Мақола

468 06/11/2023

Яҳудийга ҳам ўзбекча керак

Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни сизларга мен – Зилола Рахмонбердиева етказаман!

 Бугун дастуримизда:

  1. Украинада жанг қилгани учун айбланган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди
  2. Исроилдан учиб келган ўзбек Маҳачқалъада оломон таъқибига учради.
  3. Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲда ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ҳалок бўлди
  4. Санкт-Петербургда уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
  5. Ўзбекистонга божсиз иккитагача мобил телефон олиб киришга рухсат этилди
  6. Туркия сайёҳларга уй-жойларни ижарага бериш қоидаларини кучайтирди
  7. Тюмень вилоятида мигрантларга такси ва автобусларда ишлаш тақиқланади
  8. Тошкент аэропортида кутиб олиш ҳудуди очилди
  9. Ўзбекистон иқтисоди Россияга қарамми? Бу саволга иқтисодчи жавоб берди.

Украинада жанг қилгани учун айбланган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

Ўзбекистон Ресрубликаси Бош прокуратураси Россияда ишлаётган, яшаётган ўзбекистонликларни Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатларга қатнашмаслик ҳақида доим огоҳлантириб келади. Бироқ шунга қарамай турли сабабларга кўра бу урушга кетаётган юртдошларимиз учраб турибди.

Жумладан, Татаристонда истиқомат қилган Ўзбекистон фуқароси Илдар Хайруллин Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туман суди томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (“Ёлланиш, яъни … шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши”) айблови  бўйича айбдор деб топган.

Илдар Хайрулин оиласи томонидан тақдим этилган айблов хулосаси ва суд ҳужжатларида 2023 йилда олиб борилган тергов жараёнида Илдар Хайрулин 2014-2015-йилларда Донецк вилоятидаги жангларда қатнашгани аниқлангани айтилади.

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси жиноят далили сифатида “Миротворец” сайтида Илдар Хайрулин номига очилган профилни келтирган. Украинанинг “Миротворец” сайти Украинага қарши Россия армияси сафларида жанг қилаётган ёлланма аскарларнинг шахсини очиб берувчи интернет-ресурс сифатида танилган.

Қариндошлари “Миротворец” веб-сайтидаги сурат Илдар Хайрулинга тегишли эканлигини, у ҳақиқатан ҳам ҳарбий кийимда ва қўлида қурол билан суратга олинганини тасдиқлаган.

Бироқ, уларнинг сўзларига кўра, Хайрулин ушбу сайтда қўйилган суратга Россия ҳудудида бўлганида тушган, у Украинага умуман бормаган ва фотосуратда тасвирланган қурол ўқотар қурол эмас.

Тергов ушбу фотосуратда ҳарбий кийимда ва қўлида қурол билан олинган шахс ҳақиқатан ҳам Илдар Хайрулин эканлигини тасдиқлади ва профил эгаси ўз постларида Украинада “ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълумот берган” ва “жангларда иштирок этиш мақсадида ҳаракат қилган”.

Бундан ташқари, Хайрулиннинг мобил телефонида унга қарши айбловни тасдиқловчи скриншотлар топилган, кейинчалик улар далил сифатида олинган.

Шу ўринда, Россияга тирикчилик мақсадида борган ҳамюртларимизни жанжалли ҳолатлар, Украина ҳудудига мўмай пул топиш ниятида бормасликка чақирамиз. Чунки бу ҳаракат учун ҳам Украина, ҳам Ўзбекистон қонунлари бўйича қаттиқ жазолар кўзда тутилган.

Исроилдан учиб келган ўзбек Маҳачқалъада оломон таъқибига учради

Ҳодиса 29 октябрь куни кечқурун Махачқалъа халқаро аэропортида рўй берди ва ижтимоий тармоқларга тарқади.

Антисемит кайфиятидаги маҳаллий оломон Исроилдан келган самолёт туфайли аэропортга бостириб кириб, учиш-қўниш йўлагида Исроил фуқароларини излаган. Аллақачон қўнган самолётдаги йўловчилар ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, бир неча соат давомида самолётларни тарк эта олмаган.

Оломон тутиб олган бир одам ўзини ўзбек деб таништирган, бироқ она тилини билмагани унга панд берди.

Видеода эркак ёлғон гапирганликда айбланиб, унинг паспорти олиб қўйилган. Охир-оқибат у смоленсклик Дилшод Мамадалиев исмли шифокор бўлиб чиқди.

Дилшод 2006 йилда Смоленск шаҳридаги 16-мактабни  тамомлаган. 2012 йилда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Смоленск давлат тиббиёт академияси, Тиббиёт факултетини тугатган.

2023 йилдан ҳозирги кунгача Дилшод – Смоленскдаги клиникада қон томир жарроҳи, флеболог бўлиб ишлайди.

Полиция Махачқалъа аэропортидаги тартибсизликларнинг 150 дан ортиқ фаол иштирокчини аниқлади. 60 киши ушланиб, бошқармаларга олиб кетилган.

Ҳозирда Ғазо секторида шиддатли жанглар давом этмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида ҳалок бўлганлар сони 8,3 минг кишига етган 21 минг киши тан жароҳати олган.

Исроил томонидан 5,4 минг киши яралангани, 1,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Исроилнинг Ғазога хужуми ва қотилликлар сабабли бир неча давлатлар, жумладан, Боливия, Колумбия ва Чили норозилик сифатида Исроилдан элчиларини чақириб олди.

Шавкат Мирзиёев эса бу қарама-қаршиликда Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам эканини, Фаластин мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ва Ўзбекистон Ҳукумати захира жамғармасидан Фаластин халқига 1,5 млн доллар гуманитар ёрдам ажратиш ҳақида Президент қарори имзоланди.

Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲда ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ҳалок бўлди

29 октябрь куни 34 ёшли Тожикистон фуқароси ўзининг Kia Rio  автомашинасида бошқарувни йўқотиб, Ақтўбе вилоятининг Кобда қишлоғи йўналишида, Самара-Чимкент автомобил йўлининг 606-километрида 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Chevrolet Captiva автомобили билан тўқнашиб кетган.

Оқибатда икки ҳайдовчи ва бир йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, автомашинанинг икки нафар йўловчиси турли тан жароҳатлари билан Кобда вилоят шифохонасига ётқизилган.

ЙТҲ юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Навбатдаги хабаримиз ҳам афсуски ҳамюртимиз ўлими билан боғлиқ

Санкт-Петербургнинг Шафировский проспектида хандақда тупроқ кўчиб тушган. Оқибатда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Ҳодиса ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига 27 октябр куни соат 14:37 да хабар қилинган.

Мигрантлар шаҳар крематорияси ҳудудидаги колумбарийда дренаж қувурларини ётқизаётган қурилиш компаниясида ишлаган.

Хандақ қазиш пайтида тупроқ деворларидан бири қулаб тушган ва унда бўлган 33, 41 ва 43 ёшли эркакларни босиб қолган. Уларнинг барчаси воқеа жойида вафот этган.

“Мегаполис” хабар беришича, Красногвардейский тергов бошқармаси “Қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Ўлим сабабларини аниқлаш учун жасадлар ўликхонага юборилган.

Ўзбекистонга божсиз иккитагача мобил телефон олиб киришга рухсат этилди

2023 йил 1 ноябрдан Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари ўз телефон рақамини ўзгартирмасдан операторини алмаштириши мумкин. Бу абонент рақамларини кўчириш (MNP) хизмати деб аталади. Бу абонентларга кўпроқ танлов ва операторлар ўртасида рақобатни таъминлайди.

Ушбу хизматдан фойдаланиш учун абонентлар ўзлари ўтмоқчи бўлган оператор офисига мурожаат қилиб, худди шу рақамга эга янги SIM-картани олишлари керак. Келгусида улар буни my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда амалга оширишлари мумкин бўлади.

Ҳукумат томонидан хориждан олиб келинган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳам янги қулайликлар жорий этилди. Энди абонентлар ўз телефонларини UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун биометрик идентификациядан (Face-ID) фойдаланишлари мумкин. Бу абонентларнинг шахсий маълумотларини суиистеъмол қилишнинг олдини олади.

Абонентлар uzimei.uz сайти, my.gov.uz портали ёки унинг иловаси ёки тизим регистраторлари орқали ўз телефонларини онлайн рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Шунингдек, улар иккита телефонни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Хорижий фуқаролар ўз телефонларидан 60 кун давомида рўйхатдан ўтмасдан фойдаланишлари мумкин.

Туркия сайёҳларга уй-жойларни ижарага бериш қоидаларини кучайтирди

Туркия туристларга ижарага берган шахслар учун янги қоидалар жорий қилди. Энди уй-жойни қисқа, 100 кундан камроқ муддатга ижарага бериш учун Маданият ва туризм вазирлигидан рухсат олиш керак. Ушбу тартибни бузган уй эгалари жаримага тортилиши мумкин.

Қонун ҳукуматнинг расмий нашри Resmi Gazete’да эълон қилинди.

Қонун туристлар билан ижара шартномасини тузишдан олдин мулк эгаларидан рухсат олишни талаб қилади. Туристик мақсадларда ижарани рўйхатдан ўтказиш учун ижарага олинган мулкка кириш жойига махсус белги қўйиш талаб қилинади.

Рухсатномаларни Маданият ва туризм вазирлиги, шунингдек, вилоят ҳокимликлари беради. Ушбу янги талаблар 100 кундан ортиқ ижарага олинган мулкка тааллуқли эмас.

Ушбу қоидаларни бузганлик учун ҳар бир ноқонуний ижарага олинган бинолар учун 100 минг турк лирасидан (жорий курс бўйича тахминан 330 минг рубл) жарималар назарда тутилган. Такрорий қоидабузарликлар учун жарималар 500 мингдан 1 миллион турк лирасигача (тахминан 1,65 миллиондан 3,3 миллион рублгача) бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, “парда ортидаги туризм”, яъни, хорижликларнинг кўплаб квартираларни сотиб олиб, уларни ижарага бериб, ноқонуний меҳмонхоналар ташкил қилиши ҳам муаммо ҳисобланади. Бундай ижаралар лицензияланмаган, бу эса солиқ ва хавфсизлик хавфини келтириб чиқарган. Бундай қилган  чет элликлар орасида руслар ҳам бўлган.

Тюмень вилоятида мигрантларга такси ва автобусларда ишлаш тақиқланади

Тюменда йўловчи ташишда муҳожирлар меҳнатини тақиқлаш бир неча йилдан бери давом этмоқда. Бироқ бундан кимга фойда-ю кимга зиён?

Тюмень вилояти расмийлари мигрантларнинг автобус ва такси ҳайдовчиси, шунингдек, юк ташиш соҳасида ишлашига қўйилган тақиқни узайтиришни режалаштирмоқда.

Корхоналар 2024 йил 1 мартгача чет эллик ишчилар сонини мўътадил  ҳолатга келтириши керак.

Эслатиб ўтамиз, Тюмен вилоятида мигрантлар фаолиятига чекловлар илк бор 2019 йилда киритилган эди. Чет эл фуқароларига жамоат транспорти ва такси хизматларида ишлаш тақиқланди. Ўшандан бери ушбу ҳужжат мунтазам равишда узайтирилиб келинган. Худди шу каби тақиқ 2022 йилнинг ноябрида қабул қилинган эди.

Янгиланган ҳужжат 2024 йил бошидан кучга кириши мумкин. У губернатор Александр Моор томонидан имзоланиши керак.

Сиёсатшунос Александр Безделовнинг сўзларига кўра, агар ҳақиқатан ҳам ушбу тақиқни четлаб ўтишнинг барча вариантлари,  коррупция компонентини йўқ қилинса, кўпроқ рейдлар ўтказилса, бу ноқонуний муҳожирлар анча камайишига олиб келади ёки улар таксида ишлашни бутунлай тўхтатади. Мутахассиснинг фикрича, мазкур қонуннинг тўлиқ татбиқ этилиши фойдали бўлиши гумон. Муҳожирларнинг бозорни тарк этиши туфайли такси нархи сезиларли даражада ошиши мумкин.

Тошкент аэропортида кутиб олиш ҳудуди очилди

Маълумки, Тошкент аэропортида кутиб олувчилар ёзнинг жазирамаси, қишнинг совуқ кунларида учиб келувчиларни ташқарида, очиқ ҳавода кутиб олишга мажбур бўлишарди. Кутиб олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учиб келиш ҳудудида павилён қурилиши якунланди.

2 ноябр куни кутиб олувчилар учун кутиш зали очилди. Умумий майдони 500 кв.м бўлган алоҳида павилён халқаро аэропортнинг учиб келиш зали ёнидаги Р2 автотураргоҳида жойлашган. Ушбу павилёнда кутиб олувчилар учун ўриндиқлар мавжуд бўлиб, яқин кунларда кафе ва гул дўкони очилади ҳамда савдо автоматлари, банкоматлар, мобил қурилмалар учун зарядлаш пунктлари ўрнатилади.

Айтиш жоизки, қурилган павилён вақтинчалик ечим ҳисобланади. Айни пайтда мавжуд терминални кенгайтириш лойиҳасини ишлаб чиқиш якуний босқичда бўлиб, у ерда кутиб олувчи ва кузатувчилар учун барча шароитлар яратилади.

Тавсия рукни давом этади. Бугун сизларга Мигрант каналида эълон қилинган “Иқтисоди Россияга қарамми?” сарлавҳали интервьюни тавсия қиламиз. Унда иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистон иқтисодининг Россияга қанчалик боғлиқ экани, турли иқтисодий интеграцион ташкилотларнинг хавфи ҳақида гапирган.

35 дақиқа вақт ажратиб, ушбу интервьюни томоша қилинг ва хулоса қилинг.

ХАЙРЛАШУВ: Бизда ҳозирча шулар! Мигрантлар оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Кейинги ҳафтада кўришгунча хайр, саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация