Maqola

790 27/06/2022

МИГРАНТЛАР КУРЕРЛИКНИ ТАНЛАШМОҚДА

Қурувчи мигрантлар қанисиз!

Қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган мигрантлар сони 500 минг кишигача қисқарди, бу 2020 йилда меҳнат қилган ишчиларнинг тўртдан бирини ташкил этади, дейди Қурувчилар миллий бирлашмаси президенти Антон Глушков.

2020 йилнинг якунида, расмий статистикага кўра, Россия қурилиш ташкилотларида 800 минг мигрант, норасмий ишчиларни ҳисобга олган ҳолда 2 миллион хорижлик меҳнат қилиб келарди.

Бугунги кунда афсуски, ҳақиқий статистик маълумотлар йўқ, чунки мамлакатга кўпчилик сайёҳ сифатида кириб келган.

Россия минтақаларида, айниқса, ҳозирги вақтда ишчи-мигрантларнинг танқислиги сезилмоқда. Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида меҳнатга кўпроқ ҳақ тўланиши сабабли ишчи кучи оқимининг катта қисми шу шаҳарларга кетмоқда.

Россияда мигрантлар асосан қурилишда пардоз ишлари билан шуғулланиб келган. Пандемия вақтида уйларига қайтиб кетган ишчиларнинг ўрнини россиялик ишчилар тўлдира олмаяпти. Натижада аксарият қурилиш ташкилотлари турар жойларни пардозлаш ишларисиз топширишга мажбур бўлмоқда. Қурилиш ташкилотлари мигрантлар меҳнатидан фойдаланиш заруриятини қисқартиришга ва харидорларга бошқа турдаги, жумладан “white box” пардози билан уй-жойларни топширишга ҳаракат қиляпти.

             Мигрантлар курерликни афзал кўрмоқда

Марказий Осиёдан Россияга борган мигрантлар қурилиш ёки қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат қилишдан кўра, айнан курйерлик хизматларида ишлашни афзал кўришмоқда.

Россияда COVID-19 пандемияси даврида курйерлик хизматларига бўлган талаб ошиб кетди. Бунинг натижасида 2019 йил баҳорида курйерлар ойига ўртача 35 минг рубл топган бўлса, 2020 йил баҳорида бу кўрсаткич – 40 минг, 2021 йилда эса, Москва шаҳридаги курерлар 86 минг рублгача маош олишган. 2022 йилда бу хизматга бўлган талаб ошадими ёки мигрантлар қурилишда ишлашга қайтишадими?

Россия иқтисодиётидаги ўзгаришлар, шахсий даромадларнинг пасайиши сабабли одамлар етказиб бериш хизматидан аввалги йилларга нисбатан камроқ фойдаланишлари мумкин, деб тахмин қилишмоқда иқтисодчилар. Тинкофф-банк томонидан берилган маълумотларга қараганда, март ойида дўконлардан хонадонларга озиқ – овқатларни етказиб бериш 15 фоизга камайган. Лекин қисқа вақтда вазият ўзгариши ҳам мумкин. Апрел-май ойидаги кўрсаткичлар шуни тасдиқламоқда.

Кўришгунча Coca Cola. Компания Россияни тарк этмоқда

Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий қилган санкциялари, Россия ва Украина ўртасидаги вазият иқтисодий соҳаларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Кучли газланган ичимликлари билан машҳур Coca Cola компанияси Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатди. Унинг захиралари тугагач, Россияда бу маҳсулотлар ишлаб чиқарилмайди ва сотилмайди.

“Ўз ритмингда яша”

Россия бозорида Coca Cola ўрнини босувчи Funkey Monkey Cola Orange ичимликлари савдога чиқарилиши кутилмоқда. Бу маҳсулотлар таъми жиҳатидан Coca Cola ва Fanta’га ўхшаб кетади. Янги маҳсулот дизайни аввалги бренд дизайнидан фарқ қилади. “Ўз ритмингда яша” айнан шу сўзлар янги маҳсулот учун шиор қилиб олинган. Россиядаги Coca Cola маҳсулотларининг заҳираси ҳали тугамаган.

Айни чоғда, Екатеринбург савдо шохобчаларида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган Coca Cola сотувда пайдо бўла бошлади. Яқин кунларда “Ўз ритмингда яша” шиори битилган маҳсулотларни Россиянинг бошқа вилоятлари дўконларида кўзингиз тушиб қолса ажаб эмас.

            Қаддингни ур мигрант. Мигрантлар учун нималар ўзгарди?

Россияда мигрантлар учун “ЕОИИда ишлаш” мобил иловаси ишга туширилди. Илова ёрдамида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо мамлакатлар, Ўзбекистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари ишга жойлашиш вақтида телефон орқали давлат ва тижорат хизматларини олишлари мумкин.

Илова биринчи бўлиб Россияда синаб кўрилади. Чунки ЕОИИ мамлакатларининг аксарият фуқаролари айнан шу мамлакатга ишлаш учун келишади. Қолаверса Россияда мигрантларнни рўйхатга олиш учун жойларда рақамлаштириш жараёнлари устувор ҳисобланади.

Илова мигрантга унинг Россияга кириши учун чекловлар бор-йўқлигини шунчаки паспортни сканерлаш орқали аниқлаш имконини беради. Ваколатли ташкилотлар ҳужжатни текшириб, мигрантга керакли маълумотларни беришади. Агар фуқарога нисбатан чекловлар бўлмаса, фойдаланувчига ижтимоий ва маиший муаммоларни ҳал қилиш учун бошқа хизмат турлари таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига бешта давлат аъзо. Булар – Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия. Ўзбекистон, Молдова ва Куба кузатувчи давлат мақомига эга.

30 йилда биринчи марта

Биз давом этамиз. Душанбедан йўлга чиққан поезд сўнгги 30 йил ичида илк бор “Тошкент-Марказий” вокзалига етиб келди. 20 июнь куни Душанбе темир йўл вокзалидан Тошкентга поезд қатнови йўлга қўйилди.

Кеча Тожикистон вақти билан соат 18:30 да Тошкентга йўл олган поезд, 21 июнь куни Тошкентга етиб келди. Рейс “Тожикистон темир йўллари” томонидан амалга оширилди. Поездлар ҳафтасига бир марта ҳаракатланади. Йўловчилар Душанбедан 916 километр масофани ўтиб, 21 соатда Тошкентга етиб келишди.

Россиядан Ўзбекистонга яна бир авиақатнов йўлга қўйилди

Россиядан Ўзбекистонга янги мунтазам авиарейслар қўйилди. «Россия» авиакомпанияси 25 июндан Москва – Тошкент – Москва мунтазам қатновларини амалга ошира бошлайди.

           Тожикистонликлар ватанга кам пул юбормоқда

Тожикистон мавзусини давом эттирамиз. Тожикистон 2021 йилда Россиядан пул ўтказиш бўйича биринчи учталикка кирган эди. 2021 йилда Тожикистонга юборилган пул ўтказмалари 3 млрд. долларни ташкил этган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 34,5 фоизи демакдир. Жаҳон банки иқтисодчилари, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари бошланганидан сўнг, Тожикистонга пул ўтказмалари 2 фоизга ўсишини тахмин қилган эди. Янги прогнозларга кўра, бу йил Тожикистонга пул ўтказиш ўтган йилга нисбатан 22 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, Тожикистон Марказий Осиёда Россия энг кўп инвестиция киритаётган давлат бўлиб қолмоқда. Таққослаш учун Ўзбекистонга киритилган инвестиция кўрсаткичи 4 фоиз, Қозоғистонда 2 фоизни, Қирғизистонда эса атиги 1 фоизни ташкил этади.

                                         Кореядан эштамиз!

Ҳафтада содир бўлган энг қайноқ янгиликларни сизга тақдим этишни давом этамиз. Жанубий Корея Россиядан қайтган қирғиз мигрантларини ўзига жалб қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, бу йил Талас вилоятининг 50 нафар фуқароси Жанубий Кореяда қисқа муддатли қишлоқ хўжалик ишларига (5 ойгача) жойлаштирилади, келгуси йилда эса квоталар сони 300 нафарга етказилади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра Қирғизистоннинг 1 млн 118 нафар фуқароси чет мамлакатларда ишламоқдалар.

     Корейс тили тестларида қоидабузарликлар кузатилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда Кореяга ишга кетиш учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Имтиҳон жараёнларида 19 киши бошқанинг ўрнига киришга урингани  ва 4 киши телефондан фойдаланмоқчи бўлгани аниқланди. Ишга боришни “чин дилдан” истаб, устамонлик қилган шахслар энди 3 йилгача имтиҳонларда қатнаша олмайди.

Чет элда ишлашни истаётган шахслар аввало ўша давлатнинг тилини, қонун-қоидаларини ва маданиятини билишлари лозим. Айнан шу сабабдан ҳам чет элга ишлаш учун кетаётган фуқаролар учун тест синовлари ўтказилади. Буларнинг барчаси хорижга бораётган мигрантнинг у ерда қийналмаслиги учун қилинади.

Рўйхатдан ўтган фуқаронинг ўрнига тест синовларига киришга уринган шахсларнинг тақдирини суд ҳал қилади. Энг қизиғи, имтиҳон топширувчилар тестга киришдан олдин Face ID тизими орқали текширилиши, бу ерда ҳеч қандай алдов ўтмаслиги ҳақида аввалдан огоҳлантирилган эдилар. Одамнинг қиёфасини автоматик тарзда аниқловчи планшетлар Кореядан махсус келтирилган. Буларнинг ҳаммаси имтиҳонларнинг холис, адолатли ўтиши, инсон омили аралашувининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya