Мақола

661 28/02/2022

Украинага қарши агрессия ва Путинга қарши санкция. Кўпайтирилаётган мунтазам авиапарвозлар ва тиббий кўрик.

Номинг ўчсин уруш!

Бу ҳафтанинг энг муҳим воқелиги, қанчалик афсусланарли бўлмасин, Россиянинг Украинага агрессияси бўлди. Бу ҳақда сал кейинроқ.

Россия Украинага тонг саҳар уруш қилишидан бир кун аввал Migrant.mobi сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад билан интервю ташкил этди. Унда Россия Украинанинг Луганск ва Донецк областларини халқ республикалари сифатида тан олиши ортидан келадиган оқибатлар, мигрантларга таъсири ҳақида сўз борди.

Қуйидаги ҳаволада ушбу суҳбатни тўлиқ шаклда томоша қилишингиз мумкин.

Россия Украинадаги айирмачи республикаларни тан олди

21 феврал куни Россия Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу учрашув чоғида Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкиннинг Путин саволларига жавоб беришда нўноқланиб қолганига доир видео ижтимоий тармоқлар мэмига айланди.

Кенгаш мажлисидан сўнг, Путин халққа мурожаат қилди ҳамда Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олишга доир фармонни имзолади. Сўнгра, икки республика билан ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалар ҳам имзоланди.

Рубл кескин қадрсизланди

Россия раҳбариятининг ушбу қарорининг салбий оқибатлари кўп куттирмади. 23 февралдаёқ Россия рубли Евро ва АҚШ долларига нисбатан кучли қадрсизланди. Бу эса, шубҳасиз, меҳнат мигрантлари даромадига таъсир кўрсатди.

Намангандан учган самолёт Наманганга қайтди

24 февралда Россия жанубидаги 12 та аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди. Дастлаб чекловлар 2 мартга қадар экани айтилган бўлса-да, ҳозирча, ушбу аэропортлар фаолияти қачон қайта тикланиши номаълум бўлиб қолмоқда. Ўша куни Наманган халқаро аэропортидан Краснодарга парвозни амалга ошираётган Uzbekistan airways авиакомпанияси ҳам самолётни ортга қайтаришга мажбур бўлган эди. 23 февралда Москва ва Санкт-Петербург аэропортларидан халқаро йўналишларида парвоз қилувчи 200дан ортиқ авиапарвоз бекор қилинди ёки кечиктирилди.

Европанинг айрим давлатлари Россияга қарши санкциялар доирасида Россия самолётлари учун ўз осмонини ёпди. Шундай қилиб, Россия самолётлари Буюк Британия, Болгария, Украина, Латвия, Чехия, Полша, Эстония ва Литва осмонидан учиб ўта олмайди. Бугунги кунда, ЕИ Россия самолётларига ўз осмонини бутунлай ёпиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Путин ва Россия ҳукумати аъзолари “persona non grata”

Украинадаги уруш боис Россияга эълон қилинган санкциялар мавзусини давом эттирамиз. Ғарб давлатлари Россияга қарши босимни аста-секин кескинлаштириб бормоқда. Бу гал бевосита президент Путин ва ташқи ишлар вазири Лавров ҳам санкциялар рўйхатига киритилди. Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ ушбу икки сиёсатчига нисбатан персонал санкция эълон қилганини билдирди. Бунинг ортидан икки амалдорнинг ЕИдаги ҳисоб рақамлари музлатилди.

АҚШ санкцияси сабабли Путин ва Лавров ушбу мамлакат ҳудудига кира олмайди. Бундан ташқари, ЕИ Россия раҳбариятининг 98 вакилига санкция қўллаган. Улар орасида Михаил Мишустин, Сергей Лавров, Дмитрий Медведев, Владимир Колокольцевлар ҳам бор. АҚШ маъмурияти санкцияси рўйхатига мудофаа вазири Шойгу ва РФ Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов ҳам киритилган.

SWIFT is switched off

26 февралда Россия халқаро пул тўловларни хавфсиз амалга ошириш имконини берувчи SWIFT тизимидан узилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон НАТО давлатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, Россияни SWIFT тизимидан узишга чақирди. Дастлаб, бу таклифни Германия ва Италия маъқулламади. Кейинчалик, Берлин ва Рим ҳам рози эканини хабар қилинди. Шундай қилиб, Россия шу кунларда бу тизимдан узилиши мумкин. 

Ўзбекистон Қозоғистонга нота юборди

Ўтиб бораётган ҳафтада Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Унда Қозоғистонда январ ойи бошларида рўй берган ҳодисаларга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган 14 ўзбекистонликка доир тўлиқ маълумот бериш ва улар билан консуллик учрашувини ташкил этиш сўралган.

Тиббий кўрик – 1 йилда 1 марта

Ўтиб бораётган ҳафтада Россия мигрантларга ён босганига доир янгилик эълон қилинди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 21 февралда имзолаган буйруғига биноан мамлакатга узоқ муддатга ишлаш ёки яшаш мақсадида келган чет элликлар учун мажбурий тиббий кўрик маълумотномасининг амал қилиш муддати бир йилгача узайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, чет эл фуқароси Россияга кирган кунидан бошлаб 90 кун ичида тиббий кўрик, бармоқ изини топшириш ва расмга тушиш жараёнларидан ўтиши керак. Ишлаш мақсадида келган мигрантлар учун муддат 30 кун.

Ўзбекистонга авиапарвозлар сони оширилмоқда

Дайжестимиз яна бир хушхабар якунламоқчимиз. Россия 2022 йил 14 мартдан бошлаб дунёнинг 16 давлатига мунтазам авиапарвозлар сонини оширади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бундан ташқари, Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Ветнам, Ҳиндистон, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малдив ороллари, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Сербия, Тожикистон, Таиланд давлатларига ҳам парвозлар сони оширилади.

Шундай қилиб, Migrant.news’да бугунга мана шулар. Ҳа айтганча, жамғариб қўйган рублларингизни доллар, евро ёки олтинга алмаштириб қўйиш тавсияси келаси ҳафтада ҳам ўз кучида қолади. Чунки, келгуси ҳафтада Украинадаги жанговар ҳаракатлар қандай натижа бериши, Россияга эълон қилинаётган санкцияларнинг оқибатлари қанақа бўлишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди.

Толиб Раҳматов тайёрлади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация