ёлланиш учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон қонунчилигида жиноий жавобгарлик борлиги тилга олинмаган. Биз бунга олдинги дайжестларимиздан бирида муносабат билдирган эдик. Ташкилот шу пайтгача мигрантларга ўзини ёрдамчи қилиб кўрсатиб келган, пандемия пайтида  эса юқоридаги ташкилотлар ёрдамида бир қанча хайрия ишларини ҳам амалга оширган. Лекин, мигрантларни урушга жалб қилиш билан ўз кураторларига яхши кўринишга ҳаракат қилган бўлса ҳам Россия Суди томонидан ёпилмоқда. Бизнингча, доимо оддий инсонлар тарафида бўлиш ва иккиюзмачилик қилмаслик муҳим. Ўзини мигрантларга дўст қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган, аслида эса мигрантларни назорат қилиш учун ташкил қилинган бундай сунъий ташкилотлар ва баъзи бир шахслар фаолияти узоққа бормаслигини ҳаёт ҳам кўрсатмоқда. Украинадаги можаро эса кўпларнинг аслида кимлигини кўрсатиб қўйди.

Манбаа: «Фарғона» АА.

Алишер Қодиров яна бир бор мигрантларни солиққа тортиш масаласини кўтарди

Ўзбекистонда ҳам мигрантларнинг яна бир “дўсти” бор. Бу ҳаммамиз севган депутат Алишер Қодиров. Алишер ака ўтган йили сайлов пайтида мигрантларни солиққа тортиш бўйича ташаббуслари билан муҳожирларга бўлган меҳрлари даражасини кўрсатиб қўйган эдилар. Бу ташаббус ўз абсурдлиги билан барчани лол қолдириб, кўплаб муносабатлар ва мемларга сабаб бўлганди. Баъзи кузатувчилар бу гаплар атайин сайловда кўп овоз олмаслик учун айтилган деган фикрни билдиришганди.

Буни қарангки, мигрантларни солиққа тортиш орзуси акани ҳалиям тинч қўймабди. “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров 16 декабр куни “Мафкуравий иммунитет ва миллий ғурурни қандай шакллантирамиз?” мавзусида партия ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатида яна бир бор мигрантларни солиққа тортиш масаласини кўтарди.

“Мигрантларнинг солиқ тўлаш масаласини кўтарганимизда мени, бизни жуда кўп танқид қилишди. Аслида Конституция бўйича ўйлаб қарасангиз, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси солиқ тўлашга мажбур. Бу – мажбурият. Лекин бу мажбуриятни ҳеч ким муҳокама қилишни ҳам хоҳламайди. Улар (мигрантлар) савдолашяпти ва айтяптики, мен ишни ўзим топдим, ўзим топганим учун ҳам солиқ тўламайман. Яъни улар айтяптики, давлат менга кўрсатиши керак бўлган хизматни кўрсатмагани учун ҳам мен ўз мажбуриятимни бажармайман. Бу нима, давлатга эътирозми ёки ҳуқуқларини англамасликми? Ёки бошқа қандайдир эътирозми? Мана шундай масалаларнинг орқа томонини ҳам ўйлаб кўрсангиз, улар бу ерда топиши мумкин бўлган шунча маблағни ўша ерга бориб, қанча қийинчилик, азоб ва яна қанча камситишлар билан топяпти. Чунки мана ҳозир битта мигрантимиз Россия Федерациясига уч томонлама даромад келтиряпти. Биринчидан, юз сўмлик ишни йигирма сўмга бажаряпти, ишлаш учун патентга пул тўлаяпти ҳамда кўрган даромадидан солиқ тўлаяпти.  У ҳозир уч томондан даромад манбайига айланган. Аслида айрим давлатлар бизга мигрантлар билан таҳдид қилиши эмас, биз мигрантларни қайтариб олиш билан уларга таҳдид қилиш имкониятига эгамиз”, – деди Алишер Қодиров. У шунингдек, давлат олдига мана шундай шартларни қўяётган мигрант муносабати табиий муносабатми ёки бу бошқача баҳоланиши керакми, дея иқтисодчи Абдулла Абдуқодировга савол билан юзланди. Иқтисодчи эса партия етакчисининг саволи ва кўтарган масаласига жавобан халқаро шартномалар бўйича мигрантлар шусиз ҳам солиқ тўлаб келаётганини эслатди.

Алишер ака  кўтарган масалага жавобан иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ва бошқа бир қанча мамлакатлар билан иккиёқлама солиқ тўлашнинг олдини олиш бўйича шартномалари борлигини эслатди.

“Солиқ тўлаш масаласига келсак, Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ва бошқа бир қанча мамлакатлар билан иккиёқлама солиқ тўлашнинг олдини олиш бўйича шартномалари бор. Тўғридан тўғри даромад солиғи шу шартномага киради. Яъни агар Ўзбекистон фуқаросининг даромад манбайи Россия ўлкаси бўлса ва у бу даромаддан Россияда солиқ тўлаётган бўлса, бу тўғридан тўғри солиқ бўлади ҳамда у Ўзбекистонда бу солиқни тўламайди. Ёки шунинг тескариси. Агар Россия фуқароси Ўзбекистонга келиб даромад олса ва бизда ундан даромад солиғи ушлаб қолинса, у Россияда солиқ тўламайди. Демак, биз Россияда солиқ тўлаган фуқарони иккинчи марта солиққа тортишга ҳаққимиз йўқ. Чунки Россия билан қилинган бу шартномага 1993 йилда (1994 йил 2 мартда – таҳр.) қўл қўйилган. Бу каби шартномалар масалан, Буюк Британия, АҚШ каби юзлаб давлатлар билан имзоланган. Шунинг учун бу борада мигрантларнинг ҳуқуқий асоси бор”, – деди Абдулла Абдуқодиров.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган «Даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишига йўл қўймаслик тўғрисида» битим имзоланган.

Унга кўра, битимда Ўзбекистонда Ўзбекистон фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи, Россияда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи иккиёқлама қўлланишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Муносабат:

Ҳаётда мазохист одамлар бўлади. Мазохи́зм немисча Masochismus сўзидан олинган бўлиб,  хўрланиш, зўравонлик ёки азобни бошдан кечиришдан завқ олишга мойилликни билдиради. Ким билсин, Алишер Қодровда ҳам шундай мойиллик бордирда. Бўлмаса, ҳамма қарши бўлган нотўғри ташаббусларини қайта-қайта такрорлармиди? Наҳотки, у одамнинг партиясида шунга ақли етадиган бирор юрист ёки иқтисодчи бўлмаса? Ё ака ижтимоий тармоқларда машхур бўлишни яхши кўради ёки мазохизмга мойиллиги бор. Биз бир неча марта Алишер акадан интервью олишга ҳаракат қилдик, аммо бунга розилик бермадилар. Лекин, бу каби чиқишлари билан Алишер Қодиров сиёсий суицид билан шуғулланаётганларини эсдан чиқармаслиги керак. Мигрантларга иш топиб бера олмаган мутасаддилар ҳеч бўлмаганда бу каби ташаббуслар билан четда қийинчилик билан пул топаётган инсонларнинг ғашига тегмаса бўларди.

Шу ўринда Алишер Қодировга Москвада патент олиб ишлаб кўришни ва уйга бориб қўшимча солиқ тўлашни таклиф қиламиз. Балки, шунда фикрлари ўзгариб қолар.

Новосибирскда мигрантлар қизамиққа қарши эмланади

Новосибирскда чакана савдо дўконлари ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар, шунингдек мигрантлар қизамиққа қарши эмланадилар.

Новосибирск вилоятида ушбу касаллик туфайли ноқулай эпидемиологик вазият эълон қилинди. “Роспотребнадзор”нинг маҳаллий бўлими маълумотларига кўра, ноябрь-декабрь ойларида вилоят шифокорлари томонидан  14 та  қизамиқ билан касалланиш ҳолати қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2022 йил 16 декабрдан 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда меҳнат мигрантларини қизамиқ касаллигига қарши имунитетни ошириш учун эмлаш ишларини ўтказиш топширилган.

Савдо шохобчалари, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам қизамиқ касаллигига қарши вакцина олишлари шарт. Шу муносабат билан вилоят бош санитар шифокори Александр Шербатов хавфли касалликка қарши оммавий эмлаш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Аниқланишича, касаллик асосан эмланмаган катта ёшдаги инсонларда кўпроқ учрамоқда. Инфекция юқиши аксарият ҳолларда савдо корхоналари, маҳаллий бозорлар ва савдо марказларига ташриф буюриш билан боғлиқ бўлмоқда. Таъкидланишича касаллик билан бутун оила аъзолари оғриган ҳолатлар учраяпти.

Маълумот ўрнида, қизамиқ – бу юқумлилик даражаси жуда юқори бўлган, қўзғатувчиси қизамиқ вируси бўлган ўткир юқумли вирусли касаллик ҳисобланади. Касаллик юқори иситма, оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўлларининг шиллиқ пардаларининг яллиғланиши, конъюнктивит ва терининг характерли доғли-папуляр тошмаси, умумий интоксикация билан тавсифланади. У отит, ларингит, пневмония, стоматит ва бошқа асоратларни келтириб чиқаради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йилда дунёда 140 минг киши қизамиқдан вафот этган бўлиб, уларнинг кўпчилиги беш ёшгача болаларни ташкил қилган.

Манба: Sputnik Тожикистон.

Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлашини эълон қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг машҳур депутати Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлашини эълон қилди. «Бундай ишлай олмас эканман. Бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман. Ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат! Розинг бўлинглар! Насиб қилса қолганини вақт кўрсатади. Аллоҳ мададкор бўлсин!», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналида.

Аввалроқ у давлат бюджети лойиҳасининг жорий муҳокамасида қатнашмагани ҳақида ёзган эди.

«Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпида сўз сўрасам зам спикер Улуғбек Иноятов очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим. Депутатларни оғзини ёпадиган замларни боридан йўғи яхши», — деб ёзади у.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари Қонунчилик палатаси 2023 йилги давлат бюджетини 3 соатдан кам вақт ичида (3 ўқишда) муҳокама қилди ва тасдиқлагани ҳақида ёзганди. Қонун лойиҳасининг ўзи салкам бир ҳафта олдин қуйи палатага киритилди ва жамоатчилик муҳокамасига ҳам тақдим этилмаган. Ҳужжат деярли бир овоздан, танқидларсиз қабул қилинган.

Муносабат:

Расул Кушербаев мунтазам равишда журналист ва блогерларни ҳимоя қилиш, монополияга қарши чиқиш, ҳукумат ва ҳокимлар қарорлари ва бошқа масалалар юзасидан фикр билдириб келгани билан машхур. У Олий Мажлисдаги кам сонли жонкуяр ва ҳақиқий депутлардан бири. Бизнинг каналга ҳам интервью бериб, ўқувчиларимиз меҳрини қозонган. Шу каи инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки, бу каби тизимда ҳар қандай инсон синиб қолиши мумкин. Кушербаевнинг бундан кейинги тақдири қандай бўлишидан қатъи назар биз миллат жокуярларини ташлаб қўймаслигимиз керак.

 Ўзбекистонлик Россияда йил талабаси бўлди

Ўзбекистонлик талаба Бехруз Расаматов Россиянинг “Йил талабаси – 2022” миллий мукофоти финалида “Стоматология” номинациясида ғолиб бўлди.

Россияда “Йил талабаси – 2022” миллий мукофоти якунлари сарҳисоб қилинди. Финалда 1000 нафар талаба қатнашган.

Беҳруз тошкентлик, ҳозирда имени Е.В. Боровский номидаги стоматология институтининг 5-курс талабаси.

У ўзининг интервьюсида бу ғалаба у учун катта синов бўлганини, охирги лаҳзага қадар кучли учликка кириши мумкинлигини билмаганини айтган.

Россиянинг «Йил талабаси» миллий мукофоти ўқув, илмий, спорт, ижодий ва ижтимоий ҳаётда алоҳида ютуқларга эришган талабаларга берилади.

«Сахарово»даги миграция маркази байрам кунлари ишламайди

Сахароводаги кўптармоқли миграция маркази 2023 йил 1 январдан 8 январгача фаолият юритмайди.

Сахароводаги кўптармоқли миграция марказида 2022 йил 31 декабрь куни соат 8:00 да 16:00 гача патент расмийлаштириш мумкин. РВП, ВНЖ ва Фуқаролик расмийлаштириш билан боғлиқ ишлар 30 декабргача амалга оширилади.

2023 йил 9 январдан бошлаб марказ одатдаги иш фаолиятини тиклайди ва ҳар кунги қабул соатлари соат 8:00 дан 20:00 гача давом этади. 

Агар патентга тўлов тўлаш санаси Янги йил байрамларига тўғри келса, уни  ҳозирдан тўлаб қўйишни, шунингдек рухсат олиш ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича олдиндан ариза топшириб қўйишни тавсия қиламиз.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг муҳожирлар соғ-саломат бўлишсин. Сизлар билан яхши кунларда кўришиш насиб қилсин. Саломат бўлинглар.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация