Мақола

750 27/03/2023

РУС ТИЛИНИ БИЛМАГАН МИГРАНТЛАРГА ЖАРИМА

Бугунги эфирда:

  • Черногория Ўзбекистон билан виза режимини бекор қилмоқчи;
  • Россия IT-мутахассислари учун “ВНЖ” олиш жараёнини соддалаштирди;
  • Тулада мигрантлар пора эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотиб олишгани айтилди;
  • Рус тилини яхши билган мигрантларга даромад солиғини тўлашда чегирма берилиши рус тилини билмаган мигрантлар эса жаримага тортилиши мумкин;
  • ДХХ Америкага юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларини аниқлади;
  • Uzbekistan Airways авиакомпанияси Намангандан Россия шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтирмоқда.

 Черногория Ўзбекистон билан виза режимини бекор қилмоқчи

 Ўзбекистон фуқаролари учун 2023 йилнинг июнь ойидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этиш ниятида, дейилади Prestige Travel туроператори вакили баёнотида.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш учун паспортида стикер бўлган виза олишлари шарт.

Черногория – Болқон ярим оролида жойлашган кичик давлат бўлиб, фақат 2006 йилда мустақилликка эришган. Мамлакат иқтисодиёти юқори даражада туризмга боғлиқ бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг 31 фоизини туризмдан келагн даромад ташкил этади.

Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши ушбу мамлакатдан келаётган саёҳатчилар сонини кўпайтириши ва COVID-19 пандемиясидан қаттиқ зарар кўрган туризм соҳасига катта ёрдам бериши кутилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши Черногория учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам ижобий ҳолат бўлиб, ҳар икки давлатга катта фойда келтириши кутилмоқда.

Россия IT-мутахассислари учун “ВНЖ” олиш жараёнини соддалаштирди

Ички ишлар вазирлиги IT – мутахассисларига Россияда доимий яшаш учун рухсатнома, яъни ВНЖ олиш соддалаштирилганлигини эълон қилди. Ахборот технологиялари соҳасидаги хорижлик мутахассислар учун Россия Федерациясида ишга жойлашиш ва доимий яшашга рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилди, деди Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк.

Россия Федерацияси ИИВнинг расмий вакилининг сўзларига кўра, хорижлик IT мутахассислари ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи ва тегишли давлат аккредитацияси тўғрисидаги ҳужжатни олган ташкилотлар билан меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузишлари мумкин, бунда ишлашга рухсатнома ёки патент шарт эмас.

Қайд этилишича, иш берувчилар ушбу мутахассисларни рухсатномасиз жалб қилишади. «Аккредитация қилинган IT -компанияда ишлайдиган чет эллик IT мутахассиси, шунингдек унинг фарзандлари, турмуш ўртоғи, болаларининг турмуш ўртоқлари, ота-оналари, ота-оналарнинг турмуш ўртоқлари, бувилари ва набиралари соддалаштирилган тартибда Россия Федерациясида доимий яшаш учун рухсатнома олиш ҳуқуқига эга бўлди”, — дея қўшимча қилди Волк.

Маълум қилинишича, ВНЖ олиш учун IT -мутахассис ва унинг оила аъзолари  яшаш жойидаги Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органининг миграция бўлимига мурожаат қилишлари керак. Россия Федерациясида ВНЖ олишга аризани кўриб чиқиш муддати – 3 ой.

Хорижлик IT – мутахассиси мурожаат қилиш учун зарур бўлган асосий ҳужжатлардан ташқари, расмийлаштирилган меҳнат шартномасини ёки аккредитациядан ўтган IT – компания билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномани; ахборот технологиялари соҳасидаги маълумот ёки малака тўғрисидаги ҳужжат ва оила аъзоларининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этиши керак.

Тулада мигрантлар пора эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотиб олишган айтилди

Ҳозирда Туланинг уч нафар фуқароси мигрантларга ҳайдовчилик гувоҳномасини сотгани учун суд қилинмоқда. Улар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси  ходимига пора беришган. Тула вилояти тергов қўмитасининг тергов бошқармаси  маълумотларига кўра, 2022 йилнинг февралидан июнигача судланувчилар қонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномаси ололмаган мигрантларни суриштириб топиб, уларга “права” олишни таклиф қилишган ва булардан пул йиғиб олишган. Ушбу маблағларнинг бир қисми, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходимига пора сифатида бериб келинган.

Терговчиларнинг сўзларига кўра, «формадаги порахўр» жами 450 минг рубль пора олган. Ҳозир у ҳам терговда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Белоруссия фуқаролари Россияда ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланишлари мумкин.

Рус тилини яхши билган мигрантларга даромад солиғини тўлашда чегирма берилиши Рус тилини билмаган мигрантлар эса жаримага тортилиши мумкин

Россияда солиқ даражасини мигрантларнинг рус тилини нечоғлик билишига қараб белгилаш таклиф этилди. Бу таклиф Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган.

Мавжуд маълумотларга кўра, мамлакатда яшовчи мигрантлар тил билишда паст балл учун жазоланиши режалаштирилган. Жазо чораси рус тилини билиш даражаси билан боғлиқ бўлади. Тилни яхши билганлик учун эса аксинча, мигрантларни рағбатлантириш, уларга солиқ имтиёзлари бериш таклиф этиляпти.

Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова Давлат Думасидаги давра суҳбати чоғида бундай чоралар мигрантларнинг мослашув даври тугаганидан кейин амалга оширилиши кераклигини айтди. Бу муддат идентификация картаси олинган кундан бошлаб 1ойдан 3 ойгача  муддатда амалга оширилади. Шу билан бирга, Россияга келувчиларнинг билимини баҳолаш балл тизими бўйича ўтказилиши таъкидланган. Балли тизимда чет эл фуқароси ҳақидаги керакли маълумотлар ўрганиб чиқилгач, шу асосда тоифаларга бўлинган индивидуал билимлар шкаласи яратилади.

Агар мигрантнинг рус тилини яхши билиши аниқланса, унга жисмоний шахснинг даромад солиғи бўйича 50% миқдорида чегирма берилиши мумкин. Шу билан бирга, Казакованинг сўзларига кўра, чегирма қанча бўлиши фарқланиши керак. Яъни, агар тилни билиш даражаси рус тилида сўзлашувчи аъло даражада бўлса, чегирма 50% ни ташкил қилади. Яхши билим даражаси учун 20%, ўртача даража учун 15%, бошланғич даража учун 10% чегирма бўлади.

Жазоларга келсак, агар тилни паст даражада билса, чет эл фуқароси ҳар ойда давлатга қонун ҳужжатларида белгиланган “мослашув тўлови”ни тўлаши шарт бўлади. Агар имтиҳон баллари етарли бўлмаса, чет эл фуқаросига ҳар ой минг рубль миқдорида жарима тўлаш таклиф этилади. Агар мигрант бир йил ичида билимини ошира олмаса, жарима миқдори кўтарилади, тилни ўзлаштириш талабларини бузганлик учун рейтинг нолга тенглаштирилади. Ушбу ҳужжат 2023 йилда Давлат Думасига кўриб чиқиш учун киритилиши режалаштирилган. Шундай қилиб, мигрант рус тилини ўрганса рағбатлантирилади.

Нима ҳам дердик, яшаб турган жойингни тилини билган яхши албатта. Мигрантларимизга энди шу етмай турувди. Патент, регистрация, тиббий кўрик каби амалиётлардан тушаётган тушумлар камлик қилаяпдими ёки бошқа режалари борми? Хабарингиз бор рус тилини билмайдиган мигрантлар учун ҳатто метроларда ўзбек, тожик ва бошқа  тилларда ҳам эълонлар беришганди. Урушга чорловлар ҳам  марказий осиёликлар тилида ёзилиб автобусларда эълон қилинганди. Энди нима бўлди экан? Мигрантларимизга куч қувват ва сабр тилаб қоламиз.

ДХХ Америкага юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларини аниқлади

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ўзганинг ишончига кириб, 30 минг АҚШ доллари эвазига танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига юборишини айтиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи шахс Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига қириб, танишлари ёрдамида уни Қўшма Штатларга юбориш эвазига 21 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у 10 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда, нуфузли университетлардан бирининг талабаси юқори ташкилотда ишловчи танишлари орқали Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи фуқарони Америкага юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Ҳар учала ҳолатда фуқароларга “Ўзбекистон – Туркия – Европа – Мексика – АҚШ” йўналишида Қўшма Штатларга ишлаш учун юбориш ваъда қилинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Намангандан Россия шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтирмоқда

Компания Намангандан Оренбургга рейсларни тиклади, Екатеринбургга рейслар сонини кўпайтирди, шунингдек, янги йўналиш – Нижневартовскка очилди.

2023 йил 27 мартдан Наманган – Оренбург – Наманган йўналиши бўйича парвозлар тикланади. Парвозлар ҳар ҳафта – душанба кунлари амалга оширилади.

Шунингдек, 31 мартдан Намангандан Екатеринбургга парвозлар сони оширилади. Наманган – Екатеринбург – Наманган йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри рейслар ҳафтасига икки марта – душанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, 31 мартдан бошлаб ҳар ҳафта, жума кунлари Наманган – Нижневартовск – Наманган йўналиши бўйича мунтазам қатновлар бошланади.

Бу мигрант news  дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Бизни телеграм каналидф ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг.Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Сизларни Ватанда оилангиз кутмоқда. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация