Мақола

621 28/11/2022

ПАТЕНТ НАРХИ ОШАВЕРАДИ, ОШАВЕРАДИ…

Бугунги эфирда:

  • Москвада ишга ёллаш бўйича ўзбек ва тожик тилларида веб-сайт очилди;
  • Екатеринбургда ўзбек тили бўйича якшанба мактаби ўз фаолиятини бошлади;
  • Россиянинг Ленинград, Белгород ва Магадан вилоятларида меҳнат патентлари нархи ошади;
  • 1 январдан Челябинскда меҳнат патентларида мигрантнинг касби кўрсатилади;
  • Тошкент- Сеул-Тошкент авиақатновларида багаж миқдори оширилди;
  • Вьетнам ва Араб авиакомпаниялари декабрь ойидан Тошкентга парвозларини бошлайди;
  • «Аэрофлот» Фарғонага парвозлар сонини оширмоқда.

Москвада ишга ёллаш бўйича ўзбек ва тожик тилларида веб-сайт очилди

Дастлабки хабар кўплаб мигрантлар учун хушхубур десак бўлади. Москванинг “Сахарово” кўптармоқли миграция маркази (ММЦ) Москва ва Москва вилоятида иш берувчилар ва иш топмоқчи бўлган чет эл фуқаролари учун махсус веб-сайт очди. Москва мэрияси маълумотларига кўра, сайт меҳнат мигрантларини уюшган тарзда ишга ёллаш бўйича хизматлар кўрсатиш мақсадида очилган. “Унинг ёрдами билан меҳнат мигрантлари онлайн режимда Москва ва Москва вилоятида иш топиш бўйича кенг қамровли бандлик хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Бундай хизматлар сирасига мигрантларнинг суҳбатдан ўтиши, иш берувчиларнинг эса чет эллик фуқаролар сафидан ўз талабларига жавоб берадиган малакали ходимларни танлаб олишлари киради”,- дейди Москва ҳукумати  вазири, Иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти раҳбари Мария Багреева.  Марказда мобил илова ҳам ишга туширилди.   Унинг ёрдамида мигрантлар ўзларига қулай вақтда Миграция маркази қабулига олдиндан ёзилиши, меҳнат патентини расмийлаштириши, унинг учун ойлик тўловларни амалга ошириши ва тўловлар тарихини смартфонида сақлаши мумкин бўлади.

Ўзи бунга ўхшаш сайтлар мигрантлар учун аввалроқ очилиши керак эди. Мигратсия мараказларида бундай сайтлар ва хизматларининг бўлмаслигининг ўзи бир томондан кулгули бўлса, бир томондан ачинарли. Майли нима бўлганда ҳам ҳечдан кўра кеч. Давлат идораларининг инсонлар манфаати учун бундай ишларни йилда бир марта қилиши ҳам одамни хурсанд қилади.

Екатеринбургда ўзбек тили бўйича якшанба мактаби очилди

Екатеринбургда Ўзбекистон Бош консуллиги ташаббуси билан ўзбек тили бўйича якшанба мактаби ташкил этилди. Якшанба дарсларининг мақсади болаларга ўзбек тили, маданияти, қадриятлари ва Ўзбекистон тарихини ўргатишдан иборат. Мактабдаги дарслар Урал федерал округида туғилган, лекин ўзбек тилини билмайдиган ўзбек болалари учун мўлжалланган. Ҳозирда мактабда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар таҳсил олишмоқда. Дарслар эса 1,5 соат давом этмоқда. Мактабда ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлганлар сони ортиб бормоқда. Келгусида шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам якшанба мактабларини очиш режалаштирилган.

Бундай мактабларнинг очилиши албатта бир тарафдан хурсанд қилади, аммо яхшилаб ўйлаб қарасак асли ўзбек бўлган ўзбекларга ўз тили, маданияти ва қадрятларини ўргатиш қанчалик тўғри. Руслашиб бориш ўз тилини унитиш охир-оқибат миллат таназзулига олиб келиши мумкин. Нима бўлганда ҳам яхшиикка деб қараймиз.

Россиянинг Ленинград Белгород ва Магадан вилоятларида меҳнат патентлари нархи ошади

Бачтсизлик келса қўш келади дейишади. Навбатдаги хабар шу иборага мос тушади.

Россиянинг айрим вилоятларида патент нархи ошмоқда. Хозирча бу карвонга Ленинград, Белгород ва Магадан вилоятлари қушилган.

Ленинград вилоятида патент тўлови миқдори 2023 йилда 4400 рублни ташкил этади. 2022 йилда патент нархи 3000 рублдан 4200 рублгача ўсганди. Россия Ички ишлар вазирлигининг шаҳар ва вилоятлар бўйича Бош бошқармасининг Миграция бошқармаси маълумотларига кўра, Ленинград вилоятида Россия Федерациясига визасиз келган чет эл фуқароларига берилган меҳнат патентлари сони 2021 йилда 78148 тани, 2020 йилда 42350 та ва 2019 йилда (ковид сабабли чекловларга қадар) 62392 та патент берилган. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Россияга ишлаш учун келган чет эл фуқаролари патент олиш учун ариза топширишлари ва ҳар ойда қатъий белгиланган шахсий даромад солиғи тўловини тўлашлари шарт, унинг якуний миқдори ҳар бир ҳудуднинг меҳнат бозоридаги минтақавий коэффициентлари орқали мустақил белгиланади. Қонун лойиҳасига кўра, 2023 йил ҳудудий коэффициент 1,615272 этиб белгиланган. Шундай қилиб, келгуси йилнинг январь ойидан бошлаб чет эллик ишчилар ойига 4400 рубль миқдорида тўловни амалга оширишлари керак бўлади. Муҳокама якунлари бўйича қонун лойиҳаси биринчи ва учинчи ўқишда бир овоздан қабул қилинди. Ҳужжат 2023 йил 1 янардан кучга киради.

Белгород вилояти ҳукумати эса меҳнат мигрантлари учун коэффициентни оширмайди, аммо федерал даражадаги индексация туфайли 2023 йилда чет элликлар учун патент нархи ошади. Белгород Молия ва бюджет сиёсати вазирлиги вилоят Думаси депутатларига меҳнат мигрантлари учун патент нархининг минтақавий коэффициентини 2023 йилда ўзгартирмасликни таклиф этди. Вилоятда бу коэффициент 2,105 ни ташкил этади ва сўнгги бир неча йилда ўзгармади. Вазир ўринбосари Александр Шабановнинг айтишича, ҳукумат минтақавий коэффициентни оширишда ҳеч қандай маъно кўрмаяпти. Аммо патент учун федерал коэффициент 14,6 фоизга(1,980 дан 2,270 гача) оширилади ва  меҳнат мигрантлари учун патентнинг якуний қиймати 5001 рублдан 5734 рублгача ўсади.

Магаданда эса чет эллик фуқаролар учун патент нархи жорий йилга нисбатан уч баравар ошади ва 7127 рублни ташкил қилади. Янги ҳисоб-китобларни депутатларга Магадан вилоятининг иқтисодий ривожланиш, инвестиция сиёсати ва инновациялар вазири Ирина Пеньевская тақдим этди. 2021 йилда Магадан вилоятида чет эл фуқароси учун меҳнат патентининг нархи 6710 рублни ташкил этган. 2022 йилда патент нархи туширилиб-2376 рублни ташкил этганди. “ Биз патент нархини пасайтирсак бизга кўплаб мутахассислар ишга келади, деб ўйлагандик. Аммо коэффициентнинг қиймати чет эллик ишчиларнинг сонига ҳам, уларнинг малакасига ҳам таъсир қилмади. Шу билан бирга, биз солиқ солинадиган базадан тўлиқ фойдалана олмаганимиз учун вилоят бюджети даромадлари ҳам камайди” деган Колима парламенти симкери Сергей Абрамов. Эндиликда эса 3 коэффициенти билан Колима шаҳридаги чет эл фуқароси учун патентнинг нархи тахминан 7,5 минг рублни ташкил қилади, бу 57 минг рублдан ортиқ иш ҳақига тўғри келади. Шу сабабли вилоят бюджети ишлаш учун келаётган чет эллик мигрантлар сонини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча равишда 400 миллиондан 600 миллион рублгача фойда кўради.

1 январдан Челябинскда меҳнат патентларида мигрантнинг касби кўрсатилади

Навбатдаги хабаримиз юқорида айтиб ўтган бахтсизликнинг давоми десак бўлади.

2023 йилдан патентида ишлайдиган касби кўрсатилмаган мигрантларга нисбатан энди жарима қўлланилади. 2023 йил 1 январдан бошлаб Челябинск вилояти губернаторининг 11.11.2022 йилдаги №306 қарорига мувофиқ  меҳнат патентларида чет эл фуқаросининг касби (мутахассислиги, лавозими, меҳнат фаолити тури) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Ҳозир фойдаланилаётган патентларда касб-ҳунар (мутахассислик, лавозим, меҳнат фаолияти тури) кўрсатилмаган ҳолда мазкур ҳужжат белгиланган муддатгача амал қилади ва муддат тугаганидан сўнг ўзгартирилади. Чет эл фуқароси томонидан патентда кўрсатилмаган касб (мутахассислик, лавозим, меҳнат фаолияти тури) бўйича меҳнат фаолиятини амалга оширганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 18.10 моддаси 1-қисмида 5 минг рублгача жарима солиш ва Россия Федерация ҳудудидан чиқариб юбориш шаклидаги маъмурий жавобгарлик (ёки чиқариб юбормай жаримага тортиш) назарда тутилган. Бундан ташқри, чет эл фуқароси патентда кўрсатилмаган касб ёки мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланса, иш берувчилар ҳам РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 18.15 моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилади. Уларга нисбатан саккиз юз минг рублгача жарима ёки тўқсон кунгача фаолиятини тўхтатиб қўйиш чораси қўлланилиши мумкин.

Кундан кунга мигрантлар учун янги қонунлар ва қарорлар чиқмоқда.  Ўзи камбағални от устида ҳам ит қопар деб бекорга айтишмаган. Яхши ишлаб пул топаман деб бегона юртларда ишлашга мажбур булаётган мухожирларимизга   сабр тилашдан бошқа чорамиз юқ.

Тошкент- Сеул-Тошкент авиақатновларида багаж миқдори оширилди

Uzbekistan Airways матбуот маркази жорий йилнинг 15 ноябридан Тошкент-Сеул-Тошкент йўналиши бўйича авиачпталарни харид қилишда авиақатновлар учун юк ташиш меъёри оширилди дея хабар берган. Йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида фақат эконом-класс учун багаж миқдори оширилган.  Пули қайтариладиган тарифлар учун – ҳар бири уч ўлчам йиғиндиси бўйича 23 кг/158 см гача бўлган 2 та багажга; Пули қайтарилмайдиган тарифлар учун – ҳар бири уч ўлчам йиғиндиси бўйича 23кг/158 см гача бўлган 1 та багажга. 2 ёшгача бўлган болаларнинг пули қайтариладиган ва қайтарилмайдиган эконом-класс тарифлари учун багаж миқдори  10 кг/115 см ни ташкил қилади.

Вьетнам ва Араб авиакомпаниялари декабрь ойидан Тошкентга парвозларини бошлайди

Декабрь ойидан Вьетнамнинг VietJet Air ва арабларнинг Air Arabia Abu Dhabi авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейсларни йўлга қўяди.

VietJet Air авиакомпанияси 25 декабрдан бошлаб Тошкент ва Камран шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқчи ва парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади:

  • Душанба ва пайшанба кунлари — Камрандан жўнаб кетиш;
  • Сешанба ва жума кунлари — Тошкентдан жўнаб кетиш.

VietJet Air авиакомпанияси 2007 йилда ташкил топган, аммо 2008 йилги глобал иқтисодий инқироз туфайли биринчи парвоз фақат 2011 йилда амалга оширилган эди. Бу Вьетнамдаги энг йирик хусусий авиакомпания ҳисобланади. AirlinesRating маълумотларига кўра, у 2017 йилдан 2021 йилга қадар энг яхши арзон авиакомпания деб топилган. Авиакомпания парки 78 та янги авлод самолётидан иборат. VietJet Air 23 та ички ва 10 та халқаро рейсларни амалга оширади. Авиакомпания қатновлари  Олмаота ва Остона шаҳарларига ҳам йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Air Arabia Abu Dhabi авиакомпаниясининг Ўзбекистонга авиақатновлар очиши маълум қилинганди. Тошкентдан Абу-Дабига ва ортга рейслар 7 декабрдан чоршанба ва шанба кунлари Airbus A320 самолётларида амалга оширилади. Ноябрь ойидан бошлаб Air Arabia Abu Dhabi компанияси Шаржа-Наманган-Шаржа йўналиши бўйича қатновларни йўлга қўйди. Ушбу манзилга ҳам Airbus A320 самолёти қуйидаги кунларда хизмат кўрсатади:

  • пайшанба, шанба ва якшанба кунлари — Шаржадан жўнаб кетиш;
  • душанба, жума ва якшанба кунлари — Намангандан жўнаб кетиш.

Биринчи парвоз 27 ноябрга режалаштирилган. Айни вақтда Уммоннинг Salam Air авиакомпанияси ҳам Наманганга уча бошлади. 18 ноябрь куни арзон авиакомпаниянинг самолёти Маскатдан етиб келган. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — жума кунлари амалга оширилади. Salam Airнинг бош қароргоҳи Маскат халқаро аэропортида жойлашган. Ташувчининг парки олтита Airbus A320neo ва тўртта Airbus A321neo самолётларидан иборат.

«Аэрофлот» Фарғонага парвозлар сонини оширмоқда

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпанияси Москва-Фарғона-Москва йўналиши бўйича янги рейсни йўлга қўйди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати. Парвозлар ҳафтасига уч марта, чоршанба, шанба ва якшанба кунлари 158 ўринга мўлжалланган Airbus-320 самолётида амалга оширилади. Ҳаво кемаси  парвози Шереметьево аэропортидан амалга оширилади. Дастлабки босқичда парвозлар чартер асосида ташкил этилади.

Авикомпаниялрнинг Ўзбекистон билан авиақатновларни юлга қўйиши албатта яхши. Чунки компаниялар ўртасида соғлом рақобат пайдо бўлади. Бу эса нархларнинг тушишига хизмат сифатининг яхшиланишига ва энг асосийси эса монополиянинг юқ бўлишига олиб келади. Ўзбекистондаги авиамонополия ҳақида эса аввалги  дайжестимизда бафуржа тўхталиб ўтгандик. Бемалол ютюб каналимизга кириб томоша қилишингиз мумкин.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация