Maqola

519 04/07/2023

УРУШҚОҚ МИГРАНТЛАР КЎПАЙИБ КЕТДИ

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Иркутск вилоятида мигрантлар ўртасида муштлашув содир бўлди
  2. Россияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш қоидалари ўзгаради
  3. Centrum Аir авиакомпанияси Ўзбекистондан Москвага янги рейсларни рейсларни йўлга қўйди
  4. Москвадаги “Царицыно” музейида ўзбек тилидаги экскурсиялар бўлиб ўтади
  5. Германия малакали муҳожирлар учун эшикларни очади
  6. Германияга ишлаш учун юборилган талабалар кўчада қолди

Иркутск вилоятида мигрантлар ўртасида муштлашув содир бўлди

Иркутск вилоятидаги Ковикта конида 300 га яқин ишчи муштлашган. Baza телеграм каналига кўра, 23 июн куни кечқурун Қирғизистон фуқаролари ошхонага кираверишда Тожикистон фуқаролари билан жанжаллашган.

Можаро навбат туфайли юзага келган. Жанжал жойида бартараф этилмаганидан кейин Қирғизистон фуқаролари тожикистонликлар яшовчи вагончаларга ўтган. Оқибатда 300 нафар ишчи муштлашган. Муштлашувдан кейин 9 киши касалхонага ётқизилган. Терговчиларнинг фикрича, улар муштлашувнинг энг фаол иштирокчилари бўлган. Полиция текширув ўтказмоқда.

Афсуски, мигрантлар орасида бу каби нохуш ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда. Ижтимоий тармоқда Новая Москвадаги Кокошкино дам олиш қишлоғи ҳудудида муҳожирларнинг оммавий муштлашувининг видеоси тарқалди.

Воқеа гувоҳларининг кадрлари Baza томонидан телеграмда эълон қилинган. Видеода бир неча эркакларнинг бир-бири билан муштлашиб, бақиргани акс этган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, бу сўнгги пайтларда содир бўлаётган биринчи бундай ҳодиса эмас – ҳозирда у ерда йирик “Новое Внуково” турар-жой мажмуаси қурилишида ишловчи ишчилар истиқомат қилишади.

Маҳаллий аҳоли аллақачон полиция ва маъмуриятга шикоят қилгани, аммо муштлашувлар тўхтамаётганини иддао қилмоқда. Можаро сабаблари номаълум.

Июн ойи бошида ҳам Москвадаги Терлецкий боғида оммавий муштлашув содир бўлганди – икки гуруҳ битта мангал талашиб жанжаллашишган. Можаро натижасида бир кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Россияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш қоидалари ўзгаради

Россияда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тизими 2024 йил 1 апрелдан бошлаб жиддий ўзгаришларга учрайди. «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Федерал қонуннинг 25 ва 26-моддаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги тегишли қонун лойиҳаси Давлат думаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Қонунда чет эл ҳайдовчилик гувоҳномаларини Россия ҳужжатига алмаштириш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Россияда яшаш учун рухсатнома ёки фуқароликни олган шахс чет элда олган гувоҳномасини бир йилдан кечиктирмай Россияникига алмаштириши керак. Бу талаб ҳам чет элликлар, ҳам россияликлар учун ҳам бирдай амал қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, агар автомобил ҳайдовчиси Россияда яроқсиз гувоҳнома билан ҳайдаса, у катта жаримага тортилади. Бироқ Беларусь ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш талаб этилмайди. Яна битта истисно бор: хорижий давлатларнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини имтиҳонларсиз, малака оширмасдан ва тиббий маълумотномаларни тақдим этмасдан Россия гувоҳномасига алмаштиришлари мумкин. Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган халқаро ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари ходимлари ҳам мазкур имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Муайян тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлган шахслар тегишли касбий тайёргарликдан ўтмасдан ва имтиҳонларсиз алмаштирилиши мумкин (тиббий кўрикдан ўтишингиз шарт). Лекин, тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинади. Масалан, “М” тоифали мопедлар ҳар қандай турдаги трансмиссияга эга лицензияларни исталган тоифадаги “права” билан олиш мумкин;

Ҳужжат муаллифлари чет эллик ҳайдовчилик гувоҳномаларга эга ҳайдовчилар устидан назоратни кучайтириш зарурлигини, хорижлик ҳайдовчилик гувоҳномаси эгалари йўловчи ва юк ташиш ишларида бахтсиз ҳодисаларга тез-тез учраб туришини айтади.

Қонун изоҳида ёзилишича, хорижлик “права”га эга бўлган, тажрибаси икки йилдан кам бўлган ҳайдовчиларнинг айби билан ҳам бахтсиз ҳодисалар содир бўлиш хавфи юқори. Ҳужжат муаллифлари Россия фуқаролигини олган ҳайдовчилар кўпинча ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзгартирмайди: чунки у чексиз муддатга амал қилади ва шунга мос равишда тиббий кўрикдан ўтмайди. Энди “права” алмаштиришда улар тўлиқ кўрикдан ўтишлари керак. Агар шифокорлар ҳайдашга қарши сабаб топса, аввал уларни бартараф қилиб, шундан кейингина рулга ўтиришлари мумкин бўлади.

Centrum Аir авиакомпанияси Ўзбекистондан Москвага янги рейсларни рейсларни йўлга қўйди

Авиакомпания ҳафтада бир Урганчдан Москвага парвозларни йўлга қўйди. Бундан ташқари, 21 июндан бошлаб чоршанба кунлари Термиз-Москва, 25 июндан эса – якшанба кунлари Бухоро-Москва рейсларини амалга оширмоқда.

Москвадаги “Царицыно” музейида ўзбек тилидаги экскурсиялар бўлиб ўтади

1 июлдан 2 декабргача Москвадаги “Царицыно” музейида дам олиш кунлари «В поисках народного искусства», “Халқ ижодини излашда” номли кўргазма бўлиб ўтади.

Музей катта саройининг тўққизта залида СССР ни Никита Хрушчев бошқарган йиллардан қайта қуриш йилларигача бўлган даврдаги мингдан ортиқ халқ ижоди наъмуналари намойиш қилинади.

Экскурсияларни педагогика фанлари доктори, Москва давлат лингвистик университети қошидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази директори Бегам Қораева олиб боради.

Юртдошларимизга мана шундай кўргазмаларга бориб, маданий ҳордиқ чиқаришни таклиф этамиз.

Германия малакали муҳожирлар учун эшикларни очади

Германия ишчи кучи танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилади. Бундестаг 2020 йилги миграция қонунига киритган ўзгартиришлари Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар фуқаролари учун Германияга кўчиб ўтишнинг янги йўлларини очди.

Қонунга асосан, талабнома берувчининг касбий тажрибаси ва Канада каби мамлакатларда қўлланилаётган тизимларга ўхшаш бошқа омилларни ҳисобга оладиган “баллар тизими” кўзда тутилган. Ўзгартиришлардан бирига кўра, 2023 йил 29 мартгача мамлакатга келган ва расмийлардан жавоб олмаган бошпана изловчилар ўз мақомини бошпана изловчидан бир йил давомида иш излаётган меҳнат муҳожирига ўзгартириши мумкин.

Юқори малакали ишчиларга, агар уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватласа, Германияга кўпроқ қариндошларини олиб келишга рухсат берилади.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакат ҳар йили 400 мингга яқин малакали муҳожирга муҳтож. Миллий меҳнат агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йили қарийб 1200 та касбдан 200 тасида ишчи кучи танқислиги кузатилган. Агентликнинг таъкидлашича, рўйхатга автобус ҳайдовчилари, фармацевтлар, архитекторлар, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари соҳаси ходимлари киритилган. Бемор ва болаларга қаровчи касб эгаларига ҳам эҳтиёж кўп.

Сўнгги пайтларда Германияда турли сабабларга кўра туғилиш даражаси паст бўлиши кузатилмоқда. Кўпгина жуфтликлар бепуштлик ёки бошқа тиббий сабабларга кўра фарзанд кўра олмайди. Бошқалар эса фарзанд кўришни хоҳламайди. Европада “чайлдфри” – “фарзандсизлик” мафкураси пайдо бўлган. Кўпчилик кечроқ ёшда, ишдаги карьерага эришгандан сўнг уйланишни одат қилган. Натижада немис жамиятида ёшлар салмоғи мисли кўрилмаган даражага тушиб кетди. Мисол учун, агар 1983 йилда Германияда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 13,1 миллион киши бўлган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 4,6 миллион кишига тушиб кетди. Ҳеч кимга сир эмаски, ёшлар сонининг қисқариши келажакда пенсия муаммолари ва мамлакат тараққиётининг иқтисодий даражаси пастлашидан дарак беради. Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер миграция қонунидаги янгиликни “мамлакат келажаги учун улкан қадам” деб атаб, малакали ишчи кучи етишмаслиги иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашувининг сабабларидан бири эканлигини таъкидлаган.

Германияга ишлаш учун юборилган талабалар кўчада қолди

Икки ҳафтадан бери Мюнхен вокзалида ухлаётган ўзбекистонликлардан бири «Turon World Cooperation» хусусий бандлик агентлиги Ferienjob дастури доирасида Германияда уч ойлик иш ваъда қилганини айтади. Ўзини “Абдуллоҳ” деб таништирган шахс хизмат учун ҳар бир кишидан 700 дан 1000 долларгача пул олган. Мигрантлар фирибгарлик қурбон бўлганликларини фақат Германияга келганларида билишган. Исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик талаба уч ҳафтадан бери вокзалда яшаётганини айтади: “4 июндан бери станцияда ухлаяпмиз. Биз шу ой бошида келган эдик. Бизга уч ойлик иш учун ойига камида 1000 евро олишимизни ваъда қилишди. Борганимизда бизга ваъда қилинган иш йўқ экан”, – дейди ўзбекистонлик йигит. «Turon World Cooperation» хусусий бандлик агентлиги кўчада қолган ўзбекистонликларни Германияга ишлашга жўнатганини рад этади.

Ferienjob дастури бўйича ўзбекистонлик талабалар Германияга уч ойдан кўп бўлмаган муддатга ишлаш учун келишлари мумкин. Чет элликларни мавсумий ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи Бремендаги Raj Personal компанияси менежери Рой ван ден Хурк айрим ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни ачинарли деб баҳолаган. “Ўзбекистонликлар уч ой давомида мавсумий ишларга келишлари мумкин. Талабалар бу ерда ишлайди, маҳаллий маданиятни ўрганади ва пул топади. Бу талабалар учун ажойиб имконият. Ҳозир бизда тўрт юз ўзбек ишлайди. Кейинги ҳафта яна шунча одам келади. Лекин, баъзи ўзбекистонликлар олдиндан огоҳлантирмасдан келиб, биздан иш топиб беришимизни сўрашади. Лекин бизда улар учун иш йўқ. Кимдир бизнинг манзилимизни берган бўлса, айримларида қалбаки ҳужжатлар бўлади, буларнинг барчаси учун улардан пул ҳам олишган. Бу жуда ачинарли. Бунинг учун ҳеч қандай тўлов йўқ, бу бепул дастур. Афсуски, кимдир ундан пул ишлашни хоҳлайди. Шунинг учун биз уларга Германияга келишдан олдин биз билан боғланишларини тавсия қиламиз”, – дейди у.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси “Work and Travel” дастури бўйича Германияга келган, иш билан боғлиқ муаммолар ва етарли молиявий ресурслар йўқлиги сабабли Мюнхендаги марказий вокзалда тунашга мажбур бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида баёнот берди. Ўзбекистоннинг “Turon World konsalting” компанияси маълумотига кўра, ушбу ташкилот 98 нафар Ўзбекистон фуқароларини “Work and Travel” дастури бўйича Германияга мавсумий ишларга жўнатган. Ўзбек дипломатлари “Ҳумо” ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига зудлик билан етиб бордилар ва Ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳамкорликда 35 нафар Ўзбекистон фуқароларига ушбу ҳудудда вақтинча яшашлари учун зарур ёрдам кўрсатган. Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олганини маълум қилиб, ваколатли органлар билан ҳамкорликда мазкур муаммони бартараф этиш чоралари кўраётганини хабар берди.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya