Мақола

300 03/09/2023

Тожикистонликлар ҳимоя қилинади, Ўзбекистонликлар-чи?!

Бугун дастуримизда:

  1. Россия фуқаролигини олишни хоҳловчи хорижликлар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга мажбурланмоқда;
  2. Ўзбекистонлик муҳожир ўғлининг IQ кўрсаткичи Эйнштейнникидан юқори;
  3. Россияда ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда;
  4. Ишчи кучи танқислиги Венгрия ва Польша ҳукуматларини мигрантларга қарши сиёсатдан воз кечишга мажбур қилмоқда;
  5. “Золотая Корона” хакерлик ҳужумига учради;
  6. Америкада ИШИДга алоқадор шахс ёрдамида мамлакатга кирган ўзбеклар қидирилмоқда;
  7. Тожикистон муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоясига жиддий киришди. Ички ишлар вазири Москвага борди;
  8. Самарқандда туғилган Рустем Умеров Украинанинг янги мудофаа вазири бўлиши мумкин.

Россия фуқаролигини олишни хоҳловчи хорижликлар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга мажбурланмоқда

Калуга вилоятида Россия фуқаролигини олишга қарор қилган хорижликлар биринчи навбатда ҳарбий хизмат учун шартнома тузишни талаб қилиб, ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортишмоқда, деб хабар берган ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Котляр «7×7 — Горизонтальная Россия» нашрига. Котлярнинг сўзларига кўра, бу каби бешта ҳолат маълум, аммо чет элликларнинг ўзлари ва уларнинг қариндошларининг сўзларига қараганда, Калуга вилоятида янада кўпроқ одамлар бундай вазиятга дуч келишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси вилоятдаги Омбудсманга ариза йўллаган, аммо жавоб олмаган. Тожикистонда истиқомат қилувчилардан бирининг айтишича, фуқароликка мурожаат қилишда ундан ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузилгани тўғрисида ҳарбий комиссариатдан маълумотнома тақдим этиш талаб қилинган. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, у ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишга тайёр бўлган, бироқ вояга етмаган беш нафар фарзанди борлиги туфайли “военкомат”да унга рад жавоби берилган.

Фуқаролик учун ҳужжатларни барибир қабул қилишмаган. Тожикистонлик яна бир муҳожир, деб ёзади “7×7”, соғлиғи сабабли шартнома асосида хизматга олинмаган. У ҳам маълумотнома ололмай, ҳужжатларни топшира олмаган. Ўзбекистонлик фуқаро ҳам фуқароликка ҳужжат топширишда Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузилганлиги тўғрисидаги маълумотнома талаб қилинганини маълум қилган:

“Мен умидсиз ҳолга тушдим, чунки бу ҳақда гуруҳдаги ватандошларимдан эшитган эдим. Мен уларга фақат Россия Федерацияси фуқаролари имзолаши мумкинлигини айтдим. Бу ерда биз хорижликмиз, зўрлик билан юборишга ҳақлари йўқ. Инспекторларнинг ҳаммаси бир хил: шартнома учун қайтараверади. Буларнинг барчаси қуруқ гап, ҳеч қандай тушунтириш беришмайди. Бундан ташқари, улар маҳбусларга бўлганидек қўпол гапиришади, кўпинча бақиришади”.

Унинг сўзларига кўра, Калуга вилоятида Россия фуқаролигини олишда қийинчиликлар апрель ойида бошланган. Эндиликда фуқароликка ҳужжат топшираётган барча эркаклар, унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматга жўнатилади, аёлларнинг ҳужжатлари эса муаммосиз қабул қилинади. 2022 йил сентябрь ойи охирида Владимир Путин Россия Федерацияси қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган хорижликларга фуқароликни соддалаштирилган тарзда бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, фуқароликни соддалаштирилган тартибда олиш учун чет эл фуқароси камида бир йил муддатга шартнома тузиши ва камида олти ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши керак.

Ўзбекистонлик муҳожир ўғлининг IQ кўрсаткичи Эйнштейнникидан юқори

12 ёшли Юсуф Азимов 2023 йил июнь ойида Mensa тестида 162 балл тўплаган ва рейтингнинг юқори поғонасига кўтарилди. Азимовнинг айтишича, ўғли бир ёшида инглиз тилида гапириб, уч ёшидаёқ инглиз тилидаги китобларни ўқий олган.

Унинг ўқишга бўлган иштиёқи болалигидан яққол намоён бўлди ва бу унинг диққатга сазовор хусусиятларидан бирига айланди. Кейинчалик унинг қизиқувчанлиги, билимга ташналиги аён бўлди: у кўп саволлар берар, турли мавзуларга қизиқарди. Тошкент Ислом университетида ўқиган Абдураҳмон Азимов 2004 йилда Буюк Британияга ўқиш учун келган.

Вақт ўтиши билан у инглиз тилини, ахборот технологияларини, кейин эса рақамли бизнесни ўрганди. Сўнгги йилларда у блокчейн технологиясига қизиқиб қолди ва Оксфорд университетида ўқишни давом эттириш ҳақида ўйламоқда.

У асли польшалик аёлга уйланган, уч фарзанднинг отаси. Ўғли Юсуф кунига 500-600 саҳифагача китоб ўқийди. У ракеталар ва механик қурилмаларни ясашдан тортиб, рақамлар ва мураккаб математик масалаларга ҳам қизиқади.

Маълум бўлишича, Юсуф 800 дан ортиқ китобларни ўқибгина қолмай, уларнинг кўпини ёд олган. Маълумотни ёдлаш ва тезда ўрганиш қобилияти унинг ажойиб интеллектуал қобилиятларининг асосий элементига айланди. Mensa жамиятига аъзо бўлиш Юсуф учун унинг юксак интеллектуал салоҳиятининг тасдиғи эди. Тестдан юқори балл олишини ҳатто ота-онаси ҳам кутмаган эди. Жамиятга аъзо бўлиш учун камида 132 баллдан юқори тўплаш лози. Юсуф эса 162 балл тўплаб, 160 балли Эйнштейннинг IQ даражасидан ҳам ошиб кетган.

Отаси Абдураҳмоннинг айтишича, савол беришда ҳеч қандай тақиқ йўқ. Ота-оналар ҳар доим ўз фарзандларини қизиқтирган ҳамма нарсага жавоб беришга ҳаракат қилишган. Улар, агар бирор савол номаълум бўлса, улар жавоб излашга тайёр бўлишган. Абдураҳмон болаларни гаджетлардан фойдаланишда қатъий тартиб ўрнатганини таъкидлайди. “Яқинда туғилган кунида Юсуфга телефон олиб бердик. Телефон унга узоқ мактабга қатнаши учун ҳам керак бўлади. Лекин телефонига қарамайди, чўнтагидан чиқармайди ҳам. Телефонининг қувватига ҳам биз қараб турамиз, ўзи аҳамият бермайди. Фақат биз билан гаплашиш учун ишлатади. Баъзида iPadʼида ўйин ўйнаганда ҳам назорат қилиб турамиз. Сал кўпроқ ўйнаб юборса, ўзи ўйин учун кетган вақтига ачинади”, дейди Абдураҳмон Азимов.

Улар технология оламида фойдаланиш ва назорат қилиш ўртасида мувозанат бўлиши кераклигини тушунишади. Бу оилада болаларни тақдирлаш ва қўллаб-қувватлаш жазодан кўра мазмунлироқ натижалар беради, деган ғояга амал қилишади.

Россияда ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Ташаббус депутатлар, ҳуқуқшунослар ва сиёсатшунослар орасида муҳокамага сабаб бўлди.

Қонун лойиҳасининг хусусиятлари қандай, у қанча одамга таъсир қилиши мумкин ва нима учун ҳужжат матнини Украинанинг собиқ фуқароларига нисбатан қайта ишлаш керак?

Давлат Думасига ҳарбий рўйхатга олишдан бўйин товлагани учун олинган Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Тушунтириш хатида айтилишича, лойиҳа “Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланган вақтда ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтмаган” шахсларга нисбатан қўлланилади.

Бундан ташқари, фуқароликдан маҳрум қилиш сабаби “ҳарбий бурч, шу жумладан сафарбарликдан қочиш” бўлиши мумкин. Таъкидланишича, ташаббусда кўрсатилган таърифга кирувчи барча шахслар икки ҳафта ичида ҳарбий комиссарликка келиши шарт. Мурожаатни давлат хизматлари орқали электрон шаклда топширишга тегишли воқеа содир бўлган кундан бошлаб етти кун ичида ҳам рухсат этилади. Эслатмада чет элликларга фуқароликни бериш бўйича статистик маълумотлар ҳам келтирилган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда 691 минг киши Россия паспортини олган. Уларнинг аксарияти Тожикистондан келган (173 минг). Ундан кейин Арманистон (45 минг), Қозоғистон (42 минг), Ўзбекистон (27 минг киши). 2023 йилнинг январ-март ойлари орасида Марказий Осиёдан 106 минг киши Россия паспортига эга бўлди.

Минтақавий сиёсат ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш қўмитаси раисининг ўринбосари Михаил Матвеев ўзининг телеграм-каналида таъкидлашича, бундай қонун зарурати Россия фуқаролигини олган хорижий давлатлар фуқароларининг ҳарбий рўйхатдан ўтмасликлари билан боғлиқ. Парламентарийнинг ташаббусига экспертлар ҳамжамияти ва жамиятда турлича муносабат билдирилган. Масалан, ДХР Миллий гвардияси департаменти бошлиғининг ўринбосари Александр Ходаковский ўзининг Телеграм-каналида муҳожирларни “фронт олдига” юбориш ғоясини ёқламаслигини таъкидлайди.

“Бизга қуролланган маҳбуслар етмаяптими, келинглар, муҳожирларни кўпроқ қўшамиз. Ажойиб бўлади. Вақт ўтиб, биз кўрадиганимизни кўрамиз” Ходаковский ушбу фуқаролар учун қурилиш батальонларида хизмат қилиш энг яхши вариант, деган фикрда. У ҳозирда ҳарбий инфратузилма армиянинг ҳозирги ҳажмига мослаштирилмагани, казармалар, машғулотлар майдончалари ва йўллар қуриш кераклигини  таъкидлайди.

“Русский инженер” телеграм канали муаллифи Алексей Васильев Ходаковскийнинг фикрига қўшилади. Унинг фикрига кўра, “жамиятда ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларга нисбатан салбий қарашни шакллантириш керак”.

Ишчи кучи танқислиги Венгрия ва Польша ҳукуматларини мигрантларга қарши сиёсатдан воз кечишга мажбур қилмоқда

Европа Иттифоқининг миграция сиёсатига йиллар давомида қарши бўлган давлатлари – Венгрия ва Польша энди маълум бўлишича, хорижий ишчиларсиз ишлай олмас экан. Бу ҳақда Bloomberg маълумотларига таяниб, Литванинг рус тилидаги “Обзор” нашри хабар бермоқда.

Муаллифлар 2015 йилда муҳожирлардан ҳимояланиш учун чегарада панжара қурган Венгрия расмийларининг риторикаси кескин ўзгарганига эътибор қаратишган. Бундан ташқари, Виктор Орбан ҳукумати қочқинларга бошпана беришдан бош тортган ва янги келганлар иш жойларини тортиб олишини иддао қилган эди. Чехия ҳам аллақачон ишчи кучининг шу қадар жиддий танқислигини бошдан кечирмоқдаки, у Мўғулистон ва Филиппиндан келган муҳожирларга меҳнат визалари бериш учун юқори квоталар ўрнатмоқда.

Чехия меҳнат вазири Мариан Юречканинг айтишича, мамлакатдаги 900 минг хорижий ишчи Чехия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун етарли эмас. 2030 йилга келиб қўшимча 300 минг мигрант керак бўлади. Худди шундай вазият Польшада ҳам юзага келмоқда. Мамлакат қўшимча ишчиларга муҳтож ва Осиё давлатлари фуқароларини иш билан таъминлаш тарафдори. Гарчи Будапешт ва Варшава 2023 йил июль ойида муҳожирларни квоталар бўйича Европа Иттифоқи мамлакатларига жойлаштириш бўйича умумевропа режасига бир овоздан қарши чиқишган бўлса-да, бу ҳаракат аллақачон ўз мамлакатларидаги сайловчиларни антимигрант сиёсатида изчил эканига ишонтиришга ўхшайди.

Гарчи ҳақиқатда бу сиёсат ўзгарган бўлса ҳам, бу Венгрия ва Полша расмийларининг риторикасига таъсир қилади. Ҳозир Польша ва Венгрияда ишлаётган марказий осиёликлар кўпаймоқда. Бунга қандай қарайсиз? Бора-бора Россияда ишлаётган мигрантлар Шарқий Европа давлатларига ўтиб кетиши мумкинми? Изоҳларингизни кутамиз.

“Золотая Корона” хакерлик ҳужумига учради

“Золотая Корона” пул ўтказмалари тизими DDoS ҳужумига учраган. Экспертларнинг фикрича, бунинг учун жавобгарликни украиналик хакерлар ўз зиммаларига олган.

“Золотая Корона” Россияда, айниқса, чет элга ва чет элдан пул жўнатишни қийинлаштирган санкциялар туфайли оммалашди. Хакерлар “Золотая Корона” (KoronaPay) пул ўтказмалари тизимига ҳужум қилишди, бу ҳақда телеграмдаги профил чатлари ва ёпиқ форумлардаги маълумотлардан маълум бўлади.

Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ўртасидаги манбалар “Коммерсант”га 28 август куни “Золотая Корона” ресурслари ёпиқ форумларда “хактивистлар учун нишонлар қаторида” белгиланганини тасдиқлайди. Улардан бири бундай даъватлар, одатда, тўлов тизими дуч келган ҳолдагидек, оммавий DDoS-ҳужумига олиб келишини айтган.

Рақамли активларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ServicePipe экспертлари “Золотая Корона”га ишида узилишларга сабаб бўлган киберҳужум содир этилганини тасдиқлаган. ServicePipe тижорат директори Данила Чежиннинг сўзларига кўра, ҳужум учун жавобгарликни “Украина IT армияси” ўз зиммасига олган.

2022 йил сентябрь ойида «Мир» тўлов тизими ва унинг оператори Миллий тўлов карталари тизими худди шундай DDoS-ҳужумига учраган эди. Бу “украинапараст фаолларнинг чатлари орқали” мувофиқлаштирилган эди, деб ёзган “Коммерсант”.

Америкада ИШИДга алоқадор шахс ёрдамида мамлакатга кирган ўзбеклар қидирилмоқда

Маълумотларга кўра, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари контрабанда билан алоқадор бўлган ва ИШИД билан ҳамкорликда гумон қилинган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини қидирмоқда. АҚШнинг бир қанча расмийлари CNN телеканалига хабар берган ушбу ноодатий воқеа шу қадар жиддий хавотир уйғотдики, Байден маъмуриятининг юқори мартабали аъзолари разведка ҳисоботини талаб қилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ўндан ортиқ ўзбекистонликдан иборат гуруҳ шу йил бошида жанубий чегара орқали АҚШга кирган ва кейин тарқалиб кетган. Ҳозирда ФҚБ ушбу шахслар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш жараёнида, уларнинг баъзиларининг қаерда эканлиги номаълумлигича қолмоқда.

Миллий Хавфсизлик Кенгашининг (МХК) CNN телеканалига берган расмий баёнотида таъкидланишича, ҳозирча террорчилик режаси ёки таҳдидига оид аниқ далиллар йўқ. Шу билан бирга, гуруҳнинг жиноий фаолияти эҳтимоли бор-йўқлиги “тўлиқ текширилмоқда”.

Текширув доирасида ушбу муҳожирлар АҚШга контрабандачилар, жумладан ИШИД билан алоқадор бир киши ёрдамида келгани аниқланган. ФҚБ бутун мамлакат бўйлаб ўз бўлинмаларини огоҳлантириб, агентларга уларнинг ўтмиши ва қаердалигини текширишни буюрган. Ташкилот контрабандачи операциянинг бошқа иштирокчилари билан бирга ҳибсга олинган Туркия расмийлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. CNN манбаларига кўра, ИШИДга алоқадор контрабандачи тергов қилинмоқда. Бироқ мавжуд маълумотларга кўра, у амалиётчидан кўра кўпроқ террорчи гуруҳ тарафдори бўлгани ва муҳожирларга ёрдамни гуруҳ номидан бермагани тахмин қилинмоқда.

ФҚБ ва Миллий Хавфсизлик Кенгашининг расмий баёнотларида таъкидланишича, ҳозирда бу шахслар мамлакатга ғаразли ният билан кирган деб ишониш учун асос йўқ. Улар Қўшма Штатларда яхшироқ ҳаётга интилишган, холос. Шундай қилиб, ўзбек муҳожирлари билан содир бўлган воқеа АҚШ разведка идораларининг жиддий муносабатига, эҳтимолий хавф ва таҳдидларни аниқлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришга туртки бўлди.

Тожикистон муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоясига жиддий киришди. Ички ишлар вазири Москвага борди

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россияга икки асосий мақсад билан келди. Мақсад, тожик меҳнат муҳожирлари атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш ва “Ориёнбанк” АК раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаш ва ўлдиришда асосий гумонланувчи бўлган Дилшод Саидмуродовни ҳибсга олиш масаласини ҳал қилиш.

Маълум қилинишича, президент Имомали Раҳмон топшириғига кўра Рамазон Раҳимзода 28 август куни Москвага келган. У россиялик ҳамкасби Владимир Колоколцев билан учрашиб, кўплаб масалаларни муҳокама қилишни режалаштирган. Ушбу мунозаралар чоғида Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг аҳволини яхшилаш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш ниятида.

Бундан ташқари, улар Дилшод Саидмуродовнинг ишини ҳам кўриб чиқишади. “Ориенбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг ўғирланишида асосий гумонланувчи «Дилшод красавчик” номи билан танилган Дилшод Саидмуродов ҳисобланади. Илгари у турли давлат тузилмаларида, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлигида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Банкир ўғирланганидан сўнг Саидмуродов Тожикистонни тарк этиб, Москвага жўнаб кетган. Туркияда тожик банкирини ўғирлашда гумон қилинган яна бир шахс қўлга олинди. У ҳам Душанбега олиб келинган. ОАВ хабарларига кўра, Саидмуродов қочиб кетганидан сўнг “Вагнер” ХҲКга қўшилган ва ҳатто “Тожикистон батальони”ни тузишга уринган. Бироқ 11 август куни ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистон ички ишлар вазири бу маълумотни рад этди. Унинг сўзларига кўра, хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда Ички ишлар вазирлиги чуқур тергов олиб бормоқда ва уни қайси бирлашма ва ташкилотлардан қатъи назар, ҳибсга олади.

Рамазон Раҳимзода Москвага ташрифи доирасида тожик диаспораси, жамоат ва маданий ташкилотлар вакиллари билан учрашди. Муҳим мавзу меҳнат миграциясининг аҳамияти ва унинг Тожикистон жамияти ва иқтисодиётига таъсири билан боғлиқ масалалар бўлди. Раҳимзоданинг ташрифи Россиядаги тожик муҳожирларига нисбатан босим кучайиб бораётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Охирги уч ой ичида ҳибсга олишлар, кўчалар, бозорлар, масжидлар ва иш жойларида воқеалар содир бўлди.

Бу Россиядаги ватандошлари учун салбий оқибатларга олиб келишидан қўрққан тожик расмийларида хавотир уйғотди. Тожикистон Россияга босим ўтказаётганини инкор этади, аммо бундай рейдлар чоғида ўз муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилишга чақиради.

Самарқандда туғилган Рустем Умеров Украинанинг янги мудофаа вазири бўлиши мумкин

Украина халқ депутати Ярослав Железняк бу лавозимда Алексей Резников ўрнига Рустем Умеровни Украина мудофаа вазири лавозимига тайинлаш эҳтимолини маълум қилган. Бу хабар қизиқиш уйғотди, чунки Умеров Давлат мулк жамғармаси раҳбари сифатида фаол фаолияти билан танилган. Қайд этиш жоизки, Резников Президент девонининг раҳбари Андрей Ермак билан яқин алоқада ва у мудофаа вазири лавозимида яна ўз номзодини кўришни хоҳлаши мумкин.

Агар Умеровнинг тайинланиши ҳақидаги бу маълумот тасдиқланса, бу Ермакнинг ички сиёсий қарама-қаршиликларда ғалаба қозонганидан далолат беради. Умеров, дарвоқе, Ермак билан муносабатларини, шунингдек, 2022 йил февралида Россия билан бўлиб ўтган музокараларда делегация таркибидаги ўзининг ролини ижобий баҳолаган.

Аммо шуни таъкидлаш керакки, Умеровнинг бошқа кўплаб муҳим жиҳатлари ҳам бор. Унинг АҚШ ва Туркиядаги алоқалари диққатга сазовор. Унинг турклар билан  алоқалари шу қадар кучлики, сиёсий доираларда улар ҳатто Умеров Туркия президенти Эрдоған билан Украина расмий вакилларидан ҳам тезроқ алоқа ўрнатиши мумкинлигини айтишади. Бироқ Умеровнинг ўзи буни камтарона рад этиб, Ермакнинг алоқаларни ўрнатишдаги ролини таъкидлайди.

Рустем Умеров 1982 йилда Самарқандда мусулмон қрим-татар оиласида туғилган. Умеровлар оиласи 1944 йилда Қримдан Ўзбекистонга депортация қилинган, бироқ ўнлаб йиллик сургундан сўнг ватанига қайтиб келган. 2013 йилда Аслан Омер Қримли билан ҳамкорликда Умеров ASTEM инвестиция компанияси ва унинг алоқа, ахборот технологиялари ва инфратузилмага инвестицияларни бошқарадиган ASTEM Foundation жамғармасига асос солган. 2019 йилда Умеров “Голос” сиёсий партиясидан Украина халқ депутати этиб сайланган. 2022 йил сентябрида Олий Рада уни Украина Давлат мулки жамғармаси раҳбари этиб тайинлади.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Мигрантлар дунёси ва дунё миграциясига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Ҳаётингизда фақат яхши янгиликлар содир бўлсин!

Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация