МИГРАНТДА ҲАМ ПУЛ КЎПАЙИБ КЕТДИ
Бугунги эфирда:
«Садовод» бозоридаги мигрантлар туфайли Котельникида камералар ўрнатилади
Москва вилояти ҳукумати Котельникида камералар ўрнатиш режасини эълон қилди. Москва яқинидаги Котельники шаҳарчасида “Садовод” бозорида мигрантлар кўплиги сабабли камералар ўрнатилади ва полиция ходимлари сони кўпайтирилади, деб хабар берди Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв Телеграм- каналида. — «Садовод» бозори шаҳар яқинида жойлашгани боис бу ҳудудда мигрантлар ва “резина” квартиралар кўп. Одамлар хавотирда – бундай қўшничиликда ҳар доим ҳам тинч яшаб бўлмайди. Биз бу масалани ечиш учун камералар ўрнатамиз ва керак бўлганда полиция ходимлари сонини кўпайтирамиз, — деб ёзади Воробёв. Москва вилояти ҳукумати сайтида айтилишича, Котельникида “Хавфсиз ҳудуд” тизимининг деярли 1,7 минг камераси ўрнатилган. Бундан ташқари, шаҳар округидаги барча кириш жойларининг қарийб 3/4 қисми юзни таниш тизимига эга видеокузатув билан жиҳозланган.
Демак, жаноб Воробёв фикрига кўра мигрантлар ҳавфли одамлар ва улар билан қўшни бўлсанг полицияга эҳтиёж кўпаяди. Одам ҳайрон қолади. Агар мигрантлар Россия жамияти учун ҳавфли бўлса, кафе-ресторанларда ёки аэропортларда мигрантларнинг ишлашига қандай йўл қўйишди? Айтганча, ўз боласини мигрант энагаларга ишониб топшираётганлар россияликлар ҳам камера қўйиб қўйишсинми?
Мигрантлар келадиган бирор давлатда одамларни тўполон қилишга, бола ўғирлашга ёки бошқа жиноятларни содир қилишга тайёрлашадими? Шунақасини кўрганмисиз? Самарқандда, Ошда ёки Хўжандда шунақа курслар борми? Албатта йўқ.
Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий статистикасига кўра Россияда содир этилган жиноятларнинг 3 фоизигина мигрантлар томонидан содир этилган. Шундай экан мигрантлардан жиноятчиларни ясашни бас қилиб, бозорларни тартибга солишса яхши бўларди.
1 мартдан бошлаб судланган мигрантларга Россияда такси ҳайдаш тақиқланмоқда
Россияда йўловчи ташиш соҳасида ишга жойлашиш учун чекловлар жорий этилмоқда. Унга кўра, янги тартиб нафақат Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан келган мигрантларга, балки Россия фуқароларига ҳам тегишли. Энди 1 мартдан бошлаб Россиядаги айрим мигрантларга такси хизматида ишлаш тақиқланади. Ушбу ўзгартиришлар ҳозирда иш олиб бораётган ҳайдовчилар ва бошқа ходимларга ҳам таъсир қилади.
Шундай қилиб, Меҳнат кодексига киритилган янги ўзгартишларга кўра, қуйидагиларни содир этган фуқароларга жамоат транспорти ва таксиларни бошқаришга рухсат этилмайди:
Эндиликда ишга қабул вақтида номзод судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳам тақдим этиши керак. Ҳаттоки айни вақтда жиноят ишида гумонланувчи бўлганлар ҳам рад жавобини олади.
Ҳозирги кунда жамооат транспортида ишлаётган шахсларга 2023 йилнинг 1 сентябригача судланмаганлик тўғрисидаги маълумотнома тақдим этиш мажбурий бўлади. Ушбу талабга риоя қилмаслик ишдан бўшатишга олиб келади.
Судланганлик ҳолати олиб ташланган ёки муддати тугаган тақдирда ишга жойлашиш учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.
Ўртача оғирликдаги жиноятлар содир этилганда судланганлик 3 йилга, оғир жиноятлар учун эса 8 йилга автоматик равишда ўчирилган ҳисобланади.
2022 йилда Россияга меҳнат мигрантлари оқими ошган
2022 йил охирида Россияга ишлаш учун келган хориж фуқаролари сони 3,47 миллион кишига етди. Бу бир йил аввал келганларнинг нисбатан учдан бир қисмга ёки 871 минг кишига кўпдир, деб хабар бермоқда FinExpertizа. Жами меҳнат мигрантларининг 90 фоиздан ортиғи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган. Таҳлилчилар ФСБ чегара хизмати маълумотларидан, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг миграция статистикасидан фойдаланган.
Тадқиқотга кўра, Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари оқими ўтган йили энг кўп – 35,1 фоизга ёки 377,7 минг кишига ошган. Тожикистондан 336,7 минг киши, Қирғизистондан 84,6 минг киши, Қозоғистондан 62 минг нафар, Озарбайжондан 16,6 минг киши, Вьетнамдан 8 мингта, Молдовадан 4,1 минг, Туркиядан 2 минг, Туркманистондан 1,6 мингтагача ва Хитойдан 1,3 минг мигрантлар ишлаш учун келган.
Шу билан бирга, Россияга Арманистон, Украина, Сербия, Германия, Франция, Италия, АҚШ, Чехия, Австрия ва Нидерландиядан меҳнат мигрантлари камроқ кела бошлади.
Йил давомида хорижликларнинг миграция рўйхатидан ўтганлиги фактлари рўйхатга олиш муддатини узайтириш ва қайта рўйхатдан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда 11,8 миллионни ташкил этди. Рўйхатга олинганларнинг 40% дан ортиғи Москва ва Москва вилоятига тўғри келди. Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти, Краснодар ўлкаси, Иркутск вилояти, Свердловск вилояти, Амур вилояти, Приморск ўлкаси, Татаристон ва Красноярск ўлкасида меҳнат муҳожирлари тез-тез рўйхатдан ўтиб туришган. Ненец автоном округи мигрантларни энг кам жалб қиладиган жойлардан. У ерда мигрантлар яшаш учун 2000 марта рўйхатдан ўтишган.
Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари кўпайди
Жисмоний шахсларнинг Россиядан қўшни давлатларга ўтказмалари йил давомида қарийб 2,5 баробар ўсди. 2022 йилда Россиядан МДҲ мамлакатларига жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари деярли 24 миллиард долларгача ўсган. Шу тариқа, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Грузия ва Ўзбекистон марказий банклари маълумотларига кўра, ўтказмалар деярли 2,45 баробарга ошган. Ўзбекистон ушбу рўйхатда пул ўтказмалари ҳажми бўйича етакчи бўлди. Жисмоний шахслар Россиядан 14,5 миллиард доллар ўтказдилар, бу 2021йилга нисбатан 2,6 баробар кўпдир. Шу билан бирга, ўсиш суръатлари бўйича етакчилик Қозоғистонга тегишли бўлди. Россиядан бу давлатга пул ўтказмалари 6 баробардан зиёд ошиб, 773 миллион долларга етди. 2022 йилда Россиядан Грузияга ўтказмалар 5 баравар, яъни 2 миллиард долларгача ўсди. Арманистонга пул жўнатиш ҳам тез ўсди. 2021 йилга нисбатан улар тўрт баравар кўпайиб, 3,6 миллиард долларни ташкил этди. Қирғизистонга пул ўтказмаларига келсак, улар ҳам ижобий тенденцияни кўрсатди, аммо кескин ўсишлар кузатилмади. Йил давомида улар 2,6 дан 2,7 миллиард долларгача ўсди. Озарбайжонга оид маълумотларга кўра, ўтказмалар 9 ой ичида 5,5 баробар ўсиб, 2,3 миллиард долларга етган. Бу статистик кўрсаткичларда Тожикистон Миллий банки маълумотлари келтирилмаган. Ўз навбатида, МДҲ давлатларидан Россияга пул ўтказмалари қарийб 1,3 баробар ошиб, 1,85 миллиард долларга етган.
Москва шаҳрида март ойида “РВП” га квота топшириш кунлари эълон қилинди
Аризалар 2023 йилнинг 1,2,3 ва 6 март кунлари қабул қилинади. Маълумот учун, “РВП” (вақтинчалик яшаш учун рухсатнома) бу – чет эл фуқаросининг паспортига қўйиладиган муҳр. “РВП” қайси регион учун мўлжалланса, мигрантга шу ҳудудда вақтинча яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи берилади. Сахарово кўп тармоқли миграция марказида аризалар душанбадан пайшанбага қадар соат 09:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади. Ариза топшириш жараёни жонли навбат билан амалга оширилади, яъни олдиндан навбатга ёзилиш имкони йўқ: ариза топширувчи кўп тармоқли миграция марказига келиб, талон олиши ва Сбербанк ёки почта бўлимида бўлгани сингари ўз навбатини кутиши зарур. Берилган талон бўйича навбати келмаса, у кейинги кунга ўтмайди. Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан аризадан ташқари фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси, ундаги прописка ва фуқаролиги кўрсатилган саҳифаларнинг нусхаси, миграция картаси, 3,5х4,5 ҳажмдаги фотосурат талаб қилинади.
Россияда чет элликлар учун маъмурий жарима тўлаш тартиби ва муддатлари эълон қилинди
Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг талабларига мувофиқ, жавобгар шахс томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай ёки узайтириш муддати ва бўлиб тўлаш муддати тугаган кундан ўтказмай тўланиши керак. Белгиланган муддатда жаримани тўламаганлик учун Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 20.25-моддаси, 1-қисмига кўра тўланмаган жарима суммасининг икки баравари миқдорида маъмурий жарима ёки 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш ёки 50 соатгача мажбурий иш кўринишидаги жавобгарликни назарда тутади. Бундан ташқари, 1996 йил 15 августдаги 114-ФЗ-сонли «Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида» Федерал қонунининг 27-моддаси 1-қисмининг 10-кичик банди асосида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Россия Федерациясида илгари бўлган даврида солиқ ёки маъмурий жаримани тўлашдан бўйин товлаган ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш билан боғлиқ харажатларни қопламаган бўлса, фуқаролиги бўлмаган шахсга тегишли тўловлар тўлиқ амалга оширилмаса, унинг Россия Федерациясига киришига рухсат этилмайди.
Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Қаерда бўлсалар ҳам бизнинг муҳожирлар соғ–омон бўлишсин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.