Мақола

219 03/10/2023

Сергелида даҳшатли портлаш

Бугун дастуримизда:

  1. Сергелида омборхона портлаши бўйича жинот иши очилди
  2. Кореяга турмушга чиқиб фарзанди тортиб олинган ўзбек аёли кўчада қолди
  3. Ички ишлар вазирлиги Санкт-Петербургда мигрантнинг овқатини тепкилаган ходимни текширади
  4. Мексика АҚШ билан муҳожирларни депортация қилиш бўйича битим тузди
  5. Медведев яна муҳожирлар мавзусини кўтарди
  6. Қозоғистон полицияси ҳам муҳожирларга қарши рейдлар ўтказишни ўрганиб олди
  7. Мигрантлар касаба уюшмаси Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш тарафдори.
  8. Европада юк машинасини бошқариш. Бу қанчалик осон касб? Машаққати, хавфли томонлари нимада?

Сергелида омборхона портлади. 17 ёшли бола вафот этди.

Бу Ўзбекистондаги ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Сергели туманида содир бўлган кучли портлаш оқибатида 200 нафарга яқин одам турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга келтирилган.

Аянчлиси, портлаш чоғида дераза роми устига қулаган 16 ёшли ўсмир, оғир 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола воқеа жойида вафот этган.

Фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талофатларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Етказилган зарарни баҳолаш ва босқичма-босқич қоплаш юзасидан ишлар бошланган.

Портлаш божхона омборига туташ ҳудудда BYD русумли автомобиллар ҳам бўлган. Уларнинг баъзилари портлаш тўлқини ва шиша парчаларидан зарар кўрган.Компаниянинг маълум қилишича, барча шикастланган автомобиллар утилизация қилишга юборилади. Автомобилларни етказиб бериш бўйича барча мажбуриятлар шартномада кўрсатилган муддатларда бажарилади.

Кореяга турмушга чиқиб фарзанди тортиб олинган ўзбек аёли кўчада қолди

ОАВ орқали ўзбекистонлик масъулларга мурожаат йўллаган 23 ёшли аёлнинг маълум қилишича, у ўтган йили ўзидан 7 ёш катта кореялик эркакка турмушга чиққан, фарзандли бўлган. Бироқ ҳаёти осуда кечмаган, чақалоғини тортиб олиб, ўзини паспортсиз кўчага ҳайдаб юборган. У ҳозирда Сеулдаги муҳожирларга ёрдам марказида яшаётганини, турмуш ўртоғининг қашшоқ эканлиги, ундан ҳатто овқатни ҳам қизғанишганини, эри унга умуман пул бермаслигини айтган.

Аёлнинг фарзандини қайтариб олиш учун ёрдам сўраб бормаган идораси қолмаган. Адвокат Анфсонг Жунг суд болани ё онасига, ё отасига бериш ҳақида қарор чиқариши кераклиги, бироқ бола Корея фуқароси бўлгани учун уни бу ерда виза асосида яшаб юрган онасига бериши анча мушкул иш эканлигини айтади.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари эса унинг ишига аралашолмасликларини айтишган.

Қийин вазиятда қолган аёл Жанубий Кореяга турмушга чиққанига минг пушаймон эканини айтиб, ўзбекистонлик қизларга танишув агентликлари орқали турмушга чиқишдан олдин минг бора ўйлаб кўришни тавсия қилган.

Ички ишлар вазирлиги Санкт-Петербургда мигрантнинг овқатини тепкилаган ходимни текширади

Хабарингиз бор, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россияда мигрантларнинг овқатини тепкилаган формали ходим ҳақидаги видео тарқалиб, норозиликларга сабаб бўлган эди.

Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Бош бошқармаси видео юзасидан текширув бошлаган.

“Видеода акс эттирилган вазият асосида ички текширув белгиланди, унинг натижасида воқеа иштирокчилари ва ҳолатлари аниқланади. Текширув натижаларига кўра амалдаги қонунчиликка мувофиқ қарор қабул қилинади”, — деб хабар беради информация ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи В. Степченко.

Москвадаги ўзбек диаспорасининг 11 сентябрь куни “Единая Россия” партияси раиси, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга мурожаат қилишига шу видео сабаб бўлгани эҳтимол, деб ёзади “Ведомости”.

 Мексика АҚШ билан муҳожирларни депортация қилиш бўйича битим тузди

Энди Мексика орқали АҚШга кетиш янада қийинлашиши мумкин. Мексика Қўшма Штатлар билан чегарадош шаҳарларидан муҳожирларни ўз ватанларига депортация қилиш бўйича келишувга эришди ва яқинда чегарадан ўтишлар сонининг кўпайишига қарши курашиш бўйича янги саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида мигрантларни тўхтатиб қолиш учун бир қатор чоралар кўрди.

Мексика расмийлари жума куни Мексиканинг Сюдад-Хуарес шаҳрида (Техас штатининг Эл-Пасо шаҳри чегарасида) АҚШга ноқонуний ўтишлар кўпайганидан сўнг, халқаро кўприкни вақтинча ёпиб қўйди ва йирик юк поездлари қатновини тўхтатганидан сўнг АҚШ божхона ва чегара ҳимояси расмийлари билан учрашди. Келишувнинг бир қисми сифатида Мексика фавқулодда ҳолат эълон қилинган Эл Пасо, Сан-Диего ва Эагле Пасс билан чегарадош шимолий шаҳарларида “босимни юмшатишга” рози бўлди.

Душанба куни 8000 дан ортиқ ҳибсга олинган. АҚШ-Мексика чегарасининг иккала томонидаги, Тинч океанидан Мексика кўрфазигача бўлган чегарадош ҳудудлардаги нотижорат ташкилотлар ва расмийларнинг айтишича, миграциянинг ҳозирги ўсиши дезинформация ва Мексикада одам ўғирлаш ҳолатларининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Айни пайтда, Мексиканинг шимолий чегарасида, Мексиканинг Сюдад-Хуарес шаҳридан Американинг Эл-Пасо шаҳрига боришга уриниб, Рио-Браво дарёсидан ўтган муҳожирлар ортга қайтарилмоқда.

Америка чегарачилари ҳозир ҳеч кимни ўтказмаяпти. АҚШ томони мигрантларга расмий марказларга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.

Шу ўринда маълумот: Мексика орқали АҚШга бориш қанчалар хавфли? У ерда сизни нималар кутади? АҚШ кимга, қандай вазиятда сиёсий бошпана беради? Бу каби саволларга “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомованинг сайтимизга берган махсус интервьюсидан жавоб олишингиз мумкин.

Шу ўринда яна бир маълумот. 4 октябрдан “Грин карта” лотореяси учун рўйхатдан ўтиш бошланади. Экранингизда кўриб турган сайт орқали 8 ноябрга қадар рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Агар бу сизга мураккаблик қилса, ушбу рақамларга (………..) телеграм ва ватсап орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Ёрдам беришади.

Медведев яна муҳожирлар мавзусини кўтарди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев муҳожирлар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги низолар туфайли мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашишига йўл қўймаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

“Юз минглаб муҳожирларнинг Россия ҳудудларида қолиши бир қатор муҳим муаммоларни келтириб чиқармоқда”, деган Медведев Россия Хавфсизлик кенгашининг миграция сиёсати комиссияси йиғилишида. Унинг аниқлик киритишича, бу муаммолар қаторига хорижликлар ўртасидаги жиноятчилик ва маҳаллий аҳоли билан низолар киради.

“Бундай ҳолатлар, маълум сабабларга кўра, дунёнинг бошқа қисмларида бўлгани каби, катта резонансга олиб келади ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиради”, дейди Медведев “бунга йўл қўйиб бўлмаслигини” таъкидлаган.

“Умуман олганда мамлакатимизга миграция оқими ортиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Россияга 8,2 миллион хорижлик ташриф буюрган – бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 62 фоизга кўп”, – дейди Дмитрий Медведев.

Қозоғистон полицияси ҳам муҳожирларга қарши рейдлар ўтказишни ўрганиб олди

Муҳожирларни, ҳатто ҳужжатлари жойида бўлса ҳам полиция бўлимига олиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Қозоғистонда истиқомат қилаётган тожикистонлик муҳожирлар полициянинг йирик қурилиш майдончалари, бозорлар ва бошқа одамлар гавжум жойларда хорижликларни назорат қилишга қаратилган рейдлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди.

Қозоғистон расмийлари бу чоралардан мақсад ноқонуний мигрантларни аниқлаш эканини даъво қилмоқда. Тожикистонлик мигрант Азаматнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати қўмитаси ходимлари давлат хавфсизлиги вакиллари ва Миллий гвардия ҳарбийлари билан биргаликда яқинда Олмаота бозорида хорижликларнинг катта гуруҳини қўлга олишган.

Муҳожирларни, ҳатто ҳужжатлари жойида бўлса ҳам полиция бўлимига олиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Бу муҳожирлар орасида хавотир уйғотмоқда, кўпчилик рейдлардан қўрқиб ишга камроқ боришга қарор қилмоқда. Рейдларга жавобан Қозоғистон полицияси сентябр ойи бошида биргина Олмаотада миграция қонунчилигининг 3 мингга яқин бузилишини аниқлагани, Олмаотадаги қурилиш объектларидан бирида зарур ҳужжатларга эга бўлмаган 14 нафар Тожикистон фуқароси ишлаётганини маълум қилган.

Мигрантлар касаба уюшмаси Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш тарафдори

Мигрантлар касаба уюшмаси раҳбари Ренат Каримов Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида виза режими жорий этилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, виза режими меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга ёрдам беради. Каримов виза режимининг жорий этилиши муҳожирлар ва иш берувчилар ўртасида расмий меҳнат шартномалари тузилиши учун шароит яратиши, бу эса ўз навбатида уларга катта ишонч бағишлаши билан ўз фикрини далиллаган.

Мигрантлар қаерда ва қандай шароитда ишлашларини олдиндан билишлари, ҳуқуқлари бузилган ёки тўловлар кечиктирилган тақдирда ваколатли органлардан ҳимоя сўраш имкониятига эга бўлишади.

Айни дамда, Каримовнинг сўзларига кўра, муҳожирлар кўпинча расмий меҳнат шартномаларини тузмагани учун оғир аҳволга тушиб қолишади. Бундан ташқари, чегарани кесиб ўтишда ва Россияга келганидан кейин етти кун давомида уларнинг қабул қилувчи давлати бўлмаслиги ҳуқуқларининг бузилиш эҳтимолини оширади. Касаба уюшмаси меҳнат муҳожирларининг қатъий қонун асосида ишлаши ва маошини ўз вақтида олиш масаласида ташвиш билдирган.

Таъкидланишича, виза режими жорий этилиши билан иш берувчилар катта эҳтимол билан қабул қилувчи томон бўлади ва мигрантларни виза билан таъминлайди.

Бизда ҳозирча шулар! Мигрантлар ҳаётига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг. Ҳаётингизда фақат яхши янгиликлар содир бўлсин!

Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация