Муҳожирлар “баран”ми?
Шундай қилиб бугунги эфирда:
Москвага дронлар ҳужуми давом этмоқда
30 июл куни кунда иккита дрон «Москва Сити»га келиб урилди. Мудофаа вазирлиги Москвадаги объектларга учувчисиз самолётлар ҳужумини қайтарганини маълум қилди.
Вазирликнинг баёнотига кўра, Москва вилоятининг Одинцово туманида битта Украина учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган, яна иккита қурилма радиоэлектрон воситалар ёрдамида ишдан чиқарилган ва улар “бошқарувни йўқотиб, “Москва-Сити”даги турар-жой бўлмаган бинолар мажмуаси ҳудудида ҳалокатга учраган”.
Шаҳар мэри Сергей Собяниннинг айтишича, иккита офис биносининг олд қисми озгина зарар кўрган, унинг сўзларига кўра, ҳеч кимга зарар етмаган. ТАСС жабрланганлардан бири ҳақида ёзган, агентлик маълумотларига кўра, дронлардан бири IQ-кварталидаги 50 қаватли минорага урилган.
Бундан ташқари, ТАСС куч ишлатар тузилмаларидаги манбага таяниб, Москва вилоятида уриб туширилган иккита дрон ҳақида хабар берган.
1 августга ўтар кечаси дронлар Россия пойтахтига яна ҳужум қилди, улардан бири яна “Москва Сити” бизнес марказига зарба берди.
“Москвага учиб келаётган бир неча дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилди. Улардан бири ўтган сафар урилган бинога тегди. 21-қават даражасидаги фасад шикастланган. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда”, — деб ёзди Москва мэри телеграмда.
Мэрнинг сўзларига кўра, у ерда 150 кв. метр жойдаги ойналар синган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Собянин гап қайси минора ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган, бироқ ТАСС хабарига кўра, бу ҳукумат мажмуаси жойлашган IQ -кварталидаги бино. Бу ерда, хусусан, Рақамли ривожланиш вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Саноат ва савдо вазирликлари бор.
Собяниннинг ушбу баёнотидан олдин Москва вилоятидан ҳам портлашлар ва дронлар парвози ҳақида хабар берилган.
Айни пайтда, Россия ахборот агентликларининг хабар беришича, янги дрон ҳужуми сабабли Россия пойтахтидан жануби-ғарбда жойлашган Москванинг Внуково аэропорти ёпиб вақтинча қўйилган. Самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган. Бироз вақт ўтгач, аэропорт ўз ишини давом эттирди.
Бу каби ҳужумлар Россиянинг бошқа шаҳарларига амалга оширилмоқда. Москва шаҳри ва Москва вилояти ҳам бир неча марта шундай ҳужумлар қурбони бўлди. Ҳаттоки бир дрон Кремль минорасига ҳам урилган эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Россиядаги ватандошларимизни яна бир бор эҳтиёткорликка чақириб қоламиз.
Москва яқинидаги Чеховда муҳожирлар ўртасидаги оммавий муштлашувда икки киши ҳалок бўлди
Чеховдаги турар-жойлардан бирининг ёнида пичоқбозлик билан муштлашув бўлиб ўтди, натижада икки киши олган тан жароҳатлари туфайли ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берган.
Воқеа Земская кўчасида жойлашган уйлардан бирида 31 июл куни кечқурун содир бўлган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, бир гуруҳ фуқаролар ўртасида жанжал келиб чиққан, ўртада икки эркак пичоқланган ва олган жароҳатларидан воқеа жойида ҳалок бўлган”, — дейди манба.
Ҳозирда терговчилар қурбонлардан бирининг шахсини аниқлашган. Бу 28 ёшли Тожикистон фуқароси бўлиб чиқди. Иккинчи қурбоннинг шахси ҳали аниқланмаган. Полиция қотилликда гумонланувчиларни қидирмоқда. Тергов қўмитасининг минтақавий департаменти воқеадан сўнг қотиллик бўйича жиноий иш очган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, қонли тўқнашувга ундан олдин бўлган воқеа сабаб бўлган. Қурбонлардан бири бир кун аввал “Карнавал” савдо-кўнгилочар маркази яқинида жойлашган кафеда калтакланган. У калтаклаганлардан ўч олишга қарор қилиб, шерикларини тўплаган. Бироқ воқеа якунида ўзи қурбон бўлди.
“Чехов Вид” нашри манбаларига кўра, учинчи жабрланган ҳам бўлган. У, шунингдек, қотилликда гумон қилинганлар қидирилмоқда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўрмон ҳудудини қидириб, ташқи кузатув камераларидаги видеоёзувларни ўрганмоқда. Жиноят жойидан қотиллик ашёси эканлиги гумон қилинган узун арматурага ўхшаш нарса ҳам топилган.
Муҳожирлар қўйга ўхшатилган шовинистик эслатма тарқалди
Яқинда тармоқда очиқчасига шовинистик хусусиятга эга ва Россия ҳудудида яшовчи муҳожирларга қарши қаратилган эслатма пайдо бўлди. Ушбу ғалати “ахлоқ кодекси”нинг муаллифи номаълумлигича қолмоқда, аммо унинг мазмуни шовинизмнинг кучайиб бораётгани ҳақида жиддий ташвиш уйғотади.
Илк слайдда муаллиф муҳожирлар Россия тупроғида экани ва уларнинг ҳаёти осон кечиши учун маълум меъёрларга амал қилишлари кераклигини таъкидлайди. Бироқ қоидалар биринчи навбатда мусулмонларга қарши қаратилганлиги бошиданоқ аён бўлади. Муаллифнинг иддаосича, мусулмон муҳожирлар шариат қонунларини ўрнатишга, низоларни мушт билан ҳал қилишга уринмоқда эмиш. Бундай қараш аниқ нохолис ва бутун мусулмон жамоатчилигига берилган нотўғри тавсифдир.
Истироҳат боғлари ва спорт майдончалари каби жамоат жойлари муҳожирларга тегишли эмаслиги таъкидланган. “Агар сизнинг гуруҳингиз бошқа биров эгаллаб турган майдонда футбол ўйнамоқчи бўлса, сабрли бўлинг ёки режаларингизни ўзгартиришингиз керак”, дейилади эслатмада.
Эслатмадаги яна бир тақиқ алкогол ва гиёҳванд моддаларга тегишли. Мигрантларга жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш тақиқланади, дейилган. Гарчи бу умумий қабул қилинган қоида бўлса-да, унинг айнан мигрантлар контекстида тилга олиниши яширин камситиш таассуротини қолдиради.
Навбатдаги қоида мигрантларнинг жамоат жойларида намоз ўқиш каби диний маросимларни бажаришини тақиқлайди. Ушбу қоида муаллифи бундай хатти-ҳаракатни ортиқча ва кўр-кўрона деб ҳисоблайди, лекин бу билан у турли хил жамиятда жуда қадрланадиган эътиқод эркинлиги ва бағрикенгликни унутади.
“Россия дунёвий давлат. Бу ернинг аксар аҳолиси ислом қадриятларига риоя қилмайди. Чўчқа гўшти дўконларда сотилади, қонун исломий кийиниш қоидаларини тан олмайди. Ит нопок эмас, балки уй ҳайвонидир. Бунга чиданг”, дейилади “қоида”да.
“Ёш руслар ташқи кўриниши билан ажралиб туришни яхши кўришади. Агар улар сизнинг таниш қўйингизга ўхшамаса ёки мўйловсиз соқоли бўлмаса, уларга ваҳшиёна қичқириқлар билан ташланмаслик керак ” – бу қоида билан муаллиф камситиш ва тарафкашликни қўллаб-қувватлаётгани аниқ билиниб қолади. Бу гап билан муҳожирларнинг қўй ҳайвонига ўхшаш танишлари борлигига шама қилинмоқда.
Эслатманинг хулосасида, агар муҳожирлар қоидаларга риоя қилишдан бош тортса, уларни депортация қилиш таҳдиди билан якунланади: “Агар бу қоидалар жуда мураккаб бўлса, Россиядан яшашингиз осон бўлган мамлакатларга самолётлар учади ва поездлар боради”. Бу ҳар қандай жамиятнинг асоси бўлиши керак бўлган меҳмондўстлик ва бағрикенглик руҳига зиддир.
Бундай шовинизм ва дискриминацияга қарши туриш лозим. Россия турли маданиятлар ва миллатлар яшайдиган жой бўлиб келган. Келиб чиқиши, миллати ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсон қонун доирасида яшаши ва иш юритиши, бир-бирини ҳурмат қилиши мумкин бўлган тинч ва тотув жамиятда яшаши лозим.
Қирғизистон элчихонаси Москвада қирғиз ҳайдовчига уюштирилган ҳужумдан сўнг Россия ТИВга расмий нота юборди
Қирғизистонлик такси ҳайдовчиси йўловчига пиво ичишни тақиқлагани учун ҳужум қурбони бўлди. Маълумотларга кўра, ҳайдовчи Қирғизистон фуқароси, ВНЖси бўлган Шомил Муратовдир. У 18 июль куни Москвада Игор Майсурадзе исмли йўловчига машинада пиво ичишга рухсат бермаган. Шундан сўнг йўловчи такси ҳайдовчисини калтаклай бошлаган. Муратов ҳужумдан кейин касалхонага ётқизилган. Унга кўз қовоғи устидаги жароҳат ва жағнинг синиши ташхиси қўйилган. Такси ҳайдовчиси полицияга мурожаат қилган, аммо калтаклангани ҳақидаги баёнот қабул қилинмаган.
Видео ижтимоий тармоқларда эълон қилинган пайтдан бошлаб элчихона жабрланган Қирғизистон Республикаси фуқаросининг шахсини аниқлаш ва қидириш ишларини бошлаган.
“Ҳозирги вақтда элчихона томонидан Қирғизистон Республикаси фуқароси Ш.М. билан алоқа ўрнатилиб, унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур факт юзасидан Элчихона жабрланган фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.
Шунингдек, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига Қирғизистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасининг расмий нотаси юборилган” – дейилади Қирғизистон элчихонаси хабарида.
Зўравон Игорь Майсурадзе “қизишиб кетгани” ва ҳайдовчи дарҳол унга қўпол бўлиб туюлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, жанжалдан кейин такси ҳайдовчиси ҳам қалампирли баллондан сепганидан сўнг Майсурадзенинг кўзи жароҳатланган.
Давлат Думаси патент нархини 4 баробарга ошириш масаласини муҳокама қилади
Меҳнат муҳожирлари учун патент нархини тўрт баробар ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат Думасига Сергей Миронов бошчилигидаги СРЗП фракцияси депутатлари киритди, деб хабар беради 3 август куни REX мухбири.
Россия Федерациясида ишлаётган хорижий фуқаролар томонидан тўланадиган белгиланган базавий аванс тўловлари миқдорини 4800 рублгача ошириш таклиф қилинмоқда. Ҳозир белгиланган базавий тўловлари миқдори 1200 рублни, дефлятор коэффициентини ҳисобга олган ҳолда 2724 рублни ташкил этади. Ҳар бир регион бу тўловга маҳаллий коэффициент белгилаб, маҳаллий патент тўлови миқдорини белгилайди.
2022 йил охирига келиб Россияга ишлаш учун келган хориж фуқаролари сони 3,47 миллион нафарга етди. Айни пайтда жами меҳнат муҳожирларининг 90 фоиздан ортиғи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган. Йил давомида хорижликларнинг миграция рўйхатидан ўтиш фактлари рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилган ҳолларни ҳисобга олган ҳолда 11,8 млн.га етган.
2020 йилда меҳнат муҳожирларининг даромадлари қарийб 1,5 бараварга ошган, чунки уларнинг ўз ватанларига ўртача ойлик ўтказмалари миқдори 48 минг рублни ташкил қилган. Шу билан бирга, Росстат маълумотларига кўра, 2020 йил учун Россия иқтисодиётидаги ўртача ойлик иш ҳақи 32 422 рублга баҳоланган.
Ушбу маълумотлар қонун лойиҳаси муаллифларига Россия иқтисодиётининг кўплаб сегментларида юқори малакали мутахассислар бўлмаган чет эл фуқаролари Россия фуқароларидан кам пул топишмаяпти, деган хулосага келишга имкон берган.
Базавий миқдорнинг тўрт баробарга кўтарилиши патент тўлови нархининг жиддий ошишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолда ўзи шундоқ ҳам валюта курси ошганидан азият кўраётган муҳожирлар нима қилишади, бунга депутатлар тушунтириш беришмаган.
Ўзбекистонга пул ўтказмалари 21 фоизга қисқарди
Марказий Банк раиси Мамаризо Нурмуродов Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қилган маърузасида айтишича, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 5,2 млрд $ юборилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,5% га кам.
Нурмуродовнинг сўзларига кўра, январ-апрел ойларида пул ўтказмалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга (3,1 млрд $) ошган. Ушбу маблағларнинг 87 фоизи Россиядан юборилган.
Иккинчи чоракда пул ўтказмалари миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравар камайди ва 2,85 млрд $ ни ташкил этди. 2022 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга 5,06 млрд $ юборилган эди. Россия Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўйича етакчи ўринни сақлаб қолмоқда.
Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг 80 фоизи Россияга тўғри келган. Марказий Банк ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Ўзбекистонга хориждан жами 11 – 11, 5 млрд $ юборилиши тахмин қилинмоқда. Бу 2022 йилга нисбатан 33-35 фоизга кам дегани. 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 16,9 млрд $ жўнатилган.
Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!