Мақола

682 30/01/2023

ПАТЕНТ ТЎЛАШДА ЎЗГАРИШЛАР БОР

Бугунги эфирда:

  • Патент солиғини тўлаш учун ҳисоб рақамлари ўзгарди;
  • Россия паспортини олган мигрантларга Россиядан чиқиш тақиқланмоқда;
  • Москва шаҳрида февралда “РВП”га квота топшириш кунлари эълон қилинди;
  • Икки нафар ўзбек муҳожири Нижний Новгородда қулликдан озод этилди;
  • Россия фуқаролигини олишга қизиқаётган хорижликлар сони камайди;
  • Қозоғистон хорижлик малакали мутахассисларга доимий яшаш ҳуқуқини беришни соддалаштиради;
  • Фарғонадан Қирғизистонга микроавтобус қатнови қайта тикланди.

Патент солиғини тўлаш учун ҳисоб рақамлари ўзгарди

2023 йил 1 январдан бошлаб хориж фуқаролари учун патент тўлови миқдори ўзгарди. Бу ҳар йили ошириладиган тўлов миқдори. Аммо бу борада 1 январдан яна бир муҳим ўзгариш киритилди.  Яъни тўловлар ўтказиш учун ҳисоб реквизитлари ўзгарди. Россия Федерацияси умумий солиқ тўлови бюджет тизимига солиқ тўловларни, йиғимлар, суғурта тушумлари, пеня, жарима ва фоизларни 2023 йил 1 январдан бошлаб Тула области Федерал Ғазначилик Бошқармаси бўйича очилган  ғазначилик хисоб рақамига тўланади.

Патент тўлови алохида белгиланган бюджет классификацияси коди яъни КБК га тўланиши керак.

Ўзгарган реквизитлар бўйича маълумотларни билиб олинг.

Россия ҳукуматини тушуниб бўлмайди. Ўзи шундоғам баъзи мигрантларимиз патент тўловини амалга оширишда мураккабликларни тушунишмайди. Буни тушунадиган танишлари орқали тўлайдиганлар ҳам бор. Камига давлат ҳам оддий мигрантларнинг бошини турли янгиликлар билан айлантиради. Шундай қилиб, Россиядаги “кенг миқёсдаги ислоҳотлар” натижасида 1 январдан мигрантларимизга яна бир бош оғриғи пайдо бўлди. Энди эътиборлироқ бўласиз ва патентни банк орқали тўлаб, реквизитларни қайта-қайта текширтириб олишни унутманг. Мобил дастурлар орқали тўловчилар ҳам яна текширтириб олишлари керак бўлади.

Россия паспортини олган мигрантларга Россиядан чиқиш тақиқланмоқда

Россия фуқаролигини олган МДҲ давлатларининг фуқароларини Россиядан чиқишига рухсат берилмаяпти. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси Қирғизистон ва Тожикистоннинг бир неча фуқароси сўзларига таяниб хабар берган.

«Россия чегарачилари менга жуда мулойимлик билан «Сиз сафарбарлик рўйхатига киритилгансиз, бу қонунга кўра сиз 12 февралгача чет элга чиқиш ҳуқуқига эга эмассиз», деди радионинг суҳбатдошларидан бири.

Бошқа манбаларга кўра, фуқароликка қабул қилинган муҳожирларга чақирув қоғозлари келган. Уларни ҳарбий комиссарликларга суҳбатга чақириб, қуролли кучлар сафидан қочганлик учун қаттиқ жазоланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Муҳожирларнинг яқинларини айтишларига кўра, Россия паспортига эга бўлганлар аэропортларда тўхтатилмоқда.

Россия фуқаролиги бўлмаган Марказий Осиёда туғилганлар эса уйларига бемалол қайтишлари мумкин. Бишкекда Россия паспортига эга бўлган ишчилар, Россия томонидан эълон қилинган сафарбарлик шартлари бўйича уларга ёрдам бериш иложи йўқлиги ҳақида аллақачон огоҳлантирилган. Россия Қирғизистон билан икки фуқаролик бўйича келишувга эга эмас.

Россия фуқаролигига қабул қилинган қанча Марказий Осиёликлар армияга чақирилгани ва Украинадаги урушда қатнашаётгани маълум эмас. 13 январь куни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин фуқароликка қабул қилинганлар Украинада жанг қилишлари кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ярим миллиондан ортиқ фуқаро Россия паспортини олган ва энди уларнинг зиммасида “мамлакатни ҳимоя қилиш бурчи” бор.

Шунингдек, у урушда қатнашаётган мигрантлар учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни таклиф қилди. Январь ойида президент маъмурияти «Яблоко» депутати Артур Гайдукнинг сўровига жавобан, сентябрь ойида эълон қилинган сафарбарлик давом этаётганини маълум қилди ва бу тўғрисидаги фармон ҳали ҳам кучда эканлигини айтган.

Яна бир тушунарсиз ҳолат. Захирадаги ҳарбий хизматчиларни (урушга) ёллаш якунлангани ва қўшимча фармонга эҳтиёж йўқлигига қайта-қайта ишонтирган Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, Президент маъмуриятига буни  тушунтириб бера олмади. Песковнинг сўзларига кўра, бу  “катта эҳтимол билан қандайдир қонуннинг нозик нуқталари” экан.

Москва шаҳрида февралда доимий яшаш ҳуқуқии берувчи рухсатнома “РВП” га квота топшириш кунлари эълон қилинди

Аризалар 2023 йилнинг 1,2,3 ва 6 февраль кунлари қабул қилинади. Маълумот учун, “РВП” Разрешение на временное проживание (вақтинчалик яшаш учун рухсатнома) бу – чет эл фуқаросининг паспортига қўйиладиган муҳр.

“РВП” қайси регион учун мўлжалланса, мигрантга шу ҳудудда вақтинча яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи берилади. Сахарово кўп тармоқли миграция марказида аризалар душанбадан пайшанбагача соат 09:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади.

Ариза топшириш жараёни жонли навбат билан амалга оширилади, яъни   олдиндан навбатга ёзилиш имкони йўқ: ариза топширувчи кўп тармоқли миграция марказига келиб, талон олиши ва Сбербанк ёки почта бўлимида бўлгани сингари ўз навбатини кутиши зарур.

Берилган талон бўйича навбати келмаса, у кейинги кунга ўтмайди.

Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан аризадан ташқари фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси, ундаги рўйхатга олинган яшаш жойи ва фуқаролиги кўрсатилган саҳифаларнинг нусхаси, миграция картаси, 3,5х4,5 ҳажмидаги фотосурат талаб қилинади.

Икки нафар ўзбек муҳожири Нижний Новгородда қулликдан озод этилди

Ҳуқуқ ҳимоячилари йигитларни қулликдан қутқаришга муваффақ бўлишди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Нижний Новгородга келганидан сўнг меҳнат қуллигига тушиб қолишган.

“Интизомни сақлаш учун йигитларни мунтазам равишда калтаклашарди, улар Рустам исли муҳожирнинг лабларини отвертка билан тешганлар. Уларнинг қочишга уринишларининг олдини олиш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириб юборишлари билан қўрқитишган”, – дейишди ҳуқуқ ҳимоячилари.  Рустам М. ва Хусан Х. Нижний Новгородга дўстларининг таклифи билан ишга келишган. Бироқ, гўёки бошқа одам дўстининг телефонини олиб, уларга хабар ёзган. Ўзбекистонликларга қурилиш майдончасида ишлаганликлари учун 800 доллардан маош ваъда қилишган, лекин аслида ишчилар камроқ пул олишган. Ишлаш учун патентни янгилаш вақти келганида, “хўжайин” ёшларга бепул ишлашда давом этишларини эълон қилган ва паспортларини олиб қўйган.

Маълум вақт ўтгач, муҳожирлар виждонсиз иш берувчининг қўлидан қутқариб олинган, уларга уйларига қайтишлари учун вақтинчалик ҳужжатлар берилди.

Жабрланганларнинг сўзларига кўра, бўлажак қулларни тарқатиш бўйича асосий марказ Қозон шаҳрида жойлашган бўлиб, у ердан Марказий Осиё давлатларидан келган одамлар Марий Эл ва Нижний Новгородга ишга жўнатилади.

Бу воқеадан олдинроқ ҳам Иркутскда ноқонуний миграция ташкилотчилари гуруҳи қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳорижга ишга бораётган ҳамюртларимиздан шуни илтимос қилардикки, кимдир иш таклиф қилдими, у танишингиз, ҳамқишлоғингиз бўлса ҳам ишониб кетавермасликни эслатамиз. Эҳтиёт чораларини кўрганингиз маъқул. Чунки сизни ишга етаклаган қадрдонингиз ҳам ёлғон чақириққа учган бўлиши мумкин.

Россия фуқаролигини олишга қизиқаётган хорижликлар сони камайди

2022 йилнинг 11 ойида Россия фуқаролигини  олган хорижликлар сони 2021 йилга нисбатан камайди,

Ўтган йилнингг январь ойидан ноябргача Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликларни Россия фуқаролигига қабул қилиш бўйича деярли 638 минг қарор чиқарди, бу 2021 йилнинг 11 ойига нисбатан 30 мингга кам дегани, ўшанда деярли 668 минг киши Россия фуқаролигига қабул қилинган.

Шу билан бирга бу кўрсаткичларни 2020 ва 2019 йилларнинг 11 ойлик даври билан солиштирганда ўтган йилга нисбатан мос равишда 75 минг ва 211 мингга кам

Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, ноябрь ойида Россия фуқаролигини бериш бўйича деярли 43 минг қарор чиқарилган, бу октябрь ойига нисбатан 10 мингтага кам.

Умуман олганда, йил давомида энг кўп чет элликлар август ва сентябрь ойларида   – мос равишда 86 минг ва деярли 100 минг нафари Россия фуқаролигини олган.

Кейинги ойларда бу кўрсаткич пасая бошлади. Департамент материалларига кўра, 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида уч йил ичида биринчи марта Россия фуқаролигини олган Украина фуқаролари сони камайди. (албатта бунинг сабабини ҳамма билиб турибди)

Шундай қилиб, ўтган йилнинг тўққиз ойида Украинанинг 260 мингдан ортиқ фуқароси Россия фуқаролигини олди, бу 2021 йилга нисбатан 32 минг кишига кам. Ўша пайтда деярли 293 минг украиналик Россия фуқаролигини олган эди.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Россия фуқаролигини олган хорижликлар учлигига украиналиклардан ташқари Тожикистон (деярли 120 минг) ва Арманистон (33 мингга яқин) фуқаролар кирди.

Ўтган йилга нисбатан Россия фуқаролигини олган Тожикистон фуқаролари сони қарийб икки баробар (70 мингга яқин), Арманистон фуқаролари 1,4 минг нафарга камайди.

Қозоғистон хорижлик малакали мутахассисларга доимий яшаш ҳуқуқини беришни соддалаштиради  

Қозоғистонда талаб юқори бўлган қатор касб эгаларига “ВНЖ” беришни соддалаштириш режалаштирилмоқда.

Бундай касблар рўйхатига шифокорлар, муҳандислар, агрономлар, геологлар, IТ–мутахассислари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги университет профессорлари ва муҳандислик-педагогик кадрлар киради.

Бу ҳақда очиқ  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинган ИИВ раҳбарининг миграция нормаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги буйруғи лойиҳасида айтилган. “Қуйидаги чет эл фуқароларига Қозоғистон Республикасида доимий яшаш рухсатномасини бериш рад этилади ёки илгари берилган рухсатномалар бекор қилинади: Қозоғистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда тўлов қобилиятини тасдиқламганлар. Қозоғистоннинг миграция масалалари бўйича ваколатли органлари томонидан тасдиқланган ва талаб юқори бўлган касб эгалари бўлган хорижликлар бундан мустасно”, – дейилади ҳужжатда.

Порталда жойланган мазкур ҳужжатнинг муҳокамаси 6 февралга қадар давом этади. Илгари Қозоғистонда талабга эга бўлган чет эллик мутахассислар учун “ВНЖ” олишда махсус меъёрлар белгиланмаган эди.

Фарғонадан Қирғизистонга микроавтобус қатнови қайта тикланди  

26 январдан Фарғонадан Қирғизистонга пандемия сабаб тўхтаб қолган микроавтобус қатнови қайта тикланди.

Фарғона-Қувасой-Қизил-қия йўналиши умумий масофаси 39,5 километрни ташкил этиб, йўлкира нархи 12 минг сўм этиб белгиланган.

Микроавтобуслар Қизил-қия ва Фарғонадан тонгги соат 7:20 да ҳаракат бошлаши назарда тутилган. Келгусида аҳоли талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қатновларни кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Бу Migrantnews эди. Мигрантлар учун энг фойдали хабарларни бизнинг телеграм каналда кузатиб боришингиз мумкин. Албатта, ютюбга хам обуна бўлишни эсдан чиқарманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ёдингизда тутинг сизни ватанда яқинларингиз кутмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация