Дастлаб, Россия-Украина ўртасидаги ҳарбий зиддият ҳақида.
Ўтиб бораётган ҳафтада барча нарсани чаппараста қилиб ташлаган ҳодисалар бошланганига 1 ойдан ошди. Ҳа, тўғри топдингиз, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро бошланганига бугун 32 кун бўлди. Бу вақт ичида рус армияси Украинадаги энг йирик шаҳарларнинг бирортасини ҳам қўлга кирита олмади.
Ҳафталик дайжестнинг аввалида ўтган бир ой давомида Россия-Украина низосидаги асосий воқеалар ҳақида қисқача. Ҳарбий ҳаракатлар бориши, ҳарбийларнинг эришган натижаларига тўхталмаймиз, чунки икки томон ҳам бир-бирига зид бўлган ахборот урушини олиб бормоқда. Шундай экан, “ким рост хабар бермоқда” деган саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди.
Номинг ўчсин, УРУШ!
15 миллионлик ишсизлар армияси қўшилади
Якунланаётган ҳафтанинг бошқа хабарларига тўхталсак. Россияда ишсизлар сони 15 миллионга кўпайиши мумкинлиги айтилди. Россияга нисбатан санкциялар ортидан мамлакат меҳнат бозори оғир хатарлар қаршисида турибди. Бу ҳақда Сибир.Реалии сайти экспертлар фикрига асосланган ҳолда хабар қилди.
«Россиядаги меҳнат бозори шокда. Ҳозирда фақат давлат хизматчилари, нефт-газ саноати, металлургия ва машинасозлик соҳасидаги йирик корхоналар ходимлари нисбатан хавфсиз ҳолатда қоляпти», – деган Мелбурн Амалий тадқиқотлар институти илмий ходими Максим Ананев.
Иқтисодчининг фикрига кўра, ҳар бешинчи ишлайдиган россиялик яқинлашиб келаётган инқироз чўққисида ишини йўқотиши эҳтимол.
«Россияда 10 миллиондан ортиқ киши савдо-сотиқ билан шуғулланади. Уларнинг ҳаммаси эмас, лекин, айтайлик, ярми ишини йўқотиши мумкин. Саёҳат, кўнгилочар хизматлар, меҳмондўстлик, туризмда ҳолат яна ҳам оғирроқ бўлади. Бу соҳаларда ҳам 10 млн атрофида киши меҳнат қилади. Шу боис Россияда қўшимча 15 миллион ишсиз пайдо бўлишини тахмин қилган бўлардим», – деган иқтисодчи Ананев.
Албатта, экспертнинг тахминлари аниқ амалга ошади, деб ҳеч ким айта олмайди. Бироқ, Россияга қўлланилаётган санкциялар ўзининг салбий оқибатларини кўрсатмай қолмайди
No Instagram, No Facebook
Ўтаётган ҳафтада Россия Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларини расман тақиқлади. Москва суди ҳайъати қарорни зудлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидланган. Аввалроқ, Меta компаниясини экстремистик ташкилот деб тан олиш тўғрисидаги даъво Бош прокуратура томонидан киритилган эди. Instagram маъмурияти Россиянинг сохта хабарларни ўчириш бўйича 4,5 мингдан ортиқ сўровини эътиборсиз қолдирган.
Ҳозирча, Whatsapp мессенжери ишлашда давом этади. Шу билан бирга, суд қарорининг ўзига хос жиҳати шундаки, Меtа маҳсулотлари, жумладан Facebook ва Instagram’дан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар жавобгарликка тортилмайди. Meta’нинг миноритар акциядорлари бўлган россияликлар ҳам экстремистларнинг шериклари ҳисобланмайди.
Қизиқ, жудаям қизиқ (кинодан парча)
Медведев яна мигрантлар ҳақида гапирди
Бу ҳафтада Дмитрий Медведев яна бир бор мигрантлар мавзусига эътибор қаратди. У меҳнат мигрантлари Россияга келмасдан олдинроқ сараланиши лозимлигини айтар экан, Ўзбекистоннинг Россияга мигрантларга юбориш бўйича пилот лойиҳасини ўрганиш кераклигини айтди.
Оҳҳо, бўларкан-ку ёзуви қарсаклар ва олқишлар товуши билан бирга
“Биз Россияга меҳнат муҳожирларини жалб қилиш жараёнига янада оқилона ёндашишимиз керак – уларнинг мамлакатларида дастлабки ишларни олиб бориш, яъни иқтисодимиз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда номзодларни танлаш керак”, — деган Медведев. Унинг қўшимча қилишича, чет элликларнинг катта қисми руслар бажаришга тайёр бўлмаган, шунингдек, тажриба талаб қилмайдиган ва оғир жисмоний ишларда ишлаш учун келадилар.
“Меҳнат бозори ҳолатини баҳолашда бу омилни ҳам унутмаслик керак”, – дея изоҳ берган Медведев.
Қозоғистон орқали Россияга
Россия 30 мартдан эътиборан Қозоғистон ва Мўғулистон билан қуруқликдаги чегараларини очишини билдирди. Эндиликда, 3 давлат фуқаролари ўзаро қуруқликдаги чегаралар орқали ўтишлари мумкин.
Шу билан бирга, даставвал, мазкур рухсат фақатгина ушбу давлатлар фуқароларига тегишли экани, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ёки Тожикистон фуқаролари бу давлатлардан транзит йўлаги сифатида фойдаланиб, Россияга қуруқлик чегаралари орқали кириб бора олмаслиги хабар қилинган эди. Бироқ, кейинчалик, 3 давлат билан авиапарвозларни амалга ошираётган давлатлар фуқаролари ҳам ҳеч қандай чекловларсиз қуруқликдаги чегара назорат-ўтказув пунктлари орқали ўтишлари мумкинлиги айтилди. Шунга кўра, Россияга боришни режалаштирган ўзбекистонликлар ҳам Қозоғистон орқали Россияга кириб боришлари мумкин.
Олтинлар бор, лекин йўқ
АҚШ Россияга янги санкция қўллади. Унга кўра, Россия Марказий банки ўзининг олтинларини сота олмайди. Чунки, Россия Марказий банкидан олтин сотиб олган ҳар қандай субъект ҳам АҚШ санкциясига учрайди. Шундай қилиб, Россия 2300 тонна олтин захирасидан амалда фойдалана олмайди. РФ Марказий банки эса, барча олтинлар, гарчи музлатилган бўлса-да, мамлакат ҳудудидаги омборларда сақланаётганини билдирди.
Меҳнат мигрантлари Россияга керакми?
Меҳнат мигрантлари Россияга керакми ёки йўқ. Ўтаётган ҳафтада шу мавзуда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари эълон қилинди. Гапнинг индаллосини айтганда, сўровни ўтказган “Ижтимоий фикр” жамғармаси социологлари респондентлар жавобларидан қандай хулоса қилишга бошлари қотган кўринади.
Чунки, уларнинг таъкидлашича, ижтимоий тадқиқот саволларига берилган жавоблар мазмунан бир-бирига мутлақо зидлиги боис, хулоса чиқариш имконини бермаяпти.
Хуллас, респондентларнинг 59 фоизи “Мигрантлар маҳаллий аҳоли ишлашни истамайдиган соҳаларда ишлайди” деган фикрга қўшилган. 78 фоизга яқин иштирокчи Марказий Осиёдан келган муҳожирларга нисбатан ҳеч қандай хавотир ёки норозилик ҳис қилмаслигини билдирган. Ҳатто, собиқ иттифоқ республикаларидан Россияга пул топиш учун келган одамлар иқтисодиётга зарар етказади, деб ҳисобловчи айримлар ҳам мигрантлар фаолиятидан унчалик ташвишланмаслигини изҳор қилган.
“Марказий Осиёдан Россияга мигрантларнинг кириб келишини сезиларли даражада чеклаш керакми ёки йўқ?”, деган саволга қатнашувчиларнинг 50 фоизи ишонч билан «Ҳа» дея жавоб берган. Умумий хулоса қилинадиган бўлса, мигрантлар Россиянинг маҳаллий аҳолисида унчалик ҳам норозилик туғдирмайдигандек тасаввур уйғотмоқда ва улар билан бирга яшаш қўрқинчли эмас. Шунга қарамай, кўпчилик фикрича, «яхшиси мигрантлар оқимини чеклаб қўйган маъқул».
Поезд қатновлари тикланмоқда, Россияга қачон?
Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида йўловчи поездлари қатнови тикланмоқда. 2 майдан Тошкентдан Олмаотага ҳам йўловчи поезди қатнашни бошлайди. Ҳафтада уч маротаба амалга ошириладиган қатнов Олмаота-2 – Тошкент – Олмаота-2 йўналишида йўлга қўйилади. Поезд таркиби “Тошкент-Марказий” вокзалидан ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари Қозоғистонга жўнаб кетади. «Олмаота-2» темир йўл вокзалидан ҳафтанинг душанба, чоршанба ва шанба кунлари Ўзбекистонга қайтади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Нукус–Бейнеу–Нукус йўналиши бўйича биринчи халқаро йўловчи поезди 1 апрелдан бошлаб қатнай бошлаши ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди.
Шу билан бирга, ҳозирча, Россияга йўловчи поездлари қатнови қачон тикланиши маълум қилинмаган бўлса-да, бу борада икки давлат идоралари музокаралар олиб бораётгани таъкидланмоқда.